Хотинимнинг юзига қарай олмайман

Хотинимнинг юзига қарай олмайман
Хотинимнинг юзига қарай олмайман

Мен бу хатни узок ўйлаб, кейин ёзишга карор килдим.Бу хатимни укиганлар узларига тугри хулоса чикарса,хар бир кадамини ўйлаб босса, мен виждоним олдида озгина бўлса ам енгил тортардим. Азизларим, хеч бирингизни кариганингизда менга ухшаб бир коса иссик овкатга,бир пиёла чойга,бир огиз ширин сузга мухтож килмасин…деб гап бошладилар,хамда исмларини сир сакланишини сурадилар...
Олийгоҳда ўқиб юрганимда энг олд, аълочи талабалардан бири — гўзал ва ақлли қизни севиб қолдим. Пахта мавсуми бизни янада яқинлаштирди, биз турмуш қу­ришни аҳд қилдик. Севгилим ўзига тўқ хонадон фарзанди эди. У қаттиқ туриб олгандан сўнг ота-онаси тўйимизга рози бў­лишди. Тўй­дан кейин турмуш ўртоғим бизнинг ночорроқ оиламизга кўникиб яшай бошлади.

Йиллар ўтаверди. Уч нафар фарзандли бўл­дик. Қайнотам узоқни ўй­лайдиган инсон эди. У киши борди-келди бўлиб туради, деб синглимни ўғлига келин қилиш нияти борлигини билдирди. Мен «қарши қудачилик бўл­­майди», дейишимга қарамай синглим қайнимга турмушга чиқди. Бизнинг оилада эркакнинг, яъни отамнинг ўрни йўқ эди. Отамнинг гапига умуман қулоқ солмасдик. Чунки онам бизга отамни ёмонлайвериб, кўздан чиқариб қўйган эди…

Отам кўп ичарди (нега ичишини энди тушунаяпман). Ваҳоланки, отам ҳаммамизни ўқитган, онам эса ҳеч қаерда ишламаган. Лекин оилада қаттиққўллиги учун гапи-гап, сўзи-сўз эди. Ҳамма нарсани катта опам билан онам ҳал қиларди. Синглимни нега шоша-пиша қайнимга берганларини ҳам кейинчалик билдим. Қишлоғимизда ҳеч ким бизнинг хонадон қизларини сўраб келмасди. Опам яхши, оқ кўнгил инсонга турмушга чиққан, лекин поччамнинг қариндош-уруғларини одам ўрнига кўрмас, қайнота-қайноналарини ҳурмат қилмас, поччамнинг бўшлигидан фойдаланарди.

Тақдир тақозоси билан қайнакаларим ёрдам бериб, шаҳардаги номдор ташкилотга ишга ўт­дим. Қайнотамнинг ёрдами билан туманда қурган уйимизга бош­қа одамни қўйиб, қайнотамнинг шаҳардан олиб берган уйига кўчиб келдик. Ҳамма нарса шундан кейин бошланди. Қайнимга келин бўлган синглим «қуш инида кўрганини қилади» дегандек тўқликка шўхлик қила бошлади. Унга бизнинг шаҳарга кўчиб келганимиз ёқ­мади. У менга ўзини бечора қилиб кўр­сатиб, ҳар хил ёлғонларни, қийналаётганини, уни қийнашаётганларини айта бошлади. Бунга онам билан опам қўшилишди. Мен акалик бурчимни бажардим ва ҳамма аламимни хотинимдан ола бошладим. Уни урар, ҳақорат қилардим. Рўзғорни хотинимнинг зиммасига қўй­дим. Мен эркак эдим, лекин уйдаги на бир гилам, на бир мебель, на бир идиш-товоқ билан ишим йўқ эди. Буни ҳаммасини хотиним ўзи ишлаб, ўзи олиб, уйни гулдай қилиб қўярди. Мен икки ҳафтада бир нари-бери бозорлик қилардим. Кейинчалик буни ҳам хотинимга юкладим. Синглимни хўрлаганлари учун хотинимдан қасд олиш ниятида эдим. Уни шу йўллар билан қийнардим.

