Мен сенга ишонаман

Мен сенга ишонаман

Ҳалигина чилласи чиққан Севинч янги оилага анчагина кўникиб қолди, қайинсингиллари уни бегона қилишмади, қайнонаси «ўзимники» деб, рўзғорнинг киши билмас сирларини келинчак билан бўлишишни канда қилмади. Айниқса, Анваржон Севинчни қўйишга жой тополмайди, «шу қизга уйланаман!» - деб, унинг изидан озмунча югурдими? Ҳар сафар унинг йўлини тўсиб, қиздан кўнгли кимдалигини сўраганида, Севинч «Севги йўқ нарса, мен севгига ишонмайман!» - дея лаб буриб кетарди. Мана, ўша кунлар ҳам ортда қолди, шу кунгача у «бировда кўнглим бор эди,» дегандек бирор ножўя иш қилмади, янги уйда кўзлари чақнаб, доим қувноқ кайфиятда юрадиган, юмушларни ҳам чаққон-чаққон бажарадиган келинчак ҳамманинг кўнглига йўл топиб улгурганди.
Негадир, қўни-қўшни, қариндош-уруғ ёш оилага ҳаддан ортиқ ҳавас қилиб юборишдими, уларнинг бахтига кўз тегди. Аслида, бунга ўша қўни-қўшнининг ҳам, қариндош-уруғнинг ҳам, уларнинг хасад-у ҳавасининг ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқ эди, барчасига Севинчнинг ўзи айбдор эди. 
Кунларнинг бирида нимадир юмуш билан уйга кирган Севинч телефон қўнғироғига жавоб берди-ю, ранги оқариб, жойида ўтириб қолди. Унинг нимадандир ташвишда эканини бир неча марта чақирса ҳам жавоб бўлмагач, келиннинг хонасига кирган қайнонаси ҳам дарров сезди. 
- Нима бўлди, қизим, рангингиз оқариб кетибди...?
- Ҳҳҳеч гап йўқ, ойижон... Бироз бошим айланди...
Саломат хола бироз ўйланиб тургач, ўзича бирнималарни тахмин қилган бўлди-ю, юзига табассум югурди, ташқарига чиқиб, ўн дақиқача вақт ўтгач, ясан-тусан қилиб қайтиб келди.
- Қани туринг-чи, тезда шифокорга борамиз! Сизнинг соғлиғингиз учун мен жавобгарман, ҳар эрталаб ўғлим сизни менга ишониб топшириб кетади. Кечқурун келиб «Севинчхонни касал қилиб қўйибсиз!» деб маломат қилиб юрмасин!
- Қўяқолинг, ойи. Ўтиб кетди ҳаммаси, анча ўзимга келиб қолдим...
- Мен нима дедим, тез олдимга тушинг!
Севинч ноилож қайнонасига эргашди. Боришди, шифокорга учрашишди, Севинч «УЗИ»га тушди, аммо, Саломат хола кутган «натижа» кўринмади.
- Хавотир бўлманг, опа. Тушганларига ҳали энди икки ой бўлибди-ку, бир этак набирали бўласиз ҳали...
Уйга қайтишаркан, келинининг кайфияти ҳамон тушкунлигини кўрган Саломат хола ўзидан хафа бўлди: назарида, Севинчнинг олдида ҳалитдан болали бўлмаяпсан, деб нолийдиган қайноналарга ўхшаб қолгандек эди. «Айби»ни ювиш учун келинига ширин-ширин гаплардан гапирди:
- Қизим, мендан хафа бўлмадингизми, бошим айланди, деганингизга мен... шунақамикин, деб ўйлабман... Ёш ўтиши билан одам мияси айниб қолади, дейишгани шу бўлса керак-да...
- Нималар деяпсиз, ойижон, унақа гапларни гапирманг! Ўзим... шунақа... бироз камқонман...
У нима дейишини ҳам билмай қолганди. «Шундай даҳшатли муаммо йўлимдан чиқиб турганда энди сизни овутишим ҳам керакми?!» - деб ўйлади ичида. Уйга келишганда ҳам кун бўйи паришонхотир бўлиб юрди, унинг кайфияти йўқлигини кўрган Саломат хола бирор ишни камчилик билан бажариб, янаям дили хира бўлиб юрмасин, дея бугунги рўзғор юмушларини Наима ва Ноилага юклаб қўйди. Улар бўш вақт топиб, Севинчнинг олдига кириб, кўнгил сўрашга ҳам улгуришди. 
