Угай сингил

Угай сингил

Нормат хотини Хайри билан ажрашди-ю, балога қолди. Хайри қасдма-қасдига ишхонасига бориб арз қилди, ишдан ҳайдаттирди. Тоға-ю, ака-укаларини чақириб, минг бир туҳматлар билан киссасидаги охирги чақасигача олиб қўйди. Ўз уйидан шармандаларча қувиб чиқарди. Нормат худди боши берк кўчада қолган бандадек боши ғовлаганча бегона шаҳар кўчаларини кезишга, бирор бошпана қидиришга, ижара ҳақини тўлаш учун пул ишлаб топишга мажбур эди. Бир ойча шу тахлит кун кечирди. Мардикор бозорда иш ҳам ҳадеганда топилавермас, баъзида қуруқ қўл билан қолиб кетишига тўғри келарди. Охири ҳаммаси жонига тегди. Кутилмаганда қишлоқдаги ёлғиз синглиси Турсуной тушиб қолди.
«Ота-она ўтиб кетган бўлса, — ўйлади Нормат киссасидаги пулларни хомчўт қиларкан. — Қариндош-уруғлар ҳам ҳалигидай йўқ ҳисоб. Бориям мана шу аҳволимда юзини терс буриши тайин. Яхшиям синглим боракан. Ҳарқалай, жигар, куяди, қайғуради, ташвишимни қилади. Агар манавинақанги ҳолатда қолганимни эшица, йиғлайвериб пишиб қолса керак. Ҳа, синглимникига бораман, уч-тўрт кун бўлсаям кўнгил ёзаман, дам оламан, зора бошимга тушган балолар бироз унут бўлса. Акс ҳолда жинни бўлиб қолиш ҳеч гапмас…»
Шу куниёқ Нормат шаҳардаги катта бозорга кириб, майда-чуйдалар харид қилди. «Мозорбосди ҳарқалай, — кўнглидан ўтказди у. — Жиянларнинг қўлига тутқазсам хурсанд бўлишади…»
Пули бориб-келишдан ортиб яна ижара ҳақига ҳам етарди. У таваккал автобусга ўтирди-ю, таксилар турадиган ёққа жўнади.
Вақт шомга яқинлашганда, Нормат синглисининг ҳовлисига кириб борди. Атрофдаги мирзатераклар, беҳи, олма дарахтлари кўзни яшнатарди. У синглиси, куёви билан сўрашгач, ўша дарахтларга бир муддат тикилиб турди. Бошқа пайт бўлса, дилдан яйраб, ҳайратини синглиси Турсуной билан албатта баҳам кўрган бўларди. Афсуски, ташвиш, армон ҳайратга йўл бермади. Яшиллик Норматнинг кўнглини баттар ғашлантирди. Бу ҳам етмагандек, куёви Соливой сира ўзгармабди. Ёв қараши, гумонли саволлар бериши қолмабди. Бу ҳам Норматнинг дардига дард қўшиб оғир хўрсинди-ю, дарвозахонадаги темир каравотга чўкди. Шу тобда синглиси ичкарига жой тўшаётганми, аҳён-аҳёнда эри билан пичирлашгани қулоғига чалиниб қоларди.
«Синглимнинг омади бор экан, — кўнглидан ўтказди Нормат бош қашиб. — Совуққон бўлсаям куёв уйим-жойим дейди. Асосийси ҳам шу-да! Қанийди мениям шундай ҳовлим, ҳурматимни жойига қўядиган оилам бўлса. Дўппини осмонга отиб яшардим, албатта. Афсус…»
— Ака, ичкарига кира қолайлик, — синглиси ичкаридан чиқиб келиб хаёлини бўлди. Нормат худди аскар каби даст ўрнидан турди-ю, аста ичкари уй томон одимлади. Соливой аллақачон дастурхон қаршисида ўтирар, икки фарзандини навбатма-навбат эркалатарди. Шундагина Норматнинг ёдига шаҳарда олган майда-чуйдалар тушди.
— Синглим, жиянларга бояги қанд-қурсларни берсанг-чи, — деди аста куёвининг рўпарасига чўкаркан. — Хурсанд бўлишади-да! Атайин олувдим.
— Кейин ейишар, — деди эрига ўғринча қараб олиб Турсуной. — Сиз… Ҳалигидай… Тўрга ўтмадингиз-да!
— Тўрда нима қиламан? — деди Нормат Соливойнинг қилиғи асабига тега бошлаганидан қовоқ уйиб. — Мана шу ер ҳам тешиб чиқмайди.
— Ака, — ниҳоят қизчасини бир четга ётқазиб тилга кирди Соливой. — Кўпга келдингизми?
— Нимайди? — сўради Нормат куёвга жаҳд аралаш тик боқиб. — Тинчликми?
— Й-йўқ… Тинчлик… — деди Соливой каловланиб. — Шунчаки… Ҳалиги… Кеннойим билан ажрашибсиз, уй-жойни бой берибсиз деб эшитиб… С-сиз кўнглингизга олманг! Ҳа энди… Сўраганнинг айби йўқ-да, ака!..
Нормат индамади. Шундоқ ҳам куёвининг муддаосини тушунганди. Иложи борича сир бой бермасликка уриниб мажбуран жилмайди ва дастурхондаги ноннинг бир бўлагини қўлига олди.
Буниси ҳолва экан. Куёв ниманидир баҳона қилиб болаларини етаклаганча кўчага чиқиб кетгач, Турсунойнинг гапи ўтиб тушди.
— Ака, мени ёмон кўрманг-у, — ҳар галгидек кўзида ёш ғилтиллаб гап бошлади синглиси. — Эримнинг феълини биласиз. Уйингиз бузилганини эшитганданоқ мени сиздан қизғона бошлади. Бу ерда кўп қоласиз деб ўйлаб жони чиққудай бўляпти. Нима қилай? Мен аёл

