Дастрўмол

Дастрўмол
Дастрўмол


Токио император университетининг ҳуқуқшунослик факултети профессори Хасэгава Киндзо айвондаги тўқима курсида ўтириб, Стриндбергнинг "Драматургия”сини ўқирди.
Профессорнинг ихтисослиги мустамлакачилик сиёсатини ўрганиш бўла туриб, "Драматургия”ни ўқиётгани ўқувчига бироз эриш туюлиши мумкин. Бироқ нафақат олим, балки педагог ҳам бўлмиш профессор вақт топиб, албатта, мутахассислиги бўйича зарур бўлмаган, лекин қайсидир манода ҳозирги замон талабалари ўй-фикрлари ва ҳис-туйғуларига яқин китобларни варақлаб турарди. Ҳаққи рост, айнан мана шу сабаб у яқиндагина Оскар Уайлднинг "De profundis”[1] ва "Ўйлар”ини ­– профессорнинг ўзи қўшимча вазифа сифатида директорлик қиладиган бир институтнинг талабалари томонидан мутолаа қилинаётган китобларни ўқиб кўришга олганди. Илло, профессорнинг бундай одати бор экан, айни дамда замонавий оврўпа драмаси ва оврўпа актёрлари ҳақидаги китобни хатм қилаётганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Гап шундаки, профессорнинг Ибсен, Стриндберг ёки Метерлинк ҳақида танқидий мақолалар ёзадиган ва ҳатто шу драматурглардан ўрнак олиб драмалар ёзишни бутун ҳаётининг мазмунига айлантирмоқчи бўлган ишқибоз талабалари-да бор эди.

Қизиқроқ бобни тугатгач, профессор ҳар сафар сариқ холст муқовали китобни тиззасига қўйиб, хаёли қочиб шифтда осилиб турган фонар-гифуга[2] қарарди. Қизиқ, профессор китобни ёпиши биланоқ Стриндберг хаёлидан кўтариларди-қўярди ва унинг ўрнини мана шу фонарни бирга сотиб олган хотини эгалларди. Профессор илмий хизмат сафари вақтида Америкада уйланди, табиийки, хотини америкалик эди. Шундай бўлса-да, хотини Япония ва японларга бўлган меҳр борасида профессордан қолишмасди. Чунончи, япон бадиий саноатининг нафис буюмларини ёқтирарди. Шунинг учун айвонда осилиб турган фонар-гифу фақатгина профессорнинг дидидан эмас, қолаверса, хотинининг бутун бошли япон буюмларига бўлган мубталолигидан дарак берарди.

Ҳар сафар китобни тиззасига қўяркан, профессор хотини, фонар-гифу, шу фонарда акс этмиш япон маданияти ҳақида ўй сурарди. Профессор сўнгги ўн беш йил ичида япон маданияти моддийлик жабҳасида сезиларлигина юксалганига астойдил ишонарди. Манавий жиҳатдан эса... шу сўзнинг ўзига муносиб ҳеч вақо топилмайди. Устига устак, малум манода инқироз сезилди. Замона мутафаккири виждони амрига кўра, бу инқирозни бартараф этиш учун нима қилмоқ керак? Профессор бусидодан[3] ўзга йўл йўқ, деган хулосага келди. Бусидога асло орол халқининг тор доирадаги панд-насиҳати деб қарамаслик керак. Аксинча, бу талимотда Амриқо ва Оврўпа мамлакатларининг насронийлик руҳига яқин жиҳатлар мавжуд. Башарти, замонавий Япониянинг манавий оқими бусидога асосланганда, биргина Япониянинг руҳоний маданиятига ҳисса қўшилмаган бўлармиди. Бу Оврўпа ва Амриқо халқлари билан япон халқининг ҳамжиҳатлик руҳини юмшатиб, ўз навбатида, халқаро тинчлик ишига мувофиқ бўларди. Профессор аллақачон, табир жоиз бўлса, Машриқ ва Мағриб ўртасида кўприк ролини бажаришни ўз гарданига олмоқчи эди. Шунинг учун рафиқаси, фонар-гифу ва мана шу фонарда акс этмиш япон маданияти унинг онгида бир бутундай тасаввур ҳосил қилганди.


