Эримни яхши кўрмай қолдим...
«Севги бўлганмиди ўзи, ҳозир-чи, бирор ҳиссиётлар қолганми» — муҳими бу эмас! Асосий масала: эр-хотин ўртасидаги муносабатларни изга солиш, юракнинг туб-тубидаги бир томчи меҳр-муҳаббатни борича сақлаб қолишдир.
«Сўзларимни тинглаб, аччиғингиз келар. «Эс-ҳуши жойидами бу аёлнинг», дея ажабланарсиз балки, рости, ўзим ҳам қийналиб кетдим... Яхши ниятлар билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдошимдан кўнглим совиб бораяпти. «Севиб турмуш қурганмисиз?» дея сўрамоқчи бўлсангиз, йўқ! Совчилар орқали танишганмиз. Аммо ўзаро ҳурмат, меҳр бор эди! Энди бўлса, унга нисбатан ҳеч қандай ҳисларни туймаяпман, бир уйда бегоналардек яшаймиз гўё. Лекин оилам бузилишини истамайман! Икки нафар фарзандим учун ҳам ўзимни қўлга ола билишим зарур, бироқ қандай қилиб? Ўртамизда яна меҳр-муҳаббат уйғониши учун нима қилишим лозим? Маслаҳат беринг...»
Исми сир тутилади.
Кўнгил қурмағурнинг иши нозик. Зирапчадек дард ҳам уни жуда қаттиқ жароҳатлаши мумкин. Аёллар эса... ҳиссиётларга берилувчанмиз! Аммо гап оила қўрғони ҳақида борар экан, ҳис-туйғуларни идора қила билишимиз шарт! Эркаклар-чи, ахир уларда ҳам кризис ҳолатлари учраб туради-ку, дерсиз. Іақсиз! Бироқ эркакнинг йўриғи бошқа, у билан ўзини тенг билган аёл хато қилса қиладики, асло фойда топмайди. Хўш, таҳририятимизга сим қоқан муштариймиз ҳолатининг қандай изоҳи бор? Ечими-чи, топиладими? Таҳлил қиламиз!
Мутахассис — Наргиз САТТОРОВА, руҳшунос
Ҳамма нарса ўзгарувчан...
Атрофимиздаги воқеа-ҳодисалар, жараёнлар, инсонлар — бари ўзгарувчан! Ҳеч бир нарса йўқки, унга нисбатан муқим дея тариф берсак. Кўз олдимизда ҳаракатсиз турган обектнининг ичида ҳам ўзига хос ўзгаришлар кечади, аммо биз буни кўрмаймиз. Мисол учун, ҳайбатли тоғлар, улар сизнинг-ча ўсмайдими? Ўсади! Ариқда шилдираб оқаётган ёки ундан-да соддароғи, кўлмакдаги сувга қаранг-да, сўнг бир-икки сонияга нигоҳингизни бошқа ерга олиб қочинг. Энди яна обиҳаёт билан тўқнаш келсин кўзларингиз. Сездингизми, тафовутни. Ҳаётимиз ҳам оқим сингари мудом ўзгариб туради. Болалик, ўсмирлик, ўспиринлик, етуклик ва кексалик — инсон умрининг малум даврлари булар. Хўш, эркак ва аёл ўртасидаги муносабатларга бунинг нима алоқаси бор? Тан олиш қийин бўлса-да, тингланг, аёл ва эркак ўртасидаги муносабатлар ҳам ўзгаради!
Ўн саккиз ёшли йигит-қиз севгиси билан қирқ ёшли аёл ва эркак муҳаббати ўртасида фақр бор. Тўғри, ҳар иккала ҳолатда ҳам ҳис-туйғулар ифодаси мавжуд, аммо ўзгача талқинда. Биринчи ҳолатда кўпроқ ҳиссиётлар пешқадамлик қилса, иккинчисини ўзаро ҳурмат, қадрлаш, эзозлаш тушунчалари бошқаради. Англаганингиздек, ҳар бири алоҳида даврдир.
Ҳаракат бор, муҳими...
Турмуш қурилаётганида инсон бир қадам олдинга қадам ташлайди. Кейингилари эса унинг янада камол топиши учун хизмат қилиб, олдинга ташланаверилади. Яни ҳаракат бор.
Нутқимизда «орқага кетиш» иборасини қўллаймиз, бироқ ортга қадам ташлаш шунчаки ўхшатиш, холос. Аммо шундай ҳаракатлар содир қилиниши мумкинки, улар «минус» ҳисобланади. Лекин бу ҳам ҳаракат. Хўш, қай бири муносабатларнинг яхшиланиши учун кераг-у, акс бўлганларини қандай тўғирлаш мумкин?
Муносабатларингиз кун сайин совуқлашиб бораётганини англаб, ҳис этиб, таҳлил қилиб бирор нима қилмасам бўлмайди, дея фикрлаяпсизми, демак, жуфтингиз билан сизни боғлаб турувчи ришта узилмаган ҳали. Ниманидир ўзгартиришингиз керак, негаки бир жойда тўпланиб қолган сув юзасини ғубор қоплайди. Ҳаракатдан тўхтаган нарса-буюм борки бузилади, асли бу ҳам бир жараён ҳисобланса-да. Худди шундай ривожланиш сусайган, тўхтаб қолган муносабатларга ҳам инқирозга юз тутади, эрта, индин, балки бир йилдан кейиндир.
Қарс икки қўлдан чиқади, аммо...
