Поччамни умр йўлдошим, дея олмайман”
Поччасига турмушга чиққан қизнинг кечинмалари
Бугунги куним ҳам гап эшитишдан бошланди. Сабаби... бир қарашда оддийгина, у кийиши керак бўлган кўйлакнинг ўрнига бошқасини дазмоллаб қўйганим... Йўқ, сабаб кўйлакда эмас, беш дақиқада унинг истаганини тахт қилиб беришим мумкин, аслида ҳамма гап яраланган кўнгилларимизда... Болалар ҳам ҳойнаҳой уйғонишган бўлишса керак. Дадасининг важоҳатидан қўрқиб, хоналарида ўтиришгандир...
Эшик қарсиллаб ёпилиши билан Мухлиса хонасидан югуриб чиқди. Деразадан ҳовлига бир қаради-да, отасининг машинаси ўт олгач, ёнимга ўтирди.
— Хола, дадам ишга кетди, то қайтгунича сизам кета қолинг. Укамга ўзим қарайман, — ўн яшар қизча бу сўзларни дона-дона қилиб ишонч билан айтгани юрагимни баттар эзди. Унга нима деб жавоб қайтаришни билмай каловланиб турганимда, "Ойи”, деганча кўзларини ишқалаб Муслимбек бўй кўрсатди.
— Ойимас, хола дегин! — Мухлиса энди укасига қараб қўлини ниқтаб гапирди.
Эндигина уч ёшдан ошган жияним бу гапнинг мағзига етмай бағримга ўзини отди. Мен эса бўғзимга тиқилган йиғини ушлаб туролмадим. Қучоғимдаги уйқуси очилмаган, ҳали бу дунёнинг аччиқ ҳақиқатидан бехабар, ширингина болакайни «Болам» дея эркалай олмай, лабимни тишлаганча ўксиб-ўксиб йиғладим... Фақат йиғи аралаш бир сўзни такрорлардим: Опа, опажон...
***
— Опа, опажон! Қаранг, капалак, тутиб беринг!
Хотирам қатидаги энг биринчи воқеа — опам иккимиз боғда ўйнаб юрганимизда унинг менга капалак тутиб бергани. Опам мен туғилганимда ўн ёш бўлган. Мени ўзи катта қилган. Уни ҳаммадан кўп яхши кўрардим. Келинлик либосини кийганида роса йиғлаганим, «Кетманг», дея ялинганим, мени опамдан айирган куёвни жуда ёмон кўрганим, Мухлиса — чақалоғидан қизғанганим — ҳаммаси бир пайтлари мен учун ширин хотира эди. Энди эса... ҳаёт опам билан бирга бу хотираларимни ҳам юрагимдан юлиб олгандек...
Опам эндигина ўттизга тўлганди. Унинг яшагиси, жудаям яшагиси келарди. «Туғсам, яхши бўлиб кетарканман», дея Муслимбекни дунёга келтирди. Доим «Болаларим онасига тўймай қолаверишадими?» дея юм-юм йиғларди. Мен уни овутиш учун ҳарчанд уринмай, нураб бораётганини ҳис қилиб турардим. Бир замонлар капалаклар тутиб берган, сочларимни ўриб қўйган, боғчаю мактабга қўлимдан етаклаб олиб борган, сирдошим, меҳрибоним кундан-кун саломатлигини йўқотаётганини кўриш дилимни азобларди. Аммо унинг дардларини ололмасдим. Гоҳида «Зарнигор, синглим, сени ҳам эзиб юбордим-а? Нима қилай, ойимга йиғлолмайман, шундоқ ҳам отам иккиси адо бўлишди. Поччанг эса оғиз жуфтлашим билан мени чалғитишга уринади», дерди.
Олти йилги оғриқлар, курашлар бир кунда тугади. Саратон бир аёл ҳаётини маҳв этди, ота-онани фарзанд доғида куйдирди, сингилни опасидан айирди, икки қоракўзни волидаси меҳридан жудо қилди, «Сен яшайсан» дея жуфтини фоний дунёга қўйиб юбормаслик учун унинг қўлларидан маҳкам ушлаган қўлларни ҳавода муаллақ қолдирди...
То опамнинг йил оши бўлмагунча ўлим ҳақлигини тан ололмадим. Аммо кичик жияним каби унинг шифохонадан қайтишини кутолмасдим, ҳар куни қон босими кўтарилиб кетадиган онам, пана-паналарда йиғлайдиган отамга қараб айрилиқнинг аччиғини янада тотардим.
Опамнинг маракалари ўтгач, у кишининг қайнонаси уйимизга серқатнов бўлиб қолди. Ота-онам қуда ҳола келиб кетгач, доим яна ҳам мунғайиб қолишарди. Мен қуда томон поччамни уйлантиришмоқчи эканлигини сезардим. Опам бу ҳақда менга охирги кунларида гапирганди. «Куним битиши аниқ. Мана, поччанг чет элларга олиб бориб ҳам даволатиб келди. Барибир, фойдаси бўлмади... Мен энди кўп яшамайман, умрим кам қолди... Ягона истагим, мендан кейин яхши аёл келсин ўрнимга», деганида унинг на кўзида ёш бор эди, на овозида титроқ. Мен эса раҳматлининг тақдирни тан олиб айтган бу гапларига чидолмай хонадан отилиб чиқиб, шифохона ҳовлисида сўзсиз кўз ёш тўккандим.
