АЛАМЛАРИМ ТУҲМАТГА АЙЛАНДИ...

АЛАМЛАРИМ ТУҲМАТГА АЙЛАНДИ...
АЛАМЛАРИМ ТУҲМАТГА АЙЛАНДИ...


Кеча қизим яна йиғлаб келди. Куёвим уч боласининг кўз ўнгида ўласа қилиб дўппослабди. Кўзи кўкарган, қўллари моматалоқ бўлиб кетган болагинам бағримга бошини қўйиб, «Гуноҳим нима, ойи? Қайси айбим учун мени золим эр қўли билан жазолаяпти тақдир?», дея зор-зор йиғлади. Унинг гаплари юрагимга ўқдек қадалди. «Қизгинам, сенинг гуноҳинг йўқ», дедим-у, бўғзимни куйдираётган сўзни тилимга чиқара олмадим. Бўғма илондек бўғаётган виждоннинг оғриғини жисмонан ҳам ҳис қилиб турардим. Аммо журат етмайдими ё номус қиламанми, на улардан, на қизимдан узр тилай оламан...

Ҳаммасига юрагимда тугун бўлиб ётган алам сабабчи. Ҳасадгўйлигим туфайли гуноҳдан қайтмадим, бегуноҳ келинчакка туҳмат тошини отишга ботиндим, қайтар дунёлигини, бировнинг номини қора қилишнинг жазоси борлигини унутдим.

Шоҳиста билан бир маҳаллада ўсганман, қолаверса, синфдош бўлганмиз. Болалигимдан онам нуқул мени у билан солиштирарди. Кейин мактабда ўқитувчилар ҳали орасталигини, ҳали одобини, ҳали алочилигини айтиб, намуна қилиб кўрсатарди.

«Шоҳистани, қара, ҳар тонг қуёш чиқмасдан кўча-кўйга сув сепади. Сенинг қўлингда эса супурги ҳам турмайди!»

«Шоҳиста ўрганган фанни нега сен ўзлаштира олмайсан? Ҳар куни уйига чиқиб, дугонангдан ўргансанг бўлмайдими?»

«Шоҳиста, чеварга шогирд тушибди, бирам чиройли кўйлаклар тикаяпти эканки...»

Булар менинг кўзимни очмаган, қасдма-қасд иш қилиш иштиёқини пайдо қилган, холос. Нимаики қилсам, шу қиздан ўзай, ҳамманинг оғзини ёпай, дея қилардим. Аксига олиб, ҳеч омадим кулмасди. Атрофдагилар эса бизни солиштиришгани-солиштиришган эди. Бора-бора уни кўришга кўзим бўлмай қолди. У учун чин, мен учун сохта бўлган дўстлигимиз шу тариқа якун топди.

У бир уринишдаёқ талаба бўлди, мен эса нақ уч йил ҳаракат қилиб, натижага эришдим. Энг ёмони эса кўнгил қўйган йигитимнинг унга меҳри тушгани бўлди. Суйганим ва куйганимнинг тўйи куни йиллар давомида тўпланган алам вулқондек ичимда ғалаён қилди. Аммо отилмади... Тақдирни қарангки, рақибамнинг қўшнисига келин бўлдим. Шоҳиста ҳеч нарсадан бехабар мен билан яхши муомала қилар, мен эса ундан қасдимни олиш учун пайт пойлардим. Унинг обрўли жойда ишлаши, эрининг доим атрофида парвоналиги, маҳаллада ҳамма ҳурмат билан қараши баттар ичимни куйдирарди. Бироқ қўлимдан бирор иш келмас, уни отидан туширишга қурбим етмасди. Вақт ўтгани сайин эса аламзадалигим ортиб борарди. Мен ўша пайтлари ичимдаги бу оловнинг ҳасадлигини тан олмасдим. Нуқул йўлимда тўғаноқ бўлган дея уни айблаб, ўзимни жабрдийда санаб, баҳона қилардим. Тақдир мени гўёки Шоҳистанинг қўллари билан таҳқирлаётгандек туюларди-да.


Кунлардан бир куни маҳалладаги йиғинда кўришиб қолдик. Ичини ёқай дея, бир уй хотиннинг олдида катта кетдим.

— Ўғлимни уйлантирмоқчиман! Ҳамидулло аканинг кенжасини сўраб қўйдим! Доктор қиз-чи! Бирам яхши, бирам чиройли-ки! Фарида опа «Фарангизни узатсам, сиздек аёлнинг ўғлига узатаман-да», деб қувониб қолди совчиликка борганимда, — дедим атай Шоҳиста томонга беписандларча боқиб. Унинг йўталиб қолганидан эса баттар авжландим, — Худо хоҳласа, кузда тўй!

