Суриялик қочқин қиз ҳикояси: "Бир ойда оиламдан, ватанимдан айрилдим..."
Муаллифдан: Бу воқеа тасаввурим маҳсули эмас, бугунги кунимизда одамлар яшаётган ҳаётдир. Биз уларни билмаймиз, биз уруш нималигини билмаймиз, бизнинг ташвишларимиз нари борса тирикчилик. Аммо дунёнинг шундай нуқталари борки, у ерда одамлар тирикчилик эмас, тириклик учун курашаяпти. Биз учун энг бебаҳо немат — тинчликнинг қадрини яна бир бор англашимиз учун бу ҳикоя ёзилди.
Хонанинг бирорта деразаси йўқ, тўрт томони бетон девор. Қоронғу, дим ва рутубатли. Бу ерда ярим соат ўтирган кишининг мазаси қочади. Биз эса мана тўрт ойдан бери опам, мен ва тўрт яшар жиянчам — уч ожиза шу ерда яшаяпмиз. Лекин шу жой ҳам менга Жаннатдек туюлаяпти. Чунки ўқлар отилмайди, бомбалар портламайди, оналар, оталар, болалар ўлмайди, эрталаб тирик уйғонармиканман деган хавотир бизни тақиб этмайди.
Исмим Хавла, ёшим ўн учда. Оиламиз билан Суриянинг Сармин шаҳрида яшар эдик. Ота-онамнинг ўғиллари йўқ, уч қизлари бор эди. Отам Обид шифохонада қоровул, онам Файхон эса ўша ерда ҳамшира бўлиб ишларди. Икки опам турмушга чиқиб кетишган, иккисининг ҳам биттадан фарзанди бор. Мен оиланинг кенжатойиман. Отам ҳеч қачон ўғлим йўқ деб нолимаган, опаларимни ва мени жонидан ортиқ яхши кўрарди. Ҳар куни кечқурун у ишдан қайтишда онамнинг ёнига кириб хайрлашиб келар (онам кўпинча тунги сменада навбатчиликка қоларди), биз бирга овқатланардик, кейин у менга Геродотни ўқиб берарди. Тарих ҳикояларини тинглаб уйқуга кетардим. Мамлакатда уруш бўлаётгани, у бизнинг шаҳарга яқинлашиб келаётгани ҳақида болалигимдан эшитардим, аммо бу уруш тезда менинг шаҳрим, менинг ҳаётимни ҳам қамраб олиши ўйламаган эканман.
Катта опам Фотиманинг эри Ироқда ишларди, бир куни унинг автомашинаси портлаб кетгани ҳақида хабар келди. Шундан сўнг опам беш яшар жиянчам Абдуллоҳ билан бизникида яшай бошлади. Абдуллоҳ тиллари бийрон, кўп савол берадиган, шўхгина болакай эди. Онасини жуда яхши кўрар, катта бўлсам, уни ҳаммадан ҳимоя қиламан, дерди. Кичик опам Ойшанинг тўрт яшар қизчаси бор, ўзи ҳомиладор эди. Бир куни у ҳам йиғлаб кириб келди: поччамни номалум кимсалар ўғирлаб кетишганмиш. Шу билан опамнинг эри ҳақида бирор малумот била олмадик. У бедарак кетди. Кўп ўтмай Сармин ҳам уруш гирдобига тортилди. Ҳеч кимнинг йўқолган поччам билан иши бўлмай қолди.
Онам жуда меҳрибон, ажойиб инсон эди. Уни ҳамма яхши кўрарди. У илмли аёл эди, менга инсон тана азолари ҳақида кўп малумотлар берганди, шу туфайли одам анатомиясини жуда яхши ўргангандим. Урушнинг касофати билан шифохонада онамнинг иши кўпайди, уйга жуда кам келадиган бўлиб қолди. Бир куни шифохона бомба ҳужумига учради. Онамнинг бўйнига шифтнинг катта тўсини тушиб калласини узиб юборибди. Унинг бошини харобалар орасидан узоқ қидиришди. Топишдими-йўқми, била олмадим, менга айтишмади, онамнинг жасадини кўрсатишмади. Фақат кафанланган танани кўрдим, холос. Ўша кафан ичида менинг онам бўлганига ҳамон ишонолмайман. Чунки у ерда ўлган оналар кўп эди...
