Тақдир ҳукми ёки тириклай кўмилган чақалоқ

Тақдир ҳукми ёки тириклай кўмилган чақалоқ
Тақдир ҳукми ёки тириклай кўмилган чақалоқ


…Вужуди қақшаб, ҳолсиз ётган Зеби хола қўшни ҳовлидан келаётган карнай-сурнай овозига қулоқ тутди. Қўшниси Акрам ака билан Нигора опа бугун ўғли Анваржонни уйлантираяпти. Шодон кулгулар, қийқириқлар эшитилиб турган ҳовлида янги ҳаёт бошланаяпти. Хонадонларида урф-одатларни бажаришиб, никоҳ тўйини қайси бир тўйхонада қилишмоқчи экан.
Ноғоранинг чилдирашию болажонларнинг бақир-чақирлари, куёв жўраларнинг ҳазил-мутойибаларидан тўйхонада барчанинг хурсанд эканлиги билиниб турибди. Кўп бўлмади, қўшниси Нигорахон бир товоқ ош кўтариб, ҳол-аҳвол сўраб кетди. Соғлигининг мазаси йўқ­да, бўлмаса борарди у ҳам тўйга. Ташқарида ғовур-ғувур, қий-чувлар тугаб, барча тўйхонага жўнаб кетгач, атрофга жимлик чўкди. Касал одамга вақтнинг ўтиши ҳам қийин экан. У яна хаёлотга берилди. Сўнгги йилларда ёлғизлиги жуда билинди. Тез-тез ўтмишини эслайдиган, кечалари даҳшатли тушдан қўрқиб уйғониб кетадиган одат чиқарди. Совуқ терга ботиб уйқуси қочгач, тонг отишини кутиб чарчайди. Кундуз куни яна зерикади. Ҳозир ҳам тўй баҳона бўлдими, жимжитликдан зерикдими, хуллас кўз ўнгидан ёшлиги бирма-бир ўта бошлади….
…Улар икки опа-сингил эдилар. Зебинисо кенжа эканлиги учун жуда эрка ўсди. Вояга етган опаси Севара уй юмушларини бажарар, у эса қўлини совуқ сувга ҳам урмас эди. Хонадонлари доим тоза, озода бўлганлиги боис ота-онаси уни кўп тергамас, вақти-соати келса бўйнига олади, деб ўйлашарди. Афсус­ки, ундай бўлмади. Қизалоқ йил ўтган сайин тантиқ ва қайсар бўлиб ўсди. Фарзандимиз ҳеч кимдан кам бўлмасин деб, оғзидан чиққан нарсани муҳайё қилган ота-онасига бетгачопарлик қиладиган, фақат ўзини ўйлайдиган одат чиқарди. Эсида, шамоллаб, иситмаси кўтарилган онасига дори ичиш учун бир пиёла сув узатмасдан, сув сўраган онасининг гапини эшитмасликка олиб кўчага отилганди. Ўшанда онаси зор-зор йиғлаган эди.

