Маккоранинг байрамни қандай кутгани…

Маккоранинг байрамни қандай кутгани…

Турмуш қурганимизга ўн йилдан ошибдики, янги йил байрамини қайнонамнинг уйида кутамиз. Бунга қаршилигим йўқ, албатта, аммо ҳар бир келин бека сифатида ўзи билганча байрамона дастурхон тузашни, қайси таомни тортиш, қандай салат тайёрлаш кераклигини мустақил ҳал этишни орзу қилади. Гапларимдан қайноналар хафа бўлишмасин, бу бор-йўғи сиз бизга неча йиллардан буён ўргатиб келаётганларингизнинг натижасини кўрсатиб, кўнглингизга йўл топиш истаги…

Биринчи макр

Қўлимга қоғоз-қалам олиб, ҳар янги йилни қайси кетма-кетликда кутишни ёзиб чиқдим.

1. Эрта туриб болаларни кийинтирганча қайнонамникига йўл олиш. (Қўлимда иккита сумка, ичида ҳар эҳтимол учун болаларнинг бир нечта кийими, янги йил кириб келганида тарқатиладиган совғалар ва дастурхонга қўйиш учун бир кун аввал пиширилган патнисда пишириқ)

2. Кўчага чиқиб бир амаллаб такси тутаман, болаларни ҳай-ҳайлаганча машинага ўтқазаман. Ўзим олд ўриндиққа ўтираман, кўзим орқа ўриндиқда бир-бирини чимчилаб талашиб кетаётган болаларимда. Бирининг кўнгли айниқса, бошқаси ойнанинг олдида ўтираман деб хархаша қилади. Ишқилиб эшикни очиб юбормасин деб юрак ҳовучлаганча манзилга етиб бораман.

3. Қайнонам ва овсинларим билан ярим соатлик салом-алик, болаларнинг машинада ғижим бўлган кийимларини алмаштириб, байрамга киядиган кийимлари ғижим бўлмаслиги учун шкафга осаман.

4. Бир пиёла чой ичиб ҳорманг-бор бўлинг деганча овсинларим билан бараварига ишга киришиб кетаман. Биз ошхонада, болалар қий-чув қилганча ичкарида. Бирданига нимадир синади, кимдир қаттиқ йиғлаб қолади ёки жуда бўлмаса галма-гал бир-бири устидан чақимчилик қила кетишади:

— Бувижон, Сардор дастурхонга олиб қўйган банандан еди.

— Майли, бўлар иш бўпти.

— Унда менгаям беринг.

Хуллас, дастурхонга қўйилиши керак бўлган меваю ширинликларнинг ярми болалар жимгина ўтириши учун тарқатилади.

5. Кечки соат олтида ҳамма катта дастурхон атрофига йиғилиб, кун бўйи пиширилган таомлар ейилади. Телевизорда, албатта, футбол ёки эркаклар учун қизиқроқ бўлган дастур кўрилади.

6. Сўнг, болалар дастурхондаги ширинлик, чақиндилардан кўпроқ еб қўйиб мазаси қочмаслиги учун тезда ҳаммаси йиғиштирилади.

7. Оиладаги эркаклар бирин-кетин ошналари билан гурунглашгани кўчага чиқиб кетишади.

8. Янги йил кириб келгунча болалар совғасини олиб ўлда-жўлда ухлаб қолишади. Ёши ўтган қайнона-қайнота ҳам албатта соат миллари ўн иккига етиб келишини кутиб ўтиришмайди.

Ана янги йилу, мана янги йил. Бас! Энди ҳаммаси бошқача бўлади.

Биринчи галда қайнонамни ўз тарафимга оғдира бошладим:

— Ойижон, ҳар йили байрамни кутаман деб соат ўн икки бўлмасидан чарчаб ухлаб қоласиз.

— Нега чарчайман, овсинларингиз бор, сиз бор.

— Барибир тепамизда туриб бошқарганингизни ўзи иш. Қачонгача бизни меҳмон қиласиз? Шунча фарзандни нима учун катта қилиб қўйгансиз ахир? Роҳатини кўринг-да энди. Майли десангиз бу йил мен ва овсинларим алоҳида дастурхон тузаймиз. Сиз дадам билан ҳаммамизникида галма-гал меҳмон бўлиб келасиз. Янги йилни эса бизникида кутасиз.

Ойижонга таклифим мақул тушганида ўзимни еттинчи осмонда ҳис қилдим. Тезда у кишига ёқадиган таомлар асосида иккимиз байрам дастурхони менюсини туздик. Ўзида йўқ хурсанд овсинларим ҳам мен каби янги йилни мустақил кутишга енг шимаришди.

Иккинчи макр

Байрамни уйда кутишга турмуш ўртоғимни кўндириш бир мунча қийин кечди.

— Уйда? Қанақасига? Биласан-ку янги йилни ўртоқларим билан бирга кутиш удумимиз бор.

— Мен сизга ўртоқларингиз билан кутмайсиз демадим-ку. Ҳаммаси ҳар йилдагидек, фақат бизнинг уйда бўлади.

Бир амаллаб кўндирдим, аммо у ҳали томошанинг каттаси олдинда эканини билмайди.

— Дадаси, маҳалладан хонтахтани олиб чиқмайсизми?

— Катта стол туриб нега хонтахта олиб чиқаман?

— Менга барибир, аммо дадажон ва ойижон меҳмонга келишади. Янги йил киргунча стол-стулда ўтириб чарчашлари мумкин.

Турмуш ўртоғим меҳмонхонада турган стол-стулларни йиғиб маҳалладан кўтариб чиққан катта хонтахтани безатишга тушди. Бу орада мен салат тайёрлай бошладим.

— Дадаси, мана бу дудланган гўштларни қандай тўғрай?

— Юпқароқ, сал қиялатиб кесгин, ликопга кўкат ва тузлама билан тортасан. Ие, шунақаям қалин кесасанми? Бу ёққа бер, ўзим кесаман.

— Ўтган гал чойхонада жўжани ажойиб қовуришни ўргандим дегандингиз, ҳамма нарсани тайёр қилиб берсам қарашиб юборасизми? Эркак кишининг қўли ширин бўлади дейишади-ку.

Бир оздан сўнг фарзандларимизга тайёрлаб қўйилган сюрпризни турмуш ўртоғимга кўрсатдим.

— Дадаси, ишхонадан арча байрамига таклифнома беришганди.

— Нима учун айнан бугунга олдинг? Ахир шунча иш турганда ким болаларни байрамга олиб боради?

— Сизга иш қолдирмайман. Келгунингизча ҳаммасини ўзим улгураман. Пишириқларни кеча пишириб олдим, холодецни бўлса ўтган куни тайёрлагандим. Сомсани қаранг, духовкага солиб пишириш қолди. Суюқ овқат бўлса бас, ишим битади. Болалар чалғитмаса, дастурхонни ҳам ўзим эплаб ташлайман. Бирпас айлантириб кела қолинг, илтимос.

Хуллас, ҳаммани жўнатиб, ишларимга улгурдим, аввалдан гаплашиб қўйган сартарошимнинг ёнига чиқиб сочимни чиройли турмаклатиб ҳам олдим.

Учинчи макр

Байрамона дастурхон атрофига ўтирганимизда қайнонамнинг юзидаги ифодани кўриб ичимдан севиниб қўйдим. Демак, ёқибди.

— Ойижон, мана бу сиз ёқтирадиган салат, бунисини эса интернетдан ёзиб олдим. Бир татиб кўринг.

Ҳар доимгидек таомлар тортилиб қорин тўйгач, эргинамнинг қўл телефони кетма кет жиринглай бошлади.

— Қаерда йиғиламиз? Кутиб тур, ярим соатда бораман.

Эримнинг шошиб қолганини кўриб четга чақирдим.

— Ойим билан дадамни ташлаб кетаверасизми?

— Улар ёш бола эмас-ку, телевизор кўриб маза қилиб ўтиришибди.

— Ие, уйингизга келган меҳмонни ташлаб кетсангиз қандоқ бўларкин?

— Қанақа одамсан? Ахир, ҳар йили оғайниларим билан тўпланиб янги йил кутиш удумимиз бор, билиб туриб гапирасан-а?

— Ҳа, майли, ўзингиз биласиз. Меҳмонларниям бир ўзим кутиб олавераман.

— Яна қанақа меҳмон?

— Айтиш эсимдан чиқибди. Бошлиғингиз рафиқаси билан келишмоқчи эди, икки кун олдин опа билан қўнғироқлашганимизда гап орасида "келинг” деб қўйгандим, ростданам келадиган бўлишибди. Ёки қўнғироқ қилиб ишингиз чиқиб қолгани ҳақида огоҳлантириб қўяйми?

— Эсинг жойидами?! Келган меҳмонни қандай қайтарамиз? Ҳа майли, балки бирпас ўтиришар, мен ҳам ўртоқларимни ёнига кетишга улгураман.

Қўлим олти, оёғим етти бўлиб меҳмонларни кутдим. Ҳаракатларим бесамар бўлмади шекилли, меҳмонлар ҳам нақ соат ўн бир яримгача маза қилиб ўтиришди. Зимдан кузатиб турсам турмуш ўртоғим билдирмай соатига қараб қўйяпти, орада ўртоқларига «смс» ёзади.

Меҳмонларни кузатиб меҳмонҳонага қайтганимизда турмуш ўртоғим оғиз жуфтлагунча ойижонга шундай дедим:

— Ойижон, энди доим байрамни бизникида кутасиз. Қаранг, сиз бизникига келсангиз ўғлингиз ҳеч қаёққа кетмай байрамни биз билан кутар экан.

Гапларимдан ҳурсанд бўлган қайнонам мақуллади:

— Ростданам шунча йилдан буён Янги йилни қандай кутишни билмаган эканмиз. Бола-чақанинг роҳатини кўриш бўлса шунчалик бўлар! Ҳар йили кўпчиликка уннаб чарчаб қоларканман. Бу йил фарзандларимникида биттама-битта меҳмон бўлиб яйрадик. Болам ҳам менинг этиборимга тўймаган экан, мана, кўчага чиқмай биз билан ўтирибди.

Турмуш ўртоғимга қарадим. Билдирмай хўрсиндию, қадаҳларга шарбат қўйиб янги йилни кутишга тайёрлана бошлади.

Нигора СОЛИҲОВА

Фикр қўшиш