бўлсам! Унга бас келиб нима топаман? Икки болам бўлса…
— Сен сира сиқилма, — деди Нормат бу гаплар кўксини нақ тешиб ўтаёзган бўлса-да, яна ўзини босиб. — Мен ҳаммасини тушунаман. Сеникида бир минут ҳам қолмайман. Жинни бўлганим йўқ жигаримнинг оиласига совуқчилик тушириб. Ана, туман марказига борсам, ҳайҳотдай меҳмонхона бор. Шунчаки… Сизларни соғиниб келувдим-да, синглим! Сен сира кўз ёш қилиб ўзингни қийнама! Бўпти, яхши ўтиринглар! Яхши кунларда кўришайлик илойим!..
Турсуной ортиқ бир сўз демади. Норматни ташқаригача кузатди-ю, дарҳол ўзини ичкарига олди.
Нормат катта йўл бўйлаб кетиб борарди-ю, деярли ҳеч нарсани идрок эта олмасди. Қулоқлари остида фақат бир сўз. Синглисининг «Эрим мени сиздан қизғона бошлади», деган биргина гапи жарангларди. Шу ёқимсиз, ҳақоратга йўғрилган жумлалар миясида айлангани сайин ғазаби қўзғар, қўйиб беришса, Соливойни хумордан чиққунча дўппослар шашти бор эди.
«Энди нима бўлади? — ўйларди у теваракка ҳиссиз назар ташлаб. — Туғишган синглимникига сиғмадим. Сиғмаганим ҳам уёқда қолиб, очиқчасига ҳайдалдим. Бало келса ботмонлаб келиши шу бўлса керак. Бунданам баттари бўлмайди. Шу мараз ўтган йили ҳам оёқларимни ўпиб, изимни кўзга суришга ҳозир-у нозир эди. Мана, ишсиз, оиласиз, ватансиз қолганимни эшитибоқ, тўнини тескари кийибди. Нима бўлгандаям куёв ёв экан-да! Дўстлик қилмас экан-да! Бу-ку майли. Буёғига нима қиламан энди. Шаҳарга жўнавориш ҳам кўнгилга сиғмайди. То бобом, бувижонимнинг қабрини зиёрат қилмагунча, кўзимга ҳеч нарса кўринмайди. Демак, туман марказидаги меҳмонхонага боришим керак. Ўша ерда бир-икки кун яшаб, болалигим ўтган кўчаларда тўйиб айлансам, бас. Кейин ими-жимида жўнасам ярашади. Бироқ меҳмонхонада, ўша атрофда танишлар кўриб қолса-чи? Нима дейман? Қанақа баҳона тўқийман? Тўхта, Манзураникига борсам-чи? Уям эрининг гапига кириб ҳайдаб солармикан ё? Йўқ, ундай қилиши… Дарвоқе, Манзура ўгай сингил-ку менга! Отаси бошқа бўлса… Туғишганим нима қилди-ю, ўгай нима қиларди?!. Ачинармиди? Ҳечам-да! Бўлиб ўтган гапларни эшица, устимдан кулар боплаб!.. Тўғри, шу кунгача Манзурадан ёмонлик кўрмаганман. Кўришиб қолса, атрофимда пойи-патак бўларди. Ёмонимни яшириб, яхшимни оширарди. Аммо… Отаси ўз таъсирига тушириб олган бўлса-чи? Худди ўгай отам каби менга ўқрайса-чи? Тўнғиллаб берса-чи?.. Йўқ, нима бўлгандаям бир бош суқиб ўта қоламан. Вазиятга қарайман. Сал қалтислигини сезсам, яхшиликчасига, обрўйим борида жўнаб қоламан. Ана унда меҳмонхонадан бўлак илинж қолмайди…»
Нормат таниш кўча рўпарасига етганда, таваккал ўша тарафга бурилди…
Янглишибди, Манзура Норматнинг маҳзун ҳикоясини эшитиб, бир муддат унсиз йиғлади. Ора-сирада Норматга ер остидан ачиниш, меҳр аралаш қараб олди. Лекин қараганини сездирмади. Орага жимлик чўккачгина шоша-пиша кўз ёшларини енгига артди-да, Норматга қайноқ чой узатди.
— Хафа бўлманг-у, аммо бекор борибсиз опамникига, — деди у ер чизиб. — Ўша ярамас эрининг қанақалигини билардингиз-ку! Нега тўғри меникига келавермадингиз?..
Бу саволга жавоб қайтариш Нормат учун жуда мушкул эди. Ўртага «туғишган», «ўгай» деган сўзни аралаштиришдан, билиб-билмай хато қилишдан жуда чўчиётганди. Олдинига нима дейишни, ўзини қандай оқлашни билмай гарангсиди. Лекин… Бўлмади. Охири ёрилди.
— Қара, Манзура, — деди томорқа тарафга бош буриб, жўхоризорни ўйчан кузатаркан. — Турсуной… Ҳалигидай… Туғишган, жигар бўла туриб шундай деди. Бу, ахир…
— Мен ўгайманми?..
Нормат Манзуранинг қўққисдан берган саволини эшитди-ю, аъзойи бадани увишган каби бир неча ўн сония тош қотди. Манзура эса ҳануз ундан жавоб кутиб жавдирарди.
— Бу нима деганинг, аҳмоққинам? — деди Нормат ниҳоят сал ўзини ўнглаб. — Ким сени ўгай деди?
— Деб ҳам кўринг-чи, — деди Манзура Норматнинг кўзларига тик боқиб. — Ўша кунданоқ қайтиб бетингизга қарамайман.
— Қўй, ундай дема! Сен билан биз бир қориндан талашиб тушган ака-сингилмиз. Зинҳор бу сўзни оғзингга олма, синглим!..
— Ака, бошингизга шунча ташвиш тушибди. Энди ҳеч бўлмаса бир ҳафта дам олинг, асабларингизгаям дам беринг! Оти ўчсин унақаларнинг! Мана,

