Руҳлар мададкор бўлган кеча
Бу воқеани бизга Қашқадарё вилояти, Қарши туманининг Хонобод маҳалласида яшовчи 75 ёшли Парда бобо Хурсандов ёзиб юборган.
Онкологик касаллик бўйича операцияни бошдан кечирдим, даволанганимдан сўнг врачлар уйга жавоб беришди. Озиб кетганимдан жуда ҳолсизланиб қолгандим, ҳатто икки маротаба ҳушимдан ҳам кетиб қолдим. Мазам бўлмагандан кечалари ҳам ухлолмай, шифтга термилиб чиқардим. Тузалмаганимдан "Наҳотки энди умрим поёнига етган бўлса?” деб ғамга ботардим.
Навбатдаги уйқусиз кечалардан бирида, Яратганга "Эй, Художон, жонимни омон сақла, қиладиган ишларим кўп, фарзандларим менинг маслаҳатимга, ёрдамимга муҳтож, ўзинг раҳм қил!”, деб илтижо қилдим. Кейин оламдан ўтган ота-онамнинг руҳлари билан хаёлан суҳбатлашиб, улардан ҳам мадад сўрадим. Кўзларимдан уйқу қочиб, деразага тикилиб ётдим. Қанча ётганимни билмайман, соат чамаси тунгги иккиларда осмоннинг қибла томонидан деразамга қараб, думалоқ, ёп-ёруғ нур сузиб кела бошлади. Унинг атрофи бир текис сип-силлиқ, аммо шуласи йўқ эди. Нур тобора деразамга яқин келиб, тўхтади, 2-3 дақиқа қотиб турди, кейин эса шарқ томонга қараб силжиди. Худди сеҳрлангандек, тилим калимага келмай, уни томоша қилиб ўтиравердим. Шу пайт деразамда катта оқ капалак пайдо бўлди. Ярим кечаси капалак нима қилиб юрибди экан, деб ҳайрон бўлдим. Оқ капалак ҳеч қаерга қўнмай, қанот қоқиб мен томонга қараб тураверди. У ҳам икки-уч дақиқа тургандан кейин нурнинг ортидан ғойиб бўлди.
Бу воқеадан кейин нимагадир мени уйқу элитиб, ҳеч ухламайдиган одам тонггача қотиб ухлабман. Уйғонганимда эса танамда ажиб бир енгилликни ҳис қилдим. Кечаси бўлган ҳодисани рафиқамга гапириб бердим. У дунёдан ўтган яқинларимизнинг руҳига атаб, дуойи-фотиҳа қилди. Шу пайтгача иштаҳам йўқлигидан томоғимдан овқат ҳам ўтмасди. Нима егим келаётганини ўзим ҳам билмасдим. Тунгги воқеадан кейин ўз-ўзидан иштаҳам очилиб, овқатга кирдим. Одам яхши овқатлангандан кейин кучга-қувватга кирар экан. Турли мева-чеваларни истемол қилиб, оёққа туриб кетдим. Ҳозирда ҳеч кимнинг кўмагисиз юряпман, тўй-томошаларга боряпман.
Шу воқеадан кейин руҳларнинг борлигига, атрофимизни ўраб турган олам ғаройиботларга тўлалигига, бирор қийин вазиятга дуч келганимизда яқинларимизнинг арвоҳлари доимо бизни қўллаб-қувватлашига чин дилимдан, ишондим.
Бобонинг мактубини Лола Шоимова оққа кўчирди.