«ЎҒРИ»…


Куз. Олтинқўрғон кўчаларида бошқа ерларда бўлгани каби деярли одам зоти кўринмайди. Фақат кекса кампирлар ҳар-ҳар бурчакда тўпланиб олишиб, алланималарнидир ўзларича куйиб-пишиб маслаҳат қилишади, кимларнидир ора-сирада қарғаб ҳам қўйишади.
Мурод ака ариқ бўйидаги қўшни кампирларга салом берган бўлди-да, уйи томон юрди. Мактабда ўқитувчилик қилиш ҳам қийин. Айниқса, пахта пайтида эзиб юборади одамни. Даланинг у бошидан бу бошига бориб келавериб, бебош ўқувчиларга қич³иравериб толиқасан.
Ҳа-я, хотини:» Мен пахтадан келгунча гўшт опкелиб қўйинг», деб тайинлаганди.
— Уф-ф, шу аҳволда қассобга чопарканман-да! — ўзича тўнғиллаб ичкарига кирди у. — Кошкийди бу қассоб ярамаслар вақтида очса дўконини…
Мурод ака қўлидаги жилдини секин токчага қўйди-да, хотини айтган пулни олиш учун нариги токчага териб қўйилган чойнаклардан бирининг қопқоғини очди.
— Ие, шу чойнакда деганди-ку!.. Ҳеч эси жойида турмас экан-да бу хотиннинг!
Жаҳли чиқиб, қолган чойнакларни ҳàì очиб чиқди. Биронтасида пул йўқ…
Қизиқ… Қаерда экан?..
Энди навбат кўрпалар қатига етди. Чунки хотин киши пул қўйса, фақат кўрпа қатига ё чойнакка яширади…
Афсуски, кўрпаларни бир-бир титкилаб чиққан бўлса-да, пулíè топа олмади.
— Ў Аҳмад ўғлим қурғур билмай олганмикан? — Мурод аканинг миясига бирдан шу хаёл келди. — Ўзи бу ярамас кейинги кунларда ўзгариб қолганди. Тез-тез кечалари йўқолиб қоладими-ей, ярим кечаси кириб келадими-ей!.. Қаерда юрганини бировга айтмайди… Ҳа-а, ўша олган. Ўшандан бошқаси бу уйга кирмайди…
Мурод ака ҳар эҳтимолга қарши Аҳмаднинг хонасига кирди. Анчадан бери қадам қўймаган экан. Дераза ёнидаги стол устида яп-янги магнитофон пайдо бўлибди. Ие, буни қайси пулга олди у ярамас?..
Ҳаво сал айниб турганди. Бирдан шамол туриб дераза шарақлаб очилди. Мурод ака шоша-пиша бориб деразани очди-ю, жонҳолатда кўчага чопди.
— Ҳали шошмай турсин, бу боланинг адабини бераман!.. Мендан яширгани учун онасиям улушини олади…
У хаёл билан бўлиб маҳалла гузарига қандай етиб келганини пайқамай қолибди. Пахта мавсуми бўлгани билан гузар тўла одам. Чойхоначи Мўмин чўлоқнинг қўли қўлига тегмайди. Лекин ўйлаганидек, қассобхона берк.
— Оббо, — бошидаги дўппини олиб тиззасига урди Мурод ака, — энди нима қиламан?.. На гўшт бор, на пул бор. Очиқ бўлса-ку, занғардан қарзга бўлсаям олиб кетаверардим…
— Ҳой, Муродвой! — қичқирган одам Мўмин чўлоқ эди. Мурод ака зарда билан чойхона тарафга ўгирилди.
— Нима дейсиз?
— Э, буёққа келмайсизми! Чойнинг зўридан дамлаб бераман. Ҳақиқий — хитойликларники. Келинг, бир пиёла чой ичиб дам олинг!..
— Э, чойинг бошингда қолсин, чўлоқ! —Мурод ака ғудрана-ғудрана сўрилардан бирига бориб ўтирди.
— Мана бу бошқа гап! — Мўмин чўлоқ елкасидаги сочиққа қўлини арта-арта, унинг рўпарасига чўкди.
