🧚 Эртаклар

Тойчоқ ва поезд

2 дақиқа 3К марта ўқилди
Тойчоқ ва поезд
Саман поезд йўли яқинида яшайдиган тойчоқ экан. У тез-тез темирйўл вокзалига борар, поезднинг келиб кетишини кузатар экан. Поезднинг овози ва тутун чиқариб юриши унга жуда ёқар экан. Саман бу ерга кўп марта келиб, поезд билан дўстлашиб олибди. Тойчоқ энди вокзалга дўстининг қачон келишини билар ва уни шу ерда кутар экан. Поезд ҳам тойчоқни кўриб, баланд овоз берар ва тутун чиқарар экан. Бир куни Саман поездга: Поезд, сен қаерга кетяпсан?- деб сўрабди. Поезд кулумсираб шундай жавоб берибди: - Шаҳарга кетяпман. - Шаҳар чиройли жойми? Истасанг, мен билан юр. Шаҳарни кўрасан. - Зўр бўларди! Поезд аста-секин тойчоқдан узоқлашиб: - Эртага шу вақтда, шу ерда бўл. Олдинги вагон бўш бўлади. Мен секинлашганимда миниб оласан, бирга кетамиз. Шу кеча Саманнинг бутун ҳаёли шаҳарда бўлибди, кўзига уйқу келмабди. Эртаси куни эрталаб барвақт вокзалга бориб, поездни кута бошлабди. Поезд вокзалга яқинлаш-гач, тез суръатда вагонга сакраб чиқиб олибди. - Баракалла, Саман, уддаладинг, - дебди поезд. Саман жуда хурсанд эди, атрофни завқ билан томоша қиларди. Улар анча юриб шаҳарга етиб боришибди. Бу ерда одамлар кўп, шовқин-сурон эди. - Нега бунчалар шовқин?- деб кишнаб юборибди тойчоқ.
- Бу ер шаҳар, кўришни хоҳламайсанми? дебди поезд. Шаҳар вокзалида Саман сакраб вагондан тушиб олибди. Тўсатдан вокзал ходимининг бақирган овозини эшитибди: От бу ерда нима қиляпти? Саман қўрқиб кетибди ва вокзалдан чиқиш учун югуриб кетибди. Кейин у машина ва
одамлар билан гавжум жойга бориб қолибди. Ўзига-ўзи: - Бу ер ғалати экан! Яхшиси мен қайта қолай, - дебди. Аммо уйига қандай кетишни билмас экан. У қаерга кетаётганини билмай югураверибди. Атрофидаги машиналар тинмай сигнал чалишибди. Одамлар уни кўриб: - От бу ерда нима қиляпти? Эгаси қаерда экан? - дейишибди. Бечора Саман нима қилишини билмай қолибди. Юраги тез-тез ура бошлабди. Шу пайт у поезднинг овозини эшитиб қолибди. Саман баланд овозда кишнаб юборибди ва дўстининг овози келган томонга югурибди. Югурибди, югурибди, ниҳоят поездга етиб олибди ва бўш вагонга сакраб чиқиб олибди. Сўнг чуқур нафас олиб: - Раҳмат, дўстим. Агар овоз бермаганингда нима қилишни билмасдим, - дебди. - Хўш, шаҳар сенга ёқдими? - Нима десам экан? Умримда ҳеч кўрмаган жойлар, ғалати нарсаларни кўрдим. Аммо менга ўзимизнинг макон яхши. Энди ўз еримнинг қадрини биламан.

Изоҳлар 0

Ҳозирча изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →