Гумроҳлар (Hikoyalar)


Борига қаноат қилиб яшаш бугун айримлар учун гўё замондан ортда қолишдек гап. Ҳаётини хавфга, ор-номусини гаровга қўйиб бўлса-да, кўпроғига эришиш истаги тинчлик бермайди уларга. Беш кунлик дунёда ҳаммаям яхши яшашни истайди-да, дея тасалли беришади ўзларига. Бироқ бу ўзгаларга зиён етказиш эвазига бўлса-чи?..
… Зиёдани ишдан бўшатишди. Поликлиника рўйхатхонасидан ҳужжатлар йўқолишига унинг лоқайдлиги сабаб бўлган эмиш. Аслида ҳам у ишига у қадар пухта эмасди. Аввал ишлаган жойи – ободончилик бошқармасидан кўра, бу ердаги меҳнат унга минг чандон енгил кўрингани учун ўзини овутиб юрганди. Энди ғирт бекорчига айланди. Укаси билан келинига қолса, уни болаларига "боғча опа” қилади-қўяди. Аммо ўз вақтида оила қурмаган, фарзандсиз аёлни уйда ушлаб ўтириб бўлармиди?! У ўзи пул топиб, ўзи истагандай яшашни хоҳлайди. Савдо-сотиқ билан шуғулланадиган дугонасининг маслаҳати билан орзулари амалга ошадиганга ўхшаб қолди:
– Мен билан бир-икки марта Дубайга бориб келсанг, ҳам пул топасан, ҳам дунё кезасан.
– Жон деб борардим, аммо бунинг учун сармоя керак-да. Сен… – Зиёда шундай деди-ю гапини давом эттиришга бироз хижолат бўлиб, жимиб қолди. Тижоратнинг ҳадисини олган дугонаси уни сўзсиз ҳам тушунди:
– Сенга пулни мана мен бериб тураман, фақат фоизи билан қайтарасан…
Уча-уча киндик қони тўкилган тупроқдан анча йироқлаб кетди. Ортига қараганди, у соғинадиган, қўмсайдиган ҳеч кими йўкдек кўринди: ота-онаси оламдан ўтиб кетган, оила ва фарзандларнинг ширин ташвишлари унга бегона. Бу ҳиссиётлар ўрнини жаннатий ҳаёт орзуси эгаллаб олганди, гўё. У савдо-сотиқнинг барча кўчаларига бемалол кириб-чиқадиган бўлди. Фақат укаси Зокирнинг этирозли таналари дилини бироз хуфтон қиларди:
– Етар, уч йилдан бери йиққанингиз, қачон уйга қайтасиз?
– Менга ақл ўргатгунча айт-чи, чақа санаш жонингга тегмадими? Сендан бошқа ука бўлганида келиб ёнимда ишларди, имкониятдан фойдаланиб қоларди. Ҳалиям кеч эмас, келсанг… кейин, балки, бирга қайтармиз…
Зиёда ҳийла йўлига ўтди. Гоҳ авради, гоҳ жавради, ахийри укасини ҳам ёнига чақириб олди. Машина олиб бериб, тилини боғлаб қўйди. Зокир шу билан бироз чалғиди, опасини тинч қўйди. Бекор юрмай деб машинасида кира қила бошлади.
– Ишларим шундай юришиб турса, ҳадемай данғиллама ҳовли ҳам сотиб оламан, уйим сизга қолади, – деди опасига.
– Йўқ, укажон, уйинг ўзингга буюрсин, мен ҳам ҳовли олмоқчиман. Фақат бунинг учун сенинг ёрдаминг керак.
– Нима қилишим керак, айтинг
– Хотинингга қўнғироқ қил, хорижда ишлашни орзу қилиб юрган қизлардан топиб, бу ерга жўнатсин.
– Нима қилмоқчисиз?
– Уларга иш топиб бермоқчиман.
Укаси ҳамон гумонсираган алфозда турганини кўриб, қўшиб қўйди:
– Қўрқма, тоза иш, топ-тоза! Тўғри, қизларга иш топиб берганим учун ҳаққимни оламан.
– Агар мени алдаб ёмон ишларга…
– Э, намунча чайналдинг? Бугун қўлимизда бор имконлар эртага бўлмаслиги мумкин. Ҳадемай, болаларинг катта бўлади, катта еб, катта ичади. Икки хонали уйда уларни сичқондек қамаб ўтирасанми? Имкон борида жамғариб олсанг-чи!
Зокир шаштидан тушди. Опасининг ҳақлигини ич-ичидан тан олди. Ё остидан, ё устидан деб, хотинига қўнғироқ қилди…
Хотини жўнатган қизларни опаси билан таништириб қўйди-да, яна ўз ишига шўнғиб кетди. Гоҳ-гоҳида оиласини қўмсашини айтмаса, ишлари жойида эди. Фақат таниш, нурли чеҳралар йўқ, ёт нигоҳлардаги совуқлик базан зериктирарди. Шундай пайтларда опасининг ёнига ошиқади. Қизларни унга топшириб кетганига бир ойдан ошди. Йўлда кетатуриб хаёлидан ўтди: уларга қанақа иш топиб бердийкин?..