— Хафа бўлманг-у, аммо бир гапни сизга айтиб қўймасам бўлмайди, — дея сўз бошлади у бир чойнак чойни Мурод аканинг олдига қўйгач.
— Нимани айтасиз?
— Анави… Ўғлингиз Аҳмад тўғрисида.
Мурод ака беихтиёр ҳушёр тортди.
— Аҳмадга нима қипти?
— У мабодо тижорат-пижорат қилмаяптими?
— Йўқ, нимайди?
— Кеча денг, Қўқонга боргандим. Бир маҳал қарасам, автобус бекатида бир бола қўлида бир даста пул ушлаганча автобусга чиқаяпти. Қарадим. Автобус ўзимизники. Менам орқасидан чиқдим. Ҳалиги болани топиб мундай разм солдим. Вей, Аҳмад экан. Мени кўрди-ю, шартта тескари ўгирилиб олди. «Ҳа-а, — дедим ўзимча. — Бу болада бир гап бор…» Менга қаранг, ҳар қалай, ўқитувчининг боласи. Тағин ўғри-пўғриларга қўшилиб…
Бу гапларни эшитгунча, Мурод аканинг тер чиқмаган жойи қолмаганди. Ҳалиги пул воқеаси бир бўлди-ю, буниси бир бўлди…
Чойни ҳам унутиб даст ўрнидан турди. Мўмин чўлоқ ҳай-ҳайлаганча қолаверди…
Йўқ, бу ишни шундай қолдиролмайди. Қаердан бўлмасин, Аҳмадни топади. Балки ҳаммаси қуруқ гапдир…
* * *
Аксига олгандек, еттинчи синфларни чўлга опкетиб қолишганди. Мана шу нарса Мурод акага ёмон тасир қилди. Нимаям қилсин? Кечгача кутишга мажбур. То Аҳмад пахтадан келмагунча кутишдан бўлак чораси йўқ…
Кеч кирди. Хотини Раҳбарой ҳам бир чойшаб кўсакни орқалаганча ҳовлига кириб келди… Кўрдики, эрининг авзойи бузуқ. Мурод ака камдан-кам ҳолларда бу тахлит тумшайиб ўтирарди.
— Сизга нима бўлди, дадаси? — эҳтиёткорлик билан сўради эридан.
— Аҳмад қани? — ўрнидан турди-да, хотинига ўдағайлай бошлади Мурод ака. — Қани дедим Аҳмадинг?!
— Вой, мен қаердан билай? Ҳозиргина машиналарини кўргандим. Ҳамма синфдошлари келди-ку аллақачон!
— Ўғлинг-чи?.. Пул жойида йўқ. Сен айтган ерда йўқ. Қани пуллар? Ў…
— Вой, Худойим, нимага йўқ бўлади? Чойнакни қарадингизми ўзи?
— Э, чойнак тугул, кўрпаларгача ағдар-тўнтар қип ташладим. Йўқ, билдингми, йўқ!.. Тўхта, анави магнитофон қаердан келди-а? Нимага шу кунгача мен билмайман?..
Раҳбарой бош эгди.
— Кечиринг, дадаси, Аҳмад илтимос…
— Айтманг дадамга дегандир-да, шундайми?.. Ҳа-а, сен ёлғиз фарзанд деб талтайтириб юборгансан уни! Мана оқибати. Мўмин ҳам кўрибди. Аҳмадинг Қўқонда қўлига бир даста пулни чангаллаганча дайдиб юрганмиш. Ўз кўзи билан кўрибди. Хўш, энди нима қиласан? Аниқ биламанки, пулларниям ўша ҳароми олган… Қани ўзи?
Мурод ака овозининг борича қичқириб ҳовлини асабий айлана бошлади. Яхшики, тобора кучайиб бораётган шамол унинг овозини босиб турарди…
— Оббо, Худо урди! —Раҳбарой сўрининг бир четига чўкиб олиб бошини чангаллаган кўйи зорланди. — Наҳотки, битта-ю битта боламиз ўғирлик йўлига кирган бўлса?.. Ҳой дадаси, бақираверманг! Қўшнилар эшитса нима дейди?.. Қўйинг, келар, йўқолиб кетмас! Уйда ётиғи билан суриштирарсиз!..
