Юзимни ювмоқда дурдай томчилар узбекча шер

Юзимни ювмоқда дурдай томчилар
Юзимни ювмоқда дурдай томчилар

Юзимни ювмоқда дурдай томчилар,
Юракка соғинчнинг тиғи санчилар.
Қутлуғ сафар олдида турган ҳожилар,
Мендан САЛОМ етказинг Расулоллоҳга
(Соллаллоху алайхи васаллам) 

.. Саодат шаҳрига етса қадамлар,
МАККАнинг ҳидлари уфурган дамлар,
Набийнинг юртига борган одамлар,
Мендан салом етказинг Расулоллоҳга.
(Соллаллоху алайхи васаллам)

... Мийқотда покланиб эҳром кийсангиз,
Кўкдаги фаришта мисол юрсангиз,
ОМОНАТ гапимни эслаб қўйсангиз,
Мендан салом етказинг Расулоллоҳга.
(Соллаллоху алайхи васаллам)

... Мино водийсида бедор кечада,
Дуолар, тавбалар қабул кечада,
Ҳар битта гўшада, ҳар бир кўчада,
Мендан САЛОМ етказинг Расулоллоҳга
(Соллаллоху алайхи васаллам)

... Қадам ташласангиз Арофат томон,
Набийнинг ваъзлари келгани замон,
Жоним ФИДО бўлсин, беҳад эҳтиром,
Мендан салом етказинг Расулоллоҳга
(Соллаллоху алайхи васаллам)

... Муздалифада терсангиз тошлар,
Сизга ҳавасмандман, кўзимда ёшлар.
Бизни НУР томонга қайси йўл бошлар,
Мендан салом етказинг Расулоллоҳга
(Соллаллоху алайхи васаллам)

... Тавоф этсангиз ул Каъбатуллоҳни,
Жамолини тилаб буюк АЛЛОҲни,
Ҳурмати учун шу Каломуллоҳни,
Мендан салом етказинг Расулоллоҳга
(Соллаллоху алайхи васаллам)

... Мадина, шубҳасиз, Нурафшон шаҳар,
Ҳатто тушларимда ўзига тортар,
У ерда НАБИЙнинг ўзлари ётар,
Мендан салом етказинг Расулоллоҳга
(Соллаллоху алайхи васаллам)

... Набийнинг излари тушган кўчалар,
минг бор зиёратга арзир қанчалар,
Ўша кўчаларда юрган, ҳожилар,
Мендан салом етказинг Расулоллоҳга 
(Соллаллоху алайхи васаллам)

... Қисматда не бўлса барига кўндим,
Ҳажнинг орзусила яшайди кўнглим,
Мен шу ОРЗУ билан топсамда ўлим
Мендан салом етказинг Расулоллоҳга 
(соллаллоҳу алайҳи васаллам)

Фикр қўшиш