ҲАЁТИЙ ВОҚЕА: ЮҚУМЛИ ОДАТ

ҲАЁТИЙ ВОҚЕА: ЮҚУМЛИ ОДАТ
ҲАЁТИЙ ВОҚЕА: ЮҚУМЛИ ОДАТ


Қаранг, ҳаётда бази бемаза одатлар ҳам юқумли бўларкан. Бир воқеани айтиб берсам, бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қиласиз.
Нормурод ҳам кўп қатори ичиб туради. Лекин кишини хурсанд қиладигани, у базиларга ўхшаб "ўчиб” қолмайди. Давраларда ўтириб қолса, шерикларини бирма-бир йиқитиб, ҳеч нарса кўрмагандай туриб кетаверади. Шунга яраша эл-улуснинг орасида ҳурмати баланд. Бази хотинлар маст бўлавериб безор қилиб юборган эрини "Нормуродга ўхшаб ичсангиз ўласизми?” дея қарғашади.

Бунинг устига, Нормурод жуда меҳмондўст. Бот-бот улфатларини уйига чорлаб, зиёфат беришни яхши кўради. Ўзи камбағалгина йигит, лекин ҳиммати унча-мунча бойларникидан зиёд. Бир марта тузини тотган одам анча вақтгача уни оғзидан бол томиб мақтаб юради.

Яқинда Нормуродникига узоқроқда яшайдиган жияни Мирзабой меҳмон бўлиб келди. Бундан унинг боши осмонга етди. Тоға-жиян анчадан бери кўришмагани учун бир-бирини соғиниб қолган экан. Кечқурун тўкин дастурхон устида роса ҳангома қилишди. Бирин-кетин бўшаётган шишалар икковининг ҳам қулфи-дилини очиб юборди. Лекин кўп ўтмай Мирзабойнинг кўзлари сузилиб, ўтирган жойида чайқала бошлади. Гап-сўзларидан ҳам маза қочди. Нормуроднинг икки йилча ўсал ётиб, бултур қазо қилган онасини эслаб кўзига ёш олди.

—Битта-ю битта момомнинг қадрига етмадим, тоға! – деди у кўксига муштлаб. – Уни ҳали-бери ўлади деб ўйламабман. Билганимда кунда-кунора келиб аҳволидан хабар олмасмидим... Моможоним-ов!


—Нега увиллайсан? Ёки бирон жойинг оғрияптими? – деб сўради ундан.

Аслида маст бўлишнинг ижобий жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Базилар тўйиб ичса, кўнгли юмшаб, анча одамшаванда бўлиб қолишади. Мирзабой ҳам раҳматли момоси касал ётганида бирон марта қорасини кўрсатмаган эди. Ичкиликнинг шарофати билан ана шу хатосини тан олиб, чин дилдан надомат чекиб ўтирибди.

Лекин шакарнинг ҳам ози яхши дейишган. Қўйиб берса, Мирзабойнинг марҳум кампирга атаб марсия айтадиган шашти бор. Нормурод уни тўшакка ётқизди-да, гўдакка алла айтгандай бир амаллаб ухлатди.

Нормуроднинг озгина иримкашлиги ҳам бор. У очилган шишадаги ароқ охиригача ичилмаса, рўзғордан барака кўтарилади деган гапга ишонади. Шунинг учун яримлаб қолган зормандани бўшатиб қўйишга қарор қилди.

Хуллас, айвонда ёлғиз ўзи базм қуриб ўтирган эди. Кутилмаганда меҳмонхонадан аллақандай увиллаган овоз эшитилгандай бўлди. У аввалига қўшнимизнинг кучуги улиётган бўлса керак деган хаёлда бунга унчалик этибор бермади. Аммо ваҳимали овоз тобора забтига олиб, бир чеккада ухлаб ётган хотини ҳам уйғониб кетди.

— Ичкарида бўри увиллаяптими?

Меҳмонхонада жияни ётгани эсига тушиб, Нормуроднинг капалаги учиб кетди. Хонтахтанинг тагида юмалаб ётган бўш шишани қўлига олиб ўшаёққа югурди. Эшикни шарақлатиб очиб, меҳмонхонанинг чироғини ёқди. Хайрият, уйда бўри йўқ экан... Унда ваҳимали овоз қаердан келаётган экан, дейсизми? Гап шундаки, қават-қават кўрпачада ялпайиб ухлаб ётган Мирзабой уйқусида осмонга қараб ув тортаётган экан.

Одам боласи чин дилдан увилласа, бўри-ю шоқоллар ҳам уятдан ер чизиб қоларкан. Мирзабой ҳам бу ишнинг жуда ҳадисини олган шекили, чўзиб-чўзиб, оҳангдор нола қиляпти. Базан нафас олмасдан бирига иккинчисини улаб юборади. Овозида чексиз ғам-ғусса, ҳасрат бор. Эшитган одамнинг кўнгли бузилиб, кўзига ёш келади.

