ХАЁЛ

ХАЁЛ

"Мен ҳар куни шу йўлакдан ишга қатнайман. Турли хил одамларни кўраман, ҳар хил воқеаларга гувоҳ бўламан. Асли касбим журналист бўлгани учунми бироз синчковроқман. Ҳамма нарсага эътибор қаратишни ёқтираман. Буни кўрганлар балки сал ғалатироқ ҳам деб ўйлаши мумкин. Лекин бу мени қизиқтирмайди. Тўғри, журналистика соҳасида айтарли қалам тебратиб, бир жойни обод қилмаган бўлсамда, ёзишни, китоб ўқишни жуда яхши кўраман ва бу билан озми кўпми шуғулланиб тураман”.
Фаррух кундалигини ёзиб шу ерга келганда эшик тақиллаб, хаёли бўлинди. Хотини экан. Кечки овқатга чиқишини айтиб кетди. "Майли” дедию, яна кундалик ёзишга тутинди. Сабаби у ёзгиси келган вақтда овқат ҳам, иш ҳам кўзига кўринмайди. Лекин қурғур бу илҳом деганлари "ҳа” деганда келавермайдида. Аслида буюк ёзувчилар айтишган "илҳомни кутиб юраверсанг, ҳеч қачон арзирли асар ёза олмайсан”. На илож, кейин илҳом келмаса ҳам ёзишга тутинамизда”. 
Фаррух шу хаёллар билан яна нигоҳини дафтарига қаратди.
"Вақтнинг ўтишини қара, - деб бошлади у фикрининг илк жумлаларини. Чунки вақт ҳақида кўп ўйларди. Кечагина ўйнаб юрган бола эдик, бугун эса болалари билан ўйнаётган отаман. Ҳар гал кундалик ёзишга ўтирганимда вақт ҳақида тўлиб-тошиб ёзгим келади, лекин қурғур бу вақтнинг қадрига ўзим етмасам ўзгаларга нимани ҳам илинардим. Ёзгандан кейин ўқувчи сенинг қоралаган нарсангдан бир нима олсинда. Бўлмаса ёзган қоғозингнинг ҳузурини олов кўрсин. Келинг яхшиси ҳаёт ҳақида хаёл сурамиз. Кундалигимнинг бугунги саҳифасини "Ҳаёт фалсафаси” деб номлайман”.
"ТААЖУБ. Мен шаҳарни айланиб юриб, кўпинча шаҳарнинг буюм бозори ҳудудида бир манзарага гувоҳ бўламан. Бир озғин, офтобдан куйиб кетган кампир (ҳой наҳой руҳий ҳаста бўлса керак, негаки, ўзини тутиши шу фикрга келишга ундайди) эрталабдан кечгача тиланчилик қилади. Йиртиқ, кир бўлиб кетган кўрпачага ўтириб, совуқ кунлари ҳам усти юпун ҳолатда икки йилдан буён жойини ўзгартирмаган ҳолда ўтиради. Тиланчилик қилиб бировга шилқимлик ҳам қилмайди, ортиқча асабга ҳам тегмайди. Лекин... Бир лекини бор. Уни ўзининг фарзанди, туққан фарзанди (қуйиб қўйгандек ўзига ўхшайди) мотоциклда олиб келиб шу ерга қўйиб кетади. Ҳар куни шу аҳвол. Устига устак ўзбек миллатига мансуб йигит. Топган пулини ҳам тахмин қилиб кўрдим. Кўпи билан 5-7 минг сўм топади. Шуни ҳам топса. Одамларнинг психологияси ҳам қизиқда, тиланчи сўрамаса ҳеч ким бермайди. Кампир эса сўрамайди. Майли, топилган пул ҳам ўз йўлига. Қандай қилиб фарзанд ўз онасини тиланчиликка мажбур қилаяпти? Ким айбдор? Фарзандига оқ сут берган онами ёки бетарбия, виждонсиз фарзандми? Албатта масаланинг моҳиятига етмасдан тугал фикр билдириш қийин. Балки она фарзандига тўғри тарбия бермагандир, онасининг ўзи ҳам балки фарзандига нисбатан бирон ножўя иш қилгандир. Буёғи бизга қоронғу. Таажжуб, нима бўлган тақдирда ҳам у барибир ОНА-ку”. Вақти келиб ўзинг ҳам унинг ўрнида бўлишингдан қўрқ.
