БАҲОРНИНГ ЁМҒИРЛИ ОҚШОМИ

БАҲОРНИНГ ЁМҒИРЛИ ОҚШОМИ

Бир неча кундан бери қовоғини очмай, ўқтин-ўқтин ёмғир ташлаб турган баҳор ҳавоси бугун эрталабданоқ бешбадтар айнади. Ёмғир гоҳ сал пасаяр, гоҳ момоқалдироқ аралаш забтига олиб, челаклаб қуйгандек шаррос қуяр эди. Шаҳар кўчаларидан ёмғир суви ариқ бўлиб оқар, ҳаммаёқ кўллаб кетганди. Кечга томон иш-юмушидан, болаларини боғчадан олиб қайтаётган, соябон тутиб олган одамлар уй-уйларига шошилишар, дўконлардан зарур харидларини қилиб, жамоат транспортига, такси ёки бошқа йўловчи машиналарга қўл кўтариб, ўзларини уришарди. Бошқа маҳал чуғур-чуғури ҳамма ёқни тутиб ётадиган қушлар ҳам пана-пана жойларни топиб, қўнишибгина қаторлашиб туришарди.
Беш қаватли уйнинг иккинчи қавати ошхонаси деразасидан ўттиз-қирқ қадамча наридаги бекат худди кафтдагидек кўриниб турарди. Насиба ишдан келиб кечки овқатга уннаганича деразадан тез-тез қараб қўяр экан, бекатдаги ўн беш-ўн олти ёшлардаги қиз диққатини тортди. Енгил баҳорги плашч кийган қиз бекатда бирор соат, балки ундан ҳам кўпроқ вақтдан бери турар, бирор уловга чиқишга ҳаракат ҳам қилмас, машиналар сачратган сувдан сақланиш учун бекат чеккасида омонатгина турар, чамаси кимнидир кутаётган эди. Ўзи турган дераза томонга унинг ҳам бир неча марта қараб қўйганлигини сезгач, Насибага қиз ҳам танишдек туюлди, диққат билан қараб туриб қизни таниди ва унинг нима учун шунча пайтдан бери турганлигини тушунди, бу эри – Ўктам акасининг биринчи оиласидан бўлган қизи – Дилноза эди. Эрининг иш телефони ҳам, қўл телефони эрталабдан бери ишламаётган эди. Бирор зарурат бўлмаганида қиз бу расво ҳавода отасини бунчалик сабр-тоқат билан кутмас эди.
– Ойижон, бу ёмғирда қаёққа бораяпсиз? – деди залдаги столда расм солиб ўтирган беш яшар қизалоғи Ойдиной ойисининг кўчага отланганлигини кўриб.
– Ҳозир келаман, – деди Насиба ва зонтни қўлига олиб пастга тушди. Бекатга етиб бориб, – Дилноза, нега бу ерда турибсиз, қани уйга юринг-чи, –деб қизнинг елкасига қўлини қўйиб уйга чорлади. 
– Йўғ-е, мен шу ерда дадамларни кутиб тура қоламан. Ҳали келмадиларми? – деди Дилноза ийманиб.
– Адангиз қачон келадилар ҳали, бу ҳавода кўчада шунча туриб бўладими, юринг. – Қиз истар-истамас унга эргашди. Насиба қизни уйга олиб кирди ва уни залга киритди. – Сиз мана бу хонага кириб туринг, мен ҳозир чой дамлаб келаман.
Насиба ошхонада чой дамлар экан, залда қизларни кўриб турар ва уларнинг гапларини эшитиб турарди.
– Кел танишамиз, мен сенинг опанг бўламан, исмим Дилноза, – деди Дилноза.
– Биламан, бизникида кўппала суратларингиз бор, – деди Ойдиной пинагини бузмай.
– Сен жуда билағон қиз экансан-ку, – деди Дилноза кулиб.
– Опам бўлсангиз ҳам нега бизникига сира келмайсиз? Равшан акам тез-тез келиб турардилар, энди бўлса ўқишга кетиб қолдилар, – деди Ойдиной яна ўша оҳангда, кейин ўзига ҳамсуҳбат топилганига хурсанд бўлиб, саволидан ноқулай аҳволда қолган Дилнозанинг жавобини ҳам кутмасдан, – сизга чизган расмларимни кўрсатайми? – деди.
