ЧИН ТАҚДИР
Дилноза турмушга чиққанида эндигина ўн саккизга тўлган навниҳол эди. Унинг учун ҳамма қарорни ота-онаси беришди. Тўйдан олдин куёвни бир кўрсатиб, кўнглини сўрашди, холос. «Билмадим!» — Дилнозанинг қизариб айтилган шу сўз розилик ўрнига ўтди. Тўй бўлди, оилавий ҳаёт бошланди.
Илк даврда Дилноза ким яхши гапирса, унда яхши одамни кўрди, ундан мадад кутди. Хатолари кўп бўлди, лекин уни тушунишди, кечиришди. Ахир, қайнонаси Маҳфуза опа ўзи яхши кўриб келин қилганди-да. Эри эса... Жавлон йигирма беш ёшлик, университетни тамомлаб, нефт-газ компаниясида мутахассис лавозимида ишлаётган, жиддий, босиқ ва туйғуларга хасис инсон эди. Ишга эрталаб кетганча қош қорайганда қайтади, индамай телевизорини кўриб овқатланади ва ётоқхонага йўналади. Фақат бир нарса келинчакка ёқарди: ҳар куни эрталаб эрини ишга кузатиб ётоқхонага кирганда пардоз столи устида шоколадми, рафаэлломи, хуллас, шунга ўхшаш ширинлик турган бўлади. Бу эрининг унга кўрсатган этибори эди.
Ҳа, эри уни севмасди, шунчаки онасига ёққан қизга уйланганди. Лекин Дилноза ўзини бахтсиз ҳис қилмасди. Чунки қайнонаси уни ҳаммага мақтар, овсини опадек меҳрибон, қайнотаси отасидек ғамхўр эди. Орадан вақт ўтиб, Жавлон унинг соддаларча айтган гапларига куладиган, базида ишхонадан қўнғироқ қилиб аҳволи ва кайфиятини сўрайдиган бўлди. Ана шу телефон орқали мулоқотларда эрининг тўғридан-тўғри гаплашганда сезилмаган илиқлиги, меҳри ёрқинроқ туюларди. Жавлон ёмон одам эмас, унга нисбатан кўнглида нимадир бор, фақат буни айтолмайди. Шу хаёллардан келинчакнинг боши осмонга етарди.
Бора-бора улар бир-бирларига ўрганиб кетдилар. Ҳаммаси изга тушди, фақат...
***
— Йўқ, ойи, тегмайман унингизга! Иккинчи хотин бўлмайман икки дунёда ҳам!
— Тегасан! Шунақанги тегасанки... Шарманда қилганинг етмагандек, яна ўша гўрсўхтанг билан гаплашаяпсанми? Яхшиям аканг телефонингни титиб билиб қолди. Бўлмаса қочиб кетмоқчи экансан-да ўша билан, ергина юткур!
— Менинг Жавлоним катта раҳбар, қўл остида фалонча одам ишлайди. Қўлини қаёққа узатса, етади. Фақат шу келиним сал нобопроқ чиқди-да. Ўзим яхши кўриб келин қилгандим, бўлмаса. Туппа-тузук оиланинг фарзанди. Лекин бепушт экан. Мана қаранг, 7 йилдирки, туғмайди. Ўғлимнинг боши хам, у тенгилар ўғилларини суннат тўй қилиб, мактабларга етаклаб олиб чиқишди.
— Унда айтинг, умри ўтмасин, ажрашиб бошқага уйлана қолсин.
— Минг марта айтдим, кўнмайди. Хотинини яхши кўрармиш. Бошида бу писмиқ келин ўғлимга эмас, менга ёқарди. Ўғлимнинг шунга меҳри тушсин деб нималар қилмаганман. Кейин яхши бўлиб кетишди. Фақат туғмади. Туғмагани етмагандек, имиллаб иш қилиши, меровлигини айтмайсизми?
— Ажрашгиси келмаса, хотин устига уйлансин Жавлонжон. Ўзим унга қизимни иккинчи хотин қилиб бераман!