Ота-онамнинг қарорини эшитиб эса ҳовлимизнинг бурчагига бориб олдим-да, бир пайтлари опам мени учирадиган арғимчоқ боғланган дарахт ёнига тиз чўкиб, бор овозим билан «Опа, опажон» дея нидо қилиб йиғладим.
Нақ беш ой мен ҳаммани бу ниятидан қайтариш учун курашдим. Аммо яқинларимнинг бари бир сўзни дастак қилиб олганди:
— Опанинг болаларига бегона аёл оналик қилсинми? Уларнинг бошини ўзинг силасанг, марҳуманинг руҳи шод бўларди...
Муслимбек аввалбошдан мени «ойи» дерди. Чунки чақалоқлигидан ўзим унга қарадим, опам шифохонада муолажалар олаётганида алла ҳам айтган, қорнини ҳам тўйдирган мен эдим. Шунгами, ёшидан ошган гўдак мендан айрилгиси келмас, поччам уйига олиб кетса, яна «Ойимга бораман» деб бизникига талпинарди.
— Ойи, жиянларим биз билан яшай қолишсин. Поччам истаган пайти келиб кўради, олиб кетади уйига. Майли, мен оила қурмасдан ҳам уларга қарашга розиман, — дедим вазиятдан чиқиш йўлини топгандек бир куни онамга.
— Мурод ҳеч қачон болаларини бермайди. Бунинг устига, невараларим онасидан айрилгани етмагандек отасиз ўсишишини истамайман. Қизим... бу — ҳаёт, унинг синовига кўнмоқдан ўзга иложимиз йўқ... — онам менга бошқа сўз айтолмади. Мен ҳам уларга яна нимадир дея олмадим.
Охири кўндиришди... Бир ярим йилда энг суюклиларим — опамдан ва кўнгил қўйганимдан айрилдим. Раҳматли опам доим «Тўйингда «Хайр, сингилжоним!» дея қўшиқ айтаман! Сенга ўхшаб, «Келин кўйлагингизни ечинг», дея тўполон қилмайман», деб ҳазил қиларди. Менинг тўйим ҳам бўлмади, унда меҳрибонимга қўшиқ куйлаш ҳам насиб қилмади. Бир кунда қариндош-уруғларнинг катталари жам бўлиб, поччамнинг уйига олиб бориб қўйишди.
Мана, қарийб бир йилдан бери опамнинг уйида яшаяпман. Бувиси ҳар уйимизга келганида Муслимага мени «ойи» деб чақиришини уқтиргани-уқтирган. Муслима эса то катта бўлгунича холаси бу уйда уларга қараб яшаб туради, деб ҳисоблайди. Муслимбек онасини эслолмайди, у учун ойиси менман. Поччам... мен уни турмуш ўртоғим деб ҳам атолмайман. У эса мендан опамни излайди. Тополмагач, хуноб бўлади. Бизнинг на ташқи кўринишимиз, на фел-атворимиз ўхшаш эди. Иккимиз икки хил дунё эдик. Тағин ўртамиздаги ўн йиллик фарқ ҳам ҳар қадамда кўзга ташланади. Мен «жуфтим» дея унинг кўнглига ёқиш учун бирор ҳаракат қилишга ботина олмайман, у ҳам аёли сифатида мени қабул қилолмайди... Энг ёмони, иккимизнинг ҳам кўнглимиз ўзганинг дарди билан яраланган. У севиб уйланган опамни, мен севги нелигини англатган инсонимни қўмсайман... Аммо бу никоҳга барҳам беролмаслигимиз иккимизга-да кундек равшан. Чидашдан бошқа чорамиз йўқ... Базида балким у менга бироз меҳрибонроқ бўлса, кичик хатом учун ҳам жанжал ясамасдан, тушунтирса, ўргатса, кўнишим осонроқ кечармиди, деб ўйлайман. Яна ким билади дейсиз... Ота-онамга қўштирноқ ичидаги турмушимдан сўз очолмайман, улар катта қизини йўқотишгани етмагандек менинг ҳам бахтсизлигимга дош бера олишмаслиги аниқ. Сабр қилишим, курашишим лозимгини ҳам биламан. Ота-онамни куйган юрагини тирнамаслик, бағримда «Ойи» деб уйқусидан уйғонгиси келмаётган болакайни уйғотиб юбормаслик учун ҳам... Мухлиса эса ана ҳовлига чиқиб олиб, қайдандир эшитиб ёдлаб олганини айтаяпти:
«Ёрилгин, тош ёрилгин,
Мен онамни кўрайин...»
Ичимда мен ҳам унга жўр бўламан:
«Ёрилгин, тош ёрилгин,
Мен опамни кўрайин...»
Дардимни ким биландир бўлишгим келганидангина бу воқеаларни ҳикоя қилиб бермадим. Аслида, айтмоқчи бўлганим, бу ҳаётнинг синовлари кўп экан, инсонлардан энг оғир дамда ҳам тўғри қарор чиқара билиш талаб қилинаркан... Гоҳида биз яхши бўлади деб ўйлаганларимиз инсонни янада эзиши, бахтдан жудо қилиши мумкин экан. Шунингдек, биз ёмон деб ўйлаганларимиз ҳам бир кун яхши бўлиб қолиши ҳеч гапмас. Ҳар ҳолда мен энди шунга умид қилмоқчиман...
МУХЛИСА ёзиб олди.