– Қани, бирпас опангни ўз ҳолига қўй-чи, бир-икки пиёла чой ичиб исиниб олсин, – деди Насиба қўлида чойнак ва асал солинган идиш билан залга кириб келиб. Ойдиной норози қиёфада қовоғини осилтириб тумшайди, бироздан кейин қизларнинг кўзи бир-бирларига тушди-ю, иккаласи бараварига пиқирлаб кулиб юборишди, шу билан уларни ажратиб турган ораларидаги кўринмас парда ҳам кўтарилди.
Насиба Дилнозага асал билан қўшиб чой қуйиб узатди-да унинг енги, елкаларини пайпаслаб кўрди, кейин ётоқхонага кириб хушбўй ҳидлар анқиб турган халат ва бир жуфт пайпоқ олиб чиқди.
– Қани, Дилноза, мана бу ерга ўтиб устингизни алмаштириб олинг.
– Йўғ-е, устимда қуриб қолади. 
– Алмаштирмасангиз бўлмайди, шамоллаб қоласиз, – деди Насиба эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда, Дилноза бўйсунишга мажбур бўлди. 
Насиба телефонни олиб бир неча марта эрининг иш ва қўл телефонини терди, бироқ қўнғироқлари тушмагач, ўзига савол назари билан қараб турган қизларга эшиттириб:
– Адамизнинг ҳеч қайси телефонлари ишламаяпти, энди ўзларининг қўнғироқ қилишларини ёки келиб қолишларини кутишдан бошқа иложимиз йўқ, – деди. Кейин деразага қараб Дилнозага, – қоронғи тушиб қолди, ойингизга шу ердалигингизни қўнғироқ қилиб айтиб қўйинг, яна сиздан хавотир олиб юрмасинлар, – деди. 
– Қўл телефоним ишламаяпти, батареясининг қуввати тугаб қолипти.
– Мана бу телефондан қўнғироқ қила қолинг, – у шундай деб ўзи ошхонага чиқди.
– Ойи, мен дадамларникидаман, йўқ, ҳали келмадилар, телефонлари ҳам ишламаяпти. Ҳа, кейин айтаман. – Шундай деб Дилноза ошхона томонга қараб қўйди. – Бўпти, ойи, мендан хавотир олманг.
Насиба дастурхон олиб кирди. Дилноза икки кафти орасида пиёлани тутганича, иссиқ чойдан ҳўплаб-ҳўплаб, қиз болага, тўғрироғи ҳамма аёл зотига хос бўлган синчков нигоҳ билан хонани кўздан кечира бошлади. Бошда бир қараганда унга оддийгина кўринган, лекин ҳар бир жиҳози ўз ўрнидалиги билан уйнинг ҳар қандай кошонадан ҳеч бир қолишмаслигини кўриб, уй бекасининг дидига тан берди ва шу аснода ўзини ҳам кузатиб, унинг юз ифодасидан фикрларини уқиб туришганликларини сезиб, уялиб ерга қаради. Насиба яна қизларнинг ўзларини қолдириб, овқати тайёр бўлгунча Дилнозанинг кийимларига дазмол боса бошлади. Овқатини сузиб келганида қизлар диванда ўтиришиб олиб, уларнинг оилавий альбомларини кўришаётган эди.
– Қани қизлар, овқатга. Ойдиной, бор, қўлингни ювиб кел.
Дилноза ийманибгина қошиқ билан овқатдан ҳўплай бошлади.
– Дилноза, бу қанақаси, буям ўз уйингиз, қани тортинмасдан овқатдан олинг-чи, –деди Насиба. Исиниб анча ўзига келиб қолган ва ўзига кўрсатилаётган меҳмондўстликдан бояги тортинчоқликлари бирмунча тарқаган, бунинг устига очиқиб қолган Дилноза ҳиди димоқни қитиқлаб турган мазали шўрвани энди иштаҳа билан тушира бошлади... 