Онам ва опам эса «муштипар» синглимнинг «оғир» ҳаётини менга айтишдан чарчамасдилар. Синглим яхши яшаётган бўлса ҳам менга айтган ёлғонлари туфайли оилам аста-секин барбод бўла бошлади. Оиламга берган азобларим жазоси менга қимматга тушди. Шунчалик тубанликка бордимки, ҳатто яккаю ягона қизимни турмушга бераётганда барча харажатларни хотинимга «ишлаяпсан-ку, қиласанда, мен қишлоқда укаларимга ёр­дам беришим керак», деб топганимни ўша ёққа таший бошладим. Мен разил одамман, аёлим тўй ўтказиш учун ўз дўстимдан қарзга олишини, кейин ўзи аста-секин тўлашини кў­риб, кулиб турибман-а… Ахир фарзанд меники эди-ку?! Бошқа эркак бўлганда қарзни хотинига олдирмасдан ўзи оларди, ўзи тўларди.

Бу ишларим Худога ҳам хуш келмади, яхшигина даромадли ишимдан бўшаб қолдим. Болаларим хотинимнинг ҳаракатлари билан олийгоҳ талабалари бўлишди. Мен эса энди бутунлай қишлоққа кетдим, чунки ишлаб юрган вақтларим у ерда бир дўкон қуриб қўйгандим. Энди мен уйимга ҳафта-ўн кунда бир келадиган, дўконга маҳсулотлар олиб кетиш учун келгандагина келардим. Келганда ҳам ўзимга лойиқ битта нон ёки тарвуз, ёки бир кило помидор олиб келиб, шаҳардаги ишларим битгунча шуни ер эдим. Худди сизлар мени овқатимга тегманглар, мен ҳам сизлар билан ишим йўқ қабилида иш тутардим. Фарзандларим катта-катта бўлиб қо­лишган эди. Уларни нима еб, нима ичиши мени қизиқтирмасди.

Бунинг учун одамнинг юзи қанчалик қаттиқ бўлиши кераклигини биласизми? Одамзодга феъл-атвор кўпроқ онасидан ўтар экан. Чунки биз ҳаммамиз онамнинг тарбиясини олган эдик.
Шундай қилиб йиллар ўтаверди. Мен уйимга, оилам олдига келганим билан аёлим билан гаплашмас, Хоҳлаган пайтим келиб, хоҳлаган пайтим кетардим. Шунчалик безбетлик қилардимки, ҳатто ювиниш учун бир дона совун олиб келмас эдим. Кўнгил хушлаш учун бегона аёлларга борар эдим. Менчалик паст инсон бўл­маса керак.

Орада укамни уйлантирдик. Укам фарзандли бўлгач, келин уйдагиларга ёқ­май қолди. Охири опам билан сингилларим келинни қувиб юборишди. Шундан кейин укам одамови бўлиб қолди. Лекин бунинг ҳам иложини топишди. Опам билан шаҳардаги синглим ҳамма ҳужжатларни тўғрилаб, шаҳардан дўхтир чақиртириб, укамни руҳий касаллар шифохонасига жойлаштиришди. Мен номард: «Тўхтанглар, нима қилаяпсанлар?» дейишга ҳам, укамни бориб кўришга ҳам ярамадим. Ўз фарзандларининг ҳолидан хабар олмайдиган ноинсоф, номард ота ўз укасидан-жигаридан фарзандидан хабар олармиди?
Ёзганларимни ўқиётганлар, «қайнуканг ҳам эркак-ку, опасининг қийналаётганини кўрса ҳам синглинг билан яшаб юра­вердими?», дейиши мумкин? Мумкин экан. Чунки бир аёлнинг макри қирқ туяга юк бўларкан. Синглим менга қийналаётганлигини, камситилаётганини қанчалар ишонарли қилиб айтган бўл­са, ўз умр йўлдошига менинг ёмонлигимни, ношуд эканлигимни, янгасига ичи ачишини, нима қилсин қўлидан ҳеч нарса келмаётганлигини айтиб, ўзини жуда жабрдийда қилиб кўрсатиб келган.
«Янгамнинг ҳаёти учун мен жавобгармасман-ку!» — деб ўз фарзандларига ҳам (худди онам бизларга отамни ёмон кўрсатгандек) уларни ҳаёти учун бизлар жавоб бермаймиз, деб уқтириб юрган.