Нормурод хотинининг олдида жуда изза бўлди. Жиянини турткилаб-силталаб бир амаллаб уйғотди.

Кайфи тарқаб улгурмаган Мирзабой жавоб ўрнига қонталаш кўзларини хунук олайтириб қўйиб, яна ўзини тўшакка ташлади. Нормурод бир текис ётса овози ўчар деган умидда унинг бошидан ёстиқни олиб қўйди. Лекин хаял ўтмай жияни ёқимсиз хонишини қолган жойидан давом эттирди. Унинг дастидан Нормурод эрталабгача мижжа қоқмай чиқди.

Мирзабой чошгоҳга яқин ҳеч нарса бўлмагандай бардам-хушчақчақ бўлиб уйғонди. Афтидан, оқшом увиллаганида ичидаги ғуборлари ювилиб кетган бўлса керак. Лекин Нормуроднинг аҳволи мақтагулик эмас эди. Уйқусизликдан улкан калласи баттар оғирлашиб, қовоқлари дўмбирадай шишиб кетган. Қулоқларининг тагида қовоғарининг ғўнғиллашига ўхшаган овоз эшитилади. Наҳорда бир-икки пиёла ичсам ўзимга келарман деб умид қилган эди. Лекин бу тадбир ҳам кор қилмади. Мирзабойнинг эса баттар қулфи-дили очилиб кетди. У анча вақт бир нималарни валдираб ўтирди, бироқ Нормуроднинг калласига ҳеч нарса киргани йўқ.

Ниҳоят Мирзабой тоғасининг дастурхони энигаям-бўйигаям кенгайишини тилаб дуо қилиб, ўрнидан турди.

— Бир-биримиздан узоқлашиб кетмайлик, тоға, — деди у кета туриб. – Вақт топиб сиз ҳам бизникига ётадиган бўлиб боринг. Мириқиб гурунглашамиз.

— Насиб... – дея ғулдиради Нормурод ён томонга қийшая бошлаган калласини қўли билан тўғрилаб қўйиб. Мирзабой у билан қуюқ хайрлашиб, уйига жўнади.

Нормурод кун бўйи жиянининг аҳволидан қайғуриб юрди.

— Одам ҳаддини билиб ичмаса қийин-да, - деди у кечқурун хотинига афсус билан. – Шўртумшуқ бу кетишда адойи тамом бўлади. Бугунча меҳмон деб иззатини қилдим. Бирон кун уйига бориб, яхшилаб насиҳат қилиб келмасам бўлмайдиганга ўхшайди. Жондай жияним, ичим ачийди-да.

Кўп ўтмай Нормурод тоғалик бурчини адо этиш учун жияниникига йўл олди. Шу кетганича эртаси куни шомга яқин чайқала-чайқала уйига кириб келди. Тоға-жияннинг тупроғи бир жойдан олинган, дейишади. Мирзабойникида ҳам меҳмондорчилик қуюқ бўлгани кўриниб турарди.

— Жиянни роса тузладим, - деди у хотинига мақтаниб. – Бизникида қилган бемазагарчилигини... рўй-рост бетига айтдим. Одам деган бўрига ўхшаб улиса, ҳайвондан нима фарқи қолади... дедим. Оғзимга келганини қайтармадим. Насиҳатим тасир қилди каллаварамга! Шўрқиллаб йиғлаб қўяверди... "Келининингиз ҳам шу одатимни юзимга солавериб безор қилди. Тавба қилдим, тоғажон, эртадан бошлаб ичишни камайтираман” деб сўз берди... Ишқилиб, борганим яхши бўлди, хотин...

— Ҳа, қойиллатибсиз, — уни маюс кузатиб ўтирган хотини маноли бош чайқаб қўйди.

Нормурод жиянига панд-насиҳат қилавериб чарчаган шекилли, бир пиёла чой ичишга ҳам ҳоли келмай ухлаб қолди. Хотини одатдагидай рўзғор ташвишлари билан андармон бўлиб кечроқ ётди. Лекин у кўзи илинар-илинмас шундоққина ёнида эшитилаётган аллақандай қўрқинчли овоздан чўчиб уйғониб кетди. Не кўз билан кўрсинки, қаватида чалқанча ухлаб ётган эри дўрдоқ лабларини чўччайтирганча бўри бўлиб увларди...