Опаси яшайдиган хонадонга яқинлашганда ичкаридан эшитилаётган шовқин-сурондан юраги ҳаприқиб кетди. Нотаниш қизнинг йиғи аралаш иддаоси қулоғига чалинди:
– Инсонмисиз, ўзбекмисиз ўзи? Қизингизга ҳам шундай ҳаётни раво кўрармидингиз? Мени қўйиб юборинг, қарғишимга қоласиз.
– Менинг қизим йўқ, бўлганидаям сенга ўхшаган шалвираган бўлмасди. Ўзингни қанча тарозига солма, барибир шу ишни қилишга мажбурсан. Ана, бошқалар уддалашяпти-ку! Нима, сени пешонангда ойинг борми? Ё сенга пул керакмасми? Унда нега келдинг, катта холамнинг уйига кетяпман, деб ўйлаганмидинг? Қарзларингни тўламагунча, ҳеч қаерга кетмайсан, вассалом!..
Зокирнинг томирларидаги қони жўшиб, миясига урилгандай бўлди. Эшикни тарақлатиб тепиб, ичкарига бостириб кирди. Қизлар қўрққанларидан чувиллашиб бир хонага қамалиб олишди. Зокир унга ҳайрат ва бироз қўрқув билан анграйиб қараб қолган опасининг ёнига келиб, юзига беихтиёр тарсаки тортиб юборди. Опаси ўзини ўнглаб унга қараганида кўзларида ёт нигоҳлардан-да совуқликни кўриб, бирдан ортига тисарилди. Гумроҳ опа укасининг бу ҳолатини қилган ишидан пушаймонликка йўйиб, ҳужумга ўтди:
– Қорнинг тўйиб қолдими, ярамас! Шу-да, қорни тўйган ит эгасини қопади, дейишади.
– Бундан буён мен учун ўлгансиз!.. Сиз… сиз… – Зокир шундай деди-ю машина калитини улоқтириб, чиқиб кетди. У ўзини кимсасиз саҳрода адашиб юрган одамдек ҳис этди. Унинг ягона мақсади тезроқ ўз юртига, оиласи бағрига қайтиш эди…
Уйга қайтганига бир ойдан ошди ҳамки, опаси билан бўлган сўнгги учрашуви кўз ўнгидан кетмасди. Нега жаҳлимни жиловлай олмадим? Нега опамни шу ҳолда ташлаб келдим? Мен қандай эркак бўлдимки, ўз жигаримни йўлга сололмасам?! Балки, ўша ор-номуси учун курашаётган қизга ёрдам берсам, бироз енгил тортармидим?!
Бу адоғсиз саволлар унга тинчлик бермасди. Хотинига ҳам бор гапни айтолмасди. Шундоқ ҳам унинг олдида ўзини гуноҳкор сезар, янаям боши эгилишини истамасди. Аммо бундан ҳам баттари ҳали олдинда эканини билмасди…
Туш кўрди. Тушида уни бир нотаниш аёл қоронғилик қарига судрарди: бир қараса опаси, бир қараса шайтонга ўхшаш шарпа. Ортидан хотини югурар, болалари эса йиғлаб уларга эргашишарди…
Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглади. Эшикни очдию формали икки кишини кўриб, юраги "шув” этиб кетди…
Суд куни опаси билан учрашди. Иккиси ҳам тушкун кайфиятда, чорасиз эди. Иккиси ҳам қадрдон инсонининг таскин, тасаллисига муҳтож эди шу тобда. Гаплашиш имкони туғилиши билан опаси укасига кўрган тушини айтиб, кўз ёши қилди:
– Биз улғайган ҳовли эмиш. Боғ саҳнидаги чорпояда отам билан онам ўтирибди. Улар томон юра бошладим. Қанча тез юрмай, қадамим ҳеч унмасди. Кейин югурдим ва нимагадир қоқилиб йиқилдим. Шу пайт тепамда улар пайдо бўлишди. Қўлимни чўздим, аммо улар туришимга ёрдам беришмади. Иккиси ҳам норози қиёфада терс бурилиб кетишди. Демак, қилган ишимиздан улар хафа экан. Шу тушни илгарироқ кўрганимда, мен ношуднинг кўзим очилармиди?!
– Ҳа, беҳуда туш кўрмаймиз, улар биз гумроҳларни нималардандир огоҳлантиради, – деди Зокир ҳам беихтиёр тунда кўрган тушини эслаб…
Учовлон озодликдан маҳрум қилинганларида, кекса бувисининг қарамоғида қолаётган икки нафар фарзанди ота-онаси томон талпиниб, ортидан йиғлаб қолишди…