Ўктам акасининг биринчи оиласи билан ажрашганига ҳам етти йилдан ошди. Унинг айтишича улар яхшигина турмуш кечириб келишган, ҳамма бало хотини Саодатнинг – эрининг қаршилигига ҳам қарамасдан ўз касби ўқитувчиликни ташлаб, ака-иниларининг қаторига тижоратга ўтиб кетганлигидан кейин бошланган. Ўктам кон-металлургия комбинатининг шаҳардан анча узоқдаги кончилар шаҳарчасидаги кончилик бошқармасида муҳандис бўлиб ишлар, кўпинча ишида кечгача қолиб кетар, дам олиш кунлари ҳам ишлар, бошқарманинг ва умуман комбинатнинг аҳволи бироз ночорлиги сабабли маоши ҳам айтарли эмасди. Саодат эса тижоратдан яхшигина пул топа бошлагач, эрини ҳам ҳоли-жонига қўймасдан тижоратга ўтишга қистай бошлади. Аёл киши асли эридан кўп пул топмасин экан, энди унинг гаплари ҳам бошқача чиқа бошлаган, катта-катта гапирадиган бўлиб қолган эди.
– Шу ишингизни йиғиштиринг энди, эркак киши учун шуям маошми, сизнинг бир ойлик маошингизни мен бир ҳафтада топаман. Агар сиз ҳам менинг ёнимга келсангиз ишимиз бундан ҳам яхши бўларди. Ака-иниларим ҳам шундай дейишаяпти.
– Саодат, сенга нима бўлди ўзи, нимангга еткиза олмаяпсан? Бинойидай ишингни ташладинг, ахир шу туриш ҳам кунимиз яхши ўтиб турувди-ку. Ранги-рўйингга бир қара, озиб кетибсан, кунинг йўлда ўтиб кетаяпти, жонингда ҳаловат йўқ, болалар ҳам тинчини йўқотишди, овқатларини ўз вақтида ейишмаяпти. Корхонани қайта жиҳозлаш ишларини тугатиб олайлик, кейин маошимиз ҳам шунга яраша бўлади.
– Қачон? Туянинг думи ерга теккандами? Жонимда ҳаловат йўқ, деб мен сизга бирор марта нолидимми? Одамлар яп-янги чет эл машиналарини миниб юришипти, қўша-қўша ер-жой, кўп қаватли бинолардан уй олишаяпти. Шу эски шалдироқ аравангизда юриш жонингизга тегмадими?
– Бировдан кам бўлсак бировдан ортиқ, кўп қатори... 
– Мен эса кўп қатори бўлишни хоҳламайман, билдингизми? Умрим ўтиб кетаяпти. Бундан ҳам яхши яшашнинг иложи бўлганда нимага энди кути-иб юришим керак... 
Бунақа жанжалларнинг кети узилмай қолди. Айниқса Саодатнинг тарафини олиб жанжалларига акалари ҳам аралаша бошлагач, оралари бутунлай бузилди-қолди, ўрталаридаги шунча йиллик меҳр-муҳаббат ҳам барҳам топди. Ўктам оиласини сақлаб қолишга қанчалик ҳаракат қилмасин, Саодат тўнини тескари кийиб олди. Эрини ўз ишини ташлаб тижоратга ўтишга кўндиролмагач, тез-тез ажрашиш масаласини қўядиган бўлди. Иш шунгача бориб етдики, бир куни Ўктам ишдан келганида квартира эшиги алмаштирилиб унга бошқа қулф урилган, уйда Саодат ҳам, болалар ҳам йўқ эди. Зўр бериб ишлаши, ундан ҳам кўра уйдаги ҳар кунги жанжаллардан юраги санчадиган бўлиб қолган, унда – стенокардия бошланган эди, тўртинчи қаватдан бир амаллаб пастга тушди-ю, ташқаридаги ўриндиққа ўтирганича юрагини чангаллаб йиқилди. Қўни-қўшнилар "Тез ёрдам” чақиришиб уни касалхонага жўнатиб юборганликларини сезмади ҳам. У касалхонада кўзини очиб, аввалига нима бўлганлигини эслай олмади, кейин эса оиласи бутунлай барбод бўлганлигини тушунди. Касалхонага уни қўни-қўшнилар, ҳамкасблари йўқлаб келишар, аммо Саодат шунча йиллик бирга кечирган бахтли дамлари, ўрталарида иккита фарзандлари борлиги ҳақи, эридан бирор марта хабар ҳам олмади, ҳатто болаларни ҳам юбормади. Қишлоқда укалари, синглиси билан турадиган, уларнинг жанжалларидан озми-кўпми хабардор бўлган Ўктамнинг онаси келинини раъйидан қайтаришга кўп уринди.
