Йигитнинг лафзи

Йигитнинг лафзи
Йигитнинг лафзи

Анча вақтдан бери тўйга тараддуд кўраётган Мурод тез-тез интернетдан об-ҳаво хабарларини кузатиб тургани учун шу кунларда ҳавонинг совиши ва атрофни қор қоплаши ҳақидаги хабарни ўқиди-ю, тинчи бузилди. Икки ҳафталар олдин қўшни қишлоқдаги Маматқул чолнинг уйини кўтариб, икки томини созлаб берган эди. Чол «Пулини икки-уч кунда тўғрилаб бераман», деганига ҳам бир ҳафта ўтди. «Эрталаб тураман-у, чолдан пулни олиб, бозорликларни қилиб, тўйни тезлаштириб юбораман. Ўзи хатна тўй бўлса, гуруч-ёғни аллақачон олиб қўйганман, бир амаллармиз-да қолганини», деган хаёл билан Мурод уйқуга кетди. Бошида ташвиши бўлган одам ухлай оларканми? Ҳали хўроз қичқирмасидан уйғониб кетган Мурод ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилгач, Маматқул чолдан олинган пул ҳам тўй харажатларига етмаслигини ҳис қилди. Уйда турган биттагина сигирни ҳам сотишни хаёлига келтирди-ю, ичидан нимадир узилгандай бўлди…



— Ҳа, болам, қаёққа отландинг? — деди ўғлининг тонг азондан шошганча кўчага чиқиб кетаётганини кўрган она.



— Маматқул бобоникига, она. Берадиган пулини олиб, бозорга чиқиб келай. Шу ҳафталарга қор бор дейишяпти.



— Шу йил тўй қилмасанг, биров сени айблармиди?



— Айблайди, она, айблайди! Эрта баҳордан бери ҳаммага тўй қиламан деб гапириб юрибди. Кўчадаги таниган ҳам, танимаган ҳам сўрайди «Тўй қачон?» деб, эна, — гапга аралашди сигир соғиш учун челакни кўтариб оғилхона томон кетаётган келин.



— Сенга ким гапга аралаш деди? — деб Мурод хотига қараб овозини кўтариброқ гапирди. — Обрў нималигини биласанми, ўзи?! Сенга қолса, бир киши остонангдан хатламаса, дастурхонингдан нон емаса.



— Нега ундай дейсиз? — деди хафаланган аёли. — Мен ҳам сизни ўйлаяпман. Тиним билганингиз йўқ эрта баҳордан бери шу тўйни деб. Ана, ҳамма кичиккина қилиб ўтказяпти. Ҳозир биров бировга таъна қиладиган замонмас-ку?!



— Бўлди, борсанг бориб келақол, қутулсак, қутулайлик шу тўй ташвишидан, — деди онаси, ниҳоят.



Мурод эшик томон кетар экан, бир нима эсига тушгандай орқасига шарт ўгирилди-да:



— Наргиза, — деди хотинига. — Ола сигирнинг у ёқ-бу ёғига қараб қўй. Пул етмайдиганга ўхшайди…



Муроднинг бу гапига на она, на хотини қаршилик билдира олди…

Маматқул бободан пулни олиб қайтаётган Мурод Жамшид даллолни кўриб суюнди. «Ишим ўнгидан келяпти, касалнинг тузалгиси келса, табиб ўз оёғи билан келади, деганлари шу бўлса керак», ўйлади ичида.



— Ҳа, ука, бунча шошиб юрибсиз? — деди Жамшид салом-аликдан сўнг.



— Тўй тараддудида юрибман, ака.



— Қачонга энди тўй?



— Бугун бозорга чиқиб келай-чи? Кейин катталар билан маслаҳатлашиб…



— Насиб қилса ўтамиз биз ҳам.



— Ўзингиз бош бўласиз-да, ака.



— Албатта.



