КАРИМ КИССАВУР… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

КАРИМ КИССАВУР… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)
КАРИМ КИССАВУР… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)


Бугун Карим киссавурнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Эрта тонгданоқ иши юришмади. Келишиб олишганми, бекатда биронта ҳам тиқилинч автобус топа олмади. Таваккал бир хўппа семиз аёлнинг сумкасига қўл чўзганди, бобиллаб берди. Сал қурса, мелисага кўндаланг бўлаёзди. Карим киссавур тушдан кейин шалвираганча ортга қайтди. Қовоғидан қор ёғиб, учраганни тепиб, муштлаб, сўкиб ташлагиси келаверди. Аммо бу киссавурларга хос одат эмас. Киссавурнинг бармоқлари узун бўлгани билан муштлашувдан нарироқ юради. Мелисабозликка тоби йўқ. Қолаверса, ўзидан зўрроғи чиқса, таёқ еб қолишдан чўчийди. Шуларни ўйлаган кўйи Карим киссавур шаҳардан чиқаверишдаги кўримсизгина қаҳвахонага кирди. Азалдан одати шу. Шоҳона ошхона, ресторанлардан нарироқ юришга интилади. Ортиқча пул тўласа, кейинроқ беҳуда сарфлаган пулларни ўйлаб таби тирриқ бўлишини билади.

— Мениям бошқалардан камим йўқ-ку, — ўзича эшитилар-эшитилмас сўзланиб бир четдаги стол қаршисига чўкди Карим. — Худойим, биласан, ҳар куни ўзингдан сўрайман! Биров пулини олдириб мени қарғасаям, барибир ўзингга илтижо қиламан. Қарғиши ўзига уришини сўраб ёлвораман. Кўриб турибсан, неча уч кундан бери ишим юришмайди? Ахир, мендаям рўзғор, хотин бор! У киссавурлигимни билмасаям, мардикорчилик қилади деб ўйласаям, хотиним. Уйга нимадир олиб келади, қўлимга пул тутқазади, янги кўйлак ёки тақинчоқ олиб беради деб умид қилади. Сен марҳаматингни дариғ тутаверсанг, қандай хотинимни хурсанд қиламан? Э, ҳаётларигаям, рўзғорларигаям тупурдим! Бугун… Майли, бугун ичаман, кайф-сафо қиламан. Эртага, бўлмаса индинга ризқимни берарсан, Худо? Ризқ бераман деб яратгансан-ку биз киссавурларниям!..


Оқ-у қизил оғу аралаш жигарига ургач, Карим киссавур одатдагидек қачонлардир мурғак гўдаклигида уни бировларга ташлаб, бошқага эрга тегиб кетган онаси Жўрахон опанинг гўрига ғишт қалашга тушди.

— Сенам энамидинг? — деди у кимсасиз тор кўчалардан бири ўртасида қаддини ғоз тутган ҳолда чайқалиб тураркан. — Кўчаларда сарсон қилдинг мени. Ўша ҳароми эрингга тегиб кетаётганингда, сен кетган машина ортидан дод деб йиғлаганча қолавердим. Бир марта ортга ўгирилиб, менинг кўнглимни сўрашга ярамадинг. Буям майли, оч қолган пайтларимда уйингга бетимни сидириб ташлаб бўлсаям бордим. Ўша каталакдай ҳовлингда ризқим боракан, озми-кўпми териб едим. Нима қилай? Мениям сенда ҳақим бориди. Бир даста пулни кўрпанг қатидан олганим учун мелисага чопибсан. Қўшниларинг айтишган. «Карим, энанг нуқул сени қарғайди, ёмонлайди» дейишган. Мелисага чопганингниям ўша қўшниларинг айтишган. Мана, кўрдингми, бугун учинчи кун, сира ишим юришмаяпти. Насибамни тополмай аламимни ичкиликдан оляпман. Қарғишларинг уряпти мени, уряпти!.. Кўнглинг ҳайитдагидай бўлар мени шу аҳволда кўрсанг? Албатта, мен ким бўпман?!. Ўша баттол эрингдан уч болани орттиргансан. Шулар мендан кўра ортиқроқ, азизроқ сенга. Лекин билиб қўй, тағин бир марта қарғаганингни қулоқма-қулоқ эшитиб қолсам, тамом, тўнимни тескари кияман! Билгинки, ўшанда жондан тўйган чиқаман. Сени… Ўлдираман, эна, ўлдираман! Мана шу қўлларимминан ўлдираман! Менгаям сендай энанинг кераги йўқ, билдингми, йў-ўқ!?.
* * *
Карим кириб келганда, хотини Хурсаной тандир қаршисида хомуш турган кўйи қўлидаги косов билан тандирдаги кулни ҳиссиз ковлаштирарди.

