Робинзонлар

Робинзонлар
Робинзонлар


Қиш айни авжига чиққан маҳал эди.
Мен мактабдан келдим-да, тез-тез овқатландим, устимга бу йил дадам тиктириб берган барра тери пўстин билан тулки тумоқни, оёғимга сал каттароқ бўлса ҳам, акам овга киядиган йўғон, узун қўнжли этикни кийдим. Даҳлизда турган бамбук сопли қармоғимни, токчадан дадамнинг катта қаламтарошини олдим-да, Сейитларникига қараб югурдим… Борсам, у ҳам иссиқ кийиниб бўлибди-ю, бироқ қовоғини осилтириб, бемалол ўтирибди. Ёнида Матниёз ҳам бор.
Матниёзни кўрдим-у, жон-поним чиқиб кетди: қизиқ, бизлар нима қилмоқчи бўлсак, у нуқул қарши чиқади. Ўзини катталардек тутиб: «Ўйлаб кўриш керак», — дейди.
— Қани, кетдик бўлмаса, — дедим мен Сейитга.
— Шу қаттиқ бўронда-я! — деди Матниёз гапга суқилиб, — ахир ўйлаб кўриш керак…
— Бизлар ўйлаб кўрганмиз, — дедим.
Сейит ялт этиб қаради-ю, секин ўрнидан турди.
У қармоғини, муз ўядиган ломни кўтариб олди. Учаламиз уйдан чиқдик. Матниёз индамай уйи томон бурилди.
То Аму бўйига етиб, муз устига чиққунимизча Сейит лом-мим демади. Дарё устидаги музга тушиб, тахминан ўртага қараб йигирма-ўттиз метрча юриб тўхтади. Мен қўлқопимни кийиб, лом билан муз ўя бошладим. Сезиб турибман: Сейит тескари қараб нимадир қиляпти… Мен томонга қараб-қараб тиржайиб қўяди. Уни енгидан ушлаб ўзимга қаратдим.
— Бу нима?
— Кўриб турибсан-ку! — деди у кулиб.
Унинг ақлига ҳайрон қолдим: қармоғининг учига кичкина батарея лампочкасини боғлаб, мум билан силлиқлаб, сув кирмайдиган қилибди. Қармоқ ипи ўрнига оқ рангли электр сим тортиб таёқчага боғлабди. Таёқ учидан охиригача ўша симни тортиб келиб, батареяга улабди.
— Бу нима?
— Газета ўқимайсан, ўртоқ, — деди-да, қўлидаги қармоқни бир четга қўйди, шошилмасдан қўлларини оғзига тутиб иситган бўлди, кейин чўнтагидан тери қўлқопини чиқариб бафуржа кийди-да, қўлимдаги ломга ёпишди. Жаҳлим чиқиб кетди.
— Бермайман, аввал айтасан, кейин бераман, — деб ломни силкиб тортиб олдим-у, музга бир урдим, лом қоқ белигача музга кириб кетди, тортиб олган эдим, буриллаб сув чиқа бошлади. Икковлашиб ҳалиги жойни кенгайтирдик.