Синглим ўз ғаламисликларини, айғоқчилигини, бировларнинг оиласини бузишни ҳеч қўй­масди. Оқибат, бир синг­лим ишламаётганлиги учун ўз эрини ҳайдаб юборди. Кичик синглим ҳам эрининг ишлари юришмай қолганда «эркакнинг оилани боқиши – бурчи, аёл ўз эҳтиёжи учун ишлайди» деб эридан ажралиб, икки боласи билан онамникига келиб олди. Фақатгина шаҳарда яшаётган синглим эри билан яшар, чунки эри топарман-тутарман, унинг егани олдида, емагани ортида, ўзини эрига бечора қилиб кўрсатиб яшарди.
Мен эса дўконни юр­ғизиб турардим. Кейин эрдан чиққан синглим ўғиллари билан дўконниям эгаллади.
Вақт олий ҳакам экан. Ёшим олтмишдан ошди, аввалгидай кучим қолмади, жиянларим улғайди. Энди мени ҳамма нарсадан четлаштира бошлашди. Бир куни опам келиб:
-Дўкон синглим би­лан икки боласининг риз­қи, сенинг магазинда ҳақ­қинг йўқ! — деб жанжал қилди. Энди менинг ортиқча эканлигимни очиқ-ойдин айта бошлашди.

Орада онам вафот эт­ди. Машинам онамнинг номида эди. Машинамни расмийлаштириш учун барча фарзандларнинг розилиги керак. Сингилларим опам бошчилигида «Сотиб, пулини тенг бўл­санг, розилик берамиз», деб туриб олишди. Ва шундай бўлди ҳам. Кейин опам « Фарзандларингнинг олдига бор. Сени боқиш уларнинг бурчи, ахир отасисан-ку!» деб ақл ўргатмоқда. Лекин мен номард ўз қўлларим билан йўқ қилган оиламни олдига қайси виждон, қайси бет билан бораман? Ҳатто ўғлимни уйлантираётганда «тумандаги уйни сотайлик, боланинг ёши ўттизга қараб кетяпти», деб келган хотинимга, «Нима қилсанг қил, уй сотилмайди!» деб ҳайдаб юборгандим ва уйдан умидвор бўлмасин деб опамнинг «маслаҳати» билан уйни укамнинг номига ўтказиб бергандим. Ке­йинчалик бу уйга укамнинг катта ўғли эга чиқди.
Хуллас, охири мен сассиқ чолга чиқдим ва тез орада бу уйдан ҳам чиқиб кетишга мажбур қилишди. Бир куни шаҳардаги «муштипар» синглимнинг «акамни «Қариялар уйи»га топшириш керак», деганларини эшитиб қолдим ва эртасига ўзим уйдан чиқиб кетдим.
Бугун ҳар кимнинг уйи­даги ишларини қи­либ, яшаб юрибман. Фарзанд­ларимнинг ҳаммаси олий маълумотли, ишли. Улар онасининг тарбиясини олишган, оқкўнгил, меҳрибон. Ўғлим бир неча марта уйига олиб кетиш учун мени излаб топди, лекин боролмадим. Чунки хотинимнинг юзига қарай олмайман. Рўзғоримни бузган синглимнинг эса эсига ҳам келмайман…
Балки, буни ўқиган айрим эркаклар, «Э, ҳар бало бўл-е, шуни энди ёзиш шартмиди», де­йишлари мумкин. Лекин мен буни мендек оиласини хор қилган, бола-чақасини ўйламай юрган эркакларга, кўзи ҳали кеч бўлмасдан очишларини, оиласига ўз қўллари билан ўт қўймасликлари учун афсусланиб ёзяпман. Азиз эркаклар, кўзларингизни очинг, мендек хато қилманг…

Фикр қўшиш