МУДҲИШ ХАТО…

МУДҲИШ ХАТО…
МУДҲИШ ХАТО…


Тарки одат — амри маҳол, деганлар. Султон бойвачча бу оқшом ҳам гандираклаб уйига қайтди.
Хотини Замира ошхонада куймаланиб юрарди. Дераза ойнасидан бир муддат унга кўзини сузиб қараб турди-да, Султон нимадир ёдига тушгандек муштини дўлайтириб ичкарига бостириб кирди ва хотинининг тирсагидан маҳкам сиққанча темир сандиқ ёнига ўтқазди. Кейин ҳовлиқиб сандиқни очди.
У топган-тутганини ҳатто хотинига ҳам ишонмай, махсус темир сандиқда асрар, сандиқ тўла кўкимтир қоғоз пуллар…
Кўрдингми, ғалча? — деди қўлини бигиз қилиб. — Мана шу пулларнинг ҳаммаси меники!.. Хўш, кимга деб тўплаяпман бу пулларни?.. Сенинг букри отанггами? Ё башарасини сепкил босган энанггами?.. Йў-ўқ!.. Айт, қачонгача қисир бўлиб юрасан? Қачон?.. Қачон мол-дунёмга меросхўр туғасан?..
Шундай деди-ю, у Зарифанинг қалин сочларидан маҳкам тутамлаб тортди.
— Ҳ-ҳ-а-а, қанжиқ!.. Индамайса-ан!.. Тилинг қисиқ-да-а?..
Султон хиёл энгашиб, инграй бошлаган хотинининг кўйлак бурмасини туртиб турган бўлиқ сийналарига кўзи тушиб баттар қутурди.
— Хўш, нимага кўкракларингни диркиллатволдинг?.. Кимга кўз-кўз қилмоқчисан-а?.. Кимга?.. Нимага кўйлагингнинг этаги сонинггача қирқилган?.. Нима ниятда қирққансан?..
— Ахир… Лозимим бор-ку, хўжайин!.. — деди йиғламсираб Замира. — Вой сочим!..
Кайфи ошиб, оқ-қорани ажратолмай қолган Султон хумордан чиққунча хотинини калтаклади-да, сўнг тўнғиллаганча ташқарига чиқиб кетди… Замира эса, чўзилиб қолган жойида қилт этмай ётарди…
Султоннинг икки хаёли бугунги улгуржи савдо билан банд. Хотинининг ерпарчин бўлиб ётиб қолгани эса машинага ўтириши билан унинг ёдидан кўтарилди…
* * *
Омад келаман деса, суриштириб ўтирмас экан!..
Бугун ҳам Султон бойваччанинг ошиғи олчи турди: бир вагон тахтани кўтарасига пуллаб юборди.
Аслида бунақаси кам бўлади, улгуржига олиб кетадиган харидор анқонинг уруғи.
Бир сумка пулни машинасининг орқа ўриндиғига жойлагач, Султоннинг эски «дарди» қўзғаб, қўл телефонидан қассоб ошнаси Ўлжақўзига қўнғироқ қилди.
— Ҳа-а, жаллод! — ҳазиллашди у гўшакдан таниш овоз эшитилгач. — Қўлинг қонсирамаяптими?..
— Шу ҳазилинг қолмади-қолмади-да!.. — норозиланиб жавоб қилди қассоб. — Ундан кўра, бўладиганидан гапирсанг-чи!.. Нима гап ўзи?..
— Бугун ҳам иш ўнгидан келди. Сени бир маишат қилдириб сийламоқчиман.
— Шунақами? — кулиб юборди Ўлжақўзи. — Биласан-ку, сен сийлайман десанг, қўлим ҳам ишга бормай қолади.