Мутолаада давом этиб, ўй-фикрлари Стриндбергдан узоқлашганини пайқаган эса-да, бундай қониқиш ҳиссини профессор биринчи марта туйиши эмасди. У қайғуриб бош чайқади-да, майда ҳарфлар билан битилган сатрларга қунт билан сарсор солди. Энди ўқимоқчи бўлган хатбошида қуйидагилар ёзилган эди:

"...Актёр энг оддий туйғуни ифодаламоқ учун қулай услубни топиб, шу тарзда муваффақиятга эришса, вақти ё бевақт, тез-тез шу услубга мурожаат қилаверади, негаки бу ҳам қулай, ҳам муваффақият келтиради. Бу саҳна услуби дейилади...”

Профессор аслида ҳамиша санатга, чунончи, саҳна санатига бутунлай бефарқ эди. Ҳатто шу йилгача у япон театрига тушмаганди. Бир сафар талабаси ёзган ҳикояда Байко исмига кўзи тушиб қолди. Бу исм ўз ақл-заковатига маҳлиё профессорга ҳеч нарсани англатмасди. Хонаси келганда ҳикоя муаллифи бўлмиш талабасини чақириб, сўради:

– Айтинг-чи, Байко ким ўзи?

– Байко? Байко – Маруноутидаги Тэйкоку театри актёри. Ҳозир у "Тайкоки” песасининг ўнинчи пардасида Мисао ролини ўйнамоқда, – деб мулойим жавоб берганди ўшанда арзон хакамадаги[4] талаба...

...Профессор шу жойида мутолаани тўхтатишига тўғри келди. Оқсоч уйга меҳмон келганини айтиб, унинг ўй-хаёлларини тўзғитиб юборди. Кун қанчалик узун бўлмасин, бу одамлар профессорни ҳолдан тойдирмагунча қўйишмайди, шекилли...

Китобни бир четга суриб, оқсоч берган ташриф қоғозига кўз ташлади. Фил суяги рангидаги картонга майда қилиб: "Нисияма Токуко” деб ёзилганди. Бу аёлни илгарилари учратмаган экан. Профессорнинг таниш-билишлари кўп эди, курсидан тураётиб, барча танишларини бир-бир эслади. Алҳол, бу аёлни эслолмади. Профессор ташриф қоғозини хатчўп сифатида китобга қистирди-да, китобни курсига қўйди ва эгнидаги шойи кимонони тўғрилаб-нетиб, тағин фонар-гифуга кўз қирини ташлаб қўйди. Афтидан, ҳамма ҳам бундай вазиятларда кутишга маҳкум меҳмондан кўра куттиришга мажбур хонадон соҳибига оғир бўлган ҳолатга тушгандир-ов. Шундай экан, ўз обрў-этибори йўлида куйиб-пишадиган профессордан тана қилмаса ҳам бўлади. Нега десангиз, чақирилмаган меҳмондан бошқа одам бўлганда ҳам ҳамиша шундай йўл тутилган.

Бирмунча вақт ўтказиб, профессор қабулхонанинг эшигини очди. Ичкарилаган заҳоти эшик тутқичини қўйиб юборди, ўша ондаёқ қирқ ёшларни қоралаган аёл ўрнидан туриб профессорга пешвоз чиқди. Меҳмоннинг эгнида нафармон-кулранг тусдаги енгилроқ кимоно, шундай нафиски, профессор ҳатто баҳо беролмай қолди. Майда-чуйдаларга кўп ҳам этибор бермайдиган профессор аёлнинг сочлари "маругамэ” усулида ўрилганини дарров пайқади. Аёл кулчаюз, японларга хос равишда териси қаҳрабо тусда эди, кўринишидан зиёли хонимга ўхшайди. Биринчи марта нигоҳи тушгандаёқ профессорга аёлнинг юзи иссиқ кўринди.

– Хасэгава, – дея профессор илтифот-ла тазим қилди: агар меҳмон билан аввал учрашган бўлса, бу исм унга кўп нарсани англатар деб ўйлади.

– Мен Нисияма Конитиронинг онасиман, – деди жавобан аёл ва у ҳам тазим бажо келтирди.