Орадан бир ҳафта ўтиб, отамни ҳам бериб қўйдик. У беозор одам бўлгани учун Аллоҳ унга беозор ўлим берди: пешанасига теккан биргина дайди ўқ дастидан тезгина жон таслим қилди. Буни ўзим кўрганим йўқ, кўрганлар айтиб беришди. Отамни ҳовлимизнинг бир чеккасига кўмдик, чунки шаҳар ўқ ва бомбалар ёмғири остида эди, ҳеч ким жасадни қабристонгача кўтариб олиб боришга рози бўлмасди.
Икки опам, икки жиянчам ва мен яшай бошладик. Тирикчилигимиз жуда оғир эди, рўзғор юки катта опамнинг зиммасига тушганди. У мактабда дарс берарди, бироқ уруш туфайли дарслар тўхтади. Икки маҳалла наридаги бир шифокор опамни болаларига хат-савод ўргатишга ёллади. Опам ҳар куни ўғли Абдуллоҳни етаклаб дарс ўтгани кетар, тушдан сўнг қайтар, унинг топганига амаллаб қозонимиз қайнарди. Аммо бу ҳам узоққа бормади.
Опам дарсини тугатиб жиянчамни етаклаб қайтаётганда осмондан ракета ҳужуми бошланган. Бомбалар кетма-кет отилган, кассетали бомбалар. Биз энди бомбалар ҳақида жуда кўп нарса биламиз, энг ёмони мана шу кассетали бомбалар. Улар ҳамма ёқда, улар жуда кўп ва улардан қутулишнинг иложи йўқ. Опам боласи билан бекинишга жой излагунча ёнларига бир бомба тушиб портлаган. Опам ўша жойда парча-парча бўлиб кетган, Абдуллоҳ эса портлаш тасирида анча нарига — ёниб турган том бўлаги устига тушган. Бечоранинг бутун танаси ёниб кетган. У оловдан қочишга интилган, лекин баданига чирмашиб олган аланга болакай югургани сайин бадтар оловланган. Бечоранинг бадани пуфакчалар билан қопланган, сочлари ёниб бошига ёпишиб қолган, кўзлари косасидан чиқиб кетганди. Мен уч кун унинг тепасида ўтирдим, у уч кун қичқирди, уч кун давомида ўлди. Ҳамон миямда унинг даҳшатли чинқириғи янграб турибди, мен бундай яшай олмайман.
Бир ойда катта оиламиздан уч кишигина қолдик. Кичик опам мактабда яхши ўқимаган, уй қизи, устига-устак, ҳомиладор эди. У мулойим, бўйсунувчан аёл, унинг учун доим эри ёки отам қарор қабул қилишган, ҳамиша бировнинг паноҳида бўлишга ўрганиб қолганди. Аммо Абдуллоҳнинг даҳшатли ўлими опамни бирдан ўзгартириб қўйди. У ой-куни яқин бўлишига қарамай қочиш фикрига тушиб қолди: «Хавла, мен қизимни ва туғилажак фарзандимни, қолаверса, сени ҳам ҳимоя қилишим керак. Етар энди йўқотишлар, мен бу урушга керагидан кўп қурбон бердим. Қочамиз!» Қаёққа? Қандай? Бу саволларга жавобни опамнинг ўзи ҳам билмасди.
Поччамдан қолган автомашина бор эди, опам ўшани арзонгаровга сотиб юборди. Энди қўлимизда оз бўлса ҳам маблағ бор эди. Биз амаллаб Туркияга ўтдик, у ердан денгиз орқали Грецияга, кейин Германияга қочишни режалаштирдик. Опам оғироёқ бўлишига қарамай тўрт яшар қизчасини кўтариб олди. Мен юкларни кўтардим. Кўп нарса олмадик, чунки барибир олиб кетолмасдик. Шунчаки бир сидра кийим-бош, биттадан коса ва қошиқ. На чойшаб, на адёл ва кўрпаларимиз бор, йўл узоқ, тунлар совуқ эди. Биз бир бошга бир ўлим деб йўлга чиқдик.