ҲАЙРАТ. Бу воқеаларнинг бўлганига ҳам анча бўлди. У пайтларда ёш эдик. Кўрганларимиз қанчалик ҳайратланарли бўлса, шунчалик оддий ҳолатдек ҳам эди. Бобом раҳматли кунда кунора даштдан ўзининг яхши кўрган эшаги билан ёвшон (бизнинг қишлоқда уни "жувшон” дейишади) чопиб келарди. Ёвшон аравага чунонам устамонлик билан босилардики, нақ уч метрча келарди. Бу манзарани эсга олишим, у ҳақда ҳайрат билан эслашимга сабаб бор. Биринчидан, бобом анча кексайиб қолган эди. Иккинчидан, бир оёқлари бироз оқсарди. Учинчидан эса, бу ҳолатдан орадан йигирма йилча вақт ўтиб энди ҳайратланаяпман. Бобомга бу куч қаердан келди, араванинг устига қандай чиқиб тушди?! Саволлар кўп. Ҳали бу умрнинг арзимасгина қисмини босиб ўтган бўлсакда, кўп ҳайратли воқеаларни кўрдик, биз ҳайратланмаганларимиз эса кундан кун техникавий тараққиёт сари одимлаётган дунёнинг олдида ўзимизнинг ожизлигимизни кўрсатмаслик учун бир баҳонадир холос. 
Яна воқеаларни бобомнинг ҳаёти билан боғлайман. Чунки у кишининг ҳаёт йўли мен учун ҳайратланарли. Сабаби оддий – у фақат меҳнат қиларди. Ҳайратланарли нарсалар эса меҳнатнинг оқибатидан келади.
90-йилларнинг боши ўзим туғилиб ўсган Мўйдин қишлоғининг иссиқ саратони – ёз. Ёз биз учун ҳақиқий севимли фасллардан бири эди. Чунки бобомнинг боғларидаги мева-чевалар ғарқ пишадиган давр. Кўпинча бобомнинг ёнларида у кишининг ишлашларини кузатардим. Кечагидек аниқ эсимда. Ўзининг кичиккина кўрпачасида ўтириб олиб токни хомток қилаётганлари. Нима учундир ўша даврларни соғинаман. Сабаби ўша даврнинг одамлари бошқача эди. Ўзгача меҳр-оқибат, ўзгача самимийлик бор эди. Ҳозир ҳам унданда юксакроқ меҳр оғушидамиз, бироқ ҳайратланарли жиҳати уларнинг ҳаммасини моддий манфаат босиб кетаётгандек. Ҳамма тирикчилик ғамида ўзини ўтга-чўққа уради. Ёнимиздаги одам билан ишимиз йўқ. Бежиз ҳайрат ҳақида гапириб уни бобомнинг ҳаёти билан боғламадим. Сабаби олдинлари ҳам одамлар меҳнат қилишган, лекин меҳрни, оқибатни ҳам унутишмаган. Бир пайтлар бир ота-онадан пул олиб мактабга қатнаган ака-ука вақти келиб пулга талашса ҳеч ким ҳайратланмаяпти. Қизи отасига севган йигити борлигини айтса ОТА ҳайратланмаяпти. Қўшни йигит ўз онасини тиланчиликка мажбур қилса ён ҚЎШНИ ҳайратланмаяпти. Ачинарлиси, хориж сериали қаҳрамонлари бир қизга талашиб тортишиб қолса ҲАММА ҳайратланади. Энг ҳайратланарлиси ҳамма жой ҳайратга тўла-ю, лекин бу нарсалардан ҳеч бир ОДАМ ҳайратланмаяпти. Чунки у ОДАМнинг ўз ҳаёти, ўз йўли ва ўзининг ҳайратланадиган нарсалари бор. Вақт ўтиши билан руҳий жиҳатдан ожизлашиб бораяпмиз”.
