Интернет севги ёки телефонга қарамлик
Ҳозирги кунда интернет орқали танишув урфга киргандек гўё. Бази ёшларимиз учун бу ҳолат оддийдек кўринади. Лекин бундай танишувларга жиддий қарамай, кўнгил ойнасини синдираётганлар ҳам орамизда йўқ эмас.
"Мен интернет орқали бир йигит билан танишиб қолдим. Уни мен одатдаги бекорчилардан бўлса керак деб ўйлагандим, лекин икки-уч марта суҳбатлашгач, ақлли йигит эканлигига ишонч ҳосил қилдим, деди бир куни танишим. Келинг, унинг воқеасига қулоқ тутайлик.
… Шундан сўнг, у билан тез-тез гаплашадиган, ҳатто бази масалаларда маслаҳатлашадиган бўлдим. Ҳатто унинг тасвирини хаёлимда яратиб бўлган эдим. Гарчи у электрон саҳифасига суратини жойламаган бўлса ҳам кўркам йигит деб билардим. Бора-бора интернетдаги суҳбатларимиз вақти чўзиладиган, гапларимиз эса анча самимий бўлиб қолганди. Ҳатто бир марта у севги изҳор қилди. Албатта буни мен ҳазилга бурдим. Чунки, тўғрисини айтганда, интернетда танишиш, севишиш мумкинлигига ишонмасдим. Лекин вақт ўтган сари ишончим сўна бошлади.
Интернетга кирмаган кунларим ўзимни нимадандир сиқилгандек сезардим. Менга нимадир етишмасди. Хаёлимда эса ўша йигитнинг сўзлари айланаверарди. Оқибатда мен унга қаттиқ боғланиб қолганимни тан олишга мажбур бўлдим. Энди у билан интернетда гаплашиш менга кифоя эмасди. Юзма-юз кўришиб, гаплашгим, тўйиб суҳбатлашгим келарди. Унга уялиб шундай таклифни билдирганимда негадир хушламагандек бўлди. Бундан ажабландим. У ҳам мени кўришга ошиқади, деб ўйлагандим. Ҳафсалам пир бўлди. Учрашмаслик учун асоссиз баҳоналар топавериши менда шубҳа уйғотди ва мен интернет орқали унинг дўстлари билан танишиб, бор гапни аниқлашга қарор қилдим. Бир-иккита дўстлари билан танишдим. Малум муддат мақсадимни айтмай, гаплашиб юрганимдан сўнг бир куни гап орасида у ҳақида суриштирдим. Шунда улар менга бу йигитнинг ғирт бекорчилигини, қизларнинг бошини қотиришни яхши кўришини, интернет орқали жуда кўпчиликка севги изҳор қилганини айтиб қолишди. Ўша онда юрагимда нимадир узилгандек бўлди. Ўзимни алдангандек, хўрлангандек ҳис қилдим.
Шундан сўнг қанчалик азоб чекмай, унинг хатларига жавоб бермай қўйдим. Ростини айтганда почтага кириб, унинг хатларини ўқиш менга битмас-туганмас завқ бағишларди. Негадир ҳатто келажакдаги ҳаётимни ҳам у билан боғлай бошлагандим. Энди бўлса ҳаммаси тугаганлигини тан олиш оғир эди.
Бир куни чидай олмасдан ундан келган хатларни очиб, ўқиб кўришга аҳд қилдим. Ўқигач, юрагим баттар оғриди. Чунки у мени ҳақиқатдан севиб қолганини, ёзишмаларимсиз ўзини ёлғиз ҳис қилаётганини ёзган эди. Шунда мен ҳам чидай олмасдан жавоб ёздим. Ёзишмаларимиз қайта бошланди. Ажабо, мен аввалгидек хурсанд эдим. Интернетда ёлғондан бўлса-да, севилиш ва севиш менга бахт ҳиссини туҳфа этганди.
Мен энди шу йўсинда кун кечиришга розилигимни ҳис қиляпман. Интернетга кириб, у билан гаплашмаганим куним суҳбатларимизнинг хумори тутади. Энди у билан учрашмасам ҳам фақат интернетда гаплашиб юришга ҳам розиман”...
Ҳа, ҳаётимизда учраб турадиган бундай воқеалар ҳар кимни ўйлантириши табиий. Хаёлидаги ёрининг васлини кўрмай туриб, қалбидан унга жой бериб бўлган. Ҳижрон азобида қийналаётган, ҳаёт билан хаёлни ажрата олмай, боши берк кўчада адашиб юрганлар орамизда топилади. Лекин кунни мана шундай мазмунсиз ўтказиб, келажакда пойдевори қулайдиган иморат қураётганларини наҳот тушуниб етмасалар?..
Телефонга қарамликнинг охири вой бўлишни унутмаслик лозим.