Сейит қармоғини сувга ташлади, иннайкейин дастага боғланган батарея симларини бир-бирига улади-да, чаққон ётиб ўйилган жойдан сувга қаради. Мен ҳам муккамдан тушиб қарадим. Қарасам… сув ичидаги ҳалиги лампочка милтиллаб ёниб турибди… Энди тушундим… Балиқ ёруғликка интиламан деб…
— Вой калла-ей, — деб Сейитиннг бошига бир туртган эдим, худди шартлашиб қўйгандай пўкак сувга шўшиб кетди, иккаламиз ҳам ўрнимиздан учиб туриб, қармоқ дастасига ёпишдик.
Мана, ҳадемай, биринчи чавоқбалиқ думи билан муз устини шапатилай бошлади. Сал ўтмай иккинчи, учинчи, тўртинчи… ўнинчи чавоқбалиқ, суенбалиқлар ҳам муз устига чиқди.
Қанча вақт ўтганини билмайман. Қаердадир қарс этиб муз ёрилди. Бир силкиниб тушгандай бўлдик. Атрофга аланглаб қарадик, дарё ўртаси ҳали қотмаган, сал нарида гирдоб бўлиб оқаётган сув кўриниб турарди.
Бир маҳал шамол қулоғимизга қандайдир бир чинқирган товушни олиб келди. Биринчисига унчалик аҳамият бермаган эдик, иккинчиси боягидан қаттиқроқ, аянчлироқ эшитилди, бошимизни кўтариб атрофга қарадик.
Назаримда, қирғоқ узоқлашиб кетгандек, нариги бетда биров қалпоғини қўлига олиб, силкиб қичқиряпти…
— Матниёз-ку, — деди Сейит тиржайиб, — алам қиляпти шекилли-а?
Менинг тилим гапга келмай қотиб қолган эди. Сейит мени кўриб шошиб қолди.
— Нима бўлди сенга, Оллониёз?!
— Оқиб кетяпмиз, — дедим мен йиғламсираб.
— А?!
Сейит ҳам, мен ҳам ўз турган жойимизда қотиб қолдик. Кўп ўтмай қирғоқдаги ҳалиги одам кўздан ғойиб бўлди. Ростакамига қўрқса одам йиғлай олмас экан. Иккаламизнинг кўзимизда ҳам нам йўқ. Кетиб боряпмиз. Баъзан тўлқин муз парчамиз устига сапчиб, дўқ ургандай бўларди, ўйилган жойдан чилп-чилп қилиб сув чиқиб, яна қайта тушади. Аввалига билинмаган эди, биз турган муз парчаси ўртага сурилиб, тез оққан сари кўпроқ чайқала бошлади. Боядан бери бизлар бир-биримизни айбдор қилмоқчи бўлгандай, яқинлашмай, иккаламиз икки жойда қаққайиб тургандик, муз чайқалиб бизларни яқинлаштириб қўйди. Бир-биримизни маҳкам ушлашиб, кўзларимизни жавдиратиб атрофдан мадад қидирардик. Аммо на у қирғоқдаги, на бу қирғоқцаги тилсиз қамишзор, тўқайзордан бирор садо эшитилмасди.
Мана, кечга бориб, шамол тинди. Бироқ қор учқунлай бошлади. Бора-бора кўникиб колдик, бир-биримизни маҳкам қучоқлаб, кўчма музнинг ўртасига ўтирдик. Сейитни билмайман, менинг юрагимда қўрқув. У-бу десам, Сейит: «Менми, сенми балиқ овига бошлаган», — деб таъна қиладигандай назаримда. Қаёқданам шу ишни бошлай қолдим? Аста Сейитга қарадим, уям, кўзида ёш-у, тиржаяди тағин. Кулиб юбордим.
— Энди нима қиламиз? — десам, у:
— Зиганшин, Поплавскийлар нима қилган эди, — дейди тиржайиб.