- Дадаси, овқатингиз совиб қолди!
- Ҳозир!
"Мен ҳозир чой ичишга кетаяпман. Кундалигимни қолган жойидан кейинроқ давом эттираман”.
Фаррух кундалигига шундай деб ёзди-ю, дастурхон ёнига шошилди. 
- Ҳа, бунча иштиёқ билан нималарни ёзаяпсиз?- келиши билан Фаррухни саволга тутди хотини. 
- Ўзим, шунчаки, ҳар замонда у-бу нарса ёзгим келади. Шуларни қоғозга қоралаб қўймасам, ёдимдан кўтарилиб кетади.
- Дадаси, шу ёзувчиликни қаердан ҳам ўргангансиз-а? Ундан кўра тузукроқ жойга бошлиқ бўмайсизми ёки савдо-сотиқ билан шуғулланмайсизми? Ёзувчилик билан оила боқиб бўларканми? Ҳали рўзғорда у кам, ҳали бу кам. Икки кундан кейин уйимизнинг ижара пулини тўлашимиз керак! 
- Бўлдими, гапириб бўлдингми? – Фаррух хотинининг доимий дий-диёларига ўрганиб қолган бўлсада, сабрли бўлишга интилади. Яна доимгидек вазминлик билан гапирди у.
- Йўқ, гапириб бўлмадим. Ё тузукроқ иш топинг, ё...
-Нима ё...? Ёки бўлмаса сенинг жавобингни берай, шундайми? Қанчалик оғир бўлмасин Фаррух бу гапни айтишга мажбур бўлди. Чунки хотини барибир шу гапни айтарди.
- ....
- Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Фарзандларимиз катта бўлсин, қанотимиз бўлиб топиш тутушимиз ҳам яхши бўлади. Сен ҳам ишлайсан, мен ҳам бир нечта жойда ишлашга ҳаракат қиламан. Фақат сабр қилиш керак.
- Э, сабрим ҳам, бошқаси ҳам тўлди, - ўзига ярашмаган ҳаракатлар билан пешонасини тириштириб ўзини хафа бўлганга солди хотини.
- Бор кириб ёт, ана кичкинанг ҳам уйғониб кетди бизнинг шовқинимиздан.
Фаррухнинг хотини нариги хонага кириб кетган бўлсада, овози тинмас, бир нималардан норози бўлиб, ҳаётни тинимсиз лаънатларди. Фаррух эса бош чайқаганча, хотинининг қилиқларидан бироз хафа бўлиб, одатдагидек ўзининг ёзув столига ўтирди ва севимли дардкаши кундалик дафтарини очди.
"Кўрдингми ҳаёт, бизга ҳамма нарсани улашасану, сенга лаънат ўқиймиз. Сенда яшаймиз-у, сенинг юзинга туфлаймиз. Сендан баҳраманд бўламиз-у, сендан бир умр норози бўлиб ўтиб кетамиз. Азиз ўқувчим, мен бежиз ҳаёт ҳақида хаёл сурамиз деб бошламадим ўз кундалигимни. Сабаби ҳам шунда эди. Ҳаётнинг бор гўзаллигини яхши яшашда деб биламиз. Яхши яшашни эса, ҳамма нарсанинг муҳайёлигида деб биламиз. Балки шундайдир. Ахир ҳаётнинг ўзи одамларни шундай ўйлашга, шундай яшашга мажбур қилмоқда. Бир кун моддиятни (ҳаёт ғам ташвишларини, тирикчиликни) ўйламасак, иккинчи кун дунёга жар солаётганимиз маънавият ҳақида эшитишга сабримиз чидамай қолаяпти. Ҳаёт олганники, еганники бўлаяпти. Яна сенга безбетларча "ҳаёт жуда бешафқат” деб қўямиз. Сен бешафқат бўлганингда менга шундай неъмат - оқ қоғозни дардкаш билишдек неъматни ҳадя қилармидинг, эй ҳаёт!