Опасини тўй-томоша билан яхши, бамани хонадонга узатишди. Чақ­қон ва эпчиллиги сабаб бир хонадоннинг гулдек келини, бекаси бўлди у. Ўзи-чи? Енгил-елпи ҳаёт кетидан қувиб, ҳаётини, келажагини барбод қилди. Бетайин бир йигитнинг ёлғон вадаларига чув тушиб, ихтиёрини унга топширди. Институтда ўқийман, деб юрган йигит бирданига дом-дараксиз йўқ бўлиб кетди. Исмини ҳам, кимлигини ҳам яшириб, уни алдаб келганини қиз кейин тушунди. Аммо "Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”, деганларидай ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолмади. Кўп ўтмай ҳомиладор эканлигини сезиб қолди. Юзига тушган доғларни кўриб, онаси ҳам гумон қилди шекилли, қизини қистовга олди…
– Яшамагур, юзимизни ерга қарат­динг. Шарманда қилдинг бизни, беномус… – дея оҳ-фарёд солди онаизор. Қиз бошини эгганча, миқ этмай тураверди. Эридан ҳеч гапни яширмай айтишга ўрганган онаси уни бу сирдан ҳам воқиф қилди. Ҳўнг-ҳўнг йиғлаганча, қўрқа-писа отасига ҳақиқатни айтди. Қизининг қилиқларини эркаликка йўйиб юрган ота ундан бу ишни кутмаган эди. Асабийлашганидан қон босими ошиб, аҳволи оғирлашди. Ярим танаси ишламай, тилдан қолди. Бир ойча шифохонада ётиб, охири жон берди. Қизининг тақдирини ўйлай-ўйлай дунёни тарк этган отасининг жасади қаршисида фарёд солиб йиғлаган Зебинисо ўйламасдан иш тутгани учун қаттиқ пушаймон бўлди. Лекин вақтни, беғубор ёшлигини орқага қайтариб бўлмас, меҳрибон дадажонисининг дийдорини қайта кўриш насиб этмас эди….
Кун ўтган сайин вужудидаги бола шаклланиб, ҳаётга талпина бошлади. Ундан қутилиш учун нималар қилмади. Лекин худо фарзанд бераман деса, беравераркан. Ой куни яқинлашгач, онаси уни бошқа туманда яшайдиган холасиникига жўнатди. Ҳали вужудини болалик туйғулари тарк этмаган қиз ўн саккиз ёшида она бўлди. Жажжи қўлчаларини мушт қилиб, ширингина ухлаб ётган ўғлига қараб, зор-зор йиғлади. Тақдирига шу гўдак айбдордек, ундан қандай қутилишни ўйлади. Эл-юрт олдида айбини ёпиш учун турли йўлларни излади. Охири бир йўлни танлаб, ниятини амалга ошириш учун кеч бўлишини кутди. Зебинисо шу дамда хато устига хато қилаётганлигини ўйламас, унинг жиноят эканлигини билса-да, қабиҳ ниятида қатий туриб олган эди….
Ҳовлида ҳеч ким қолмаган пайтда у ташқарига чиқиб, оғилхона атрофидаги гўнг уюми томон борди. Шу ердан белкуракда чуқур ковлади. Билинмаслиги учун устига бир боғ қуриган хашакни ёйиб қўйдида, секингина уйга кириб, қоронғу тушишини кутди. Унинг бутун вужуди қалтирар, юрагининг дукурини бутун дунё эшитаётгандек эди гўё. Кўзларини очганча онасини мириқиб эмаётган гўдагига қаради. Эти жимирлаб, кўзлари ёшга тўлди. Назарида ҳозир унинг олдида икки йўл бор эди. Бири тезроқ боладан қутулиб, ҳеч нарса кўрмагандай яшаш, иккинчиси нозиккина жисмида онасига нисбатан меҳри жўш уриб турган мурғаккина гўдаги билан қолиш. Зебинисода бир лаҳза оналик меҳри устун келиб, боласини қаттиқ бағрига босди. Ҳаётнинг барча аччиқ-чучугига чидашга аҳд қилди. Хиёл ўтмай, бу беғубор туйғу ўрнини нафрат эгаллади. "Ҳали болалик бўлишга улгураман, ҳаётим олдинда,” деди у ўз-ўзига…
…Ухлаётган фарзандини ўраб-чир­маганча ковланган чуқурга қўйди. Онаси қўйнидан тинчи бузилиб, жойи ўзгарганини сезган гўдак кўзларини очмай инграган эдики, устига гўнг тортилди. Дунёга келиб эндигина ёруғ оламга мослаша бошлаган мурғак жон ҳеч нарсани англаб етмасдан, вужудини тобора босиб бораётган оғирликдан азият чекиб, жон талвасасида қолди…
…Зебинисонинг кейинги ҳаёти ўзи ўйлагандек яхши кечмади. Ўтмишига нуқта қўйиб, барчасини янгидан бошлаш ниятида турмушга чиқди. Эри унинг ҳаётидаги қора доғларини сезмадиям. Лекин бегуноҳ гўдакнинг уволи урди чоғи, унга бошқа фарзанд кўриш бахти насиб этмади. Йил ўтган сайин Зебинисонинг умиди ҳам сўна бошлади. Ўзи бир пайтлар кўмган фарзандини тез-тез эслар, тушларига чинқираган чақалоқнинг йиғиси эшитилиб, унга тинчлик бермасди. Турмуш ўртоғи билан саккиз йил яшагач, ниҳоят улар ажрашишди. Эри Воҳид бошқага уйланиб, бола-чақали бўлди. У эса яна енгил ҳаёт ортидан қува бошлади. Фирибгарлик билан одамларни алдаб пул топадиган енгилоёқ аёлга айланди қўйди. Ҳеч ким унинг исмини тўлиқ айтмас, Зеби дейишарди, холос. Поччаси ҳам опасини бу нопок синглиси билан борди-келди қилишига йўл қўймасди.
Умр ҳам бирпасда ўтдию кетди. Онаси дунёдан ўтгач, ота уйига келиб яшаяпти. Мана ҳозир боши ёстиққа тегиб, касалманд бўлиб қолди. "Агар фарзандим тирик бўлганида, бу кунларни кўрмасдим. Бир пиёла чой дамлаб берадиган кишинг бўлмаса қийин экан. Ўшанда болажонимни тириклай кўмганимдан кўра бошқа бировга фарзандликка берсам бўларди-ку. Нега унинг тақдирини бундай ҳал қилдим. Нима ҳаққим бор эди”, миясига қуйилган кетма-кет саволлар унга тинчлик бермасди. Ёшликда қилган жиноятининг даҳшатини Зеби хола энди ич-ичидан ҳис этар, ёлғиз Яратган гувоҳ бўлган ўша машум тундаги қабиҳлиги жазосини ҳар соатда, ҳар лаҳзада тортар эди. "Ҳеч ким билмади, лекин Оллоҳ кўриб турди, жазойимниям берди. Бир умр тирноққа зор бўлдим”, дея виждон азобидан қийналарди у.
…Бу орада қўшни хонадон эгалари тўйни ўтказиб қайтишди. Тун ярим бўлса-да, ҳовлидан таралаётган хурсандчилик шовқини қон босими ошган Зеби холанинг қулоғига аранг эшитиларди. Кўзи бир оз илингандек бўлдими, тушида бегуноҳ гўдаги кулиб турибди. Бирдан боланинг кўзлари қонга тўлдию жажжи қўлчалари билан онасининг бўғзига чанг солди…
Эрта тонгдан келинчакни саломга тайёрлаётган тўйчилар бир йилдан буён тўшакда ётган етмиш ёшли Зеби холанинг тонгга яқин жон таслим этганини билишмасди ҳам…