Эрини кўрди-ю, баттар қовоғи уйилди.

— Ҳа, тағин нима бўлди? — сўради кайфи янада таранглашиб Карим. — Ўзи бўларим бўлиб турибди. Ким арпангни хом ўриб қўйди яна?

— Ишингиз бугунам юришмадими? — Хурсаной асабий лаб тишлаб саволга савол билан жавоб қайтарди. — Ичиб олганингизга қараганда, иш тополмагансиз-а бугунам?

— Ҳа, тополмадим, — бошини қуйи солди Карим. — Эртага топилиб қолар.

— Сиз бировларнинг лойини ташиб, картошкасини чопиб, эски уйини бузиб юраверинг. Энангиз…

— Энам? Қайси энам?

— Битта энангиз бориди шекилли? — деди Хурсаной қўл силтаб. — Ўша энажонингиз, сизни бир вақтлар мелисага берган энангиз бугунам қарғабди сизни. Сиз… Ўғримишсиз, киссавурмишсиз…

— Ўчир чакагингни! — бақирди Карим титраб. — Ким айтди сенга, ким? Энам нега қарғабди? Нима деб қарғабди?

— Ўша Карим балога йўлиқмаса розимасман дебди. Ана, Лутфиниса опа гап топиб келди. Ундай болам йўқ деганмиш. Роса қарғаниб, сўзланганмиш!..

— Шунақами? — деди Карим муштларини тугиб. — Аниқ қарғабдими?

— Вой, Лутфиниса опага зарилми ёлғон гапириб? Ё энангизни билмайсизми?

— Ўлдираман уни! — хириллаб атрофга аланглаганча нимадир қидиришга тушди Карим. — Мана шу қўлларимминан бўғизлайман!

— Вой, бу нима деганингиз? — Хурсаной чопа келиб эрининг елкасидан тутди. — Энди бир камим қамоқхонага «пердачка» ташишмиди? Кўрган куним етмайдими? Ўлдирмайсиз! Қўлингизни қонга булғаганингизга арзимайди у хотин.

— Унда нима қилай? Индамай қарғиш эшитиб ўтираверайми?

— Уйига боринг-да, сигирининг биттасини индамай етаклаб чиқинг! Ҳақингиз бор сизниям! Анави қора мўнди эридан бўлган болалари ҳар куни сут-қатиқ ичади-ю, сиз ичмайсизми? Сиз ердан чиққан қўзиқоринмисиз? Боринг, ҳақингизни талаб қилинг, Карим ака!..

Хурсанойнинг бу гапидан сўнг Карим сал шаштидан тушган каби бўшашди.

— Тўғри айтасан, хотин, — деди у ерга чирт этиб тупуриб. — Ўлдириб барака топмайман барибир. Ҳа, сигирини етаклаб келаман. Қани, кўрай-чи, бу сафар ҳам мелисага чопармикан. Агар-чи, мелисага югурса, ишон, сенинг маслаҳатинггаям қулоқ солиб ўтирмайман. Ўлдираман ундай энани!..

— Тўғри айтдингиз, — деди Хурсаной жонланиб. — Агар шундай қилса, менам миқ этмайман. Билганингизни қилинг! Уйига ўт қўясизми, балога йўлиқтирасизми, ўзингиз биласиз. Боринг, Карим ака, вақт кетмасин! Сигирни, ўзингизнинг ҳақингизни ажратиб олинг! Қарғанганларига пушаймон есин у шум кампир!..

* * 

Жума бўлгани сабабми, ўгай отаси ҳовлида кўринмади. Карим киссавурлик одати зўр келиб жуда эҳтиёткорлик билан онаси яшайдиган ҳовлига кирди. Жўрахон опа ҳам негадир кўрина қолмади. Карим барибир ҳушёрликни қўлдан бермаслик илинжида айвонга ўтди-да, очиқ дераза орқали ичкари уйга ўғринча кўз ташлади. Хонада Жўрахон опа ҳовлига терс ўгирилганча жойнамоз устида ўтирар, Яратганга нола қиларди.