Нисияма Конитирони профессор танирди. У Ибсен ва Стриндберг ҳақида мақолалар ёзган талабаларидан бири эди. Агар профессор адашмаса, у олмон ҳуқуқшунослигини ўрганар, университетга киргач эса, мафкура масалалари билан шуғулланиб, профессорнинг ҳузурига ташриф буюриб турарди. Баҳорда қорин пардасининг яллиғланиши билан оғриб қолиб, университет касалхонасига ётганди; профессор икки марта уни кўргани борганди. Бекорга бу аёлнинг юзи таниш туюлмаган экан. Бароққош, хушчақчақ йигит ва манави хоним икки томчи сувдай бир-бирларига ўхшар экан.

– Э, ҳа, Нисияма-кун[5]... Шунақа денг! – Профессор бош ирғаб аёлни чоғроқ стол ортидаги стулга манзират қилди: – Марҳамат.

Кутилмаган ташрифи учун узр сўраб ва илтифот учун миннатдорлик билдириб, аёл кўрсатилган стулга ўтирди. Шу аснода енгидан нимадир оқ нарсани чиқарди, дастрўмол бўлса керак. Профессор столда ётган корейслар елпиғичидан фойдаланишни таклиф қилиб, аёлнинг рўпарасига чўкди.

– Уйингиз чиройли экан.

Аёл камоли диққат-ла хонани кўздан кечирди.

– Ў, йўғ-е, шунчаки кенгроқ, холос.

Бундай мақтовларга ўрганган профессор оқсоч келтирган совуқ чойни меҳмон томон суриб қўйди ва дарҳол суҳбат мавзусини аёлнинг ўғлига бурди.

– Нисияма-кун яхши бўлиб қолдими? Аҳволи тузукми?

– Й-йўқ...

Аёл қўлларини тиззасига сипогина қовуштириб, бир дақиқа жимиб қолди, кейин эса ўша-ўша хотиржам оҳангда:

– Аслини олганда, ўғлим туфайли келдим. У билан фалокат юз берди. У сиздан кўп борада қарздор эди... – деди.

Профессор меҳмон уялганидан чой ичмаяпти, деб ўйлаб, қўярда-қўймай чой қуйиб бергандан кўра ўзи намуна кўрсатишга қарор қилди; пиёлани энди пешонасидан ўпмоқчи бўлганда аёлнинг гаплари профессорни тонг қолдирди. Чойни ичсинми ё йўқми? Бу фикр уни йигитчанинг ўлими ҳақидаги фикрга боғлиқ бўлмаган равишда ташвишга солганди. Лекин пиёлани лаби устида олам тугагунча ушлаб туравермайди-ку! Профессор бор журатини тўплаб бир ҳўплашда пиёлани яримлатди, қовоғини сал-пал уйди ва бўғиқ овозда:

– Ие, шундайми! Яхши иш бўлмапти, ­– деди.

– ...Ўғлим касалхонада ётганда, сиз ҳақингизда кўп гапирарди. Шунинг учун, гарчи сиз ўта банд бўлишингизга қарамай, ўғлимнинг вафоти ҳақида айтишга ва сизга миннатдорлик билдиришга ботиниб келавердим...

– Йўғ-е, қўйсангиз-чи...

Профессор пиёлани қўйиб, кўк мумлама елпиғични олди ва қаттиқ ачиниш билан ҳамдардлик билдирган бўлди:

– Шундай денг. Қандай бахтсизлик! Шундай ёшда-я, ҳали ҳаммаси одинда эди-я... Касалхонадан хат-хабар бўлмаганига соғайиб кетипти деб ўйлабман... Қачон қайтиш қилди?

– Кеча еттинчи кун эди.

– Касалхонада узилдими?

– Ҳа.

– Кутилмаганда-я!

– Қўлдан келган ҳамма чора кўрилди. Демак, тақдирга тан беришдан ўзга чора йўқ. Барибир ажал ўз ишини бажаргач, озиб-ёзиб бир келганимда ҳасратланишга тушдим. Афв этгайсиз.

Суҳбат асносида профессор бир ғалати ҳолатни пайқаб қолди: аёлнинг на юз-кўзида, на ўзини тутишида туққан ўғлининг ўлими акс этмади. Ақалли бир томчи кўзёш қилмади. Овози ҳам мулойим-хотиржам. Камига, лабларида нимтабассум. Агар аёлнинг сўзларини бир четга йиғиштириб қўйилса, ўртада кундалик майда-чуйдалар ҳақида суҳбат кетаётгандай эди. Ғалати, жуда ғалати.