Амаллаб чегарадан ўтиб олдик. У ерда малум ҳақ эвазига одамларни денгиздан олиб ўтадиган инсонни топдик, нархлашдик, пул тўладик. Ярим тунда денгиз бўйига келсак, қайиққа чиқаман деб турган одам шунақанги кўп эдики, мен бунча одам шу кичкинагина қайиққа қандай сиғишини ҳеч тушунмасдим. Лекин қайиқчи уддабурон экан, у одамларнинг юкларини камайтиришни бошлади: ҳаммага фақат биттадан тўрва олиб ўтишга рухсат берди. Яхшики, бизнинг юкимиз кўп эмасди, бирор нарсамиздан воз кечишга ҳожат қолмади. Аммо опамнинг ҳомиладорлигини кўриб қайиқчи яна бир киши учун пул тўлайсанлар, қайиққа ортиқча юк тушади, деб туриб олди. Опам ноилож рози бўлди. Мен юкларни елкамга осиб, жиянчамни тиззамга олдим. Опам ёнимга ўтирди. Тиқилинч қайиқда «Ё Аллоҳ!» дея йўлга тушдик. Тун салқин, етмаганига сувнинг салқинлиги ҳам бор. Қунишиб ўтирган жиянчамни бағримга маҳкамроқ босиб иситишга ҳаракат қила бошладим. Шу пайт опам қаттиқ инграшга тушди. Уни дард тутаётганди. Қайиқчи сўкинди, лекин энди ортга қайтиб бўлмасди. Жиянчам онасининг аҳволини кўриб йиғлай бошлади, менга эса боланинг овозни ўчиришимни, акс ҳолда чегарачилар бизни билиб қолиб қайиқни қайтариб юборишини айтиб ўдағайлашди. Уруш одамларнинг дийдасини қаттиқ қилиб қўяркан. Опам ўзини тетик тутишга уринар, боласини қўрқитмасликни истарди. Лекин дарди жуда кучли эди. Шукрки, бир инсофли аёл топилди, амаллаб опамнинг ёнига ўтиб, унга ёрдам бера бошлади. Кўп ўтмай опамнинг кўзи ёриди. Аммо... чақалоқ ўлик туғилганди. Опагинам шўрлик овоз чиқармай, елкалари титраб-титраб йиғлади. Кейин болани чойшабга ўради ва... йўқ, ўзи қила олмади бу ишни. Унга ёрдам берган аёл Қурондан бир сура ўқиб юзига фотиҳа тортди ва жажжи жасадни денгизга ташлади. «Чўлп» этган овоз мени қаттиқ сескантирганини ҳамон унутолмайман.
Минг машаққатлар, базида яхши одамларнинг кўмаги, базида ёмонларнинг турткиси билан ваниҳоят Берлинга етиб келдик. У ерда бизга Германия шарқидаги Хемниц шаҳрида жойлашган қочоқлар масканига йўлланма беришди. Хемниц аҳолиси қочоқлардан безор, уларга нисбатан жуда ёмон муносабатда эканини эшитгандик. Кўпчилик йўлланмани йиртиб ташлаб қайта сўров расмийлаштиришга тушди, аммо биз ундай қилмадик. Нима бўлса ҳам, тақдир, насиба дедик. Айтилган жойга етиб келсак, қочоқлар лагери аллақачон тўлиб кетган экан. Бизни Дрезденга яқин Хайденау деган жойга йўллашди. Ўтган йил августда маҳаллий экстремистлар бу ерда қочоқларга ҳужумлар қилишган экан. Ҳа, биз бу ерда ҳам чақирилмаган, исталмаган меҳмон эдик. Амаллаб лагерга жойлашиб олдик. Энди шаҳарга чиқишга қўрқамиз. Бу ерда 700 дан ортиқ одам яшашига қарамай, ҳамма учун биттагина ювиниш хонаси ва тўрттагина ҳожатхона мавжуд, холос. Лекин тинчмиз, эртамиз ноаниқ бўлса-да, тонгимиз ҳаловатли отишига умид бор.
Опам шу кунларда Германияда яшаш ҳуқуқини олиш учун ҳужжатлар расмийлаштираяпти. Бечора жуда қийналаяпти, тил билмагани етмагандек, саводи ҳам яхши эмас-да. Мен кун бўйи жиянчамга қараб ўтираман ва шифокор бўлишни орзу қиламан. Бирор ерга муқим жойлашиб олсак, мен, албатта, яхши ўқийман, одамларни ўлдириш эмас, даволаш учун ўқийман.