Хуллас, бояқиш Нормурод савоб иш қиламан деб кутилмаганда шундай иллатга дучор бўлиб ўтирибди. У жуда ориятли йигит. Кунда-кунора увиллаб, уйдагиларнинг ҳам, қўшниларнинг ҳам тинчини бузаётганидан доим кўнгли хижил бўлиб юради. Ўзини дами ўткир домлага ўқитди, қўшноч кампирга аласлатди, лекин фойдасини сезмади. Яқинда азза-базза шаҳарга бориб, катта дўхтирларга ҳам кўриниб келди. "Ҳозирча бу касалликнинг давоси топилгани йўқ, — дейишибди улар. – Бирон янгилик бўлса, ўзимиз хабар берамиз. Унгача сиз бемалол увиллайверинг, бунинг ҳеч қандай зарари йўқ”. Шундан бери Нормурод умид билан дўхтирларнинг хабарини кутиб юрибди.

Ғафур Шермуҳаммад

ПЛАСТИК ЖАРРОҲ МОНОЛОГИ

Сизга бир нарсани айтиб қўяй. Бизнинг мамлакатда пластик жарроҳлик касби ҳозирги кунда жуда анъанавий бўлиб кетди. Ҳа, хадқ орасида бизни қандай аташади, биласизми? Башара бузувчилар ва тузатувчилар…...

Такдир

Оз севгим олдида дардларим фирок.  Дардим айтолмайман мен унга бирок.  Вужудимни босар кандайдир титрок.  Нега уни менга учратдинг такдир....

Ҳаёт тўфони сизга таҳдид қилса, қўрқманг!

Ёш  эр-хотин бир-бирини жуда яхши кўрар, тинч-осуда ҳаёт кечиришар эди. Уларнинг табиатлари бир-бирига тескари бўлиб, хотин серҳиссиёт, эр эса босиқ эди. Кунларнинг бирида денгиз сафарига чиқишди. Кечаси бирданига кучли шамол қўзғалди. Тўлқинлардан кема даҳшатли чайқалар, одамлар қўрқувга тушиб бақира бошлашганди....

Ичкуёвлик таклифи!

Менинг исмим Бахтиёр. Ёшим – 28 да. Тошкентликман. Доимий рўйхатим холамнинг уйларида. Ўзим ҳам холамнинг уйларида укам билан яшайман. ...

БОЛАЖОН… (Hikoya)

Ҳал қилиб бўлмайдиган муаммолар йўқ, вақтида қабул қилинмаган қарорлар бор. Эдмунд Бёрк Чақалоқнинг қорни тўйиб, кўзлари сузилиб кета бошлади. Бироздан сўнг ухлаб қолади. Боягидай ютоқиб эммаётган бўлса-да, кичик оғизчаси кўкракни қўйиб юбормайди. Аммо эмиш оралиғи узайиб бораверади. Бора-бора чизиб қўйилгандай лаблари маммани қўйиб юборади. Оғзи...

РАШК ЕНГ ХАВФЛИ ХАСТАЛИК БЕЛГИСИДИР…

нглиялик 23 яшар киз Еви Мур севган йигити билан озини жуда бахтли хис етарди. Аммо кейинги пайтларда хеч кандай сабабларсиз уни бировларга рашк кила бошлади. Озини ози тушунмай колди. Нима учун кутилмаганда рашк кила бошлаганини англай олмай хуноб болди. ...

Воз кечилганлар – улар ким?

Психологияда шундай тушунча бор: воз кечилганлар, кераксизлар. Воз кечилганлик дастури киши онгостига ёзилиб қолади ва кейинчалик турли муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Шу ўринда савол туғилади: кераксизлар – улар ким? Бу тоифага кирувчилар қуйидагилардир:...

КАЛТАБИННИНГ КАСОФАТИ…

Лолахонни Олтинкоргоннинг олди хонадонига беришганди. кишлокнинг енг келишган, чиройли кизи болгани учунми, куйов болмиш Нёматжон унга тилаб-тилаб уйланганди. Аслида, ози хам йомон бола емас. Йигитмисан йигитдек, кош-козлари коп-кора, хар кадам ташлаганда тогларни зириллатгулик кучи бор, колхозда бош хисобчи еди… Нима килсин?!...

Жумбок 1 кисм

Самшод бохчага бора бошлаган кезлари Эди Бохча даврида у жудахам чиройли бахтли Эди кунлар ширин хаёллар огушида утар Эди Кунларди бирида эшик очилиб бохча опа Билан жажжигина ширингина кизча кириб келди Самшод бохча опаси Билан бирга келган Кизга термулиб кораб турарди жажжигина кизалокнихам Самшодга нигохи тушди Орадан куп утмай Самшод янги...

КАРИМ КИССАВУР… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

Бугун Карим киссавурнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Эрта тонгданоқ иши юришмади. Келишиб олишганми, бекатда биронта ҳам тиқилинч автобус топа олмади. Таваккал бир хўппа семиз аёлнинг сумкасига қўл чўзганди, бобиллаб берди....

Фикр қўшиш