...Бундан анча йиллар илгари, профессор Берлинда таҳсил олиб юрган пайтлари ҳозирги кайзернинг отаси Вилгелм I қазо қилди. Профессор бу хабарни ўзининг ҳар доимги севимли қаҳвахонасида ўтирганида эшитди, эшитганда ҳам оддий хабарни тинглагандай биронта туки қилт этмай эшитди. Асосини қўлтиғига қистириб пансионатига қайтди ва эшикни очиши биланоқ пансионат бекасининг икки боласи – жигарранг кофтадаги ўн икки яшар қиз ва калта, кўк иштондаги тўққиз ёшли болакай унинг бўйнига осилиб ҳўнграб йиғлашга тушишди. Гап нимадалигини тушунмаган болажон профессор уларнинг оч малласоч бошларини силаб юпата бошлади ва: "Нима бўлди, қўзичоқларим?” деб сўради. Болалар эса ўпкаларини босишолмасди. Ниҳоят, ҳиқиллаганча зорланишди: "Император бобомиз ўлиб қолди!”

Профессор давлат раҳбарининг ўлимига ҳатто болалар ҳам аза тутганига ҳайрон қолди. Бу ҳолат профессорни ҳукмрон сулола ва халқ ўртасидаги муносабат устида бош қотиришга мажбур қилди. Бусидо тарафдори бўлмиш бу япон оврўпаликларнинг ҳис-туйғуларини ифода этишда ўта тасирчан эканликларини ҳеч ҳазм қилолмасди. Энди эса ўзи манави аёлнинг кўзёш тўкмаганига лолу ҳайрон бўлиб ўтирибди.

Алқисса, профессор биринчи кашфиёти ортидан иккинчисини ҳам очди.

Бу улар марҳум йигит ҳақидаги хотиралардан турмуш икир-чикирларига ўтиб, яна марҳумни хотирлашганда содир бўлди. Гап орасида профессорнинг қўлидаги елпиғич полга тушиб кетди. Вазият унчалик ҳам таранг бўлмаганига профессор елпиғични олишга эгилди. Елпиғич стол тагига, меҳмоннинг кимоно пана қилиб турган оқ табиси[6] ёнига тушган экан.

Профессор бехосдан бир сонияга аёлнинг тиззаларига кўз ташлади. Аёл тиззаларига қўлларини қўйиб олган, қўлида эса оқ дастрўмол. Албатта, буни кашфиёт деб бўлмайди. Аммо шу дам профессор аёлнинг қўллари дир-дир қалтираётганини пайқаб қолди. Аёл ич-ичидан тўлиб-тошиб келаётган азоб-уқубат бўронини босиш учун рўмолчани бармоқларига ўраб, шундай таранг тортардики, сал қолса, тамом... рўмолча иккига бўлиниб, аёл портлаб кетадигандек. Нозик бармоқларга ўралган ипак дастрўмол учлари гўё шамол эсишидан титраб кетмоқда. Аёл ташида кулиб турса-да, аслида бутун борлиғи билан зор-зор бўзларди.

Профессор елпиғични олиб, қаддини ростлаганда, унинг юзида янги ифода пайдо бўлганди: бу чеҳрада энди фавқулодда мураккаб, кўриши керак бўлмаган нарсага кўзи тушганда ҳосил бўладиган хижолатпазлик аралаш мамнунлик ҳисси акс этганди.

– Ҳатто болаларим бўлмаса-да, сизга қанчалик оғирлигини яхши тушунаман, – деди профессор паст, самимий овозда; худди кўзни қамаштирадиган сиймога қарагандек бошини зўр бериб орқага ташлади.

– Ташаккур. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам капанак кийган қайтади-ю, кафан кийган қайтмайди.

Аёл андак бошини эгди. Унинг осойишта юзи аввалгидай нимтабассумдан ял-ял ёнарди.

***

Орадан икки соат вақт ўтди. Профессор ваннага тушди, таомланди, сўнгра олчадан чўқинди ва яна айвондаги тўқима курсига ястаниб ўтириб олди.