— Ундай бўлса, тез гузардаги қаҳвахонага етиб кел! Ўша ерда бўламан…
Улфатлар ҳаял ўтмай қаҳвахонада кўришишди. Бир-бирларини қадрдонларча узоқ қучоқлаб силкилашиб туришгач, ясатилган дастурхон атрофига ўтиришди ва юзларига нари-бери фотиҳа тортган бўлишди.
— Ҳа, бугун жа кайфинг чоғ, ошна?.. — сўради Ўлжақўзи гарчи нима гаплигини сезиб турса-да. — Қиморда ютдингми?..
— Қанақа қимор? — лабларини бурди Султон. — Қимор ўйнамай қўйганимга бир йилдан ошди-ку!.. Бир вагон тахта пулладим, тахта!..
— Ў, зўр-ку!.. Қойилман!..
— Шунинг учун… Биласанми, сен энг яқин дўстимсан. Шунгами, кайфиятим сал яхши бўлса, дарров сени кўргим кеп қолади. Қани, ол, омадни канда қилмасин ишқилиб!..
Улфатлар икки соатча чақчақлашиб ўтиришди. Бу орада қовурилган бедана, каклик гўштлари тортилди, кетидан барра кабоб келтирилди.
Бир маҳал икковининг ҳам кайфи тароқ бўлиб ташқарига чиқишди.
— Энди мен борай. — дея қўлини Султоннинг елкасига қўйди Ўлжақўзи. — Сўядиган молларим бор.
— Қўйсанг-чи! Қанақа мол?.. Шу аҳволда мол сўярмикансан?.. Ҳали «ҳақ бериш» тугагани йўқ. Ҳозир сени жононларга олиб бораман.
— Йўқ, раҳмат!.. Мен бормасам бўлмайди.
— Бекорларни айтибсан!.. Агар бормасанг, бетингга қайтиб қарамайман. Юр!..
Султон қўярда-қўймай Ўлжақўзини машинага ўтқазди-ю, йўлни туман марказига қараб солди.
* * *
Қўшмачи Сайёра Султон билан кўпдан бери ош-қатиқ. Бўсаға ҳатлаб кириб келса, икки қўлини кўксига қўйиб меҳмон қилади. Султон ҳам буни билади. Шу сабабли у сир бой бергиси келмай, Сайёрага қараб ичкарига имлади. Бу: «Яхшисидан, ёшларидан», дегани эди…
Икки нафар ярим яланғоч қиз олдиларига кириб келганида, Султон оғайниси билан яна бир шиша ароқни бўшатиб улгурганди. Тепасида ўзларини кўз-кўз қилиб сузилиб турган қизларни кўриб, Султоннинг кўзлари баттар қисилди…
Шу тобда негадир хаёлига яна Замира келди… Кўз ўнгида кўйлагининг бурмасини туртиб турган сийналари гавдаланиб, чайқалганча ўрнидан қўзғалди…
«Манавиларни қара, — ўйлади у суюқоёқ қизнинг сийналаридан кўз узмай. — буларнинг ҳам сийналари диркиллаб турибди…. Нима учун?.. Ҳа, бизни кўргандан кейин шундай бўлган… Лекин… Хотиним-чи?.. У кимни кўриб қолди менинг йўғимда?.. Кимни?.. Йўқ, бўлиши мумкинмас. Наҳотки, менга хиёнат қилаётган бўлса?.. Илгари бунақа эмасди. Айнибди-да демак!.. Нонкўр!.. Тўхтаб турсин, кунини кўрсатаман ҳали… Тўхта, шунча пулим бор. Туғмайдиган хотинни нимага олиб юрибман ўзи?.. Нимасига учиб?.. Шартта қўйворсам-чи?.. Тўғри-да, ҳали ёшман. Қатор-қатор туғиб ташлайдиган ёшгинасига оғиз солсам йўқ дермиди. Жон дейди!..»
Султон ўз хаёлларидан сал кайфи тарқаган кўйи бир бош силкиб олди-да, қизлардан бирини бағрига босиб иштиёқ билан юзларидан ўпди.
Қиз ҳиринглаб тобора унинг пинжига кириб олди.
— Отинг нима? — сўради Султон қизни эркалаб.
— Фотима.
— Фотима дегин?.. Хўш, Фотима, менга тегасанми?..
— Нима?.. — қиз беихтиёр кулиб юборди. — Нима, хотинингиз йўқми?..
— Ҳа, йўқ!.. У ўлган!..
— Ҳазиллашяпсизми?..
— Менга тегасанми? Шундан гапир!..
Қиз елка қисди.
— Билмасам. Бу ҳақда сира ўйлаб кўрмаган эканман.
— Тегсанг, манави сийналарингни кўз-кўз қилмасмидинг?.. Ҳозиргидек сузилмасмидинг? Фақат ростини айт!..
Қиз бирпас ўйланиб турди-да, Султоннинг юзларини кафти билан силаб қўйди.
— Сиз нима десангиз, шуни қилардим.
