Ҳикоя: Алвасти келин

Ҳикоя: Алвасти келин
Ҳикоя: Алвасти келин


Кеч кириб, осмонда тўлин ой пайдо бўлди. Унинг юзидаги қора доғлари одамларга янада аниқроқ кўринарди айни дам. Ҳаво совуқ. Базида гувиллаб шамол ҳам эсиб қолади. Бу қишнинг таниш манзараси. Аммо кўпчилик кутаётган қордан ҳали дарак йўқ…

Гарчи кеч кириб, йўлларни симёғочлардаги чироқлар ёрита бошлаган бўлса-да, шундоққина маҳалла биносининг ортида жойлашган кенг далада бир гуруҳ ёш болалар ҳамон ўйин ўйнашарди. Аниқроғи, бир даврага тизилиб олиб, нималардир тўғрисида чуғур-чуғур қилишарди. Улар кун ёруғ бўлиб турганида копток ўйнашар, кеч кириб боргани сайин навбат бекинмачоққа келар ва осмондан ой чиқиши биланоқ «чўпчак айтиш» ўйини бошланарди.

Мана, ҳозир ҳам ўша ўйин — даҳшатли воқеаларни айтиб, бир-бирини қўрқитиш ўйини авжига чиқди. Бир бола ажиналар, шарпалар ва девлар тўғрисида ҳикоя айтарди. Унинг гапларини жон қулоқлари билан тинглаб ўтирган бошқа болалар ўз тасаввурларида ўша махлуқотларни жонлантиришга уринарди. Аслида, мавҳум ҳикояларни ҳамма ҳар хил қабул қилади. Кимнинг тасаввур олами кучли бўлса, ўша одам ҳаммадан кўпроқ ваҳимага тушади…

— Мен бундан-да қўрқинчли воқеани биламан! — деб гап бошлади ўрта қаторда ўтирган ўн ёшли бола. — Ўтган куни маҳалламиздаги боғ бор-ку, ўша ерда бир нимани пайқаб қолгандек бўлдим! Агар алдасам, ҳар нима бўлай! Сочлари тўзғиб кетган, бўйи ҳам жуда баланд эди…

— Бўлмаган гап! — гапни бўлди бошқа бир бола. — Сенинг кўзингга Тошмурод бобонинг  қоровули кўринган! Бир дона йўғон ходага қалпоқ кийдирилиб ерга қоқилган нарса у. Бобо ёздан бери қўриқчини олиб ташламади, сен эса ўшани кўриб қўрқиб юрибсан-а?!

Даврага кулги кирди. Бояги эшитилган сирли воқеалар ҳам бир зумда ёддан кўтарилди.

— Йўқ, мен аниқ биламан! У ясама қоровул  эмасди! Сен айтган ўша нарса боғнинг ўртасида — Тошмурод бобонинг уйига яқин жойга қадалган! Мен аниқ биламан, у алвасти эди! Сочлари узун, бўйлари баланд…

— Э, воҳ, роса томинг кетибди-ку! Нима, шугинани айтсам дўстларим қўрқиб қолади, деб ўйлаганмидинг?! Ундан кўра бориб, «Воҳ!» десанг бўларди, озгина қўрқардик…


Сочлари узун алвастидан гап очган болакай бир-бир дўстларининг юзига қаради. Ҳамманинг кўзида кулги ва маломат ифодалари пайдо бўлганди. Бола аста ўрнидан турди-ю, уйи томонга қараб кета бошлади.

Шу пайт болалардан бири ваҳимали бақирди:

— Ие, қаранглар, ана ажина! Ана, ана!

Уйига кетаётган бола бу гапларни эшитди-ю, оёғини қўлига олиб ура қочди.

Даврада эса яна кулги кўтарилди…

* * *

Соат тунги саккиз яримларда дарвозани онаси очганини кўрган Бекпўлат оёқ учида ҳовлига кириб, волидасига қараб ялина бошлади:

— Ойижон, кеч кирганимни дадам билмасин…

Заҳро опа индамади. Гарчи ўғлининг кеч кирганидан жаҳли чиқаётган бўлса-да, турмуш ўртоғининг фелини эслаб, енгилгина бош чайқаб қўйди. Бекпўлат эса ўзида йўқ хурсанд бўлиб, хонасига кириб кетди. Ўғлининг ортидан қараб қолар экан, ўтган куни эри Қудратнинг Бекпўлатни кеч киргани учун калтаклагани ёдига тушиб, кўзларига ёш қуюлиб келди.

