Мен дунёдан меҳр изладим узбекча шер

Мен дунёдан меҳр изладим
Мен дунёдан меҳр изладим

Сўзлаганда ҳақни сўзладим,
Бўзласам, чин дилдан бўзладим.
Умр бўйи, кечаю-кундуз,
Мен дунёдан меҳр изладим.

Тирикчилик ҳар жонга керак ,
Аммо зар деб урмагай юрак.
Кимдир пул ишқида жонсарак ,
Мен дунёдан меҳр изладим.

Бекор эмас, – кўксимдаги чўғ,
Умр азал отилган бир ўқ.
Молу-дунё излаганим йўқ!
Мен дунёдан меҳр изладим.

Кимнинг дарди иғво, хусумат,
Ким бир умр тўқийди ғийбат.
Нарироқ тур мендан адоват,
Мен дунёдан меҳр изладим.

Довдирадим, сўқмоқлар аро,
Дуч келганим, минг бир муаммо.
Жабр кўрдим, – ғам кўрдим аммо,
Мен дунёдан меҳр изладим.

Ҳар амалда бордир бир нажот,
Кўксимдаги не экан, ҳайҳот.
Сен менга ғам узатдинг ҳаёт,
Мен дунёдан меҳр изладим.

Дўст бир нафас иғволардан тин,
Сену-мен ҳам, асли бир мискин.
Бойлигинг ўзингга буюрсин,
Мен дунёдан меҳр изладим.

Кимгаки не этгай муяссар,
Ухламай зар излаб юрганлар.
Шу Заминни кезиб дарбадар,
Мен дунёдан меҳр изладим.

Кимни сенлаб, кимни сизладим,
Гоҳида тош қотиб музладим.
Мен дунёдан меҳр изладим,
Мен дунёдан меҳр изладим.

Кимга ёқмай, – кимларга ёқиб,
Ҳаёт отли дарёда оқиб.
Шу муштипар кўзларга боқиб,
Мен дунёдан меҳр изладим.

Ҳой одамлар!
Бир онга тўхтанг!
Қалбингизни маҳв этмасин занг.
Меҳрингизни мендан яширманг,
Мен дунёдан меҳр изладим.

Неки бор, – дилдагин сўзладим,
Энг ёруғ юлдузни кўзладим.
Ким нимадир дардида нолон,
Мен дунёдан меҳр изладим.

Фикр қўшиш