Бадал (ҳикоя)

Бадал (ҳикоя)
Бадал (ҳикоя)


Камина ва қария Мак бу ўйиндан ҳар биримизга қирқ минг доллардан «олтин тўла хумча»ларга эга бўлиб, аранг қутулиб яшириндик. Мен Макни «қария» деб атаганим билан у қария эмасди. У қирқ бирда эди. Шундай бўлса-да, Мак кекса чолдай кўринарди.
– Энди, – деди менга Мак, – югур-югурлар мени чарчатди. Биз сен билан сўнгги уч йил ичида анча-мунча пул ишладик. Кел, андак дам олиб, кўнгилхушлик қиламиз.

– Айни муддао, – дедим. – Яхшиси, вақтинча подшолардай яшаб кўрамиз, қандай бўларкин? Хўш, нима қиламиз: Ниагара шаршараси бўйлаб саёҳат қиламизми ёқи «фараон»[1] ўйнаймизми?

– Кўп йиллардан бери, – деди Мак, – агар менда ортиқча пул бўлса, бирон ердан икки хонали кулбаи вайрона сотиб олиб, хитойлик ошпаз ёллайман ва битта пайпоғимни ечганча, Боклнинг[2] «Цивилизация тарихи»ни ўқиб ўтираман, деб орзу қиламан.

– Хўш, – дедим, – сохта дабдабасиз ҳам маза қилиб яшаса бўлади. Пулни яшириш учун бундан яхшироқ «банк»ни ўйлаб тополмайсан. Менга каккули соат ва Сеп Уиннернинг «Банжо[3] чалишни мустақил ўрганиш учун қўлланма»сини олиб берсанг бўлгани — биз сен билан шерикмиз.

Бир хафтадан сўнг Мак иккаламиз Денвердан ўттиз милча узоқдаги Пиня шаҳарчасига келдик ва айни биз учун керак бўлган икки хонали озода «кулба» топдик. Шаҳарча банкига бир «вагон» пул қўйиб, шаҳарчанинг уч юз қирқ нафар аҳолиси билан танишиб чиқдик. Хитой-ошпазимизни, каккули соатни, Бокл ва Сеп Уиннерни Денвердан олиб келдик. Шундан кейин кулба худди ўз уйимиздагидек шинам ҳолатга келди.

Агар, бойлик бахт келтирмайди, дейишса ишонманг. Қария Макнинг тебранма стулда ўтириб, ипдан тўқилган кўк пайпоқдаги оёғини дераза токчасига қўйганча кўзойнак орасидан Боклнинг «дори»сини шимиб ўтирганини кўрсангиз эди — бу нақ Рокфеллернинг[4] ўзи ҳасад қилган тўкин ҳаётнинг ўзгинаси эди. Мен эса банжода «Яшавор, қария Зип»ни чалишни ўрганардим, какку ўз вақтида фикрини билдириб турар, А-Син эса атрофни учқатнинг ҳидини ҳам чекинишга мажбур қиладиган қовурилган тухум ҳамда ветчинанинг[5] ажойиб иси билан тўйдирарди. Боклнинг сафсатаси ва «Мустақил қўлланма» найрангларини муҳоқама қилишга жуда кеч бўлиб қолганда Мак билан трубка чекиб, фан, марварид излаб топиш, ишиас[6], Миср, орфография, балиқлар, пассат[7], тери ошлаш, миннатдорчилик, бургутлар ва ҳеч қачон ўз фикримизни билдиришга вақтимиз бўлмаган турли хил нарсалар ҳақида суҳбатлашиб ўтирардик.


Бир куни кечаси Мак мендан, хотин зотининг фел-атвори ва найрангларининг фарқига борасанми, деб сўраб қолди.

– Кимдан сўраётганингни биласанми? – дедим ўзимга ортиқча ишониб. – Мен уларни Алфреддан Омахагача[8] билгандек биламан, – дедим, – Мен Қояли тоғдаги ўткир кўзли бургутдек тез фарқлаёламан. Хотинларнинг хийла-найрангларини сув қилиб ичиб юборганман.

– Биласанми, Энди, – деди Мак хўрсиниб, – уларга нисбатан менда интилиш бўлмаган. Балки, улар билан ёнма-ён бўлишга мойиллик пайдо бўлгандир, лекин бунга вақт қаёқда дейсан. Ўн тўрт ёшимдан ишлаб пул топа бошладим. Фикри хаёлларим нозик жинс вакилларига чорлайдиган ҳис-туйғулар билан банд бўлмаган. Гоҳида бундан афсусланаман.