— Қорақалпоқдан чиққан Зиганшин, — дедим уни секин қучоқлаб. Шундан кейин гапимиз узилиб қолди. Атрофимизни қоронғилик ўрай бошлади. Муз «қайиғимиз» боягидан сал тинчроқ оқса ҳам қоронғилик атрофимизга ўзининг кўланкасини ташлай бошлади. Шуниси тузук бўлдики, қор таққа тўхтади. Назаримда кун совий бошлагандай. «Уф» десанг оғзингдан оппоқ буғ чиқади. Қулоқчин, тумоқларимизнинг боғичлари қировдан оппоқ. Атроф зимистон. Дарёнинг шалдираб оқиши кўрқинчли, қаердадир муз музга урилиб қарсиллайди…
«Мабодо бизнинг тагимиздаги муз парчаланса-чи? Унда нима бўлади?!» Шу қўрқинчли хаёл билан Сейитга қарадим. У ҳам жим. Хаёл суриб ўтирибди.
Мана шундай аҳволда келаётганимизда «қайиғимиз»нинг тумшуғи бир нарсага келиб қаттиқ урилди. Бизлар ўтирган жойимиздан бир метрча жойга сирғаниб бориб тўхтадик. Бундай қарасам, қирғоққа ўхшайди; ер, қамиш… севиниб кетдим.
— Сейит, тур, — дедим мен уни туртиб, — қирғоққа келдик, муз сурилиб кетмасдан тушиб олайлик…
— Қанақа ер?! — деди у ўрнидан туриб.
— Бўл, тез, муз оқиб кетяпти, — дедим шошилиб. — Қармоқларни, балиқларни ол.
Бизлар балиқларни, қармоқларни тез-тез қирғоққа отиб сакраб чиқиб олган ҳам эдикки, муз парчаси аста-секин биздан узоқлаша бошлади. Қизиқ, муз биздан узоқлашяптими, қирғоқ узоқлашяптими, билиб бўлмас эди.
Нима бўлса ҳам бўлди, бир амаллаб ерга чиқиб олдик. Хўш, энди нима қилиш керак? Ўйлай бошладик. Ҳаммадан ҳам шуниси яхши бўлдики, бу ер унча совуқ эмасди, атрофдан илиқроқ шамол эсарди. Бизлар қамиш оралаб сал олға юргандик, олдимиздан сув чиқиб қолди, чапга бир оз юргандик, яна сув чиқди, кейин ўнгга юрдик, яна атрофимизнинг ҳаммаси сув… Кичик бир оролга чиқиб қолибмиз. Энди нима қилдик?!
Аста юриб оролнинг ўртасига келдик. Ўтириб ўйлай бошладик. Бундай маҳалда бошга тузукроқ фикр келармиди? Сейит, негадир, ўрнидан туриб, қамишларнинг уч-учидаги попукларини синдира бошлади.
— Нима қиляпсан?
— Ишинг бўлмасин, — деди у салмоқ билан, — қаламтарошинг борми? Озроқ қамиш ўр, ёқамиз…
Жуда қувониб кетдим. Демак, Сейитда гугурт бор экан. Тезда бир-икки боғ қамиш ўриб келдим. Сейит бояги попукларни бир боғ қамиш тагига қўйиб, гугурт чақди.
Аввалига бир оз тутаб, кейин ёнди. Боягидан сал исий бошладик. Бироқ қамиш ловиллаб ёниб, тез ўчиб қолаверар экан. Оролчани айланиб, уч-тўртта ёввойи жийда шох-шаббасини қирқиб келдим. Сейит уларни оловга бир-бир ташлаб, хаёлчан ўтираркан:
— Ҳа, мана энди Робинзон ҳам бўлдик, — деди хўрсиниб. Мен индамадим.
— Ер қимирлаяптими? — деди бир маҳал Сейит.
— Нима деб алжияпсан ўзинг!
— Ана, ана, қарагин.
Рост, оролча сал чайқалгандай бўлди.
— Тағин бу кўчма орол бўлмасин, — деди Сейит ваҳима қилиб.
— Қўй-е, кўчма орол Амуда нима қилади? — дедим мен унга тасалли бериб, — дадам уни Орол денгизида бўлади, деганлар-ку…
— Ҳозир Орол денгизида юрган бўлсак-чи?
— Нима! — юрагим шув этиб кетди. — Рост, атрофимиз ҳаммаси сув…
Илгарилари Орол денгизида кўчма оролча борлигини кекса балиқчилардан, ўқитувчилардан эшитардик. Мана энди ўзимиз кўчма орол устида юрибмиз.
— Тўхта-тўхта… Эшитяпсанми? Самолёт…