— Ҳа, қаерларда юрибсан?! — савол берди кимдир хона ичидан.

Бекпўлат хонасининг чироғини ёқиб, тўғрида унинг келишини кутиб ўтирган бувисига қаради-ю, ҳамма сири очилиши мумкинлигини ўйлаб жимиб қолди. У билади: Мастура бувисига ялинишнинг фойдаси йўқ! Ўтган куни ҳам дадасига айнан у чақиб берганди…

— Нима, эшитмадингми?! Сендан шу маҳалгача қаерда юрибсан, деб сўраяпман! — саволни такрорлади Мастура буви. — Ё яна дадангга айтиб…

— Кўчада эдим… — тутилиб қолди Бекпўлат.

— Шомдан кейин кўчада нима бор?! Сен ўзи бир гапни ҳеч қулоғингга оласанми-а?! Ахир минг марта тайинлайман сенга: шомдан кейин кўчада инс-жинс, бало-қазо изғиб юради! Бирон адашган жин ўлгур чалиб кетса, нима бўлади, а?!

— Биламан… — пичирлади Бекпўлат. — Буви, сизга бир нарса айтайми?!

— Нимани айтасан?! Яна бўлмағур баҳоналар тўқиб, одамни қон қиласанми?!

— Сиз… Сиз ўша жинларнинг борлигига ишонасизми?!

Мастура момо индамади. Гўёки у бу саволни эшитмагандек эди.

— Ишонсам нима бўпти?! Нима, гапларингиз ёлғон демоқчимисан?! — набирасига қараб олайди момо.

— Бир бола боғнинг ичида ўша алвастини кўрибди! Боя бизларга ҳам айтиб берди. Буви, сиз ҳам аввал уни кўрганмисиз?!

— Менга қара, ўв бола, агар ўша ўртоғингнинг эси бўлганида, шомдан кейин кўчада изғимай, уйида ўтирган бўларди! Тўғрими?! — набирасига тикилди Мастура момо.

— Тўғри! — жавоб қилди Бекпўлат оғир тин олиб.

— Ҳа, шунақа бўлганидан кейин нега менинг айтганимни қилмайсан?! Даданг билса борми бу қилиғингни…

Шу пайт хона эшиги очилиб, остонада Заҳро опа пайдо бўлди.

— Ойижон, кечки овқат тайёр бўлди! Сузаверайми?

Мастура индамади. Момо кўзини бир чеккага қадаб, норози оҳангда жавоб қилди:

— Ҳа, сузмай нима қиласиз энди, келин! Соат еттида ичиладиган овқат тўққизда пишибди-ку! Яхшиям бугун ўғлим кечроқ келади, бўлмаса…

Хуллас, шу кунги воқеа Қудратга малум қилинмади.

* * *

Эртаси куни ҳаво бироз илиқроқ бўлди. Кун бўйи баҳорни эслатувчи шамол эсгани боис Мастура момо айвонга жой қилдирди. Осмондан бир учи кўриниб турган қуёшга тикилиб «Шу ҳам қишми?» деди-да, дастурхонда турган пиёлага қўл узатди.

Ҳовлининг бир четида Заҳро опа иш билан банд. У крандан оқиб тушаётган муздек сувда ёғ босган идишларни ювиш билан овора. Бекпўлат эса бувисининг кечаги гапларидан сўнг хийла ювош  тортиб қолган. У олдингидек ҳовлини чангитиб югурмайди, бор овози билан бақириб қўшиқ айтмайди. Йўқ-йўқ, у бу ишларни отаси ёки бувисидан қўрққани учун эмас, кечаги қўрқинчли  суҳбатдан сўнг такрорламаётганди. Болалигидан калтак еб ўрганган бола калтакдан қўрқмайди. Аммо бувиси ва ўртоғи айтган сирли нарсадан қаттиқ тасирланиб қолгани бор гап.