— Худойим, ўзинг гувоҳсан, — дерди у йиғи аралаш. — Тўнғичим Каримжонни ўзингдан тилаб-тилаб олгандим. Нима қилайки, тақдир экан, отасиминан ажрашдим. Аммо боламни атайин, ёмонлик кўрсин деб ташлаб кетмаганман, худойим! Бегона эркакнинг кўзига мўлтирамасин, кўнгли ўксимасин деган ниятда тоғасига қолдиргандим. Агар шу хатойим бўлса, мени жазолайвер! Боламни фалокатлардан, касофатлардан асрасанг бас! Неки бало бўлса, ўзимни кўндаланг қилавер!.. Уни, суюкли ўғлимни ҳеч қачон мелисага бермаганман. Ёмонларнинг бўлар-бўлмас ғийбатига учиб мендан юз ўгирди болам. Ахир, паҳлавондай ўғлимга ёмонликни раво кўрармидим? Яратган эгам, боламга инсоф бер, мартабасини улуғ қил, ишларига ривож бер! Болагинамни бир умр қўлини юпқа қилиб қўйма, худойим! Уям катта-катта ишларда ишласа, топгани баракали бўлса дейман! Агар шу фарзандимга яхшилик ато этмасанг, менинг жонимни ол, мени дўзахларга дўмбира қил! Жонимдан тўйиб кетдим, ахир! Фарзандимнинг бир марта эна дейишига зорман! Қайноқ меҳримни берсам, болам-болам қилсам дейман! Қўша-қўша неваралар кўрсам, Каримжоним яйраб-яшнаб юрса, киссаси пулга тўла бўлса, егани олдида, емагани ортида қолса дейман! Жон худойим, нолаларимни ўзинг ижобат қил! Мен… Гуноҳкор бандангни ўзинг кечир! Каримжонимнинг умрини узоқ қил!..

Бу нолалар ҳақиқатан дардли ва аянчли эди. Ҳатто умрида шафқат, диёнат нелигини билмай яшаган Карим киссавур ҳам онанинг фарёдини эшитиб донг қотди. Кайфи тарқаган каби ҳушёр тортди. Оёқ-қўллари ўзига бўйсунмай, на кетишни, на тураверишни билди. Юрагининг аллақаерида номалум тафт пайдо бўлиб азойи баданини куйдираверди. Бу оловнинг жазаваси вужудини ўз исканжасига олди-ю, кўзларига ёш қўндирди. Тош қалбига илиқлик ато этди. Хаёлларини чалкаштириб, хўрсинишга, ҳаяжонланишга, тўлғонишга ундади.

«Мени… Алдашибди, — кўнглидан ўтказди Карим ўта сергаклик билан ортга тисланаркан. — Энамдан совитишмоқчи бўлишибди. Хотиним… Уям алдабди. Энам мени яхши кўраркан. Менга ёмонлик тиламаскан. Мени мелисага бермаганакан. Мен… Адашибман, аҳмоқлик, мунофиқлик қилибман. Ахир… Нега мараз одамларнинг, товуқмия хотинимнинг гапларига қулоқ тутдим? Нимага энамнинг қалбига қулоқ солмадим? Нима учун шундай аёлга вақтида меҳр кўрсатмадим? Дуосини олмадим? Нега? Нега? Нега?..»

Карим киссавур бир неча дақиқа ичида буткул бошқа одамга айлангандек эди. Шу кунгача қилиб юрган номақбул ишларидан қаттиқ афсус чека бошлаганди. Қўйиб беришса, хонага чопа кириб онасининг оёқлари остида тиз чўкишни, ҳўнграб-ҳўнграб йиғлашни, дод деб волидасидан узр сўрашни хоҳлаётганди. Лекин ундай қилмади. Кийимлари, ўзидан таралаётган ёқимсиз ҳидлар билан она кўзига кўринишни мақул топмади. Аста-аста дала йўл бўйлаб ўз уйи томон кетиб бораркан, эртага янги кийимларини кийиб, бозордан майда-чуйда харид қилиб, онасидан албатта хабар олишни, астойдил кечирим сўрашни, дуо олишни кўнглига тугди.