— Кўрдингми, ошна? — бир четда бошқа бир қизни эркалашга киришиб кетган Ўлжақўзига юзланди Султон. — Ҳақиқий хотин мана шунақа бўлиши керак.
Ўлжақўзи бағридаги суюқоёқни ўрнидан турғазди-да, унга яқин келди.
— Нима бало, яна хотининг билан уришиб қолдингми?..
— Менми?.. — Султон бир чайқалиб олгач, кўрсаткич бармоғи билан «керакмас» ишорасини қилди. — Бу ҳақда кейин гаплашамиз… Бўпти, биз нариги хонага кетдик!.. Никоҳдан ўтайлик, ҳи-ҳи-ҳи-ҳи!..
У қизни даст кўтариб олди-да, нариги хонага йўл олди. Кетаётиб улфатига маъноли кўз қисиб қўйишни ҳам унутмади.
— Бўл, қассоб, «ош» совиб қолмасин!..
* *  
— Ўлжа, — деди ярим кечада ташқарига чиқишгач Султон.
«Хуфиёна учрашувлар»дан сўнг яна бир шиша ароқни ичишган, икковлари ҳам ғўлдираб қолишганди. — сендан бир маслаҳат сўрамоқчиман.
— Сўрайвер, — деди Ўлжақўзи. — Ҳозир маслаҳат тугул, битта буқа сўрасанг ҳам бервораман. Жа маза қилди одам!..
— Буқангни бошимга ураманми?.. Менга бир ёшгина қиз топ, уйланаман!..
— Нима?.. — Ўлжақўзи ҳушёр тортиб таққа тўхтади. — Қиз дейсанми?.. Уйдагинг-чи?..
— Уни қўйвораман!
— Жинни бўпсан!.. Замира эсли-ҳушли аёл!..
— Ишонмаяпман-да ўша эсли-ҳушлилигига!..
— Нимага ишонмайсан?.. Бирор гап бўлдими?..
— Ҳа, бўлди!.. Назаримда у менга хиёнат қилаётгандай туюлаяпти.
— Қўй-э, жа опқочасан-да!.. Кайфинг ошиб қопти… Нимага сенга хиёнат қиларкан? У хиёнат қиладиган аёлмас!..
— Менга қара! — Султон тўсатдан Ўлжақўзининг ёқасидан олди. — Сен қаердан биласан?.. Ё сенам-а?..
— Ўзингни бос, ошна, ўзингни бос!.. — Ўлжақўзи Султонни маҳкам қучоқлаб олди. — Бу нима деганинг?.. Мен яқин дўстингман, ахир!.. Жинни бўлма!.. Ақлингни йиғиб ол!..
— Бўлмаса нимага мақтаб қолдинг уни?..
— Ҳа… Энди… Яхши одамни яхши дейиш керак-ку, ахир!.. Дарров жаҳлинг чиқиб кетаверадими?.. Юр, уйингга кузатиб қўяман!.. Кайфинг ошиб қолди!
— Қўйвор! — бир силтаниб Ўлжақўзининг қучоғидан чиқди Султон. — Сенларнинг кузатишларингга зор эмасман!..
У жаҳд билан машинасига ўтирди ва улфатининг ҳай-ҳайлашига ҳам қулоқ солмай газни босди…
* * *
— Итдан тарқаган!.. — кўзлари йўлни аранг кўриб рулни ҳали уёққа, ҳали буёққа бурганча кетиб бораётган Султон баланд овозда сўкинарди. — Менинг пулимга ичиб, кайф қилиб, ҳали хотиним билан ҳам… Йў-ўқ, бунақаси кетмайди!.. Ҳозир бораман-у, олдин анави қанжиқни бир ёқли қиламан. Ана ундан кейин хунасасининг калласини оламан!.. Ўзининг қассоб пичоғи билан сўяман!.. Шошмай турсин ҳали булар! Султоннинг совунига кир ювмабди!.. Мана энди билиб олади!..
Султон машинани дарвоза рўпарасига олиб келиб қаттиқ тормоз берди. Сўнгра одатига кўра, чўзиб-чўзиб сигнал чала бошлади.
Бир чалди, икки, уч, тўрт чалди… Замирадан дарак бўлавермади.
— Оббо манжалақи-ей!.. — дея зарда билан машинадан тушиб дарвозага яқин борди у. — Қаёққа гумдон бўлдийкин?.. Ҳой Зами!.. Зами деяпман!.. Падар лаънати, чиқмайсанми?..
Жимлик.
— Шунақами ҳали?.. — Султон дарвозани итариб кўрди. Очиқ экан.
Машинани кўчада қолдириб қўлларини мушт қилганча ичкарига кириб борди…
Бахтга қарши хоналар бўм-бўш, чироқлар эса, ёниқ эди.
Бир-икки бўралаб сўкинди. Хоналардан бирига кирди-ю, аввал темир сандиқни пайпаслаб кўрди. Жойида.
— Очолмайди барибир! — ғудранди ўзича. Ва бошқа хоналарга ҳам кириб текширган бўлди…
Бўм-бўш…
