Сени кўзларимда кўролсам эди севги хакида шер

Сени кўзларимда кўролсам эди
Сени кўзларимда кўролсам эди

Сени кўзларимда кўролсам эди
Оллоҳдан қатра нур сўролсам эди,
Сени нигоҳимга ўролсам эди.
Кўзингдан кўз узмай туролсам эди,
Сени кўзларимда кўролсам эди.

Узоқдан гул юзинг кўрсам етарди,
Дилдаги армонлар, ғамлар битарди,
Билмадим худодан нима кетарди,
Сени кўзларимда кўролсам эди.

Майли, кундузларни кўрмасин кўзим,
Майли, юлдузларни кўрмасин кўзим.
Ўзинг излаганим, ўзинг ёлғизим,
Сени кўзларимда кўролсам эди.

Менга баҳорларнинг ранги керакмас,
Сенсиз, кечаларнинг тонги керакмас.
Қалбимда бир тилак бошқа тилакмас,
Сени кўзларимда кўролсам эди.

Дилинг айтмаганни билиб олардим,
Тилинг айтмаганни билиб олардим,
Ўзингга термулиб мангу қолардим,
Сени кўзларимда кўролсам эди.

Бош уриб борайму остонасига,
Бағритош тақдирнинг пешонасига.
Жонимни берардим шукронасига,
Сени кўзларимда кўролсам эди.

Тақдир жаҳонимни, боримни олсин,
Бошимга минг турфа савдолар солсин.
Фақат сени кўрмоқ, имкони қолсин,
Сени кўзларимда кўролсам эди...

Фикр қўшиш