– Иккита гулдек болангизни тирик етим қилманг жон қизим, келинг, ярашинглар. Ахир эр-хотиннинг ўлмай туриб ажрашишлари гуноҳи азимнинг ўзгинаси, бу ишингиз худога ҳам маъқул келмайди болам. 
– Мен бир қарорга келиб бўлдим, ойижон, оиламизни сақлаб қолишни мен ҳам истаган эдим, ахир нима қилай, ўғлингизнинг ўзлари муомалага келмадилар... 
Хулласи, касалхонадан чиққач орадан уч-тўрт ой ўтиб ажрашиб кетишди. Ўшанда ўғли Равшанжон ўн бир, қизи Дилноза эса саккиз ёшда эди. 
Ўктам юрак хуружи билан касалхонага тушганида Насиба эндигина ординатурани тугатиб, юрак касалликлари бўлимига ишга келган эди. Ўктамни даволаш унга топширилган, Ўктам унинг энг биринчи беморларидан эди.
Касалхонадан Ўктамни бир таниши, неча йиллар бирга ишлаб нафақага чиққан Наталья Борисовна исмли кекса рус аёли олиб кетди. Касалхонадан чиқиш олдидан кампир Насиба билан бирпас ҳамсуҳбат бўлди:
– Биласизми доктор, биз аёллар гоҳида шунчалар нодонмизки, олтин бахтимизни арзимаган мис чақага алмашиб юборамиз,– деди у бир машҳур рус аёл қўшиқчисининг қўшиғи сўзларини келтириб, – кейин эса кеч бўлганда афсус чекиб, кўз ёши тўкамиз, қандай оила эди-я булар, ҳамманинг ҳаваси келарди, одамнинг юраги эзилиб кетади. Ўктам Набиевич, бор лаш-лушингизни олиб юринг меникига, меникида яшаб турасиз, болаларим учирма бўлиб кетишган, кекса бошим билан уч хонали уйда ёлғиз ўзим тураман, меникида жой кўп... 
Ёши қирққа яқинлашиб, оиласи бузилишига, айниқса ҳадеганда болалари билан бирга бўлолмаслигига Ўктам осонлик билан кўника олмади, юрак хуружи билан яна бир неча марта касалхонага тушишига тўғри келди. Бироқ бошга тушганига кўникмасдан илож йўқ. 
– Ўктам Набиевич! Мен тушунаман, оиланинг бузилганлиги бу кулфат, лекин бу ҳали охирзамон дегани эмас-ку ахир, сиз ўз ҳаётингизни йўлга қўйиб олишингиз керак. Менимча янги оила қуриш ҳақида энди жиддий ўйлаб кўрадиган вақтингиз бўлди, – деди яна бир марта Ўктам касалхонага тушганида кампир. Кейин унинг кайфиятини кўтариш учун ҳазиллашибми, ростданми – аста Насиба томонга ишора қилиб деди, – қаранг, бу ерда қанча келишган тиббиёт ходимлари бор экан.
Ўктам аста-секин тақдирга тан бера бошлаган, ҳаётий тажрибаси ҳам эртами, кечми – сўққабош ҳаётига барҳам бериш заруратини кўрсатар эди.
– Нималар деяпсиз, Наталья Борисовна! Бизнинг ёшимизда ўн-ўн икки ёш фарқ бўлса, мен икки боланинг отаси бўлсам, у қандай қилиб менинг тенгим бўлсин?
– Кечириб қўясиз, Ўктам Набиевич, – кейин овозини пастлатиб деди, – аёл кишининг кўнглини аёл киши тушунади. Назаримда ёшларингиздаги фарққа қарамасдан докторимиз сизга бефарқ эмас, менга ишонаверинг. Бунинг устига, сиз баъзи бировларнинг сизга нисбатан қилган адолатсизликларига яраша худди ана шундай гўзал қизга уйланишингиз ва маза қилиб яшашингиз керак, алам қилсин ўшаларга...
Ўктам ҳар сафар касалхонага тушганида уни даволовчи врач сифатида Насибага бириктиришар, касалхонада чамаси, ҳисобда турувчи беморларга доимо бир киши қараши йўлга қўйилган эди. Насиба Ўктамнинг ҳамкасбларидан уни кўп безовта қилмасликларини ҳарқанча талаб қилса ҳам, ишхонасидан унинг олдига маслаҳат сўраб келишаверар, Ўктамнинг ҳар қандай масалани оқилона ҳал қилишидан ҳамма, ҳатто юқоридаги раҳбарлари ҳам мамнун бўлиб кетишарди. 