Профессор нимқоронғуда оёғини чалиштириб оромкурсида ястанганча, фонар-гифунинг қизил шокилаларига паришонхотир тикилиб қолганди. Қўлида яна-тағин Стриндберг, бироқ бир саҳифа ҳам ўқиёлмади. Зотан, профессорнинг ўй-хаёллари ҳамон Нисияма Токуко хонимнинг қаҳрамонона тийнати ила банд эди.

Кечлик пайтида профессор ҳаммасини миридан-сиригача хотинига айтиб берди. Меҳмоннинг хулқига тан бериб, уни япон аёлларининг бусидоси деб атади. Хонадон соҳибаси, Япония ва японларга меҳри баланд профессорнинг хотини эрининг ҳикоясини ички бир ачиниш билан тинглади. Профессор хотини берилиб тинглаганидан мамнун бўлди. Энди профессорнинг хаёлида аллатовур ўзгача тасаввур биттага кўпайди – рафиқаси, меҳмон хоним ва фонар-гифу.

Профессор анчагача шундай бахтиёр ўйчанликда ўтирди. Иттифоқо, бир журналга мақола юбориши кераклиги ёдига тушиб қолди. Бу журналда "Замонавий ёшларга мактуб” рукни остида обрў-этиборли кишиларнинг одоб-ахлоқ масалаларига оид қарашлари чоп этиларди. Бугунги воқеани қоғозга тушириб жўнатсинмикин?.. Шуларни ўйлаб, профессор бошини қашиди.

Бирдан қўлидаги китоб эсига тушиб ташриф қоғози қистирилган саҳифани очди. Шу дақиқада оқсоч кириб, фонар-гифуни ёққанди, майда ҳарфларни ҳам ўқиса бўладиган ёруғлик тушди. Профессор ўқигиси келиб-келмай саҳифага кўз тикди. Стриндберг шундай деб ёзганди:

"Ёшлигимда Хайберг хонимнинг (адашмасам, у парижлик эди) дастрўмоли ҳақида кўп гапиришарди. Хонимнинг юзи кулиб, қўли дастрўмолни йиртарди. Бу иккиёқлама ўйин услуби деб аталарди. Эндиликда биз буни бемани услуб деймиз...”

Профессор китобни тиззасига қўйди. Нисияма Токуконинг ташриф қоғози турган саҳифа очиқ қолди. Лекин энди профессор меҳмон хонимни ўйламасди. На хотинини, на япон маданиятини. Хаёли ҳаловат топган ботинига путур етказган мубҳам ўйлар билан банд эди. Албатта, Стриндберг калака қилган саҳна услуби билан ахлоқ масалалари ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Лекин ўқилган мана шу жумлада ваннадан қушдай енгил бўлиб чиққан профессорнинг дилини хуфтон қиладиган яширин недир шама бор эди. Бусидо ва мазкур услуб...

Профессор домангир бўлиб бошини чайқади ва тепага, фонар-гифунинг кузак ўт-ўланлари ёлқинланаётган ёрқин нурига тикилди.

Рюноскэ АКУТАГАВА, япон адиби (1892­–1927)

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси.


[1]"Тубсизликдан” (лот.).

[2]Фонар-гифу – газета қоғози, картон ёки оддий қоғоз билан турли шаклларда ўралган электр чироқ. Кунчиқар мамлакат халқи бу чироқ орқали Қуёшга ишора қилишмоқчи бўлган. Дастлаб Япониянинг Гифу шаҳрида ишлаб чиқарилган (бу ва бундан кейинги изоҳлар таржимонники).

[3]Бусидо (яп. "жангчи йўли”) – самурайлар кодекси, чинакам жангчининг жамиятда, жангда ва ўзи билан ўзи ёлғиз қолганда хулқ-атвор меёрлари, жуда қадим ўтмишга бориб тақалувчи жангчилар фалсафаси.

[4]Хакама – узун ва кенг ананавий япон иштони.

[5]Японларда эркакларга ҳурмат маносида исм-шарифга "-кун” қўшимчаси қўшилади. Кўпроқ расмий тусдаги "ўртоқ” маносида келади.

[6]Таби ­– оёқнинг бошмалдоқ қисми айри, тўпиққача тортиладиган анаанавий япон пайпоғи.