Шоҳистанинг рангги бўздек оқариб кетди. Менинг юзимга эса қизиллик югурди. Мана, унинг ҳам ичи ёнаяпти! Ўзимча, унинг паришон бўлиб қолганини аламга йўйибман. Бир ойдан кейин эса тарвузим қўлтиғимдан тушди. Маҳаллада Шоҳистанинг ўғли Ҳабибнинг Фарангизда кўнгли борлиги, уларни тез кунларда унаштирилиши ҳақида гап тарқади.

— Вой, опа, эшитдингизми? Сиз оғиз солган Фарангизни Шоҳиста опа келин қилаётган экан, — шумхабарни етказди қўшним Зулхумор.

— Вой, — дедим уятга қолганимдан танам музлаб, — қанақасига? Ахир мен... — дея индамай қолдим.

— Шоҳиста, келинингни у-бу жойга олиб бориб кўрдингми? — дея гап олиш мақсадида сўз очдим бир куни.

— Ҳа, ўзи ҳам шифокор-ку, кўп нарсани тушунади, билади. Соғликлари жойида, нимагадир бўлмаяпти-да. Майли, ўз вақти-соати бордир, — деди Шоҳиста хотиржамлик билан.

— Хафа бўлма-ку-я, аммо сенга ичим ачиганидан айтаяпман, анув аммаси бор-ку Фарангизнинг, мактабда биздан кейин ўқиган, ўша ҳам туғмаган. Буларнинг қонида бор туғмаслик, — дея мен ҳам оловга ёғ сепмоқчи бўлдим.

— Йўғ-а, қўй, яхши ният қилайлик, Худо бериб қолар. Шундоқ яхши қиз Фарангиз, бунинг устига, ўғлим иккисининг бир-бирига муҳаббатлари юксак, — дея пинагини бузмади Шоҳиста.

Ўшанда ёлғон гапирганимни, қизини сўраб борганимда Фарида опанинг йўқ деганини одамлар билиб қолмаса эди, дея бир дардим икки бўлди.

Хуллас, чарсиллаб ёнаётган, куёв келинни даст кўтариб атрофида айлантираётган гулханнинг тафти менинг ичимдаги оловнинг алангаси олдида чўғдек эди. Энди кўнглимга шум ният оралади. Ҳар куни узун сочларини бир ўрим қилиб ўрган чиройли келинчак дарвоза олдини супуришга чиққанида, қўни-қўшнилар «Қўли бирам енгилки Шоҳистанинг келинининг», дея мақтаганида шум ниятим бош кўтарарди. Яшириб нима қилдим, иссиқ-совуқ ҳам, келинчакка гап ўргатишим, қайнонасига ёмонлашим ҳам иш бермади. Фақат бир илинж бор эди, Фарангизнинг ҳеч бўйида бўлмаётганди. Энди кунларим «Қачон туғмас келинни уйига ҳайдаб юборишаркан?» деган ўйда эшик пойлаш билан ўтарди.

Шунақа ўзи бу аёл. Дунёнинг кенг жойидан олинган. Ўғли бефарзанд-у парвойига ҳам келтирмайди, дея яна фолчига югурдим. Борсам, фолбиннинг эшиги олдида Фарида ўтирибди. Салом-аликдан сўнг бу қулай имконни қўлдан бой бермаслик учун Фаридага ҳамдардлик оҳангида гап бошладим.

— Қиз боланинг иши қийин экан, Фарида. Шулар борган жойида тиниб-тинчиб кетсин дея, тўрт томонга югураркан онаизорлар. Шоҳистани ҳар кўрганимда, ўзимнинг қизим кўз олдимга келади. Наҳот унга ҳам қайнонаси шунақа муносабатда бўлса-я, деб қўрқиб кетаман.

Фариданинг ҳайрат билан менга қараб турганидан фойдаланиб, ёлғон гапиришдан ўзимни тўхта олмадим.

— «Туғмас» дея ҳақоратлашларига-ку чидаб яшаяпти қизингиз. Ўзи ҳам жуда сабрли қилиб тарбиялаган экансиз-да, — дедим энг нозик нуқтасига зарба бериб. Ўқим фойда берди, Фарида Фарангиз учун фолбинга келганини айтиб, йиғлаб қолди.