Аввалига улар ўртасидаги врач ва бемор ўртасидаги муносабатлари кейинчалик қандай чуқурлашиб кетганлигини Насибанинг ўзи ҳам сезмай қолди, ҳарқалай бунда Наталья Борисовнанинг хизмати кўп бўлди шекилли. У Ўктам Набиевичнинг олижаноб инсон, яхши ота ва корхонада тенгсиз мутахассис сифатида қанчалик обрў-эътиборга эга эканлиги ҳақида кўп гапирар, ундан тез-тез хабар олар эди. Лекин кейинчалик, Насиба ўйлаб кўриб, уларнинг бунчалик яқинлашиб кетишларининг асл сабаби – Ўктам унинг энг биринчи бемори бўлганлиги, бошловчи шифокор сифатида ўзининг энг биринчи бемори дардларини юрагига жуда ҳам яқин олганлиги туфайли уларнинг муносабатлари бошқача тус олганлигини англади. 
Хуллас, бир куни келиб улар турмуш қуришга аҳд қилишди. Кўпчиликни бу жуда ҳайрон қолдирди, айниқса Насибага орқаваротдан харидор бўлиб, буни айтишга журъат қилолмай юрганлар доғда қолишди. 
Насибанинг ота-онаси ҳарбийлар – отаси офицер, онаси ҳарбий врач эди. Болалигиданоқ ҳарбий ҳаётнинг нуқси унинг феъл-атвори, юриш-туришига бутунлай уриб қолганди. У сайёр ҳаётнинг ҳамма қийинчиликларини оддий нарсадек қабул қилар, йўлдами, вокзалдами, аэропорт ёки автобекатлардами уйқусини олиб кетаверар, шахсий буюмлари ҳам шунга яраша, бир-икки сидра кийим, кичикроқ қўғирчоқми, айиқчами – кўп бўлмасди. Баъзида кўчиб борган жойларида кўпинча энг оддий қулайликлари ҳам бўлмаган давлат уйларида туришар, шундай бўлса ҳам у шароитга кўникиб кетаверар, қийинчиликлардан сира нолимасди. Муттасил кўчиб юришлари сабабли у доимий фикрлашадиган, сирларини ўртоқлашадиган дўст, ўртоқ ҳам орттирмаганди. Ўз шахсий эҳтиёжларини шу ҳаёт тарзига бўйсундирган, ўз муаммоларини ўзи ҳал қилишга, мустақил фикрлашга ўрганган эди. Лекин қаерда бўлишмасин, ота-онаси унинг ўқиши билан ўзлари шуғулланишар, шу сабабли Насиба яхши ўқир ва ўзи ҳам мустақил дарс қилар, жуда тиришқоқ эди. Онасининг изидан бориб у ҳам тиббиёт олийгоҳига кириб, шифокорлик касбини танлади. Ота-онасига ортиқча ташвиш орттирмай ўқишга ҳам ўз кучи билан кириб, яна юрак касалликлари мутахассислиги бўйича ординатурани ҳам тугаллади. Шунгача бирга ўқиган ёки бошқа бирор бир таниш йигитлар билан яқинроқ муносабат ҳам ўрнатмади, у ўз олдига қўйган мақсадига етмагунча бошқа нарсаларга чалғимасликка одатланган эди. Отаси полковник унвонида, онаси билан ҳар иккиси ҳам истеъфога чиқишиб Тошкентда муқим туриб қолишди. Насиба эса қиз бола ҳолига қарамасдан улардан узоқда, кон-металлургия комбинатига ишга келиб, комбинатнинг Тиббиёт-санитария қисми юрак касалликлари касалхонасида мутасассислиги бўйича ўз фаолиятини бошлади. Қизларининг ўзидан анча катта, оиласи билан ажрашган киши билан турмуш қуришга аҳд қилганлигини билиб, ота-онаси астойдил уни бу фикридан қайтаришга уриниб кўришди, лекин Насиба ўз айтганида туриб олгач, рози бўлишдан бошқа иложлари қолмади.
Ихчамгина тўй қилишди. Тўйларидан кейин аввалига Наталья Борисовнанинг квартирасида туришди. Бу орада комбинатнинг ҳам ишлари юришиб кетди, янги оила дарров ўзларини тутиб олишди. Ойдинойни топишди. Икки йилча олдин комбинатдан уларга икки хонали алоҳида квартира беришди. 