Вақт оқар дарё деганлари рост экан. Боягина кулиб турган қуёш ўрнини бир зумда қоронғилик эгаллай бошлади. Вақт ўтгани сайин эса Заҳро опанинг кўнгли ғаш бўлиб бораверарди: «Қаерларда юрибди экан-а?!»

Бундан икки соат олдин Заҳро опа Бекпўлатни пастдаги дўкончага юборганди. Бола «Тезда қайтаман, ойижон, ишонаверинг», дегани учун рози бўлганди. Йўқса, ўзи ҳам лип этиб бориб келган бўларди. Нима бўлди экан ўғлига?! Ёки кечаги гаплар эсидан чиқиб, ўртоқлари билан ўйнаб қолиб кетдими?!

Соат миллари чиқиллаб турибди. Бекпўлатни нонга жўнатганини қайнонаси билмайди. Тез орада Қудрат ҳам ишдан келади.

Шу пайт ғалати бир ҳодиса юз берди. Ҳовли дарвозаси очилиб, ундан югурганча Бекпўлат кириб келди ва айвонда ўтирган онасига қараб, нималарнидир айтмоқчи бўлди

— Бекпўлат?! Нима бўлди?! Гапир, гапирсанг-чи ўғлим!

— Ойи! Боғда, боғда… — тутилиб қолди Бекпўлат.

— Нима, боғда?! Нима демоқчисан ўзи?! — Заҳро опа шундай деганича ўғлига сув узатди.

Бекпўлат сувни ичаркан, зўрға нафасини ростлади ва тутила-тутила тилга кирди:

— Дўконга бориб нон олдим, келишда қарасам ўртоқларим турибди. Улар билан озгина ўйнадим, қолиб кетдим…

— Хўш? — сабрсизланди Заҳро опа.

— Бир вақт қарасам, кун кеч бўляпти. Дарров уйга қараб югурдим. Лекин дарвозадан киришга қўрқиб, орқа томондан — боғ тарафдаги тўсиқ тешигидан кирмоқчи бўлдим. Атроф қоронғи. Бир маҳал боғнинг ўртасидан юриб кетаётганимда бир нарса шитирлай бошлади. Мен уни ит деб ўйладим. Кейин қуриган шохлар орасидан узун бир сочга ўхшаган нарса пайдо бўлди! Мен уни аниқ кўрдим, ойи! У одамсифат ажина эди! Бўйи узун, сочлари қоп-қора…

— Кейин-чи?! — деди Заҳро опа ҳафсаласи пир бўлиб.

— Ойи, алдамаяпман! Аниқ кўрдим! Баҳона эмас бу! — жавдиради Бекпўлат ютиниб. — Онт ичаман, у алвасти эди!

— Ҳа, болам-а, ўтакамни ёрдинг-ку! Нега ўз вақтида уйга келавермадинг?! Нима бор ўша ўртоқларинг билан ўйнаб-а?! Ҳали замон отанг ҳам келиб қолади! Яхшиямки бувинг…

— Нима бувиси?! — гапга аралашди Мастура момо. — Мендан яна нимани беркитмоқчисизлар, а?! Шошма, шошма, сен бола яна шомдан кейин кўчадамидинг?!

— Буви, мен…

— Гапни бўлма! Кўчадамидинг, йўқми, саволимга жавоб бер! Бўлмаса, отанг келса, ҳаммасини — кечагиларини ҳам қўшиб айтиб бераман!

— Ойижон, Бекпўлатда айб йўқ! Мен ўзим уни кеч бўлганда нонга чиқарувдим… — бўшашиб қолди Заҳро опа ерга қараб.

— Ў, яхши, яхши! Боланинг тарбиясини қойиллатяпсиз келин, тасанно! Ҳали ўғлим билса…

— Нима бўлди яна?! — дарвозахонадан кўринди Қудрат ака. — Нимани билишим керак?!

— Қудрат! — деди Мастура момо ўғлига қараб. — Манави хотининг боланинг тарбиясини бузяпти! Мен ўзи бу уйда кимман?! Наҳот биргина сўзим, шу келиним ва набирамга ўтмаса?! — деди момо сохта йиғлаб-сиқташга тушиб.

— Заҳро! — аёлига қараб ўшқирди Қудрат ака. — Бу яна нима қилиқ?! Нега онамни  оёқ ости қиляпсан?