Марифат ШАРИПОВА

Эрим «саргузашт»ларини сўзлаб беради...»

« – Турмуш ўртоғим билан бир-биримизга кўнгил қўйиб, аҳдлашиб оила қурдик. Бирин-кетин ўғил ва қизли бўлдик. Эрим айрим эркаклар каби урмайди, сўкмайди, ортиқча тергамайди. Рўзғорни бекаму-кўст қилади, ҳеч қандай тақиқ, чекловлар йўқ. Фақат... фақат аёллар билан юришини айтмаса... Илгари ҳам қизларга суяги йўқ эди-ю, турмуш қурсак, ўтиб кетар...

Хикоя: Изтиробли умр

Кун иссик. Йерда унган майсалар осмонга тикилиб, йомгир йогишини исташмокда. Айникса, уй оркасидаги дарахтзорлар ичидан макон топган откулокларнинг йомгирни кутайотганлиги уларнинг рангидан билиниб турибди. Абдивойнинг хам бужмайган юзи откулокникидан колишмайди. ...

Қайнонам ёмонми ёки мен?!

...

ҲАЁТИЙ ВОҚЕА: ПУЛГА СОТИЛГАН НОМУС

Мен ҳам барча аёллар сингари чиройли кийинишни, яхши яшашни орзу қилардим, бироқ бу ниятларимни амалга ошириш учун пул зарур эди. Қўлимда тайинли ҳунарим бўлмаганидан бошимни қаерга уришни билмасдим. Мактабни битирганимданоқ ота-онам биринчи келган совчиларга розилик бериб юборди. Тушган оилам биздан кўра бадавлатроқ эди, шу нарса уйдагиларимга...

Буюклар муҳаббати

"Нозли дилдордан айрилдим...” Махтумқули туркий халқлар адабиётида ўз овози, ўз услубига эга бўлган забардаст шоирлардан бири саналади. Манбаларга кўра, у 1733 йилда Копетдоғ тоғи этакларидаги Қорақала музофотида, туркманларнинг гўкланг қабиласида дунёга келади. Унинг отаси Давлатмамат Озодий ўз даврининг оташнафас шоирларидан бири эди....

ЎҒЛИНИНГ АРВОҲИГА ҲАМ ЗОР БЎЛГАН ОНА… (Ғаройиб ҳодисалар изидан)

Американинг Жоржия штатида яшовчи 57 ёшли Женнифер Ходж даҳшатдан ўлаёзди. Эрталаб туриб қараса, автомат фотокамера кечаси янги суратни ҳавола этган экан. Суратни синчиклаб кузата бошлади ва кутилмаганда оҳ тортиб юборди. Йўқ, аввалига қўрқди....

ТУҒМАС ХОТИН…

Манзура эри Бобурни ишга кузатгач, балконга чиқди. Ташқарида куз. Уй атрофидаги дарахтлар аллақачон барг ташлабди. Узоқ-яқиндаги машиналар шовқинини айтмаса, деярли жимжитлик ҳукмрон… У халатининг ёқасини асабий ғижимлаб, бир нуқтага тикилганча узоқ ўтириб қолди. Хаёлига нималар келиб кетмади. Беш йиллик умрини чамалаб чиқди…...

Ажойиб хикоя...

Кунларнинг бирида, устоз биринчи синф укувчиларига савол берди: “Айтингларчи келажакда ким булишни хохлайсизлар?”......

ИЙМОНИНИ СОТГАН ТАҚВОДОР

Нўмон Тошкентга келганидан ғоят бахтиёр эди. Шаҳарнинг кенг кўчалари, ҳашаматли би­ноларини томоша қилар экан, “юрибман-да мен ҳам яшаяпман деб” дея хўрсиниб қўй­ди. Тақдир бу ерда ҳам унинг бошини силамади. Бўлмаса, қўлида гулдай ҳу­нари бор....

Ҳаёт сири

Подшоҳнинг жудаям ақлли ва гўзал қизи тўсатдан хасталаниб қолибди: оёқ-қўли ишламай, эшитиш ва кўриш қобилияти заифлашибди. Табибларнинг даволашга уринишларидан натижа бўлмабди. Бир куни саройга нуроний қария ташриф буюриб, малика дардини даволаш сирини билишини айтибди. Сарой аҳли ундан ёрдам беришини, маликани тузатишини сўрашибди....

Фикр қўшиш