— Ака, битта маслаҳатли иш бор эди. Шу-у, тўйга бироз етишмайроқ турибди…



— Эй, тўёнага биз тайёр-да.



— Йўқ, сигирни сотмоқчи эдим.  Биласиз, тўйнинг ўзи бўлмайди.



— Майли, сенинг молинг ишончли, ўзим ола қоламан. Набирали бўлганмиз.



Иккаласи йўлда у ёқ-бу ёқдан гаплашиб Муроднинг уйига ҳам етиб келишди. Жамшид оғилхонада турган сигирни кўриб, оладиган бўлди.



— Яна айниб қолманг, ука. Бу сафар фойда учун олмайман молни. Ўзим учун оляпман, — деди байлашиб чиқиб кетар экан Жамшид.

— Йўғ-а, ака, унақа номардлардан эмасмиз. Лафзимиз ҳалол!..



* * *



Бозордан чарчаб қайтган Мурод хотинидан «Жамшид ака сизни сўраб келди», деган гапни эшитгач, яна кўчага отланди.



Мурод Жамшиддан келишилган пулни олиб, уйига қайтаётган пайтда аллақачон қоронғи тушиб қолган эди. Йигит йўлда улфатларига дуч келди.



— Ҳа, жўра, тўй бошлабсан… — деди Мақсуд. — Маслаҳатгаям чақирмайсан, айрилганни… — чирт этиб ёнига туфлади у, — айиқ ер.



— Мана, энди келяпман-да маслаҳатга, — деди Мурод ҳам дўстининг киноясини пайқаган бўлса-да, асабини бузишни истамай.



— Қаерда қиламиз маслаҳатни?  Сен ҳам бир эркакка ўхшаб, чойхона-пойхонага чақирсанг экан ё кўчада қилаверамизми ўтирволиб?  — кулганча гапирди Мақсуд. Кулгига ёнидагилар ҳам қўшилди.



— Юринглар, сигирни сотгандим, бир отамлашамиз, бир ёғи тўйнинг маслаҳати, — деди Мурод.



— Эр киши дегани мана бундай бўлибди, — деди Мақсуд.



Дўстлар чойхонага келишди. Мурод йигитларнинг олдида боши эгилишини истамадими, ҳарқалай, улар айтган ҳамма нарсани буюрди. Бу савил ичкилик дегани, шундай нарсаки, уни бир бошласанг, тўхтатиб қолишинг қийин. Бошида кам-камдан ичаётган Мурод маст бўлиб қолди.



— Сигиримни сотдим, дедингми? — савол берди Мақсуд.



— Ҳа, бугун Жамшид даллолга сотдим.



— Жамшид дейсанми, — айтаётган одами Мақсуддан анча ёш катта бўлишига қарамасдан, атай ўзини кўрсатмоқ ниятида «ака» сўзини қўшмай сўзлади йигит, — бозорга олиб чиқсанг бўлмайдими шунга сотмасдан. Устига қўяди-ю, фалон сўмга сотади кейин.



— Йўғ-а, уйига олиб қоларкан.



— Сотувчининг айтари шундай бўлади. Ишонмасанг, эртага бозорга чиқиб кўр. Сендан олганини икки бараварига сотади у номард. Аслида, мана шундайларни ҳам судхўр дейиш керак. Улар ҳам устига пул қўяди-ку!



— Ҳай, майли… Инсофни ўзига берсин, — деди Мурод.



— Сен ундай дема, — гиж-гижлашда давом этарди Мақсуд. — Ҳалиям кеч эмас. Бориб қайтариб олсанг бўлади.



— Лекин ўртада лафз бор-да.



— Эй, лафз дейсанми? Ҳозир одамларда лафз қолибдими?



Дўстининг гаплари миясига уриб, Муроднинг ичида ғалаён кўтарилаётган эди.



— Тўй бошлаб қўйган одамниям алдайдими? Сен ўзинг лапашангсан-да! — деди Мақсуд. — Агар мен бўлганимда…



Унинг бу сўзлари Муроднинг ғурурига тегиб кетди:



— Оғзингга қараб гапир, жўра!