Азобда ўтган умр

Онам Россияда туғилиб ўсган бўлса-да, ўзбек йигити билан танишиб қолиб турмуш қуришган. Мен беш ёшга тўлганимда отам ўз юртига оиласини олиб қайтишга қарор қилади. Оилада тўрт фарзанд – опам ва иккита укам билан болаликнинг беғубор, замоннинг оғир дамларини кемтик кўнгил билан бирга кечирдик. Сабаби, онам отамни деб Ўзбекистонга келганига қарамай,...

Маликамиз романтикага қарши!

Яна ҳар хил хаёлларга бориб юрманг: мен хотинимдан шикоят қилмоқчи эмасман. Худога шукур, беш йилдан бери бинойидек яшаб келяпмиз. Фақат... шу келингизнинг ўта реалистлиги, ҳисоб-китобга ўчлиги бор-да... Ахир инсон сал гўзалликка, орзу-ҳавасга, борингки... романтикага мойил бўлиши керак-ку?...

Совчилик

Ҳамма нарсани олдиндан режалаштириб қўйдим, маҳмадона дўстим мени энг қўли гул сартарошнинг олдига бошлаб борди. Сартарош сочимни қирқиб, калталаб, юзларимни уқалагани учун арзимас хизмат ҳақи сўради. Кейин кумушранг тўғноғичли, оч қизил ранг қимматбаҳо бўйинбоғ сотиб олдик. Бу ишлардан кейин кўзгуга қараб, ўзимни таниёлмадим, рўпарамда умуман...

БИЗ ҲАМИША БИРГА БЎЛАМИЗ!

Танишдилар... Учрашиб юрдилар... Севишдилар... Фотиҳадан бир кун олдин йигит кутилмаганда яна учрашувга чақирди. ...

Айёр киз

"Хаво намунча совук булмаса... Уфф, шунчаям куттирадими?! Уйга бориб олай, ойимга хам, уларга хам шу килганлари учун уч кун аразламасамми?! Булди. Сабрим тугади. Кетдим!”......

АЖОЙИБ ҚИССА

АЖОЙИБ ҚИССА ! Кунларнинг  бирида қурбақаларнинг тўдасидан  икки қурбақа чуқурликка тушиб кетибди.  Барча қурбақалар чуқурлик тепасида жамланиб  олиб  -  «Бўлди энди,  шу  ерда ўлиб кетасизлар..   ҳадиб  сакрайверишдан фойда  йўқ"  дер  эдилар.   Узоққа  бормай,  икки  қурбақанинг  бири қўрқув ва қаттиқ  тушкунлик  оқибатида нобуд  бўлди. ...

НОМОЗШОМГУЛИМ

Таҳририятга келган хатларни саралай туриб, тўққиз ёшли Баҳром деган бола номидан келган мактуб этиборимни тортди. Бизга ёш болалар хат ёзмагани учун қизиқиб ўқий бошладим: «...Онажон, биламан, агар иложингиз бўлганда, албатта, келиб мени олиб кетардингиз. Тарбиячимиз Фарида опам айтди, сиз ҳам менга ўхшаб юра олмас экансиз. Онажон, кела...

АРМОН

Саида кечир мени. Бир умр азобга ташлаб кетдинг .. Мана орзуимга хам етишар эканман, қизинг Севара ўғил кўрди. Гулига  ҳам тинмай совчилар келаяпти. Қизинг учун шундай қувончли ва ташвишли кунда  ёнида сен йўқсан....

Уйингиздан шайтонни қандай қилиб ҳайдайсиз?

Уйингиздан шайтонни қандай қилиб ҳайдайсиз? Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Киши уйига кираётганида ва таом пайтида Аллоҳ таолони зикр қилса, шайтон шерикларига: «Энди сизларга ётоқ ҳам, овқат ҳам йўқ», дейди. Киши уйига кираётганида Аллоҳ таолони зикр қилмаса,...

Санаткор (хажвия)

Консерт одатдагича «навбатдаги номеримизда… Келганларингга рахмат, ортоклар» билан тамом болди. Номи чиккан ашулачи— санаткордан бошка хамма хурсанд болиб таркалди. Санаткор тажанг еди: танаффус вакгида залга чиккан еди, бир тракторчи уни саводсизликда айблади. Тракторчи танкид килганига санаткор асти чидай олмас еди: трактор кайокдаю, масалан,...

Фикр қўшиш