– Аёллар — ўрганиш учун нобоп мавзу, – дедим, – буларнинг бари нуқтаи назарга боғлик. Улар бир-биридан фарқ қилса-да, бази майда-чуйдаларда ўхшаш.

– Менимча, – давом этди Мак, – ёш пайтингда уларга қизиқиб, илҳомланганинг афзалроқ. Мен имкониятимни қўлдан бой бердим. Балки, мен уларни ўз дастуримга киритишга қариб қолгандирман.

– Билмадим, – дедим унга, – балки сен пул тўла бочка ва ҳар қандай ғам-ташвишлардан бутунлай озод бўлишни афзал кўрарсан. Лекин мен уларни ўрганганимдан афсусланмайман. Аёл хийла-найрангларини фарқига борадиган киши бу дунёда ўзини хафа қилдириб қўймайди.

Биз ҳамон Пиняда яшардик, бу ер бизга ёқиб қолганди. Бази одамлар пулларини шов-шув, шовқин-сурон ва у ёқдан бу ёққа кўчиб юришга сарфлашни мақул кўрадилар. Бироқ югур-югурлар ва меҳмонхона сочиқлари Мак иккаламизнинг жонимизга текканди. Пиня аҳолиси бизга яхши муносабатда бўлишарди. А-Син ош-нонни дидимизга қараб тайёрларди. Мак ва Бокл икки қабристон ўғрилари каби ажралмас эдилар. Мен эса банжода юракни эзадиган «Буффалолик қизлар, оқшом чиқинглар»ни деярли аслидагидек чалардим.

Бир куни Спейтдан келган шошилинчномани қўлимга тутқазишди. У Нью-Мексикода кон қазирди ва мен ундан фоиз олардим. Жўнашга тўғри келди. У ерда икки ой қолиб кетдим. Пиняга қайтиб, ҳузур-ҳаловатда яшашга сабрим чидамасди.

Кулбамизга келиб, сал қолса ҳушимни йўқотай дедим. Мак эшик олдида турар ва агар фаришталар йиғлай олишса, онт ичаманки, бу дақиқаларда улар кула олишмасди.

Бу одам эмас — нақ томошанинг ўзи эди! Чин сўзим! Унга кўзойнак ёки дурбин тугул Лик обсерваториясининг телескопидан қараш керак эди.

Макнинг эгнида нимча, сюртук, оёғида ярақлаб турган ботинка, бошида цилиндр. Кўкрак чўнтагига ёронгул қистириб олган. У жилмаяр ва қорни оғриётган боладай қийшайиб турарди.

– Хэлло[9], Энди, – тишлари орасидан гапирди Мак, – қайтиб келганингдан хурсандман. Сен йўқлигингда бу ерда бази-бир ўзгаришлар бўлди.

– Кўриб турибман, – дедим, – бу куфр эканигини ҳам тан оламан. Парвардигор сени бундай яратмаган, Мак Лонсбери. Ўзингни бу ҳолга солиб нима учун Унга шак келтирдинг?

– Биласанми, Энди, – деди у, – мени муроса қозиси этиб тайинлашди.

Макка диққат билан қарадим. Унинг юзи ташвишли ва асабий эди. Муроса қозиси мотамсаро ва мулойим табиат бўлиши лозим.

Айни шу дам йўлакдан қандайдир бир қиз ўтиб кетди. Шунда Макнинг жилмайганини ва қизариб кетганини сездим. Кейин эса у цилиндрини ечди ва кулиб тазим қилди, қиз ҳам жилмайиб тазим қилди-ю, йўлида давом этди.

– Агар, – дедим, – шу ёшингда муҳаббат дардига йўлиққан бўлсанг, тамом бўпсан. У сенга юқмайди, деб ўйлагандим. Локланган ботинкаларинг-чи!? Буларнинг ҳаммаси атиги икки ой давомида рўй бердими?

– Кечкурун тўйим бор... анов гўзал қиз... – деди Мак ҳаяжонланиб.

– Почтада бир нарсани унутиб қолдирибман, – дея шошиб нари кетдим.