Рост, самолёт. Мен ўрнимдан учиб туриб, осмонга қарадим. Самолёт! Иккаламиз кучимиз борича бақирдик. У пастлаб келиб, ўнг томонимиздан ўтиб кетди. Эҳ, аттанг!..
У сал ўтмай чап томонимиздан яна кўринди. Мен катта, бир учи ёнаётган шохни баланд кўтариб, у ёқдан-бу ёққа силкидим. Яна у парво қилмай ўтиб кетди. Ўтиб кетди-ю, яна орқа томонимиздан пастлаб учиб ўтди. Бу гал ҳам овозимиз борича қийқириб, ёнаётган шохни баланд кўтариб силкидик.
— Ана, ана кўрипти, ур-ре… кўрипти. Сигнал беряпти, — деди Сейит қувониб, — кўряпсанми Оллониёз, сигнал беряпти…
Самолёт кўк, қизил чироғини бир ўчириб, бир ёндириб, аста-секин қоронғи тун бағрига шўнғиб кетди.
— Кўрганда нима, бу ерга қўна олармиди, — дедим мен ҳафсалам пир бўлиб.
— Рост, — деб хўрсинди Сейит.
Самолёт қайтиб келмади. Бизлар уни кута-кута яна олов атрофига жим чўккаладик. Ҳар куни бу маҳалда мен аллақачон овқатланиб бўлиб, дарсларимни тайёрлаётган бўлардим. Ойим бугун қандай овқат қилган экан-а? Қорним очгани энди билина бошлади… Миямга бир фикр келиб қолди:
— Сейит, балиқ пиширмаймизми?
Қорни очиб турган эканми, бояги тутган балиқларни топиб келгани ўрнидан учиб турди-ю, нимагадир тикилиб, қотиб қолди.
— Чироқ, чироқ кўриняпти, Оллониёз, — деди у қувониб. Мен ҳам ўрнимдан учиб турдим. Қарасам, бир чироқ келяпти. Кўзимга у худди қуёш оқиб келаётгандай кўринди. Сув устида нур ўйнарди. Ана, қандайдир гудок…
— Катер… — дедим мен аста. Кейин иккаламиз роса бақира бошладик. У тинмай гудок чалиб, борган сари яқинлашар, бизлар ҳамон бақирардик. Унинг ўткир ёғдуси кичик оролчани бутунлай ёритиб келарди. Сал ўтмай кўзимиз қамашиб, катерга қарай олмай қолдик… Ана, тариллаган таниш товуш, ёзда дарёда юрадиган кичкина катер… У сал ўтмай оролчага тумшуғини тақади. Ана, устидан бир-икки киши тушди. Бирортаси ҳам таниш эмасдай…
— Сейит, Оллониёз! — деб қичқирди кимдир, катер ичидан. Овозидан дарров танидим: Матниёз…
— Қани, қаҳрамонлар катерга чиқинглар, — деди бир йўғон овозли киши. Мен, роса боплаб уришса керак, деб ўйловдим. Хайрият, негадир индамади. Аввал, Сейит, кейин мен катерга чиқдик. Ҳалиги одамлар ҳам чиқишди. Мен, Матниёз, Сейит қатор ўтиришдик.
— Роса қичқирсам ҳам қарамадинглар, — деди Матниёз, — мен ҳам қармоғимни олиб чиқиб, шундай қирғоққа келсам, оқиб кетаётган экансизлар… Қичқирдим-қичқирдим, эшитмадинглар, кейин овулга қараб югурдим.
— Қани, кетдик, — деди ҳалиги овози йўғон киши. Қоронғида башараси кўринмасди. Фақат устига кийиб олган денгизчилар формаси билан мўйловигина зўрға кўринарди. Катер аста орқага бурилиб, бир силкинди-ю, сувни ёриб сузиб кетди.
— Сизларнинг бу жойда эканлигингизни самолётдан билишди, — деди Матниёз шивирлаб, — қанча одам овора бўлди… Ўйлаб кўриш керак эди…
Сейит унинг бу сўзига индамади. Мен аста Матниёзнинг бўйнидан кучоқлаб олдим. У қаршилик кўрсатмади.
Катер тариллаганича бутун даҳшат ва қўрқинчни орқада қолдириб, олға интиларди…