Саодат аввалига болаларининг оталари билан учрашишларига қаршилик қилди, лекин кейинчалик бунга қўл силтаб қўяқолди, чунки тижорат ишлари билан буни назорат қилишга вақти ҳам бўлмасди. Аввалига тижоратда унинг ишлари юришиб кетди, ака-инилари билан катта-катта ишлар қилди, хусусий дўкон, квартира олди. Лекин олти ойча бурун ҳамма ишлари тескари кетди. Чунки инилари қанақадир ноқонуний ишларга қўл уришганлиги сабабли, қамалиб кетишди. Фирмалари ҳисобига олишган катта кредитни узиш учун ўзларининг тугул, Саодатнинг ҳам гаровга қўйилган дўкони, ўзи сотиб олган квартирасини ҳам сотиб юборишга мажбур бўлишди. Фақатгина Ўктамнинг розилик бермаганлиги сабабли эски квартиралари гаровга қўйилмасдан қолди, акс ҳолда у ҳам сотилиб кетиб, болалари кўчада қолишарди. Саодатнинг тижоратчилик иши синиб, уйда ўтириб қолди. Болалари қийналиб қолмасликлари учун, Ўктам гаплашиб уни комбинат бошқармасига ишга жойлаштирди. 
Ўктам бу пайтда кон бошқармасига бош муҳандис лавозимига тайинланган, эр-хотин энди яхшигина маош олишарди. Насиба – эрининг ўз болаларини оғир аҳволда ташлаб қўёлмаслигини тушуниб турар, бунга заррача ҳам қаршилик қилмади. Аксинча, болаларга бирор бир кийимми, туғилган кунларига совғами олиш керак бўлганида нарсаларни унинг ўзи танлаб берар, хотинининг уни тушуниши улар ўртасидаги бир-бирларига меҳр-муҳаббатларининг фақатгина ортишига сабаб бўларди. Олиб берган буюмлари болаларига ёки унинг ўзига маъқул бўлганида Ўктам хотинини айниқса суйиб-эркалар, Насиба – бахт фақат пулнинг кўплигидагина эмаслигини яхши биларди. Насибага аввалига бироз бегонасираб қараган Равшанжон ҳам кейинчалик уни тушунди. Унинг кўзларида отасига айниқса ўз онаси бера олмаган оилавий бахт, ҳаловатни бахш эта олган бу аёлга миннатдорчилик акс этар, отаси уларга олиб берадиган совға ва кийим-кечакларни ким танлаб беришини ҳам билиб турар, уларнинг ўртасида бир илиқ муносабат ўрнатилганди. У Ойдинойни жуда яхши кўрар, тез-тез келиб турар, ака-сингил соатлаб сайр қилишарди. Кейин эса у мактабни битириб Тошкентга ўқишга кетди. Тошкентдан туриб ҳам уларнинг уйига тез-тез қўнғироқ қилиб турар, эри бўлмаганида Насиба у билан яхши гаплашиб ҳол-аҳвол сўрар, кўпинча унинг майда-чуйда илтимосларини адасига айтиб ўтирмасданоқ ўзи ҳал қилиб қўяқоларди.
Лекин Дилноза адаси билан учрашиб, ундан пул, совға-салом олиб турса ҳам, Насиба билан яқинлашишга асло ҳаракат қилмас, аксинча, камдан-кам учрашиб қолишганларида унга ёвқараш қилиб ҳатто салом ҳам бермасди. У ёшлигига бориб ота-онасининг ажрашиб кетишларига Насибани сабабчи деб ўйлармиди ёки ойисига бирдамлик юзасиданми, адасининг ҳарчанд ҳаракатларига ҳам қарамасдан, сингилчаси Ойдиной билан ҳам бирор марта учрашишни истамади. 
Шаррос ёмғирда кўчада бир соатдан ортиқроқ туришининг сабаби ҳам ана шу эди...
– Дилноза, адангиз ишдан баъзида жуда кеч қайтадилар, агар бирор бир муаммо бўлса менга айтаверинг, балким биргалашиб ҳал қилармиз, – деди овқатларини еб бўлишгач қизга Насиба. Дилноза бирпас гапини қандай айтишни билмай ўнғайсизланиб қолди, кейин: 
– Акамга пул керак экан, олдиларидан келган бир ўртоқлари эртага эрталабги поезд билан кетар экан, шунга келувдим, – деди.