«Усмонийлар империяси тарихи» туркумидан: «БУЮК ВАЗИРГА АТАЛГАН ТОШ БЎРОНЛАРИ»

смонийлар империяси даврида буюк вазир мартаба бўйича султондан кейинги ўринни эгаллаган. У керак бўлса, султоннинг номидан фармонлар бериш ҳуқуқига эга бўлган. Аммо буюк вазирликка тайинланган шахс кўп ўтмай йўл қўйган биргина жиддий хатоси туфайли ҳам ўлимга маҳкум қилинган. Қатл эса аксар ҳолларда оддий халқ тарафидан маҳкумни тошбўрон қилиш...

Хикоя: Хувиллаб колган дунйо

Базан исмимга ётироз билдиришади. Худонинг исми, олдига Абдул кошиб айтгин, дейишади. Бирок менга бу исм бошка максадда берилган. Йетти ойда тугилганим учун шифохонада менга «Хеч канча яшамайди, олади», деб ташхис койишган. Хатто «Мехрингиз тушиб колса, бир умр унутолмай, изтироб чекиб яшайсиз», дея отам кариндошларига мени котаришни, багрига...

Занги бузилган соат

Манави йерда, ойнанинг олдида мен отирардим. Барча откинчилар мени танишарди. Шу йердан бола-бакраларга бакириб коярдим. Кечкурунлари кизим хабар олгани келарди....

Қалблари қуёш яхши одамлар…

Ер юзидаги инсонлар бир-бирига бегона дея назар солмаса, мудом тинчлик ҳукм сурарди. Келинг, шу фикрга амал қилишни оиладан, маҳалладан бошлайлик. Атрофимиздаги яқин-узоқ инсонларга меҳр-оқибат кўрсатайлик... Қўшнининг илтифоти «Оиламизда қиз фарзанд йўқлиги учун тўрт ака-ука роса тортишардик....

ЖАННАТНИНГ ЭШИКЛАРИ ОЧИЛУР...

ЖАННАТНИНГ  ЭШИКЛАРИ  ОЧИЛУР...          Абу ҳурайра (р.а)  ва Абу Саъид (р.а)дан ривоят қилинади, икковлари айтдилар:          «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга хутба қилиб:         «Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки» деб уч марта айтдилар. Кейин бошларини қуйи солиб туравердилар, туравердилар...        ...

Солиҳ фарзанд

Ҳар биримиз фарзандимиз солиҳ бўлишини орзу қиламиз. Бунга эришиш учун анча тер тўкиш керак экан. Аввало ота сифатида ўзимиз солиҳ бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Яъни фарзанимизга салоҳиятда ўрнак бўлишимиз лозим. Чунки фарзанд эшитганидан кўра, кўрганига кўпроқ эргашади. Бу ҳақида кўп воқеаларни эшитганмиз. Бир курсдошимдан эшитганимни ёзаман....

Сўзда сеҳр бор…

Болалигимизда бирорта бўйинсамиз айтган гапга ишонқирамасак уни дарров қасамга таяр эдик: "Воллоҳ де қани!” Рост гапига ишонтиролмай қийналиб кетган жўрамиз ҳам ҳеч иккиланиб ўтирмасдан "Воллоҳ, агар…” дер эди. Ёки бўлмаса "Чор китоб урсин!..” дея энтикиб гап бошларди. Табиийки, ўн-ўн икки ёш болалар Чор китоб (Қурон, Инжил, Таврот, Забур)...

ГАДОЙ ХОТИННИНГ ҲИЙЛАСИ… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

— Акалар, опалар, Худо йўлига садақа қилинглар! Мана шу боламга битта нонга етгулик бўлсаям хайр-садақаларингни аяманглар! Онам баннисада, дадам бизни ташлаб кетган! Ейишга нонимизам йўқ! Хайр қилинглар!.....

О. Генри: “ЕНГ КИСКА ХИКОЯ”

Хайдовчи тамаки тутатди ва канча йокилги колганини билиш учун бензин бакига егилди… Мархум атиги 23 йошда еди. ...

Икки пиёла сув

Қадим замонда бойлиги билан мақтанувчи ҳукмдор бўлган эди. У қаерга бормасин, хазинасидан бир қисм олиб, уни бошқаларга кўз-кўз қилар эди......

Фикр қўшиш