— Ўғлим, бу боланг энди бўлмайди, шекилли. Кел қўй, шу касал бола туғадиган хотинингни. Дугонам Санобарнинг қизини ол. Хотинингни қўйворишинг шарт эмас, дугонамнинг қизи иккинчи бўлишга рози.
Санам бошини қайси деворга уришни билмайди. Ҳеч қачон бундай аҳволга тушмаган, доим ҳар қандай мушкул вазиятдан ҳам йўлини топиб чиқиб кетганди. Аммо бу сафар иш анча жиддий. У – оиланинг эркаси, уч ўғилдан кейин дунёга келган қиз. Ота-онаси оғзидан чиққанини муҳайё қилишди, акалари еру-кўкка ишонишмади. Хуллас, у ўзини дунёда ягона маликадек ҳис қилиб ўсди. Ҳусни мўл, аммо ақли оз бўлди. Мулоҳаза қилиш, бировнинг кўнглиги қараш деган нарсалар унинг хаёлига ҳам келмаган. Истадими, демак, у истак амалга ошиши керак. Малик билан бир мактабда ўқишганди. Йигит армиядан қайтгач, уни севги изҳорларига кўмиб ташлади. Санам унга ўзини топширди. Кўп ўтмай вужудида бу тақиқланган муҳаббатнинг меваси пайдо бўлди. Айни шу пайтда Маликни гиёҳванд моддалар савдосида айблаб қамоққа олишди ва озодликдан маҳрум этишди. Онаси Санобар опа Санамнинг ҳолатидан хабар топгач, нима қиларини билмай қолди. Аммо жуда тадбирли жувон эмасми, йўлини топди. Шаҳарда яшайдиган иккинчи келинининг ҳомиладорлиги Санам билан деярли бир хил муҳлатда экан. Дарров қизни ўша ёққа жўнатиб юборди. Орадан олти ой ўтиб, келини ва қизининг бир ҳафта оралиғида кўзлари ёриди. Келиним эгиз туғди дея Санамнинг қизини ҳам ўғлининг фамилиясига ёздириб расмийлаштирди. Шу билан ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолди. Санам эса шаҳардаги бир фабрикада ишлай бошлади.
Санобар опа ёзда саноторийга дам олишга бориб, у ерда курсдоши Маҳфуза опа билан учрашиб қолди. Икки дугона роса ҳасратлашишди. Албатта, бош мавзу келинлар эди. Санобар опа келинларининг эпсизлиги, ўғилларининг ношудлигидан нолиди. Маҳфуза ая, аксинча, яккаю ёлғиз ўғлини оғзидан бол томиб мақтади:
Санобар нега қизини иккинчи қилиб бермоқчи, бир балоси бордиров деган ўй Маҳфуза опанинг хаёлидан ўтди. Лекин дугонаси қизини бир «наркоман» зўрлаб қўйгани, ҳозир шу туфайли қамоқдалиги, қизи ўзини ўлдирмоқчи бўлгани-ю Худо асрагани ҳақидаги эртакка уни ишонтирди. Дам олишдан қайтишда дугоналар аҳдни бир жойга қўйиб, ўзаро телефон рақамлари алмашиб хайрлашишди. Аммо бу хабарни Санам кескинлик билан кутиб олди. Чунки Малик шу кунларда қамоқдан чиққан ва улар «одноклассники» орқали мулоқот қилаётгандилар.
***
...Маҳфуза ая ўғлини нима қилиб бўлса ҳам иккинчи марта уйлантириш аҳдида уйга қайтганида уни хушхабар (ё шумхабар – қайси тарафдан қарашга боғлиқ) кутаётганди. Келини Дилноза ҳомиладор эмиш. Аввал қувонди, лекин энди ўғли бир умр шу «минғаймас» келин билан яшаб ўтиши кераклигини ўйлаб, ичидан зил кетди. «Жуда бемаврид юкли бўпти-да келин. Энди Санобарга нима дейман?»