– Бўпти, қанча керак экан Равшанжонга. – Дилноза яна ўйланиб қолди, у қанча пул кераклигини ёки билмас ёки зарур бўлган пул каттагина эди. 
– Билмадим, адамларнинг ўзлари билсалар керак, улар акамлар билан бу ҳақда гаплашишган экан шекилли.

– Шунақами, яхши. Агар шундай бўлса адангиз пулни ажратиб қўйган бўлсалар керак, мен қараб кўрай-чи. – Насиба ётоққа кириб, пуллари сақланадиган ғаладонни тортди, салафанга алоҳида ўраб қўйилган пулга кўзи тушди, уни қўлига олди, пул анчагина эди. Пулни олиб қизларнинг олдиларига чиқди, бир пакет олиб уни яхшилаб ўради. – Мана, адангиз ажратиб қўйган эканлар. – Бунча пул билан қизни кўчага чиқариб юбориб бўлмасди, телефонни олиб тера бошлади, нарига подъездда бир таксичи қўшнилари турар эди.
– Адҳам ака, уйда экансиз, машинадамисиз, яхши, кечки овқатингизни қилиб бўлгач қўнғироқ қилсангиз, бир меҳмонимиз бор эди, бўптими, раҳмат, кутамиз. – Кейин гўшакни қўйиб Дилнозага юзланди, – қани, бўлмасам кийимларингизни кийиб туринг, ҳализамон қўнғироқ қилиб қолишади. – Дилноза кийимларини кийди, кийимлари илиққина, улар дазмоллаб қуритилган эди. Телефон ҳам жиринглаб қолди, машина тайёр эди. Дилноза йўлга чиқаётганлигини, йигирма дақиқа-ярим соатларда уйлари олдида кутиб олишини тайинлаб ойисига қўнғироқ қилди, Ойдиной билан дўстона хайрлашишди. Насиба кузатиб чиқди. Ёмғир ҳамон ёғиб турар, лекин аввалги шашти анча пасайган эди. Дилнозани машинага ўтқазиб пул солинган пакетни қўлига тутқазди, таксичига йўлкирани ҳам берди-да қиз билан хайрлашди:
– Дилноза, бу ҳам сизнинг уйингиз, адангиз, сингилчангиз бор, энди тез-тез келиб туринг. – Дилноза бирпас тараддудланиб, Насибага қаради, кейин машинадан тушиб:
– Насиба опа, мени кечиринг, менинг сиз ҳақингиздаги тасаввурим бошқача эди, мен шу пайтгача хато фикрда эканман, – деди.
– Ҳечқиси йўқ, – деди Насиба кулиб, – етиб боришингиз билан қўнғироқ қилиб бизни хотиржам қилиб қўйинг. 
Ярим соатлардан кейин Дилноза қўнғироқ қилди, яхши етиб борипти. Идиш товоқларини ювиб кирганида Ойдиной диванда кулгили алфозда ухлаб қолган, қоп-қора силлиқ сочлари юзини қоплаган, очилиб қолган оғзидан сирқиган сўлаги ёстиғини ҳўллаган эди. Катталиги деярли ўзи билан баравар келадиган пахмоқ айиғи қўлидан тушиб кетиб, дивандан анча нарида гилам устида ётарди. Насиба қизининг кунлик кийимларини ечди, тунги халатини кийдириб устига адёл ёпди, стол устидан расмлари ва оилавий альбомларини олиб шкафга қўйди, креслога оёқларини йиғиштириб олиб, адёл билан ўраганича телевизорга қараб, кўзи илинганини ҳам сезмай қолди. 
Эри уйга кириб келиб қулоғига аста "Наси, мен келдим” деганидан кейингина ўйғонди ва соатга қаради, соат ўн икки ярим бўлиб қолган, ёмғир тинган эди. Ўктам бироз ҳорғин кўринса ҳам кайфияти тетик, бироз ҳазилга ҳам мойил эди:
– Итдек очман, тошни берсанг ҳам евораман.
– Тинчликми, кеч қолиб кетдингиз, телефон ҳам қилиб бўлмади сизга?