«Акли бутун одам» (хажвия)

Мухиддин кизик бозор килиб чикса, Акрам кизик зир югуриб турганмиш-да. — Ха, огайни, тинчликми? — сорабди Мухиддин ака. — Е, орток, кечагина оттиз минг сомга янги велосипед олгандим, шундай бозорга кириб чиккунимча огирлаб кетишибди, — Акрам ака куюниб ошнасига тушунтирибди....

Дунёдаги бахтли одам (ҳикоя)

Жесси ўкириб юборишдан ўзини аранг тутиб турарди. У Томни кичкина идорада кутиб, шилиниб адойи тамом бўлган оёғига дам бериш мумкинлигидан хурсанд эди. Томнинг: "Ҳа, майли, Жесси, истаган пайтингда иш бошлашинг мумкин”, дейишини олдиндан ўйлаб, севинчи ичига сиғмасди. Мана, икки ҳафтадирки, Жесси Канзас-Ситидан Тулсага – Миссури штатидан Оклахома...

Сочингиздаги ок нимадан, онахон?

Йо‘налишли такси тирбандлигига карамай яна бир бекатда то‘хтади. О‘тириш тугул ойок ко‘йишга жой бо‘лмаган уловга йо‘ловчи йопирилиб кирди. Тиг‘из пайт. Хамма ишдан кайтяпти. Айоллар тезрок бориб козон-товокнинг харакатига тушишни о‘йлаб шошиляпти. Шу пайт тирбандлик ичида таниш овоз кулог‘имга чалинди:...

МУДҲИШ ХАТО…

Тарки одат — амри маҳол, деганлар. Султон бойвачча бу оқшом ҳам гандираклаб уйига қайтди. Хотини Замира ошхонада куймаланиб юрарди. Дераза ойнасидан бир муддат унга кўзини сузиб қараб турди-да, Султон нимадир ёдига тушгандек муштини дўлайтириб ичкарига бостириб кирди ва хотинининг тирсагидан маҳкам сиққанча темир сандиқ ёнига ўтқазди. Кейин...

ЎРИНСИЗ РАШК ИЗТИРОБИ

Иномжон таниш дарвоза қаршисида тўхтаб, бир муддат нима қиларини билмагандек, қотиб турди. Кейин журатсизгина ёғоч эшикни бир-икки чертди. Ичкарига алланечук саросима ила қулоқ тутди. Жавоб бўлавермагач, яна бир-икки черткилади. Кейин эса ўғлининг отини айтиб чақирмоққа чоғланди:...

ВАҲШИЙЛАР… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

Тошкент шаҳрининг чекка мавзеларидан бирида сукунат ҳукмрон эди. Ўрта бўйли, мовий кўз Мадинагина истар-истамас кўп қаватли уй томон юриб борарди. Хаёллари чалкаш, кўнглида ғашлик аломати сезилади. Миясида фақат бир савол чарх уради. "Нега чақирди экан? Наҳотки, тўй қилиб уйланишга қарор қилган бўлса?..”...

ҚАБР ТОШИ МАШМАШАСИ

— Қанча, учтами? Ҳа, албатта оламиз. Мани исмим Ихтиёр. Тошларимиз мана бу ёқда. Кўринг. Қандай шаклда бўлади, қандай ўлчовда?  Мана бўларимиз 60 минг, каттароқлари 85 мингдан 150 минггача. Агарда гранит қўйдирмоқчи бўлсангиз 200 минг. Қабр тошининг ёнига мармар ётқизасизми ё йўқми, гул солишга кўзача…...

Иисонни енгиб бўлмайди

Минг тўққиз юз ўн саккизинчи йил, тўққизинчи июл. Тун. Америкалик ёш аскар қуролдошлари билан айғоқчилик мақсадида душман постига яқинлашади. Лекин у тўппа-тўғри ўзи томонга келиб тушган снаряддан эсанкираб қолади....

Олмос қирралар жилваси

Куни кеча Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги "Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан жаҳон адабиёти, хусусан, Лев Николаевич Толстойнинг ижоди ихлосмандлари учун ажойиб туҳфа тайёрланди – улуғ адибнинг қаламига мансуб "Бечора Иван Илич” ҳамда "Сергий ота” қиссалари Ҳаким Сатторий таржимасида "Икки қисса” умумий номи остида нашр...

Жума куни масжиддаги кутилмаган ҳолат.

Ўғлим энди 5 ёшни қарши олди. Аммо илм ўрганишга чанқоғи сероб. Намоз ўқишни севади... "Мени ҳам масжидга олиб боринг", деди жума куни тонгда. Жуда ҳам севиндим. Боламга севгим ҳар қачонгидан ошди. Пешинга яқин йўлга, масжидга отландик. Ўғлимни елкамга ортиб, йўлда Саодат асрига оид ривоятларни айтиб келардим. Масжид дарвозасига яқин қолганимда...

Фикр қўшиш