Аммо кун ўтса ҳамки, на келинлик уйидагилар Фарангизнинг жавобини беришар, на ота-онаси келиб қизини олиб кетарди. Орадан тўрт йил ўтгач, Ҳабиб иккаласини Россияга, ишлашга, шу мақсадда ҳаво алмаштиришса, фарзандли бўлишар деган умидда жўнатадиган бўлишди. Олдин Ҳабиб кетди, кейин аёллар учун иш бор, дея маҳалламиздаги хорижда ишловчилардан бири айтиб қолганди, мен ҳам Шоҳиста билан жўнайман, деб туриб олдим. Олдинлари ҳам хорижда ишлаб келиб юрганим учун эрим қаршилик қилмади. Ўғлим «Ойи, нима қиласиз, ёшингиз ҳам элликка бориб қолди», деса ҳам, аҳдимдан қайтмадим. Шоҳиста «Келиним сен билан бўлса, кўнглим ҳам хотиржам юраман», дея хурсанд бўлгани-ку айтмасам ҳам бўлар.

Россияга етиб боргач, омадим келганига амин бўлдим. Биз аёллар жамоасида ишлардик. Фақат биттагина ҳайдовчимиз бор эди. Фарангиз кун бўйи кўз ўнгимда эди. Энди унга қарши режалар туза бошладим. Охири жамоамиз бошлиғига пул бердим-да, Фарангизнинг устидан туҳмат ёғдирдим. Тез орада у ҳақда ҳайдовчи билан дон олишади, деган гаплар тарқалди. Яна бир кун ҳайдовчининг телефонини тушлик пайти яширинча олиб қўйдим-да, кечаси бошлиғимиз билан бирга тинимсиз Фарангизнинг қўл телефонига хабарлар жўнатиб, қўнғироқ қилдик. Охир-оқибат, эрталаб Фарангиз йиғлаб қўнғироқ қилди.

— Хола, эрим ҳайдаяпти! Ўзинг ҳам, боланг ҳам керакмассан, деяпти. Энди орзум ушалди, ҳомиладорман, деганимда-я, — деб ҳиққилаб йиғларди шўрлик.

Мен унинг ҳомиладорлигидан бехабар эдим. Туҳматим натижа берганидан бир томонда хурсанд бўлсам, бир томонда Фарангизнинг кўз ёшлари юрагимни ўртарди. Бироқ энди ортга йўл йўқ эди. Қўшнилигимиз юзасидан Ҳабиб билан бир-икки гаплашмоқчи бўлиб кўрдим, бироқ у эшитишни ҳам истамади. Нима гаплигини сўраб қўнғироқ қилган Шоҳистага ҳам ҳайдовчи билан боғлиқ уйдирмани айтиб бердим. Тилини тишлаб қолди у ҳам. Бир ҳафта бағрини ерга бериб йиғлаб ётган Фарангизга отаси пул жўнатиб, уйига қайтариб олди. Мен ҳам икки ойча ишлаб, оёғим оғригач, уйга қайтдим.

Мана, ўша воқеадан беш ой ўтди ҳамки, Фарангиз ота уйида. Ҳабиб эса Россиядан келмаяпти. «Қишлоқда ҳамма хотини бир рус билан юриб кетибди, дея устимдан кулади», дея номуснинг зўридан қайтолмаяпти. Шоҳиста шўрлик йиғлаб олдимга чиқади. «Ёлғиз гувоҳ сизсиз, тўғрисини айтинг», дея Фарида ҳам зорланиб келади. «Фарангиз туппа-тузук юрганди», деган гапдан бошқа сўз айта олмайман. Шу кунларда кўзи ёриши керак бўлган келинчак боласи туғилгач, оиласига қайтишга умид қилиб яшаяпти...

Виждон азоби энг даҳшатли оғриқ экан... Унинг давоси тавба ва кечирим сўраш. Тавба дея ичимда гуноҳимдан ўтишини Яратган сўрасам-да, ёнгинамдаги қўшнимдан узр сўрай олмаяпман...

Ярим кечаси уйғониб кетаман-да, тонг отса, ҳаммасини Шоҳистага айтаман, дея ўзимга сўз бераман. Аммо эрталаб яна бу ниятимдан қайтаман. Ахир нима деган одам бўламан? Ҳали келин тушириб, яна бир қизимни узатишим керак? Туҳматчи, ҳасадгўйлигимни билганлар мен билан қуда бўлармиди? Хуллас, юрагим ёниб, виждон азобида қоврилиб сизларга қўнғироқ қилаяпман. Балким газетадан ўқиб қолишар? Яна мендек аламзадалар тўғри хулоса чиқаришар.

Шоҳста, кечир, мени! Йилар давомида сенинг меҳрингга заҳрим билан жавоб бериб келдим.

Фарангиз, бегуноҳ, фариштадек келинчак, олдингда гуноҳим катта! Номингга доғ туширдим. Она бўлганингдан кейин оқланишингга ишонаман, қизим!

Ҳабиб, биламан, эркаклик ғурури сабаб аёлингни кечира олмаяпсан. Ишон, у фаришта! У вафодор!