Юз қадамда қизга етиб олдим. Шляпамни ечиб, ўзимни таништирдим. У тахминан ўн тўкқизда эди, лекин ҳийла ёш кўринарди. У жаҳли чиққандай менга совуқ қараш қилди.

– Бугун оқшом тўйингиз деб эшитдим.

– Тўғри, – деди қиз, – бу сизга нима учундир ёқмаяптими?

– Қулоқ сол, синглим, – дедим.

– Менинг исмим Ребоза Рид, – деди қиз ранжигандай.

– Биламан, – дедим, – шундай қилиб, Ребоза, мен ёш бола эмасман, отанг тенгиман. Анави куркага ўхшаб думини ёйиб, қулқ-қулқлаб юрувчи, локланган ботинкадаги кекса, ясаниб олган, денгиз касалига учраган, шарти кетиб парти қолган киши менинг энг яқин дўстим бўлади. Хўш, нима жин уриб сен Макка илакишиб, уни никоҳ маросимига судраяпсан?

– Ахир, бошқаси йўқда, – жавоб берди мисс Ребоза.

– Беманилик, – дедим унга ва атрофга аланглаб. – Бу чиройинг билан хоҳлаганингни илинтириб оласан. Қулоқ сол, Ребоза, қария Мак сенинг тенгинг эмас. Сен Рид бўлиб туғилганингда у йигирма иккида эди. Унинг қирчиллама даври узоққа бормайди. Қариб, бошида ҳар хил бемани хаёллар айланиб юрибди. Ҳозир унинг хотин-халажга ўчлик даври, фақат шугина. Ёшлигида ўз улушини қўлдан чиқарди, энди эса Амур[10] нақд пул ўрнига қолдирган вексел[11] бўйича фоизларни табиатдан ялиниб ундирмоқчи... Ребоза, бу никоҳ сен учун шунчалик зарурми?

– Албатта, – деди у шляпасидаги капалакгулни силкитиб. – Ўйлашимча, битта мен учун эмас.

– Тўй соат неччида бўлиши керак? – сўрадим.

– Олтида.

Дарҳол қандай йўл тутиш кераклигини ҳал қилдим. Макни қутқариш учун барча чораларни кўришим керак. Шундай яхши, ёши қайтган, оила қуришга ярамайдиган одамни ҳали қалам тишлаш одатини ташлаёлмаган қандайдир қиз учун қурбон бўлишига йўл қўйиш — йўқ, бунга шунчаки қараб туролмайман.

– Ребоза, – дедим жиддий, – наҳот Пиняда сенга ёқадиган бирор йигит... дурустроқ йигит бўлмаса?

– Бор, – деди Ребоза капалакгулини силкитиб, – албатта, бор. Шуни ҳам сўрайдими?!

– Сен унга ёқасанми? – сўрадим. – У сенга қандай муносабатда?

– Ақлдан озаёзган, – жавоб берди Ребоза. – Кун бўйи эшигимиз тагида ўтираверганидан ойим у ерга сув қуйишига тўғри келяпти. Аммо эртага, ўйлайманки, бунга чек қўйилади, – дея тугатди гапини хўрсиниб.

– Ребоза, – дедим, – сенда Макка нисбатан севги ҳисси бўлмаса керак, тўғрими?

– Шу етмай турувди! – деди қиз бошини чайқаб. – Менимча, у тешик бочкага ўхшаб қуриб қолган. Ўйлаб топган нарсангизни қаранг-у!

– Бу сен ёқтирадиган йигит ким ўзи? – суриштирдим.

– Эдди Бэйлз, – деди қиз. – У Кросбининг колониал дўконида ишлайди. Бироқ ойига бор-йўғи ўттиз беш доллар топади. Бир вақтлар Элла Ноукс уни деб ақлдан озганди.

– Макнинг айтишича, – дедим, – бугун кечки соат олтида тўйларинг бўлармиш.

– Тўппа-тўғри, – деди у, – соат олтида, бизникида.

– Ребоза, – дедим. – Қулоқ сол! Агар Эдди Бэйлз накд минг долларга эга бўлса... минг долларга у хусусий дўконга эга бўлишини ҳам ҳисобга ол... Хуллас, агар Эдди икковингизнинг қўлингизга шунча пул тушса, Эдди билан бугун кеч соат бешда никоҳдан ўтишга рози бўлармидинг?