Бизнинг энг катта камчилигимиз ҳаётни севмаймиз. Ҳаётни севиш бу мол дунёни, ўткинчи ҳою-ҳавасларни севиш дегани эмас. Бу – ҳаётда ҳақиқий инсон бўлиб, бировга нафинг тегиб, яқинларингни севиб яшашдир. Кундалигимнинг "Таажжуб” саҳифасида ёзганим онахон ҳам унинг ўғли ҳам шу ҳаётда яшапти, "Ҳайрат” саҳифасидаги менинг бобом ҳам шу ҳаётда яшаб ўтдилар (худо раҳматига олган бўлсин), ҳозир ҳикоя қилмоқчи бўлганим қаҳрамонлар ҳам шу ҳаётнинг одамлари. Ҳаётнинг гўзаллиги шундаки, унда ҳамма яшайди, ўзининг ризқу насибасини теради.”
- Эртага бозордан картошка-пиёз олиб келинг, ҳеч нарса қолмапти уйда! – хотинининг гапи Фаррухнинг хаёлларини бўлди.
- Бўпти, олиб келаман. Шуни эртага айтсанг бўлмасмиди, хаёлимни бўлдинг.
- Э, хаёлингиз бўлинмаганда бир нимани қойиллатиб ёзармидингиз. Кошки бир-икки сўм фойда келтирса ёзган нарсангиз.
- Хотин, шунақа гапларни гапирганинг учун ҳам менинг ёзганларимда маъно бор. Агар сен бунчалик феъли тор бўлмаганингда балки мен ҳеч нарса ёзмасмидим, - ҳазил аралаш кулиб гапирди Фаррух.
- Э, боринг-ей, сизга гапириб нима қилдим, - дедию хотини ранжиган қиёфада хонасига кириб кетди.
Фаррух яна кундалигига юзланар экан, ёшлигидан буён қийнаб келаётган дарди кўксининг чап томони енгил санчиб қўйди.
"Чарчапман шекилли ётиб дам олақолай. Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолибди. Эртага ҳам қиладиган ишларим кўп”. Фаррух шу хаёлларда ўрнига кириб ётди. Бироқ уйқуси келмаганидан яна хаёли қочди. 
"Топиш-тутишим аслида унчалик ҳам ёмон эмас. Фақат бироз қийинчилик туғдираётгани шу яшаётган уйимнинг ижара масаласи. Топганимнинг ярмидан кўпи шу ҳаражатга кетаяпти. Хотинимни ҳам тушуниш керак. У ҳам оилам, бола чақам дейдида. Ҳечқиси йўқ. Ниятимга етишимга оз қолди. Яна озгина ҳаракат қилсам, уйли бўламан.”
- Дадаси, туринг чой тайёр. Сиз пешингача ухласангиз оилани ким тебратади.
Фаррух доим вақтли турарди. Кечаси кеч ётгани учунми бугун нимагадир кўнгли ғаш бўлиб бироз кеч уйғонди. Хотинининг овозидан анча ухлаб қолганини сезди-ю югуриб туриб юз-қўлини ювди. Ишга кеч қолаётгани учун чойини шошиб ичди.
- Майли, мен кетдим. Яхши ўтиринглар.
- Бозорлик қилиб келинг. 
- ...
Фаррух йўлда кета туриб бугун нима қилиш кераклигини, таҳрир қилинмаган ва чала қолган мақолаларини ўйлаб кетди. Таҳририятга келиб ҳамкасблари билан сўрашиб ишга киришиб кетди ҳамки кўнглидаги ғашлик тарқамади. Кўксидаги санчиқ кечагидан анча кучайди. Ҳар гал оғриқ турганда яқинда таътилга чиқишини, қишлоқда ота-онасининг олдида маза қилиб дам олишини айтиб ўзига ўзи ваъда беради. 
"Ота-онамни ҳам соғиниб кетдим. Тирикчилик деб уларни ҳам бориб кўра олмайман. Ҳайф-ей менга ўхшаган фарзандга”.
- Фаррух, сени бош муҳаррир сўраяпти, - ҳамкасбининг чақириғи хаёлини бўлди. 
- Ҳозир бораман, тинчликмикин?!
- Ҳа, тинчликдир. Ўтган сондаги таҳлилий мақоланг наф келтирибди. Ўша қишлоқ аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш ишлари бошлаб юборилибди. Балки шуни айтмоқчидир.