— Рости-да, Жамшид ҳам кимни алдашни билади.



Мурод нима деяётганини ўзи ҳам фаҳмламай гапираётган йигитнинг гапига жавоб қайтаришга ожиз эди. Шунинг учун сотилган сигир пулидан бир даста олди-ю, индамасдан туриб, чойхоначига ташлаб, чиқиб кетди. Йўлда кетар экан, унинг оёғи чалкашар, шунинг баробарида чигаллашиб бораётган хаёлларига ҳам эгалик қилолмаётган эди. «Мен лапашанг эмасман, эркакман», деган жумла унинг бутун вужудини кемираётган эди. Бир қараса, Жамшиднинг уйи қаршисида турибди. Истак маст одамни-да кўзлаган нуқтасига олиб келишини шундан ҳам билиш мумкин.



Йигит эшикни асабий тақиллатди. Ичкаридан «Ким?» деган овозга «Мен, Муродман!» деб жавоб берди-ю, эшик очилгунча яна тақиллатаверди.



Ярим кечаси келган меҳмоннинг авзойидан ҳайратда қолган Жамшид уни ичкарига таклиф қилди.



— Тинчликми?!



— Тинчликмас, тинчликмас, — битта гапни икки-уч марта қайтарарди тили айланмаётган Мурод. — Сен ҳали мени ёш бола қилдингми? Билиб қўй, мен ҳам эркакман, эркак, — кўксига муштлади у. — Мана, ол пулингни, мен садақага зор эмасман. Сендақаларнинг юзтасига садақа беришга етади кучим. Сигир ҳам сенга садақа.



Жамшид гапириш учун оғиз жуфтлади-ю, йигитга айни     пайтда сўз айтиш бефойдалигини билиб, индамади. Мурод эса нималарнидир алжираганча йўлида базўр кетарди.



* * *



Эрталаб зўрға кўзини очиб ҳовлига чиққан Мурод ола сигирнинг уйда боғлоғлиқ турганини кўриб, оқшом нималар бўлганини бир-бир хаёлидан ўрказди. Аслида, ўзининг ҳақиқий эркаклигини кўрсатиб қўйиш ниятида қилган бу иши номардники эканини англади. Бироқ кеч эди. Қоронғи тушганча уйда ивирсиб юрди. Бўлаётган воқеалардан ҳайрон онаси ва аёлининг саволларига «Ҳеч нарса», деб жавоб қайтарар, агар улар давом этаверса, бисотидаги бор аччиқ сўзларини сочмоқ ниятида эди. Бироқ она ва келин Муроднинг бу ниятини фаҳмлагандек, индашмади.



Эртаси куни сигирни сотиш ниятида кўчага отланган Мурод қорнинг учқунлаётганини кўриб, юраги бир увишди. Кўчада кетиб борар экан, Мақсудга дуч келди.



— Ҳа, жўра, ўтган кунги зиёфат жа зўр бўлди-да, — деди дўсти у билан саломлашгач. —  Бугун ҳам… — сигирга ишора қилди бўлиб ўтган воқеалардан бахабар Мақсуд, — зиёфат ерканмиз-да.



Мурод тахта бўлиб қотиб қолди. Ҳадеганда жўрасидан жавоб бўлавермагач, Мақсуд яна эски усулини қўллади:



— Эй, эркакмисан ўзинг? Битта зиёфатдан қочасанми?..



Айни вақтда Муроднинг қулоғига бу гаплар кирмаётганди.



«Ахир пулдан ишлатган эдим-ку. Энди уни қайси юз билан қайтариб олиб бораман?» дея саволига жавоб кутиб осмонга қараган Мурод қорнинг кучайганини ҳам ҳис этмаётганди. Уни айни пайтда ўз лафзсизлиги қийнаётган эди.

Фикр қўшиш