Қиз менга тикилиб қолганлигидан бундай вазиятларда аёллар учун одат бўлмиш ифодалаб бўлмайдиган ўй-фикрлар унинг вужудини эгаллаётганини сездим.

– Минг доллар? – деди у. – Албатта, рози бўлардим.

– Кетдик, – дедим. – Эддининг олдига.

Биз Кросбининг дўконига йўл олдик ва Эддини ташкарига чақирдик. Эддининг юзини сепкил босган экан. Таклифимни айтганимда у иккиланиб қолди.

– Соат бешда? – деди Эдди. – Минг долларга? Э-э, мени уйғотманглар. Тушундим! Сиз Ҳиндистонда зираворлар савдоси билан бойлик орттирган амакисиз. Мен эса қария Кросбидан дўконни сотиб оламан — қарабсизки, ўзимга ўзим хўжайинман.

Дўконга кириб, Кросбини четга тортдик ва ҳаммасини унга тушунтирдик. Мен минг долларлик чек ёзиб, қариянинг қўлига бердим. У агар соат бешда Эдди ва Ребоза никоҳдан ўтишадиган бўлишса, дўконни уларга топшириши керак эди.

Кейин эса уларни дуо қилиб, ўрмонга сайр қилгани жўнадим. Тўнкага ўтириб, ҳаёт, кексалик, тақдир, хотинлар мантиғи ҳамда инсон чекига тушадиган ташвиш ҳақида хаёл сурдим. Қария ошнам Макни иккинчи ёшлик касалидан қутқариб қолганим билан ўзимни табрикладим. Кўзи очилиб, тентаклиги ва локланган ботинкаларини ташлаганда, у мендан миннатдор бўлишини билардим. «Макни бундай рецидивлардан[12] қутқазиб қолиш учун , – ўйладим, – минг доллардан ҳам кўпроғи ҳам озлик қилади». Айниқса, аёлларни ўрганганимдан, уларнинг биронтаси мени инжикликларию хийла-найранглари билан алдаёлмасликларидан хурсанд эдим. Уйга қайтганимда, тахминан, бешу ўттиз эди. Ичкарига кириб кўрдимки, қария Мак тебранма стулида ялпайиб ўтирибди, эгнида эски костюми, кўк пайпоқдаги оёқларини дераза токчасига чиқариб олган, тиззасида эса — «Цивилизация тарихи».

– Соат олтида тўйга борадиганга ўхшамайсан, – дедим ҳеч нарса бўлмагандай.

– А-а, – деди Мак тамакига қўл узатиб, – тўйни бешга кўчиришибди. Хат билан хабар беришди. Тўй аллақачон тугади. Ўзинг шунча вақт қаёқларда қолиб кетдинг, Энди?

– Тўй ҳақида эшитдингми? – сўрадим.

– Ўзим уларни никоҳладим, – деди Мак. – Сенга айтгандим-ку, мени муроса қозиси этиб сайлашганини. Руҳоний қаерлардадир Шарқ томонларда қариндошлариникида меҳмонда юрибди, мен эса никоҳ маросимларини ўтказишга хуқуқи бўлган шаҳарчадаги ягона одамман. Бир ой олдин Эдди ва Ребозага, икковингни ўзим никоҳлаб қўяман, деб вада бергандим. Эдди ишбилармон йигит, йўлини топиб хусусий дўконига ҳам эга бўлади.

– Эга бўлади?

– Тўйда жуда кўп хотинлар бўлди, – деди Мак, – лекин уларда бирор-бир янгиликни сезмадим. Худди сенга ўхшаб уларнинг хийла-найранглари ҳақида билишни истардим... Ахир, сен айтгандингки...

– Икки ой аввал айтгандим, – дея қўлимни банжога чўздим.


[1] Қарта ўйини.

[2]Генри Томас Бокль (1821—1862) — инглиз тарихчиси.

[3] Америка негрларининг торли чолғу асбоби.

[4] Рокфеллер – 19-аср охири ва 20-аср бошида дунёдаги энг бой кишилардан бири.

[5] Ветчина – дудланган чўчқа гўшти.

[6] Қуймич нервининг яллиғланиши.

[7] Тропиклардан экваторга эсиб турадиган доимий қуруқ шамол.

[8] Алфреддан Омахагача – алфадан омегагача; кўчма манода: бошдан-оёқ.

[9]Hello (инг.) – салом.