— Йўқ, — деди Мурод ака, — Мен ҳозироқ синфдошларининг биронтасидан суриштираман. Ернинг тагида бўлсаям топиб келаман у ярамасни…
* * *
Аҳмаднинг энг яқин дўсти Шоғулом исмли бола эди. Мурод ака қўшни болалардан суриштириб ҳеч нарса аниқлай олмагач, ўша боланинг уйига чопди…
У маҳалланинг нариги бошида яшарди. То етиб боргунча ёмғир бошланди…
— Аҳмад қани? — Шоғулом дарвозадан ўтиб улгурмай, сўроққа тутди Мурод ака. — Ўртоғинг қаерда?..
Шоғулом негадир бошини эгди. Кап-катта эркакнинг важоҳатини кўриб қўрқиб кетди, шекилли.
— Нега индамайсан, ўғлим? — áоланинг ҳолатини пайқаб қолган Мурод ака иложи борича ўзини босиб, мулойим оҳангда сўрашга ўтди. — Бугун биргамидиларинг?
— Ҳа, биргайдик.
— Пахтага бордингми сен?
— Бордим.
— Аҳмад-чи?
— У… Тушгача пахта терди-да, кейин…
— Нима кейин?..
— Қочиб кетди.
— Нима?.. Нега қочади?
— Билмадим… Зарур ишларим бор деганди.
— Йў-ўқ, бола, сен мендан ниманидир яшираяпсан… Менга қара, жоним чиқиб кетай деяпти. Айтақолгин ростини!.. Жон ўғлим, айтақол!.. Аҳмад ўғирлик қилаяпти-а, тўғрими? Ўғирлик қилиб юрибди-а?..
Шоғулом ялт этиб Мурод акага тикилди.
— Ҳечам-да!..
— Яна алдаяпсан-а!..
— Алдаганим йўқ, билдингизми, алдаганим йўқ!.. Аҳмад ўғри эмас…
— Унда ким? Нега мендан ҳақиқатни яшираяпсан бўлмаса?..
Шоғулом бир муддат ўйланиб турди-да, кўча томонга юрди.
— Амаки, юринг, ўғлингизнинг олдига обораман!..
— Ҳа-а, сен хумпарлар!.. — бирдан жонланиб унинг ортидан эргашди Мурод ака. — Сенларда бир гап бор. Билиб қўй, агар иккалангам шерик бўлиб бир балони бошлаб юрган бўлсанг, икковингниям ҳàм терингни шилволаман. Ота-онанггаям қараб ўтирмайман…
Шоғулом қоронғи кўча бўйлаб индамай кетиб борарди. Ёмғир устидаги кўйлакни ивитиб юборганига ҳам этибор қилмасди…
Шу кўйи улар нариги қишлоққача сукут сақлаб боришди. Фақат Мурод ака гоҳи-гоҳида уф тортиб қўярди холос.
— Манави дарвозани тақиллатинг, амаки!.. — деди Шоғулом қишлоққа кираверишдаги уйлардан бирининг рўпарасига келишгач. — Аҳмад шу ерда бўлиши керак…
— Шунақами?
Мурод ака зарда билан дарвозани тақиллата бошлади. Орадан бир-икки дақиқа ўтиб, ўрта ёшлардаги, кенг елкали бир эркак дарвозани очди.
— Келинглар, хуш кепсизлар!.. — дея Мурод акага қўл чўзди у. — Хизмат?
— Ўғлим Аҳмаджонни шу ерда дейишганди, — деди Мурод ака ясама тавозе билан.
— Ие, сиз ҳали Аҳмаджоннинг отасимисиз? — эркак кутилмаганда Мурод аканинг қўлидан олиб бошқатдан сўраша кетди. — Қаранг-а, илгари кўришмаган эканмиз-да!.. Қани, ичкарига!..
— Йўқ, Аҳмаднинг ўзини чақириб бера қолинг! Шошиб турибмиз.
— Ие, ака, шошиб қаерга борасизлар? Ўғлингиз ичкарида. Ҳозир тандирни пешлаб бўлишсин, бет-қўлини ювиб…
— Нимани пешлашсин? Тандирни?..