Фаррухнинг ҳамкасби тўғри тахмин қилган эди. Жамоада тўғрисўзлиги ва қалами ўткирлиги билан обрў топган Фаррухни муҳаррир жуда ҳурмат қиларди. 
- Мумкинми, Ғофур Солиевич? – муҳаррирнинг қия очиқ эшигидан бошини суқиб сўради Фаррух.
- Ҳа, келинг Фаррухжон.
- Ассалому алайкум.
- Валайкум ассалом. Келинг ўтиринг.
- Чақиртирган экансиз?
- Ўтган сондаги мақоланг шов-шув бўлиб кетди. Қишлоқ аҳолисидан раҳматномалар келаяпти. Сизнинг устамонлигингиз шундаки, ёзганингда ҳеч кимнинг "бурни қонамайди”. Лекин нишонга аниқ тегади.
- Раҳмат, - мақтовдан бироз ҳижолат бўлиб ерга қаради Фаррух.
- Сизга яна бир топшириқ, Фаррухжон. Суд очерки ёзишингизга тўғри келади. Тоғдаги ўғрилар галасининг ҳаракатлари кучайиб кетгани ҳақида айтган эдим. Шулар ҳақида бир ёзсангиз.
Фаррух аслида бугун таътилга рухсат олмоқчи, қишлоғига бориб маза қилиб ота-онасининг меҳрига тўймоқчи, болалигини эслаб, кўчаларни кезмоқчи эди. 
- Нима, таклифим ёқмадими? – Фаррух индамай қолганига сўради муҳаррир.
- Йўқ, нимага. Майли бугундан ишга киришаман.
- Унда омад тилайман. Сизга ишонаман.
Фаррух муҳаррирнинг хонасидан чиққанида кўкси янада қаттиқроқ санчди. Бироз ранги оқарган шекилли ҳам-касблари ҳол-аҳвол сўради.
- Фаррух, яхшимисиз? Мазангиз йўқми?
- Йўқ, ҳаммаси жойида. Бироз толиқибман шекилли.
Кечгача берилган топшириқларни бажариб уйга вақтлироқ қайтди. Болаларини кўргиси келиб, йўл-йўлакай уларга ширинлик ҳам олди. Уйга кириб келар экан катта ўғли тўрт ёшли Жавоҳир югуриб чиқди.
- Мана ўғлим, сизга шоколод олиб келдим.
- Раҳмат дадажон! - хурсанд бўлиб кетди ўғли.
"Ҳаёт нақадар ширинсан-а”. Фаррухнинг хаёлига келган бу фикрдан ўзи ҳам ғалати бўлиб кетди.
- Мана онаси, бозорликларни ол. Пулим етганича олиб келдим. Бир амаллаб тур. Қолганини бир-икки кунда олиб бераман.
- Борига худо барака берсин. Овқатланасизми?
- Иштаҳам йўқроқ. Сал кейинроқ овқатланарман. 
Кўксидаги оғриқ кучайгандан кучайиб бораётган бўлсада, яқинларини ташвишга қўймаслик учун индамади. Шунинг учун иштаҳам йўқ деб баҳона қилиб қўяқолди. Индамасдан хонасига кириб бироз ётди. Аслида умуман дори ичмасада оғриқ зўр бўлганидан тинчлантирувчи доридан биттасини ичиб юборди ва ухлашга ҳаракат қилди. Ҳа деганда, уйқуси келавермагач кўнгли бир нимани сезгандек ўрнидан туриб кундалигини олди ва бир нималарни ёзишга тутинди. Ёзганларига бир кўз югуртириб столнинг устига қўйди. Нариги хонага ўтиш мақсадида жойидан турган эди, боши айланиб йиқилиб тушди. Гурсиллаб кетганидан нариги хонадан хотини югуриб келди.
- Вой дадаси, сизга нима бўлди?!
- Ҳеч нима, ҳаммаси жойида. Шовқин солма болаларни қўрқитасан. Тез ёрдам чақир, бироз мазам бўлмаяпти.