– Кейин айтаман, ванна қилиб бер, чиққунимча овқатингни ҳозирла. – Ванна қабул қилиб, ошхонада овқат устида гапини давом эттирди. – Эрталабдан ёмғир тушиб электр таъминотимиз узилиб, шаҳарчамиз электрсиз қолди. Бутун шахта, тегирмонлар тўхтаб қолди. Куни билан жалада ишладик. Қоронғуда машина ва механизмлар чироғи ёруғида, кечки соат тўққизларда таъминотни тикладик. Шахталарни ишга туширишга ҳам икки соатча кетди. Завод ускуналарини тўлиқ ишга тушириш учун тўрт-беш кун керак бўлади, шунгача ҳар куни кеч келаман. – Кейин Насибанинг хушнуд чеҳрасига эътибор қилиб юз ифодаси ўзгарди. – Кўзларинг чақнаб турипти, бирор янгилик борми? – шундай деб Насибанинг қорнига ишора қилди-да, елкасидан қучиб унинг оғзига қулоғини тутди.
– Йўғ-е, сиз ўйлаган нарса эмас, – деди кулиб Насиба, – овқатингизни енг, совумасин, – у бўлган гапни қандай айтишни билмас, чунки уни эшитиб эрининг чоғ кайфияти бузилиши ҳам мумкинлигидан чўчир эди.
– Одамнинг сабрини синамасдан айтақол энди, Наси.
– Дилноза келувди. – Буни эшитиб Ўктам овқат ейишдан тўхтади, чунки бирор муаммо бўлмаса Дилноза бекордан бекорга келмасди. – Хавотирланманг, тинчлик. Равшанжонннинг олдига бир ўртоғи кетаётган экан, пул бериб юбормоқчи экансиз, шунга келган экан.
Барибир кўнгли бузилди. Насибанинг қўлини қўллари орасига олди. Доимо шунақа бўлади, ажрашишганларига етти йил бўлган бўлса ҳам, болаларини ҳадеганда кўролмаслигига кўника олмайди, уларнинг олдида бўлолмаслигидан қийналади.
– Равшанжон "Қишги имтиҳонларимни тугатсам бора олмайман, секцияга қатнаяпман, спорт кийимлари олмоқчиман” деганди, яна инглиз тилидан пуллик дарс ҳам олмоқчи экан. Қишги имтиҳонларини топширгач, мен унга компьютер олиб беришга ҳам ваъда берган эдим, кейинги ҳафтада ўзим хизмат сафари билан Тошкентга бормоқчи эдим. – Бирпас жим қолди, кейин яна овқатини ейишда давом этди. Овқатини еб бўлиб, – қанча пул бердинг? – деди. 
– Салафан пакетга ўраб қўйган экансиз, шунинг ҳаммасини бериб юбордим. Дилноза билан кечки овқатни бирга қилдик, Ойдиной – опачаси билан танишди. Кейин Адҳам акадан илтимос қилиб жўнатиб юбордим, етиб бориб қўнғироқ қилди, ҳаммаси жойида. 
Хотининг ишидан мамнун бўлди, яна кайфияти яхшиланди, елкасидан қучиб ҳазиллашди, қулоғига деярли пичирлаб:
– Ўзимнинг ақлли хотинчам, – деб Насибанинг юзига юзини босди, ўсиброқ қолган соқоли ботса ҳам Насиба эриб кетди, у – бир-бирларини тушунишган ана шундай пайтларни жуда қадрлар, шундай дамлар учун яшарди. Шу зайлда сўзсиз анча туришди. – Ҳа, Ойдиной қалай? 
– Сизни кутиб-кутиб ухлаб қолди. 
– Дилноза билан дўстлашиб олганларингдан хурсандман. Чарчадим, мен ухлайман, кеч бўлди, сен ҳам дарров ётгин.
Насибанинг бугунги кунидан кўнгли тўлди, ишларини саранжом қилди-ю, ошхона деразасини очиб юборди, шаҳар уйқуга чўмган, кўчада аҳён-аҳёнда кўлоб сувларни сачратиб битта-иккита машина кўриниб қоларди. 
Салқин нам ҳаво хонани тўлдирди, Насиба тўйиб-тўйиб нафас олди ва осмонга қаради, баҳор шамоли булутлар карвонини шиддат билан ҳайдаб борар, булутларнинг йиртилган бағридан осмоннинг ҳар ер-ҳар еридан юлдузлар кўриниб турар, ҳаво очилаётган эди. 

Фикр қўшиш