— Ҳа-а, ўйнашиникида у! — овоз чиқариб сўзланганча ташқарига чиқди Султон. — Ўша… Ифлосникида!.. Ҳозир-да!.. Яхши бўлди! Иккалангни баравар ўлдираман!..
У энди дарвозага яқин борганди.
Бир қавати секин очилиб рўпарасида ён қўшниси Хосият хола пайдо бўлди. Чироқ ёруғида ранглари ҳийла оқаргани, нимадандир қаттиқ асабийлашаётгани кўзга ташланарди.
— Ўғлим, келдингизми? — ғамгинлик билан сўради Хосият хола рўмолини тўғрилаб. — Замирахонни касалхонага олиб кетишувди. Шуни айтиб қўяй деб…
— Касалхонага?.. — бу гапни кутмаган Султон қўшнига яқинроқ борди. — Нимага?..
Хосият хола бош эгди.
— Ўғлим, сиз биласизми-йўқми, ҳозир рўза ойи. Замирахон ҳар куни рўза тутиб, ибодат қиларди. Бекор қипсиз уриб!.. Шундай мўмина хотинниям урадими одам?.. Келиним бирга олиб кетганди. Аҳволи анча оғир деб келди!..
— Нима?..
Султоннинг пешонаси, қовоқ остилари қизиб лаблари титради…
— Қайси касалхонада? — ниҳоят сал ўзини қўлга олиб сўради.
— Қаерда бўларди?.. Ўша… Туманимиз марказида-да!..
Султон жонҳолатда югурганча кўчага чиқиб машинага ўтирди…
* * *Машина катта йўл бўйлаб елдек учиб борар, Султоннинг миясида фақат бир хил ўй чарх урарди
«Милисага айтиб қўймадимикан ишқилиб?.. Айтиб қўйган бўлса-чи?.. Йўқ, айтмайди. Буни кўнглим сезиб турибди. Айтмайди. Айтолмайди…»
Султон касалхона ҳовлисига машинани ўқдай учириб олиб кирди-да, гинекология бўлими рўпарасига бориб тўхтади…
Ичкарида беморлар кўп эди. Кўпчилик аёллар йўлакка каравотлар қўйиб ётишибди. Ҳарқалай, навбатчилар уни таниб киришни тақиқлаб ўтиришмади. Аксинча, ҳамширалардан бири уни қўлтиғидан олиб секин бош врач кабинетига бошлади.
— Йўқ, мени хотинимнинг олдига олиб киринглар! — деди Султон юришдан тўхтаб. — Мен бу ерга бош врачни кўриш учун келганим йўқ!
— Биламан, — деди ҳамшира мулойимлик билан. — Лекин ҳозир у кишининг олдига кириш мумкин эмас. Мени тўғри тушунинг!..
— Нега?.. Нега мумкинмасакан?..
— Ухлаяпти!..
Шу орада бош врачнинг ўзи кабинетдан чиқиб қолди ва совуққина саломлашгач, Султонни ичкарига етаклаб кирди.
— Ука, — деди врач босиқлик билан. — тўғрисини айтаман, хотинингизнинг баданида бир нечта кўкарган жойларни кўрдик. Мабодо, калтакламаганмидингиз?..
— Йўғ-э! — деди Султон сал ортга тисланиб. — Мен-а?.. Ўйлаб гапираяпсизми?..
— Тўғри, сиз жуда бамаъни одамсиз… Балки, рўза тутиб ҳолдан тойган бўлса, йиқилиб-нетиб тушгандир…
— Буниси ҳақиқатга яқинроқ. — ўзини оқлай кетди Султон. — Чунки, мен эрта тонгда чиқиб кетиб, ярим кечаси кириб келаман. Ҳозир келсам, манавинақанги гаплар…
— Ҳа, майли, — деди врач ерга боқиб. — Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин…
— Хўш, ўзи қалай — сўради Султон. — Нега индагингиз келмайди?..
— Хотинингизми?.. — врач энди дераза қаршисига бориб бир қаватини очиб юборди. — Хотинингизни… Ҳомиладор экан… Афсуски, икковиниям сақлаб қололмадик…
— Нима?.. Нима дедингиз?.. Ҳомиладор?..
— Ука, аёлингиз кўп қон йўқотган… Бунинг устига юрагининг ҳам мазаси йўқ экан… Боласи тушгандан сўнг бир томондан қон, иккинчи томондан юрак хуружи… Дош бера олмади… Сизга… Худо сабр берсин, ука!..
— Оҳ!..
Султон беихтиёр бошини чангаллаб, полга тиз чўкди.
— Энди нима қилама-ан, Зами-и-и?.. Мени кимларга ташлаб кетди-инг?..
Уни ҳеч ким ўрнидан қўзғата олмас, телбаларча силкиниб-силкиниб, ўкириб-ўкириб йиғларди.
— Мени кечи-ир!.. Мен кўрнамакни кечи-ир!.. Мен нонкўрни кечи-ир!..

