Мулоҳаза учун

Мулоҳаза учун
Мулоҳаза учун

Мен шаҳарда дўконда ишлайман. Бир куни ишдалик пайтимда онам телефон қилдилар.
- Ассалому алайкум Онажон!
- Ва алайкум ассалом, Иқболжон яхшимисан болам? Болаларим хам яхшими, келиним хам ишига бориб келяптими?
- Ҳа, раҳмат онажон. Дадам яхшимилар, укам, келин ҳаммалари яхши юришибдими?
- Тузук хаммаси яхши, ўзим ҳам яхшиман болам.
- Ҳа онажон, тинчликми, телефон қилибсиз?!
- Тинчлик болам, эртага шанба келасизларми, деб телефон қилгандим.
- Эртага бўлаверсин-чи ойижон, вазиятга қараб айтаман-да, ишим чиқиб қолмаса албатта борамиз.
- Ҳа ишқилиб, ишинг чиқиб қолмасинда болам, биласан-ку соғиниб қоламан.
- Ҳўп ойижон, Худо ҳоҳласа борарман. Майли ҳайр, ёнимда одам бор эди... Кейинроқ ўзим телефон қиламан...
Телефонни столга қўйишим билан, дўконимга ҳаридор бўлиб кирган, нотаниш киши кўзимга қаради.
Юзлари қандайдир маъюс, ҳиёл кулганча:
- Онангизмилар? - деб сўради.
- Ҳа онам...
- Улар бошқа жойда яшайдиларми? - яна саволга тутди бояги киши.
- Ҳа улар мендан анча олисда, масофа билан ҳисоблаганда 100 км дан ошиқроқ узоқликда яшайдилар..
- Ҳа-а, шунақами? Демак, 100 км денг... Бир гап айтсам ҳафа бўлмайсизми?
- Йўқ ҳафа бўлмайман, ака бемалол, - дедим ҳайрон бўлиб.
- Агар менда шундай имкон бўлганида ука, 100 км экан-ку, 1000 км бўлса ҳам, ҳар кун бориб қайтишга тайёр эдим...Қани мени ҳам Онам ҳаёт бўлсалар, қани энди улар ҳам сизни онангиз каби қўнғироқ қилиб, ёнларига чақириб, кел болам десалар, қани энди уларнинг тиззаларига бошимни қўйиб уҳлай ололсам, қани энди онам бошимни силаб дуолар қилсалар ука. Афсуски, буни иложи йўқ! Ҳеч қандай йўл билан уларни қайтара олмайман ука… Онам энди йўқ!
Сизда эса ҳаёт эканлар. Ука боринг олдиларига, кўнгилларини олинг, хизматларини қилинг, кейин мен каби афсус қилмайсиз..Ота- онангизни ҳаёт эканликлари сиз учун - Бахт!
Нотаниш киши онаси хақидаги армонларини гапирар экан ичимдан бир нарса узилгандек бўлди...
Боягина онамга бориш бормаслигим эҳтимол деганим ёдимга тушиб, уялиб кетдим. Беиҳтиёр яна телефонимни қўлимга олиб, онамни телефон рақамларини тердим...
- Ҳа болам, бирор гапинг эсингдан чиқиб қолибдими?! - дея, қайта қўнғироқ қилганимга ажабланиб сўрадилар онам.
- Ҳа онажон, эртага Худо ҳоҳласа албатта борарканмиз, шуни айтиб қўймоқчи эдим.
- Вой Худога шукр!
- Ҳа айтганча, яна хар сафаргидек болаларим келаркан деб, эрталабдан бир нарсаларга уннаб юрманг, хеч нарса керак эмас, бизга Сиз кераксиз!
Онам билан суҳбатлашарканман, бояги нотаниш кишининг кўзларида икки дона ёш томчилаганини кўрдим...

Фикр қўшиш