Боядан бери ерга қараб, сукут сақлаб турган Заҳро опа охири тилга кирди:

— Мен нима қилдим яна?! Айбим болагинамни битта нонга юборганимми?! Тўғри, Бекпўлат оппоқ эмас, кечга қолмай ўз вақтида уйга келиши керак эди! Лекин нима қилсин, ҳали болада! Ўртоқлари билан бироз ўйнаб қолиб кетибди! Шуни келиб менга айтаётганида ойижон келиб бизларга бақира бошлади!

— Вой, тавба! Сиз ҳали қип-қизил тухматчи ҳам экансиз-ку! — ўғлига қараб олди Мастура момо. — Мен нима ёмон гап қилдим сизга?! Айбим фақат шомдан кейин кўчага чиқма деганимми?!

— Нима?! Сен бола ҳали кеч бўлганда изғиб юрадиган бўлдингми?!

Қудрат ака шундай деганича Бекпўлатни калтаклашга тушиб кетди. Буни жимгина кузатиб туришга тоқат қилолмаган Заҳро опа дарҳол бориб боласини эрининг қўлидан ажратиб олмоқчи бўлди. Бироқ бу гал Қудрат ака тўхтамади. Хотинига қўшиб, норасидани ҳам хуморидан чиққунигача тепкилаб, камига уйдан ҳам ҳайдаб юборди.

Заҳро опа дам эрига, дам қайнонасига тикилиб, юм-юм йиғларкан,  юзи яра-чақа бўлган Бекпўлатни етаклаганча ота уйига кетишдан бошқа чора тополмади.

* * *

— Яхши бўлди, ўзи қандай қилиб қутулишни билмай юргандинг, болам! — Қудрат акани овута бошлади Мастура момо.

— Ҳа, энди Садоқатимни бу уйга олиб келсам бўлаверади, она! — деди Қудрат ака кулиб. — Ҳадеб боғ ичида учрашавериш жонимизга текканди…

— Гапирма, тирмизагингни зўрға уйда ушлаб қолардим, а… Майли, бўлар иш бўлди! Янги келиним фаросатлими, ишқилиб?! — ўғлини туртиб қўйди Мастура момо.

— Ҳа, она, жудаям. Айниқса, гўзаллигини айтмайсизми. Сочларини кўрсангиз эди! Қоп-қора! Товонигача тушиб туради, онажон! Бўйи ҳам ўзимга монанд…

— Ҳа, яхши қизни аввалроқ топмайсанми, болам?!

— Ўзим ҳам яқинда боғда учратиб қолдим, она…

* * *

Аммо Қудрат аканинг иккинчи турмуши узоққа бормади. Орадан икки кун ўтиб, номалум сабабларга кўра ҳовлига ўт қўйилди. Мастура момо ҳам, Қудрат ака ҳам қаттиқ куйиш оқибатида ҳалок бўлишди. Аммо янги келган келиннинг мурдасини ҳеч қаердан топа олишмади. Гўё у бир шарпадек кўздан ғойиб бўлганди. Ҳовлига қандай ўт кетди, афсуски, буниси ҳам сирлилигича қолди…

Орадан бироз вақт ўтиб, қўшни маҳаллада ҳам янги бир никоҳнинг дараги ҳаммаёққа ёйилди. Келиннинг кимлигини, унинг тарифу тавфсифини суриштирувчилар ҳам кўп бўлди. Малум бўлишича, келиннинг бўйи баланд, сочлари узун экан. Йигит уни боғ ичида учратибди-ю, ошиқ бўлиб қолибди. Тўй шу бугун, боғнинг орқа томонидаги ҳовлида бўлиб ўтаркан…

Ота бўлиш осонмас… (ҳажвия)

Ишдан ҳориб, чарчаб келмаганманми, хотинимнинг ярим кечаси инқиллаб қолгани оромимга сув сепди. Ой-куни яқин бўлганидан хавотирим ошди. - Доктор чақирайинми? - дедим ётган жойимдан туришни истамай. «Қўяверинг, ўтиб кетади» деса-ю, терс ўгирилиб ухлаворсам. Аксига олиб кутганим бўлмади....