Нима ҳам дерди, ростини айтди. Санобар опа шундай имконият қўлдан чиққани учун тақдирдан, қизининг шўр пешонасидан нолиди. «Сен норози бўлдинг, шукр қилмадинг, Худога хуш келмади бу, ана, шундай йигитдан қуруқ қолдинг!» деб Санамни қарғади. Санам эса ўзига ёқмаган номзоддан осон қутулгани учун хурсанд эди. Лекин хурсандчилиги узоққа бормади: Малик уйланаётгани ҳақида хабар келди.
***
Дилноза тўққиз ой анча қийналди. Айниқса, ҳомила тўрт ойлигида скрининг текширувидан ўтганда шифокорлар қўйган ташхис унинг дилини вайрон қилди: ҳомила соғлом эмас, Даун касаллиги билан туғилиш хавфи жуда юқори. Шифокорлар ҳомиладорликни тўхтатишни таклиф этишди, лекин Дилноза ундай қила олмасди. Ўзи неча йилда етишган бахти, яна биринчи ҳомиладорлик, аборт қилдирса, асоратлари ёмон бўлиши мумкин. Шуларни ўйлаб ҳеч кимга мудҳиш ташхис ҳақида индамади. Ҳатто, эрига ҳам. Нима бўлса, пешанамдан деб туғишга қарор қилди. Эри унга жуда меҳрибон, еру-кўкка ишонмасди. Шунча йиллар давомида Жавлон ва Дилноза бир бирларига кўнгил қўйиб, боғланиб, бир тану бир жон бўлиб қолишганди. Жавлон Дилноза ҳомиладор бўлмаган тақдирда ҳам, қўйиб юбормоқчи эмасди. Ҳеч қачон! Умуман!!!
***
«Даун касаллиги». Жавлон чақалоқнинг ташхисини эшитиб, карахт бўлиб қолди. Салкам 8 йилда Оллоҳ унга берган бахт нега бундай кемтик? Қайси гуноҳлари учун? У барча ожиз бандалар каби бошига тушган ишни синов эмас, жазо деб биларди. Устига-устак, бу ташхисни Дилноза анча аввал билганини эшитиб, жони ҳалқумига келди. Демак, хотини ўзининг оналик бахти учун ҳамма нарсани қурбон қилибди, Жавлоннинг энди бутун умр боши эгик, умри ҳасратда ўтишини ўйламабди. Фақат ўзини ўйлабди, у билан маслаҳатлашмабди. Шундай ўйлардан қийналиб юрган ўғлининг аҳволини она бадтар қилди. Ҳар куни Дилнозани қарғаб, ёмонларди, унинг мақсади келинни туғруқхонадан уйга олиб келмасликка Жавлонни кўндириш эди. Аммо Жавлон бундай қила олмади. Дилнозани уйга олиб келди.
Касал болани боқиш осон эмас. Дилноза ҳар сафар поликлиникага чиққанида ўғлида янги бир касаллик аломатини топишарди. Бола шўрлик турли дори ва уколлардан вужуди эзилиб, ўсмай, сарғайиб, сўлиб борарди. Бу ёқда Маҳфуза опа келинни ҳамма нарсага айбдор санашни қўймасди.
Бир сафар Дилноза ўғли билан шифохонага тушиб қолди. Боланинг юрагида қусур бор экан. Бу Жавлон учун яна бир зарба бўлди. Мастура опа пайтдан фойдаланиш вақти келганини сезди.
Ҳафталик зорланишлар, «ўлиб қоламан» деб қўрқитишлар натижасида Жавлон Санамга уйланишга кўнди. Фақат шарт шуки, Дилноза буни билмаслиги керак. Санам ва унинг онасига ҳам аҳвол тушунтирилди. Улар ҳам бунга кўнишди. Санам Маликдан аламини олиш учунгина Жавлонга тегишга рози бўлганди. Никоҳ ўқитилди, ўн чоғлик хотинлар чақириб худойи қилинди. Жавлон Санам учун уй ижарага олди. Хотини шифохонадан чиққач, у икки рўзғорлик эр сифатида турмуш кечира бошлади.