Ҳа, ростдан ҳам Севинчнинг пешонаси ярқираган экан - ёлғиз ўғилга турмушга чиққан бўлса-да, қайнонаси бошқалар таъбирича, «китобида ёзиб қўйилган»дек золим эмас, уни ўз қизидек кўради. Ўғли шунчалик севиб-ардоқлаган қиз унга бегона бўлиши мумкинми ахир? Келишмовчилик, баҳс-мунозаралар билан нимани ҳам ҳал қилиб бўларди? Рост, Саломат холанинг қалбида айни ўзбек аёлларига хос кайвонилик, ростгўйлик, «кўпни кўрганлик», меҳр-мурувват ва инсонийлик хислатлари тўлиқ мужассамлашган, дейиш мумкин эди. 
Севинч шуларни ўйларкан, қайсидир маънода виждони уйғонгандек, ўзини уларга нисбатан ноҳақлик қилаётгандек ҳис қиларди. Оқшом тушиб, эри ишдан қайтганида ҳар кунгидек очиқ чеҳра билан кутиб олмади, ҳатто хонасидан чиқмади ҳам. Чунки, бу пайтда у навбатдаги қўнғироққа жавоб бериш билан банд эди. Унинг овози саросимали, ўзи эса қўрқувдан дағ-дағ титрарди:
- Мен турмушга чиққанман, тушундингми? Мени тинч қўй, йўқса кунингни кўрсатаман!
«Нариги тараф»дан «қўлингдан нима келади?» қабилида гап бўлди шекилли, Севинч тутоқиб кетди:
- Кўп нарса келади! Қаматтириб юбораман, оиламни бузяпти деб!
- Кимни қаматтирмоқчисиз, ойимқиз? - хонага кирган Анваржон унинг қўлидан телефонни тортиб олди, - Алло, кимсан? Нега менинг хотинимга дўқ уряпсан? 
Нариги тарафдан қисқа гудок эшитилиб, қўнғироқ якунланди.
- Ким эди у?
- Билмадим, танимайман...
- Танимаган кишинг билан шунақа оҳангда гаплашасанми?
- Айтяпман-ку, танимайман, деб... Эрталаб ҳам қўнғироқ қилганди. «Яхши қиз, сиз билан танишмоқчиман,» деб. Яхшилаб жавобини бергандим. Яширин рақамдан чиқяпти, овозидан эрталабки эзма шу эканини билдим... - Севинч йиғлаб юборди.
- Йиғлама, ҳозирги замонда шунақа сурбетлар кўпайиб кетган. Яна қўнғироқ қилса, жавоб берма. Асабингни бузишга арзимайди! Ҳеч қандай кўнгилхиралик сенинг чиройли табассумингни мендан яширишга ҳақли эмас, тушундингми?
Севинч эрининг бу гапларидан бироз хотиржам бўлди, юзига табассум югурди. «Ҳайрият. Бир мартасига қутулиб қолдим. Эрта бўлсин, СИМ-картани синдириб ташлайман!» Бироқ, у бироз кечикди, эри суюкли аёлининг тинчини бузиб, унга дўқ ураётган безбетнинг рақамини аниқлаш мақсадида иш кабинетига кирди, компьютерини ёқиб, уяли алоқа тармоғи сайтидан «Шахсий кабинет»га кирди, рақамни аниқлади ҳам. Кейин СИМ-картани ўз телефонига жойлади, «қани нима қиларкин» дегандек ўша рақамга чақирув юбориб, дарров ўчириб қўйди.
Зум ўтмай у қайта қўнғироқ қилди. Анваржон ўчириб қўйди. «Рақамимни унутмабсан-да!» деган хабар келди. Анваржон эса ҳайронлигини яширолмай, бир муддат ўйланиб қолди. 
«Ҳозир телефонда гаплашолмайман...»
«Эртага соат ўнларда қўнғироқ қиламан.»
«Ҳа, шундай қилинг. Бу пайтда эрим уйда бўлмайди, қайнонам ўз иши билан банд бўлади, қайинсингилларим ҳам менинг хонамга киришмайди...»
«Нималар деяпсан Севинч? Тушунмадим сени?!»
«Шунчаки, шароитни тушунтиряпман холос. Телефон қилишингиз учун имкон бўладиган вақтни айтдим-да!»
Бошқа хабар ёзилмади. Анваржон иккиланиб қолди. Нима қилса тўғри бўлади - Севинчни ўз эркига қўйиб, сиртдан кузатиб юрсинми ёки очиқчасига гаплашиб олиб, ҳаммаси учун изоҳ сўрасинми? У СИМ-картани яна ўз жойига жойлаштириб қўяркан, «эрта бўлаверсинчи, бир гап бўлар,» деб ётоғига кириб кетди. 