​​уйимнинг тўри сизники. Кетгунингизча ўзингиз ёқтирган овқатларни пишириб бераман. Сиздай акамни меҳмон қила олмасам, нима қилиб юрибман бу дунёда яшаб? Хўш, қоласизми?
Нормат ўгай синглисининг сўнгги сўзларини эшитиб, худди жонсиз мурда каби қотиб қолганди. Йўқ, шу тобда фақат жисмигина қимирлашдан, ҳаракатланишдан мосуво эди. Қалби эса юм-юм йиғларди. Кўз ўнгида собиқ хотини, у айттириб келган қариндошларнинг ҳақоратга қоришиқ гаплари, беўхшов қилиқлари, камситилишлар, бош эгишлар, яккаю-ёлғиз синглим деб юрган жигари Турсунойнинг ер чизганча тилга кўчирган сўзлари маржондек тизилгани сайин хўрлиги келар, дунёни бошига кўтариб дод солишдан базўр тийиларди…
Нормат беихтиёр кўзлари жиққа ёшга тўлган кўйи Манзурага яқинлашди-ю, аста елкасидан қучди ва титроқ аралаш шивирлади:
— Жиннивой, сен менга ўгай эмассан! Бизларнинг орамизда ўгай йўқ. Ўгайликнинг оти ўчсин, жон синглим! Мен ҳаммаларингизни яхши кўраман. Сизларнинг борлигингизга шукр қиламан! Илойим ўзимнинг Манзура синглимга кўз тегмасин!

Хулоса ўрнида:Азиз акажонлар сиз учун нафақат уйи тўридан, балки жонидан кечишга тайёр сингил-опалар бор шуни унутманг!

Фикр қўшиш