— Ҳа, тандирни…
Уй эгаси аввал ҳайрон бўлиб, Мурод аканинг кўзларига боқди. Кейин нимадир эсига тушгандек кулиб юборди.
— Тўғри, сиз билмайсиз. Аҳмаджон дадамга айтманг деб илтимос қилганди.
— Нимани илтимос қилганди? — ҳамон ҳеч нарсага тушунмай эркакни саволга тутди Мурод ака.
— Менга шогирд тушганини. Тандирчиман. Бир-иккита болаларга қўшилиб кеп қолди. Синаб кўрсам, жуда пухтага ўхшади. Шогирдликка олиб қўя қолгандим…
— Шогирд? Қанақа шогирд?.. Мендан бемаслаҳат-а?..
— Ахир, бола илтимос қилгандан кейин қандай йўқ дейман, ака?..
— Унда Қўқонда пул кўтариб юргани-чи?.. Бунга нима дейсиз?
— Э, ака, майда-чуйдага мен ўзим жўнатгандим. Бола-да, ололмай қайтиб кепти…
— Хўп, буниси-ку, майли. Лекин… Пахтадан қочиб сизникига келиши…
— Ака, хавотир олманг, ўзим ҳам уришдим. Ҳеч қачон бундай қилмасликка сўз берди…
— Майли-ку-я, — уй эгасига шубҳа билан тикилиб давом этди Мурод ака. — Аммо сиз кап-катта одамсиз. Боланинг гапи билан бизга бир оғиз айтмаганингиз ғалати бўпти-да!..
— Менга қаранг, ака, — деди бироз жаҳли чиқиб уй эгаси, — Мен ҳунармандман. Айтмаган бўлсам, демак, ҳаммаси яхшиликка. Болангизни эзиб ишлатаётганим йўқ, ҳунар ўрганаяпти. Қўлидан иш кеп қолса, ҳиммат қилсангиз битта тўн кийдирарсиз-да! Шунгаям ота гўри қозихонами?..
Шу гаплардан сўнг Мурод ака сал ўзига келгандек, кўзлари очилгандек бўлди. Тандирчи тўғри айтаяпти. Бу жуда катта гап. Кўчада ёмон болаларга қўшилиб кўча чангитгандан шу яхши-ку!..
Бу орада Аҳмад чиқиб келди.
— Ўғлим, — қучоғини очди Мурод ака. — Нега менга шу пайтгача тандирчиликни ўрганаяпман деб бир оғиз айтмадинг? Айтсанг, устозингни ўзим рози қилардим-ку!.. Нега айтмадинг-а?..
Аҳмад дадасининг қучоғидан чиқди-да, сал нарида турган Шоғуломга маноли кўз қисиб қўйди.
— Сизга сюрприз қилмоқчийдим, дада!..
— Ҳе сюрпризингам бор бўлсин!.. Жоним халқумимга келди-ку!.. Қани, уста, ана энди уйингизга кириб бир ўтирамиз… Сизга айтадиган гапларим бор. Қани бошланг!..
— Марҳамат, марҳамат!.. Жоним билан!.. Қани, ичкарига марҳамат қилсинлар!..
Мурод ака устани рози қилиб бўлгач, ўғлини ёнига олиб уйга қайтди. Остонада уларни Раҳбарой кутиб турган экан.
— Вой, дадаси, пул топилди! — кулди у ота-бола ҳовлига қадам қўйиши ҳамоно.
— Ие, қаерда экан?
— Ўлси-ин!.. Шолчанинг тагига яшириб қўйгандим. Кейин эсимга тушиб…
— Қара-я, — Мурод ака ҳам хотинининг кулгисига жўр бўлди. Сўнг бирдан ўғлига ўгирилди.
— Аҳмаджон, хонангда янги магнитофон кўргандай бўлдим. Қачон олдинг?
Аҳмад кулимсираб бош эгди.
— У меникимас, дада! Ўртоғимники. Эшитиб туришга олгандим…
Мурод ака чуқур оҳ тортиб секин ичкарига кириб кетди… Лекин шу кеча сира уйқуси келмади. Юраги ҳаприқиб-ҳаприқиб, ўрнидан туриб кетаверди.
Бу ҳаётдан мамнунликнинг яна бир белгиси эди.