Эрталаб уйғонганида Севинч аллақачон ҳовли-кўчаларга сув сепиб, супуриб олган, нонушта тайёрлашга ҳам улгурган эди. Нонушта қилиб бўлгач, кийиниш учун хонага кирган Анваржон ўзи ҳам англамаган ҳолда бир муддат Севинчнинг кўзларига тикилиб қаради, унда нимани кўришни истаганини ўзи ҳам билолмади. 
- Нега унақа қараяпсиз? - келинчак унинг нигоҳларига дош беролмади.
- Севинчим қанчалик ўзгарганини аниқлаш учун... Шу хонадонга келганидан мамнунми, ҳаёт тарзи ўзига манзур бўляптими, деган саволлар мени қийнаяпти...
- Қўйсангиз-чи бунақа гапларни... - Севинч чиқиб кетишга чоғланди, бироқ Анваржон уни билагидан тутиб қолди:
- Бугун телефонингни менга бериб туролмайсанми? Мени телефоним бузилиб қолганга ўхшайди, овози яхши чиқмаяпти. Устага кўрсатгунимча менга телефон керак бўлади-да...
- Ҳа, бемалол... - Севинч «СИМ-картани йўқотиб қўйдим» дейишга осонгина баҳона топилганини ўйлаб, юзи ёришди, қувватлагичга улаб қўйилган телефонни ўчириб, СИМ-картани чиқариб ола бошлади.
- СИМ-картаси ҳам тураверсин...
- Ҳа унда ўзингиз биласиз...
У эри кетгач ҳам, кейин ҳам оёғи куйган товуқдек у хонадан бу хонага ўтар, бу қилиғи уйдагиларнинг диққатини ошираётганини ҳаёлига ҳам келтиролмасди: «Анвар акам у билан гаплашса, ҳақиқатни билса, нима бўлади?! Ўзим аҳмоқман, турмушга чиққандан кейин телефон ишлатмаслигим керак эди. Бу ҳам етмагандек, эски рақамимни ишлатишга бало бормиди?!»
Соат ўндан то ўн бирга ўтгунича Анваржон ишда игнанинг устида ўтиргандек ўтирди. Аммо кутгани сари қўнғироқ кечикар, унинг сабр косаси тўлиб борарди. Йўқ, бунақаси кетмайди. Севинч билан гаплашиб, масалани ойдинлаштириб олмаса, бўғилиб ўлади. Тушликка ҳамкасблари билан чиқмасдан, тўғри уйга йўл олди. Саломат холага тил учида салом берган бўлди-ю, ўз хонасига кириб кетди.
- Ростини айт ким у? - Анваржон овозига мулойим тус беришга қанчалик уринмасин, ғазабини яширолмади.
- Телефонни олганингиздаёқ мақсадингизни тушунгандим... - бошини эгди Севинч. - Қачондир шунақа бўлиши керак эди. У сизга қўнғироқ қилдими? Мен ҳақимда «бор ҳақиқат»ни айтиб берди, шундайми?
- Тушунтириб гапир. Мен изоҳ талаб қиляпман холос. Ҳеч ким қўнғироқ қилгани йўқ, ҳеч қанақа ҳақиқатни билмайман. Ўша сен айтган «ҳақиқат»ни ўзингдан эшитмоқчиман!
- Ғазабингизни босолмаяпсизми, демак, ҳаммасини билдингиз. Тўғрироғи, у мен ҳақимда нима деган бўлса, унга ишондингиз, таслим бўлдингиз. Майли, начора. Хонадонингиздаги ҳурматим шу ерда битган экан, ота уйимга йўл олсам ҳам бўлар...
- Ҳеч қаёққа кетмайсан. У кимлигини айт, ҳаётингда қандай ўрин тутишини билишни истайман!
- Менинг ҳаётимда унга ўрин йўқ! - Севинч овозини бир парда кўтарди. - У ҳеч ким, ҳеч ким!!!
- Унда мана булар нима?!
Анваржон кечаги СМСларни Севинчга бирма-бир кўрсатиб чиқди. Ўша эски рақамдан келган хабарларни ўқиб чиқаркан, Севинч янаям дадилланди. «Шунга шунчами?!»
- Менга эришиш учун курашганингизда муҳаббатингиз кучли эканига ишонгандим. Ҳеч ким мени сизчалик севолмаса керак, деб ўйлагандим. Ўйлаб кўрсам, сизни жуда «илоҳийлаштириб» юборибман. Шунчалик осон таслим бўласиз, деб ўйламагандим...
- Бу нима деганинг?!
