Мусофир одамнинг куни машаққат узбекча шер

Мусофир одамнинг куни машаққат
Мусофир одамнинг куни машаққат

Чарчадим демайди, ростин айтмайди,
Соғинч қийнаса ҳам сира айтмайди,
Уйим - жойим дея, йилда қайтмайди.
Саҳарда уйғон деб, бонг урар соат,
Мусофир одамнинг куни машаққат.

Кўзига кўринар кекса отаси,
Тушида жилмаяр мурғак боласи,
Тунлари ёш тўкиб, эслар онасин.
Сизга мен тилайман сабр, қаноат,
Мусофир одамнинг куни машаққат.

Кунлар ўтар секин, ойлар галма-гал,
Меҳнат қилар, ҳатто, ой чиққан маҳал.
Тунни тун демайди, қадамлар дангал.
Яратган қўлласин, сизда бор ҳикмат,
Мусофир одамнинг куни машаққат.

Қалбини ёритмас ҳеч қандай чироқ,
Сўлим қишлоғидан бўлса гар йироқ,
Йўқчилик йўқлади, айб эмас бироқ.
Болам-чаққам, дея тортмоқда заҳмат,
Мусофир одамнинг куни машаққат.

Бировга айтмайди оғриса жони,
Ёд олиб яшайди Қодир Худони,
Озор берманг яна кўнгли гадони.
Мунгли ўй сурмоқлик уларга одат,
Мусофир одамнинг куни машаққат.

Сизни мен қадрлаб ёздим бу шеърни,
Орзулар аритсин манглайдан терни.
«Ҳеч қачон унутманг туғилган ерни»
Қалбингизда бўлсин юртга муҳаббат,
Мусофир одамнинг куни машаккат!

Фикр қўшиш