Кенжа келин

Бир кекса аёлнинг хикояси. «Менинг уч угли бор. Кунларнинг бири катта углимнинг уйига бордим. Эрталаб бомдод намозига тахорат олиш учун келинимдан сув олиб келишини сурадим. Тахорат килдим. Намозимни укидим. Колган сувни ётган урнимга тукдим. Кун ёришганда келинимни чакириб: - Кизим, нимасини дейисиз, энди каричилик! Урнимни хул килиб куйдим, -...

ҒАРИБ ЖУРНАЛИСТНИНГ КЎРГАН-КЕЧИРГАНЛАРИ (ҳажвия)

Худди бизнинг замонда деразалари қулаб тушаёзган, ваннахонасидаги трубалардан елкага чакка томиб турувчи, ошхонасидан сувараклар аримайдиган, балконсиз, зах ҳиди уфуриб тургувчи «однушка»да ожиз-у нотавон, ғарибдан ғариб шоир, журналист яшаган экан. У кунларнинг бирида ярим кечаси ҳовлига чиқиб тиз чўкибди-ю, худога нола қила бошлабди. — Худойим,...

Актам ва мен...

Актам ва мен болалигимиздан улгайгунимизга кадар бир - биримизга душманлардек эдик. Онам рахматли: - Болаларим, сизлар кондошсизлар. Бошкалар сизларга мехрибон курингани билан, ака - укангиздек булишмайди! - деб такрор - такрор айтардилар....

