БЕИЗ КЕТМАГАН БАХТ…
Салима опа жуда жонидан тўйиб кетди. Эри Ҳалим аканинг ичиб келаверишидан, тўполон кўтараверишидан безди. Ҳар сафар бўй етиб қолаёзган қизи Каримани ёнига олиб гоҳ сомонхоналарда, гоҳ оғилхонада тунайверишидан куйди…
Нима қилсин?.. Йигирма йилдан бери шу аҳвол. Кўзини чирт юмиб ажрашиб кетай деса, ёлғизгина Каримасини кўзи қиймайди. Ўгай оталик қилармиди… Барибир, бегона-да!..
Салима опа уй йиғиштиришни бошлашдан аввал пишиллаб ухлаётган эри тарафга бир ўқрайиш қилди-да, шошиб телевизорни ёқди. «Бугун лотерея ўйналадиган кун-ку!.. — ўйлади у супургисини қўлига олаётиб. — Ўзи биттагина чиптам бор. Ажабмас, Худо: «Ол, қулим!..» деб юборса…» Ўйин бошланиши ҳамоно супургисини қайтадан жойига қўйиб, айтилган рақамларни бирин-кетин ўчираверди. Ўйин ниҳоя топгач, бошловчи битта чиптага катта пул ютуғи борлигини малум қилди. «Қайси бахтли одам ютаркин-а?.. — ҳовлиқиб пичирлади Салима опа ҳануз барча рақамлари ўчирилиб бўлган чиптасидан кўзини узмай. — Ўша мен бўлсам нима қиларди-а?..» Адашмабди. Бошловчи унинг оғзини ланг очиб айнан Салима опа ушлаб турган чипта рақамини ютуқ эгаси деб элон қилди. Қулоқларига ишонмай, рақамларни қайта-қайта кўздан кечириб чиқди. Омади келибди. У ютибди. Катта пул ютибди!!!
Салима опа кутилмаган бахтдан сал бўлмаса ҳушини йўқотаёзди.
— Карима-а!.. — беихтиёр бақириб юборди у қувончдан кўзлари ёниб. — Буёққа чиқсанг-чи!.. Биз ютдик… Биз катта пул ютдик!.. — Ошхонадан хамир юқи қўли билан югуриб чиққан Карима энасининг гапини эшитди-ю, хурсанд бўлганидан ўйинга тушиб юборди.
— Эна, отамгаям айтайлик пул ютганимизни-а?! — баланд овозда қичқириб юборди у ниҳоят ўйнашдан тўхтаб.
— Тсс!.. — Салима опа шоша-пиша кўрсаткич бармоғини лабига босди. — Зинҳор бировга билдира кўрма!.. Отангнинг фелини биласан-ку!.. Ютуқ бир ойдан кейин бериларкан… Ўшанда билаверади.
— Нималарни пичирлашяпсан?.. — Салима опа эрининг овозини эшитиб қўрқиб кетди.
— Яқинлашманг!.. Нари туринг!.. — дея олди у зўрға орқага тисланиб.
— Қўлингда бекитиб турганинг нима?.. Буёққа чўз-чи!..
— Қочинг, дедим сизга!.. Бермайман… Бу сизга тегишли эмас…
Азбаройи жаҳли чиқиб кетган Ҳалим ака хотинининг қўлини қайира бошлади. Салима опа оғриққа чидолмаётган бўлса-да, чиптани эрига беришни истамади. «Сенга бергандан кўра…» — деди-ю, бир амаллаб ўзига бахт олиб келиши керак бўлган чиптани оғзига солди ва таваккал ютиб юборди.
***
Салима опа чиптани ютишга-ютди-ю, кўнгли хижил бўлиб қолди. «Ўлсин-а, — ўйлади у бошини чангаллаб, — Нима қилиб қўйдим?.. Шунча йил камбағалликда яшаб эндигина бир нарсали бўп қоларканман деганимда… Ҳаммасига шу падар ланат эр сабабчи… Йўқ, бу мени кўкартирмайди икки дунёда… Кошки, ўзи топармон-тутармон бўлса… Илоё, ароқ жонингни олсин!..» Салима опа ичкари уйга бекиниб олиб тўйгунича йиғлади. Карима юпатаверди, у йиғлайверди… Бу ҳам ҳолва экан. Орадан бир соатча вақт ўтгач, кутилмаганда ошқозонида кучли оғриқ пайдо бўлди. Кўнгли беҳузур бўлиб тинимсиз ўқчий бошлади. Оғриқ бора-бора қорни, биқинларига ўтди. Карима нима қилишини билмай зир югурди. Отасини чақирди, у уйда йўқлигини билгач, қўшнининг машинасини кира қилиб энасини касалхонага олиб кетди. Йўл-йўлакай оғриқдан зўрға нафас олаётган Салима опага ёшли кўзлари билан мунғайиб тикиларкан, хаёлан ўша ўйин ўйлаб топганларга ланатлар ўқиди, энасига Худодан умр тилади.
***
Хайрият, касалхонага етиб келишганидан сўнг дўхтири тушмагурлар ишни қизитиб юборишди. Ошқозонини ювишди, турли эмламалар қилиб кўришди. Оғриқ пасанда бўлавермади. Охири, анализларига қараб кўриб кўричак бўлибди, деган хулосага келишди-ю, жарроҳлик столига ётқизиб қўя қолишди… Узоқ «кавлаштиришди» ўзиям. Ташқарида Карима ҳам ота, ҳам қиз ўрнида бўлиб азоб чекди. Гоҳ йиғлади, гоҳ яхши ниятлар қилиб ўзини юпатди. Деразадан ташқарига боқиб ўз оёғи билан юриб кетаётган беморларга ҳаваси келди. Тасодифан яп-янги чет эл машиналарида бадавлат одамлар ўтиб қолса, ич-ичидан эзилди… Нияти холис экан. Икки соат деганда қўлинг дард кўрмагур жарроҳлар ишни эсон-омонликда тугатишди. Ютиб юборилган чипта ҳақиқатан кўричакка ёпишиб қолган экан. Бош жарроҳ эзила-езила йўқ бўлиб кетаёзган чиптани Кариманинг қўлига тутқазаркан, у севинчдан додлаб юбораёзди. Чунки, Карима учун энасининг омон қолгани бир бахт бўлса, чиптани қайта қўлга киритиш яна битта қувонч эди…
Яқинда аллакимдан эшитиб қолдим. Салима опа тузалиб чиқиб ўз ютуғини олгач, алоҳида уй, машина, яна беш-ўнта қорамол сотиб олибди.