Кечиринглар мени... 

Оила фожиаси: Аёлидан пул оладиган эр ва барча нарсани муҳайё қилиб фарзандидан меҳр кутаётган ота…

…Анча йиллар муқаддам бир таниш савдогар аёл билан суҳбатлашгандим. – Авваллари эримга пулни қанча сўраса, санамай бераверардим. Ҳозир қачон, қанча олди, ҳаммасини дафтарга ёзиб қўяман, – деганди у қўлларини белига тираб, мамнун оҳангда. – Ўғлим ҳам отасининг гапларига терс жавоб қилиб: «Менга пул керак бўлса доим онам беради, сиз нега пул топишни...

ЎТМИШНИНГ ЭШИГИНИ ЁПМАНГ!

— Ойи, мен қаердан пайдо бўлганман? — Умиджон ойисининг оёқларига осилди. — Сенми? — Зулайҳо газета ўқиб ўтирган эри томонга қаради, ўғлининг саволидан Ботир ҳам ҳушёр тортди. — Сени катта, чиройли уйдан олиб келганмиз. У ерда болалар кў-ў-ўп эди, сен уларнинг ичида энг ёқимтойи эдинг! Даданг билан сени кўрдиг-у, шу заҳоти яхши кўриб қолдик! —...

КУТИЛМАГАН УЧРАШУВ

Уфқ оқара бошлаганда, тонги сабо ҳали уйғонмаган танага оромбаҳш хузур ато этаётганда Тошкент махаллалари кўчаларидан таралаётган турли хил шовқинлар, овозлар ва ўзига хос шаҳарнинг уйғонаётганини билдирувчи ифорларни ҳеч нарса билан тарифлаб бўлмайди. Қадрдон шаҳрингнинг кўҳна тарихига ўзингни дахлдор ҳис этиш, эндигина тандирдан узилган ноннинг,...

КЎРДИК

КЎРДИК... Хамма  нарсангизни  селфи  қилиб  жойлабсиз... - Кўрдик, анвойи таомлар ебсиз.  Қанча инсонлар бир бурда нонга зор. - Уйингиз ҳашаматли экан.  Қанча инсонларнинг ўз уйи йўқ ёки ижара ҳақини тўлолмаяпти....

Қорли йўл (Ҳикоя)

Жулдурвоқи ёқали, йўл-йўл пешбандли кенг кўйлакдаги она отхонадан отларни олиб чиқди. Йиллар унинг белини дол қилган, у бу ишлар учун энди кексайиб қолганди. Чеккага бориб тўхтади, жониворнинг қорнига аста шапатилаб, қозиққа боғлади; оғир-оғир нафас олиб, кўкка узоқ тикилиб қолди....

АҚЛНИНГ УСТУНЛИГИ

Бино қурилишида ишлаѐтган ѐшгина хизматчи барчадан устунлигини пеш қилиб, ўзидан кексароқ ишчининг устидан куларди. Кекса хизматчининг жонига тегди ва:...

Муҳаббатнинг ташрифи баҳор...

«Ҳамма ишонса ҳам, мен бу гапларга ишонмасдим... Эрим дом-дараксиз йўқолган бўлса-да, уни Суриядаги жангарилар сафида тасаввур қилолмайман. Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. У мени, бизни севади, юрагида муҳаббати бор инсон эса ҳақ йўлдан адашмайди...» Қўлимдаги мактуб айни шундай сўзлар билан бошлаганди. ...

Кайтмайди...

Вакт топиб сайтга кирасиз, сиз севган профил учик... Кук чирок ёнишини интизорлик билан кутасиз, лекин уу йук......

КЕТМОНБОЗЛИК КУРБОНИ…

Якинда Тошкент вилояти Бостонлик туманидаги Газалкент шахарчасида икки еркак ортасида катта жанжал юзага келди. Улардан бири, мукаддам судлангани колидаги кетмон билан иккинчисинг бошига туширди. Жабрланувчи дархол касалхонага олиб кетилди. Афсуски, жарохат ота жиддий екан. Врачлар унинг хайотини саклаб кола олишмади. Жабрланувчи ертаси куни...

Ё хотининг билан ажрашасан, ё сени оқ қиламан!

Ёшликнинг ғайрат-шижоати инсоннинг дастини узун қилади. Айниқса, севиб қолса, ўзини ҳамма ишга қодирдек сезади, қўли ойга етгудек бўлади. Аммо оила қургач, рўзғор ташвиши елкасига тушгандан кейин шашти бироз пасайиб қолади. Раҳимжон ҳам ёшликнинг учқур отида, орзулар қанотида учиб юрганида, бир қизни севиб қолди...

Фикр қўшиш