Ғаройиб ҳодисалар изидан: “МУРДАНИНГ ТИШИ…” (Асаби бўшлар ўқимасин)
1969 йили Житомир вилоятида 42 ёшли Дмитрий А. ни суд қилишди. У икки нафар қабр ўғриларини ўлдирганликда айбланарди. Учинчи ўғри эса, омади чопиб қочиб кетишга муваффақ бўлган ва ўшанинг ўзи милицияга хабар берган…
… Январ кечаларининг бирида Дмитрий туш кўрди. У қабрда ётганмиш. Уни жуда кўп вақтлар аввал дафн этишган экан. Ажабланарлиси, у Дмитрий эмас, балки аср бошларида шаҳарни бошқарган катта лавозим эгаси эди…
Мана, орадан олтмиш йил ўтиб мурдадан фақат суякларгина қолганди…
Дмитрий бу тушдан сира ҳайрон бўлмасди. Лекин эртаси куни ҳам худди ўша туш такрорланди. Тобут тепасида қандайдир бегона одамлар пайдо бўлди. Улар уч киши эди… Тўсатдан тобут қопқоғини олишди-да, бир тарафга ирғитиб юборишди. Дмитрий ҳаммасини кўриб, сезиб турарди.
Уч бегона одам бир-бирлари билан шивирлаб гаплашишарди…
Дмитрий улардан бирини дарров таниди. Ўзи яшайдиган уйнинг учинчи қаватида туради. Ғирт пиёниста. Худонинг берган куни ичгани-ичган. Қўшнилар унга "Бутилкин” деб лақаб ҳам қўйиб олишган.
Лекин Бутилкин нега қўлида омбур ушлаб олибди? Нима қилмоқчи?
Пиёниста қўлидаги фонарни ёқиб мурданинг тепасига келди ва хириллаган товушда шерикларига шипшитди.
— Қара, бу ярамаснинг тишлари ҳақиқий тилла экан!..
Шу гапни гапириб Бутилкин омбурни мурданинг оғзига тиқди. Дмитрий оғриққа чидолмай тўлғона бошлади…
Барибир ўғрилар унинг барча тилла тишларини суғуриб олишди-да, ташқарига ўзларини уришди. Дмитрий тупроқ тобут устига қандай келиб тушаётганини аниқ сезиб турди… Ҳа, улар қабрни қайтадан беркитиб қўйишди…
Эрталаб уйғонди-ю, қўрқиб кетди. ¡стиқ қип-қизил қон. Дарров тишларини текшириб кўрди. Ие, олдинги иккита тиши қаёққа ғойиб бўлди?..
Дмитрий тушини эслади. Қизиқ, тушида мурданинг тишларини ўғрилар суғуриб олишди. Аммо Дмитрийнинг биронтаям тилла тиши йўқ. Нима ўзи бу?.. Ким унинг соғ тишларини суғуриб олди?.. Ҳа-а, демак, бу ҳақиқатан бўлган воқеа. Ҳозироқ пиёниста Бутилкинникига кириб текшириб кўради…
Бутилкин уйида экан. Квартира ичи сасиб кетибди. Бу ҳам етмагандек, ошхонада яна икки нафар эркак ғирт маст ҳолда мудраб ўтирарди…
Ҳа, адашмаган. Уччаласи эди қабрга кирган.
Дмитрий Бутилкинни ёқасидан олиб ошхонага етаклаб кирди.
— Тишим қани? Нимага менинг тишимни суғуриб олдиларинг? Мана, тишим йўқ. Топиб бер тишимни!..
Бутилкин қотиб қолди. Бир муддат кўзлари катта-катта очилиб Дмитрийга тикилиб тургач, беихтиёр бақириб юборди:
— Мурда қайтибди!.. Мурда тирилиб қайтибди!.. Ҳой, қайтар тилла тишларини!.. Қайтар!..
Ўтирганлардан бири иккита тилла тишни Дмитрийнинг оёқлари остига ташлади.
— Ол, тишларингни! — ранглари пахтадек оқарган Бутилкин Дмитрийга қичқирди. — Бор, гўрингга қайтиб кет!.. Қўрқитма бизни!..
Шу орада мастлардан бири ё қўрқувдан, ё бошқа сабаб билан Дмитрийга стулни отди. Яхшиям эгилиб қолди. Бўлмаса…
Аччиқланган Дмитрий худди ўша стулни олди-да, Бутилкиннинг бошига туширди. У шу лаҳзадаёқ жон берди. Шундан кейин стул иккинчи пиёнистанинг бошига келиб тушди. У ҳам мияси ёрилиб оламдан ўтди…
Бироқ учинчи эркак қочиб қолишга улгурди…
Дмитрийни икки кундан сўнг қамоққа олишди. У терговчига кўрган тушини айтиб берди. Бу кўрсатмалар прокуратура ходимларига етказилди. Прокуратурадагилар гарчи ҳайрон бўлишса-да, ўша қабрни очиб кўришга қарор қилишди. Ҳақиқатан скелетга айланган мурданинг иккита тилла тиши жойида йўқ эди. Экспертиза тишлар яқиндагина суғуриб олинганини тасдиқлаб берди. Шундан кейин Дмитрий билан шахсан хавфсизлик хизмати руҳшуносининг ўзи суҳбат қилди. Ҳамма айтганларини ёзиб олгач, қабрдаги мурданинг шахсини аниқлашга киришди. Малум бўлишича, мурда 1901 йилда яшаган Головлев исмли катта бир лавозим эгасига тегишли экан…
Руҳшунос терговга бундай воқеалар ҳақиқатан содир бўлиб туришини айтиб Дмитрийни озод қилишларини сўради. Унинг айтишича, одам ўлгандан сўнг руҳ бошқа бир танага ўтиб қолиши тарихда кўп бора тасдиқланган экан…
Дмитрий суд қарори билан озод этилиб, соғлом экани аниқ бўлса-да, вақтинчалик профилактика учун руҳий хасталиклар шифохонасига ётқизилди.