МАФИЯ БАЛОСИ…

Квартирада сукунат ҳукмрон эди. Бу сукунат одатий эмас, қандайдир кўнгилсизлик келтирувчи онлар яқинлашаётганини билдирарди. — Ҳа… Уф-ф… Ўйиндан ташқари ҳолат… Телевизордан эшитилаётган шарҳловчининг асабий қичқириғи бутун хонани тутганди. ...

Ҳаёт тўфони сизга таҳдид қилса, қўрқманг!

Ёш  эр-хотин бир-бирини жуда яхши кўрар, тинч-осуда ҳаёт кечиришар эди. Уларнинг табиатлари бир-бирига тескари бўлиб, хотин серҳиссиёт, эр эса босиқ эди. Кунларнинг бирида денгиз сафарига чиқишди. Кечаси бирданига кучли шамол қўзғалди. Тўлқинлардан кема даҳшатли чайқалар, одамлар қўрқувга тушиб бақира бошлашганди....

МУШУКЛАРНИНГ СУЛТОНИ (ҳажвия)

Маллача момомнинг айтишича, мен крутой қизлардан эканман. "Вой, момо, менинг қизлигим қоптими? Анави оғзингдан қонинг келгур қозоқи малла неча марта номусимга теккан. Мана, энди тўртта болага она бўлэ-эб ўтирибман.”, десам, маллача момо кулиб: "Вой ўзимнинг султоной қизим-эй, бир шоирнинг "Ойдай тўлишган жувон қиздай ширин бўларкан” деган шерини...

ТУҒМАС ХОТИН…

Манзура эри Бобурни ишга кузатгач, балконга чиқди. Ташқарида куз. Уй атрофидаги дарахтлар аллақачон барг ташлабди. Узоқ-яқиндаги машиналар шовқинини айтмаса, деярли жимжитлик ҳукмрон… У халатининг ёқасини асабий ғижимлаб, бир нуқтага тикилганча узоқ ўтириб қолди. Хаёлига нималар келиб кетмади. Беш йиллик умрини чамалаб чиқди…...

Жумбок 9 кисм

Жафар Самшод сен мени шу нарсаларди уз хохишим Билан килгани деб уйлесанми......

ЎЗИМНИНГ БЕҚАДРГИНАМ…

Тошқўзи пахта пунктидаги сменасини топширгач, ҳар галгидек эрталабки соат ўн бирга яқин уйига қайтди. Хотини Фарзиниса қовоғини уйганча ток остидаги сўрида ўтирар, қур-қур хўрсиниб оларди. Тошқўзи аста юриб келиб сўрининг бир четига чўкди-ю, дастурхондаги ноз-неъматлар устига ёпилган матони олди ва яна Фарзинисага ер остидан боқди. У эса совуққина...

Дуо кучи (таъсирли воқеа)

Кичик бир болакай денгиз бўйида кўзларини бир нуқтага тикиб ўтирарди. Бир соатдан бери ўтирган бу боланинг ҳоли яқин жойда ўтирган бир қариянинг диққатини ўзига тортди. Қария боланинг ëнига бориб: - Ҳа, ўғлим, хорманг. Бугун денгиз жуда ҳам чиройлими-а? - деди. Болакай қарияга қарамасдан:...

ОНАНИНГ ҚАРҒИШИ

"Тоғ жойидан кўчибди, деган гапни эшитсангиз, ишонинг, аммо бир кимса ўз фел-атворини ўзгартирибди, деса ҳаргиз ишонманг”, - дейилади ҳадиси шарифда. Илло, Яратганнинг ўзи тўғри йўлга бошлашни ирода этса, инсофу тавфиқ берса, ҳар қандай залолатли банда ҳам ҳидоятга юз тутиши муқаррар. Бунга ўзим шахсан амин бўлганман....

Уйланиб уйсиз қолдим

— Тўрт йилдан буён ёзда тўй қилишни ният қилиб юрган ота-онамнинг ахийри сабри тугади. Бўлажак қудаларнинг олдида ҳам уятли бўлдик. Тўй қилишга эса сира имкониятимиз  бўлмади ва ниҳоят, яшаб тутган уйимизни сотиб, тўйни бошлашга мажбур бўлдик. Уйимизни сотиб олган одам инсофли экан, уй топгунимизга қадар шу уйнинг ўзида туришимизга рози бўлди. ...

Фикр қўшиш