Эркак ва аёл ўртасидаги муносабатлар гўё ёниб турган шамга қиёс. Шам ёниб турсагина, атрофида парвонаси бўлади. Тўғри фикрладингиз, олов, бу – сиз! Қанчалик баланд ёнсангиз, ёрингизнинг меҳр-муҳаббати, этибори шунчалик ортиб бораверади. «У-чи, у бир четда томоша қилиб тураверадими, яна аёлларнинг чекигами бари», дея нолишга шошилманг. Сиз бошланг, у давом эттиради.
Спортчи кунора бажарадиган машқларини ташлаб қўйса, нима бўлади? Тетиклигини йўқотади. Ёки яп-янги машинани гаражга жойлаб, йиллар хабар олманг, бузилади. Муносабатлар ҳам шундай, ҳар замон янгиланиб, «тамирланиб», турланиб туриши лозим.
Кўчат экдингизми, парваришланг!
Тасаввур қилинг, никоҳ бу икки инсоннинг қўлига берилган гул кўчати. Тақдирларнинг бирлашиши насиб қилинган эканми, демак, гулни суғориш, парваришлаш, ўғитлаш елкадаги муҳим вазифа бўлмоғи лозим. Кўчат бир кунда униб чиқмайди, гулламайди ҳам. Бунинг учун йиллар талаб қилинади. Агар ҳар иккала боғбон ҳам кўчатга бирдек меҳр бериб, парваришласа у, албатта, гуллайди. Аксинча, сўлиб, қуриб-қовжираб қолиши ҳам ҳеч гапмас. Аммо бу ҳам бир кунда содир бўлмайди.
Аламли гаплар, кесатиқ, гумон, жаҳл, нафрат, норозилик, ношукрлик кам-камдан қўшилиб борилаверса, муносабатлар гул сингари аста сўлади. Айнан мана шу ҳолатга нисбатан қарс икки қўлдан чиқади деган иборани қўллаш мумкин. Негаки, меҳр-муҳаббат, ҳурматнинг йўқолишида эркак ҳам аёл ҳам бирдек айбдорлар. 5050 ҳисоб!
Ундан миннатдормисиз?
Ўйлаб кўринг, қачон сўнгги бор умр йўлдошингизга «Сизни яхши кўраман», «Сиз менга кераксиз», «Борингизга шукр!» дедингиз. Лабингизни тишлашингизга қараганда анча бўлган. Эркак йўлини топиб кетаверади. Унинг учун бошқа аёл билан муносабат қуриш муаммо эмас. Ҳа, аламли бўлса-да, тан олишимиз шарт бўлган ҳақиқат бу. Оилада эркак бу ақл, аёл эса қалбдир. Чунки нозик ҳилқат вакилаларини кўпроқ ҳиссиётлар бошқаради. Шунга ҳам муносабатлардаги музлик даврини сиз эртароқ, жуфтингиздан олдин англаб етасиз. Сизга сезилади, бир-бирингиздан узоқлашиб бораётганингиз, аввалгидек меҳр йўқлиги. Тушундингиз-а, сабабини...
Имкони бор, шарти ҳам!
«Турмуш ўртоғим менга нисбатан этиборсиз» десангиз, билингки, шу кунларда сиз ўзингизга этиборсиз. Ҳар кунингиз бир хил. Ўзгаринг! Айнан бир ҳиллик муносабатлардаги алангани сўндиради. Умумий мавзуларнинг йўқлиги, иккингизни бирлаштириб турувчи орзулар, мақсадлар, хаёллар, режалар мавжуд эмаслиги ҳам тасир кўрсатади. Хўш, нима қилай дейсизми? Ўз устингизда ишланг, янгиликлардан чўчиманг, кўзларингиз ёниб турсин.
«Онам айтганидек қилдим», «Келинойимнинг маслаҳатларини канда қилмадим», дея яна ўзингизни оқламоқчи бўлсангиз, эшитинг: шу пайтгача ким нима деган бўлса, улар мана шу манзилгача етиб келишингиз учун етди, холос. Энди миянгизни қайта дастурланг-да, янги ғояларни юкланг. Илм олинг, изланинг, аммо бу дегани бошингизни мутолаадан кўтарманг, кун бўйи ялло қилинг, дугоналар билан ўйнанг-кулинг, эрингизнинг топганига кийиниб, пардозланинг дегани эмас. Кризис бу бир поғонадан кейингисига кўтарилиш фурсати етганидан белгидир. Хоҳланг, миянгизни эгаллаб турган юк билан кўтарилинг, хоҳланг юкдан халос бўлинг-да, ҳаётга янгидан нигоҳ ташланг. Аввал тушуниб олинг, нимани ўзгартиришингиз керак. Сўнг шунга кўра йўл тутасиз.
Ўн-ўн беш йил аввал эккан гул кўчатингиз унганди-ю, бугун барглари тўкилаяптими, тезгина унга сув қуйинг. Озроқ меҳр, муҳаббат, этибор, шукроналик билан суғоринг уни, ахир қуриб қолмабди-ку. Илдизидан узилмабди-ку! Демак, ҳали ҳаммаси тугаганича йўқ. Боғбонларни бирлаштириб турган ришта бор ва сиз уни мустаҳкамлай оласиз. Ишонинг, бордию тақдир қилинмаган бўлса, гул илдизидан шундай қурийдики, ҳар қанча суғорсангиз ҳам фойдаси бўлмас. Имкониятни қўлдан чиқарманг.