- Ҳозир, - дедию хотини шифохонага қўнғироқ қилиш учун югуриб кетди. 

***
- Юраги оғир касал, - деди Фаррухни касалхонага олиб келиб текширган шифокор унинг хотинига.
- Ахир қанақасига? Ҳали ёш бўлса, ичмаса, чекмаса.
- Тўғри, лекин эрингиз кўп дард чеккан. Касали ўтиб кетган. Вақтида даволатмаган. Дам олишсиз сурункали ишлаган, кўп нарсани юрагига олган, таъсирланган.
- Нима қилсак бўлади, доктор?
- Билмадим, худо шифо бермаса, мен бир нима дея олмайман.
Хотини йиғлаганча унинг ёнига кирди. Кичик фарзанди ҳали чақалоқ эмасми, тинмай йиғлар, кечаси уйқуси бўлинганидан норози эди.
- Нимага йиғлайсан? - хотинидан сўради Фаррух ўзини тетик кўрсатишга уриниб.
- Уйдагиларни чақираман.
- Йўқ кераги йўқ. Мен яхшиман. Уларни хавотирга қўйма.
- Нимага алдайсиз дадаси. Доктор менга ҳаммасини айтди.
- Демак ҳаммасидан хабаринг бор эканда?!
- Ҳа.
- Хафа бўлма. Ҳаммаси яхши бўлади. Биз ҳали фарзандларимизнинг камолини кўрамиз. Биргаликда бахтли бўламиз. Уйимиз ҳам бўлади. Унда тинч-тотув яшаймиз.
Фаррухнинг гаплари ишончсиз чиқаётган бўлсада, ҳали ҳаётдан тўймагани шундоқ кўзларидан кўриниб турарди. 
- Онаси, уйда стол устида бир варақ қоғоз қолдириб келганман. Шуни олиб ўқи. Ҳаммасини ёзганман.
- Дадаси, ундай деманг. Ҳозиргина бирга бахтли бўламиз дегандингиз-ку, - йиғлаб гапирди хотини. 
- Мен ёлғон гапира олмас эканман.
- Мендан рози бўлинглар. Ота-онамга, яқинларимга айт. Ҳаммаси рози бўлишсин. Фарзандларимни ва сени худога топширдим. Уларни эҳтиёт қил.
Фаррух гапира туриб бутунлай ҳансираб қолган, гаплари узуқ-юлуқ чиқаётганидан базўр тушунса бўларди.
- Сиз ҳам биздан рози бўлинг, - бу гапни айтиш хотинига қанчалик оғир бўлмасин айтишга мажбур эди.
- Ҳаёт нақадар гўзал.
Фаррухнинг кўзидаги бир томчи ёш ёноғига думалаб тушар экан, охирги айтган гапи шу бўлди.

***
Фаррухнинг маъракалари ўтгач хотини унинг охирги васияти – стол устидаги қолдирган хатни ўқиш учун хонасига кирди ва хатни олди.
"Онаси, мен сизларни, ота-онамни, яқинларимни, ҳаётни севаман. Мен ҳаётимнинг охирги лаҳзаларини яшаётганимни сезаяпман. Биламан, менга турмушга чиқиб рўшнолик кўрмадинг. На бир ўзингнинг уйингда яшай олдинг, на бир истаган кийимингни кия олдинг. Булар учун мен сендан узр сўрайман. Лекин мен ҳаётимни қуруқ ўтказмадим. Яхши ном қолдирдим. Менга армон бўлаётгани ота-онам кексайганда уларнинг дуосини кўпроқ олаолмадим, хизматларини қила олмадим. Кундалик ёзаётган эдим чала қолди. Ўқувчиларимга айтадиган гапларим кўп эди. 
Онаси, болаларимизни ўқит. Банкда битта уйга етадиган пул жамғариб қўйганман. Фақат сенга айтмаган эдим. Совға қилмоқчи эдим. Ўзингни эҳтиёт қил.”
Орадан кўп ўтмай Фаррухнинг хотини бир хонали бўлсада уй сотиб олди. Фақат унда Фаррух йўқ.

Фикр қўшиш