- Йўлингиздан битта ит чиқиб, «мен бир пайтлар Севинчингизга қараб ҳургандим» деса, бошимга югуриб келиб, дўқ уравераркансиз-да?! Ҳар ҳолда мен ҳам ердан чиққан қўзиқорин бўлмаганман, изимдан юргани сон мингта бўлган! У ҳам ошиқларимдан биттаси эди, кимлардандир сўраб-суриштириб рақамимни олганди. У ҳарбий хизматга кетганидан кейин сизнинг совчиларингиз охирги марта келиб, тўйни ҳал қилиб кетишганди! - Севинч нишонни аниқ олганига ишонч ҳосил қилгач, ўзини кўнгли оғриган киши қилиб кўрсатиб, телефонини олди ва ёлғондакамига овозига йиғлаган тус бериб, рақам терди:
- Алло! 
- Ўзлари-ю...
- Менга қара хой сурбет, нима ишлар қилиб юрибсан ўзингча?! Сени деб оилам бузилиб кетяпти! Ҳозир «динамик»ка қўяман, ҳамма гапни Анвар акамга айтасан! Изимда қанча оввора бўлганингни, сени назар-писанд қилмаганимни айтасан! Бир марта йигит бўлиб, йигитни ишини қил! 
Севинч буёғи нима бўлишини билмаса-да, ҳозир қандай вазият юз беришидан қатъий назар, илондек пўст ташлашга шай турарди: агар Отабек инсоф қилиб, у билан ўртамизда ҳеч нима йўқ, деса - унинг ютуғи, борди-ю, бир пайтлар Лайли-Мажнун бўлиб юрганмиз, десаям, Севинч «туҳмат қиляпти» деб уйни бошига кўтаради, нари борса бир-икки кун аразлаб, ойисиникига кетиб қолади. Билади - Анвар акаси усиз яшолмайди. Саломат хола ҳам буни шундай қолдирмайди, бор келинимни олиб кел, деб туриб олади...
- Узр, ака, бир пайтлар шу қизнинг изидан кўп юрардим, армияга кетганимда турмушга чиқиб кетганини эшитиб, ўзимча бирнималар қилмоқчи бўлдим...
Севинч ҳаммаси бахайр якун топганига ишонч ҳосил қилгач, эрига маъноли қараб қўйди. Бу қарашда, «хўш, бунисига нима дейсиз?» - деган маъно акс этарди. Анваржон ўзини айбдор сезиб, ундан тиз чўкиб кечирим сўради. Бемаъни шубҳаларга боргани учун ичидан зил кетди.
- Сен мен учун ҳамма нарсадан покизасан...
- Жаҳлингиз тезлигини билганим учун «танимайман» деб қўяқолгандим, ҳаммасига ўзингиз айбдорсиз, арзимаган нарсадан шунча муаммо чиқардингиз...
- Кечир мени... - у Севинчни бағрига босмоқчи бўлди, аммо келинчак уни силтаб ташлади:
- Тегманг менга!
Анваржон ишга қайтаркан, яна ўша рақамга қўнғироқ қилди, жавоб берилгач, бўралаб сўкди, «қайтиб менинг ҳаётимга дахл қилганингни кўрмай!» - деган гап билан қўнғироқни якунлади. Вақт ўтиши билан воқеалар секин-аста унутилиб кетди...
*****
Севинч кўзи ёриганидан сўнг, қувватини тиклаб олгач, унга шифохонадан уйга руҳсат беришди. Уни олиб кетгани келган Анваржон аёлнинг кийим-кечакларини машинага жойлаштирарди. Ҳамшира кузатувида туғруқхона ҳовлисига чиққан Севинч қатор турган машиналар орасидан эрининг машинасини қидираркан, бирдан кўзлари тиниб кетди: нариги бино ёнида турган қора рангли нексия машинаси унга жуда таниш туюлди. 
Севинчнинг бир жойда туриб қолганини кўрган Анваржон унинг истиқболига шошилди. Етишига озгина масофа қолганида ундан бир неча қадам олдинда кетиб бораётган йигитча Севинчнинг рўпарасида тўхтади:
- Гўзалим, кўринмай қолдинг, десам, эрга тегибсан-да?! Сенга оналик ярашибди-ю, лекин аввалги қоматинг чиройлироқ эди-да... Ҳа, майли гўзалим, керак бўлсам ўша рақамдаман, гаплашамиз...
Анвар бу йигит Севинчни етаклаб чиқаётган ҳамширага гапираётган бўлиб чиқишини жуда истарди, айни чоғда Севинчнинг ҳаёлидан ҳам шу сўз ўтаётганини жуда яхши биларди...

Фикр қўшиш