АЛДА(Н)ГАН ҚИЗЛАР ҚИСМАТИ

Охирги пайтлар ўзимни қаригандек ҳис қилаяпман. Йўқ-йўқ, бу гапимдан мени сочларига оқ тушиб, юзларига ажин соя солаётган 30-40 ёшлар деб ўйламанг, бор-йўғи 25 ёшдаман. Ўқиган бўлсангиз, Балзакнинг "Сағри тери тилсими”даги қаҳрамоннинг бир куни бир йилдек жуда тез қариб кетади-ку, худди шундай. Касбимиз тақозоси билан кўча-куйда, одамлар орасида...

ҚАСАМ (КУН КУЛГИСИ…)

Мен шифокор Босволди Отвордиевич оқ халатимнинг қора, қизил, яшил… Ва… яна бошқа рангдаги доғларига умуман этибор қилмасликка, беморларимни кўзга илмасликка, уларга психологик тасир ўтказиш доирасида шарақламасдан, антишармандаомуз кулмасликка, заведиший бемордан пора олганини билмасликка, сабабини сўрмасликка, умуман бу воқеани кўрмасликка, бемор...

Огоҳлик. Зулмат ичида сўлган гуллар...

Ҳаёт деганлари турфа воқеа-ҳодисалар билан қизиқ. Уни чеклаб бўлмас шамоллар оқимига ўхшатса бўлади. Шамол ҳам турлича эсаркан, гоҳ тоза ва майин, ёқимли, гоҳо чанг-тўзон аралаш, кўнгилни беҳузур қиладиган...Бу шамолларни жиловлашнинг афсуски иложи йўқ... Бироқ, шамолга қиёсланган воқеалар "нишаби”ни уёқ-буёққа бурса бўлади! Чунки, воқеалар одам...

ҲАЁТИЙ ВОҚЕА: ПУЛГА СОТИЛГАН НОМУС

Мен ҳам барча аёллар сингари чиройли кийинишни, яхши яшашни орзу қилардим, бироқ бу ниятларимни амалга ошириш учун пул зарур эди. Қўлимда тайинли ҳунарим бўлмаганидан бошимни қаерга уришни билмасдим. Мактабни битирганимданоқ ота-онам биринчи келган совчиларга розилик бериб юборди. Тушган оилам биздан кўра бадавлатроқ эди, шу нарса уйдагиларимга...

Ғаройиб ҳодисалар изидан: “ҲАЁТ ДАВОМ ЭТАДИ”

Бу воқеа 1994 йили бўлиб ўтганди. Мен ўшанда заводнинг механика цехида ишлардим. Бир куни директор олдига чақириб қолди. Цех бошлиғини поезд уриб кетганмиш. Айтишича, танаси бўлак-бўлак бўлиб кетибди. Менга цехни бошқаришни топширди…...

Ифторликкача... (​Хайотий воrеа)

Беихтийор тамшанди. Тили танглайига зулукдек йопишиб, харакатсиз тохтади. Лабини яламокчи болганди, огзига курук, дагал, когоздек шикирлаган нарса илинди. Ютинганди, димогида хам намлик сезмади. «Кун бойи куйошда юрдим, — ойлади у гошт бозорига умид билан кирайотганида. — Тинкам куриб кетганга охшайди. Тик ойокда юраверсанг, чарчаганингни...

Жазо муддатидан олдин озодликка чиқарилган аёл кечинмаси...

Аксарият ҳолларда, қандайдир хато оқибатида озодликдан маҳрум этилган ва жазони ўтаб чиққан инсонларга нисбатан раҳм-шавқат тўйғуси, яна кимлардадир эса уларга нисбатан ҳайиқиш билан қараш тўйғуси уйғонади. Аммо шундай инсонлар борки, улар ҳеч нарсага қарамай ҳар қандай вазиятдан чиқиб, ҳаётга янгитдан чанқоқлик билан киришади ва барчага улар ҳам...

Фикр қўшиш