[10]Камон билан қуролланган болакай қиёфасидаги севги илоҳи (юн. миф.).

[11]Қарз ҳужжати.

[12]Рецидив – касалнинг қайталаниши.

Ҳикоя: Алвасти келин

Кеч кириб, осмонда тўлин ой пайдо бўлди. Унинг юзидаги қора доғлари одамларга янада аниқроқ кўринарди айни дам. Ҳаво совуқ. Базида гувиллаб шамол ҳам эсиб қолади. Бу қишнинг таниш манзараси. Аммо кўпчилик кутаётган қордан ҳали дарак йўқ…...

Жумбок 2 кисм

Даяна билан Дамана куришиб уй ичига киришди Дамана Самшод хакида суради Даяна акаси Самшод камалиб колганини хакида сузлаб берди Дамана хайрон булиб канакасига камалгани ва нима сабабдан камалди деб суради Даяна аками душманлари ва ишхонасидагилар аками столига пул ташлаб тамигир пора хорликда ёлгон тухмат оркали......

Аллоҳ ўзи кечирсин

Чоршанба куни эрталаб нонушта пайтида ёшлари 40 дан ошган 50 га етмаган бир аёл тўсатдан титроқ келибдию жони чиқибди......

БУ ЙОЛЛАР… (Хикоя)

Довуд Гозий Бенли 1965 йил Германияда тугилган. Илохийотшунослик ва халкаро муносабатлар факултетларида тахсил олган. Айни пайтда Туркия Республикасининг Озбекистондаги фавкулодда ва мухтор елчисининг матбуот маслахатчиси, Туркия Йозувчилар уюшмаси азоси....

ҚАЙНОНАСИНИНГ ЖАЗМАНИ…

Вой мени раҳбар боламдан айланай!.. Болажоним кеп қолди!.. Мунча йўқ бўп кетмасанг-а?.. Қари энам кўзлари мўлтираб йўлимга қарайдиям демайсан-а, Толибжон!?. Толиб машинасидан шошилмайгина тушиб Жаннат кампиргаелкасини тутди-да, норози бош чайқаган бўлди....

Куйдиргандим, озим куйдим...

Шахноза, сени жуда коргим келяпти. Йолгизлик исканжасида кийналяпман. Совук борликни оз забтига олган. Яна мен йомон корган совуклар бошланди. Хонам совуклигидан кора йолгизлик копрок жунжиктиряпти танамни. Сонгги созларингни ешитиб, кулокларимга ишонмадим. "Мени унутинг, бошкага уйланинг", дегандинг сира тап тортмай....

Беҳаёликнинг бир кўриниши

Интернет сайтларида янгиликларни ўқир эканман www.Zamonaviy.com сайтида актрисаларнинг беҳаё қилиқлари танқид остига олинганлиги ҳақидаги хабарга кўзим тушди. Аввало, хабарни қисқача келтириб ўтаман: Актрисалар Жамила Ғофурова ва Ойдин Юсупованинг Шакира ва Бейонсенинг «Beautiful liar» қўшиғига тушган рақсларига қилган тақлидлари «Madaniyat va...

Ғаройиб ҳодисалар изидан: “ҲАЁТ ДАВОМ ЭТАДИ”

Бу воқеа 1994 йили бўлиб ўтганди. Мен ўшанда заводнинг механика цехида ишлардим. Бир куни директор олдига чақириб қолди. Цех бошлиғини поезд уриб кетганмиш. Айтишича, танаси бўлак-бўлак бўлиб кетибди. Менга цехни бошқаришни топширди…...

Ҳикоя: Осмоннинг кўз ёшлари

Бугун ҳавонинг авзойи бузуқ, осмонга қараган эдим, ёмғир ёғаман деб турибди. Ёмғирни ёқтираман ва ёмғир ёққан вақтда деразаларни очиб қўяман. Бугун ҳам шундай бўлди. Салқин ҳамда тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиб турган вақтимда хонага ҳамкасбим кириб келди ва менга юзланиб:...

Мусофирлар такдири.... (2 кисм)

“Кетаман деди катъий охангда...Кетаман, албатта кетаман”....туриб юзини ювиб келди. Муродбек келиб олдига утирди. “-Каёкка кетасан?”- деди Муродбек. “- Очик мозорга, каерга буларди, уйимга кетаман, Болам гапирадиган булибди, уни кургим келаябди......

Фикр қўшиш