Дилноза нималарнидир сезгандек бўлди, албатта. Аммо фарзанди билан банд хаёли бу сезгиларга ортиқча урғу бермади. Ҳаёт бир маромда давом этаверди. Токи Жавлоннинг синглиси Фарангиз келинойиси билан уришиб қолмагунча. Арзимаган нарсадан чиққан гап талашув жараёнида Фарангиз аллақачон акасининг бошқа аёлга уйланиб олганини келинойисига айтиб қўйди!
Дилноза ота уйига кетди ва кўп ўтмай ажрашиш ҳақида ариза берди.
***
...Оёқ-қўли чандиб боғланган, оғзига латта тиқилган Маҳфуза ертўлада нафас етишмай қийналиб ётарди. Жавлон эшикдан кириб келганда негадир уй бесаранжом кўринди. Ҳовли жим-жит. Қизлари ҳали боғчада бўлса керак, аммо онаси қани? Санам-чи? У онаси ва хотинини чақира бошлади, лекин ҳеч ким овоз бермади. Ҳовлига чиқиб, ертўланинг эшиги очиқ турганига кўзи тушди ва ўша ёққа йўналди... Жавлон то онасини бўшатиб олгунча «Ишқилиб соғ-саломат бўлсинлар-да» деган ўй вужудини титратиб турди.
Ҳаммаси Санамнинг иши эди. У яна Малик билан топишиб олганди. Маликнинг хотини кетиб, ўзи моддий қийинчиликлар домида қолганди. У яна Санамнинг бошини айлантирди. Шу даражадаки, бир-биридан ширин икки қизи ҳам аёлнинг кўзига кўринмади. Эри ишга кетганида дарвозани Малик ва унинг ҳамтовоқларига очиб берди. Улар Маҳфуза аяни ертўлага олиб тушиб тинчитиб чиқишгач, уйдаги қўлга илинган нарсаларни олиб кетишди. Сейфни оча олишмади, шундайича кўтариб кетишди. Санам Маликдан ортда қолмай, машинанинг олди ўриндиғига ўтириб олди.
Жиноятчилар узоққа кета олишмади, қўлга тушишди. Санам икки боласини рўкач қилиб жавобгарликдан қутулмоқчи эди, аммо Жавлон уни оналик ҳуқуқидан маҳрум эттириш учун судга ариза берди. Суд унинг талабини қондирди. Энди Жавлоннинг 4 ва 3 яшар қизалоқлари ҳам расман, ҳам жисман онасиз қолдилар.
Болаларга она керак эди. Мастура ая яна келин қидиришга тушди. Лекин Жавлон бу сафар кимга уйланишни ўзи ҳал қилишини айтди.
У ҳамон Дилнозани яхши кўрарди. Ажрашганларидан кейин уни назардан қочирмади. Ногирон ўғли учун ҳамма нарсани муҳайё қилди. Бир марта Дилнозани эрга бермоқчи бўлганларида, куёвликка давогар билан гаплашиб никоҳга йўл қўймади.
Жавлон Дилнозани етаклаб кириб келганда Маҳфуза ая аввал довдираб қолди. Кейин гап нимадалигини тушунди... Тақдирга тан берди. Болаларини дуо қилди.
Тақдирлар аршда ёзилади, ерда рўй беради. Яратган пешанамизга ёзган чин тақдирдан ҳеч қочиб қутула олмаймиз. Бир бузилиб, қайта тикланган, бугун беш фарзандни бирдек бахтиёр этиб тарбиялаётган (Дилноза яна икки фарзанд кўрди) ушбу оиланинг бахти бардавом бўлишига ишонамиз, зеро қаҳрамонларимиз ота-оналар аҳди билан боғлаган ва ўз меҳнатлари билан мустаҳкамлаган ришта ҳеч узилмагай.