🕌 Ислом

Жума кунининг сирлари

2 дақиқа 7.3К марта ўқилди
Жума кунининг сирлари
Жума кунининг бошқа кунлардан афзаллик жиҳатлари жуда кўп. Улардан бири шуки, жума куни айнан жума намози учун ғусл қилиб, намозга эртароқ келган, намоз ва масжид одобларига риоя қилиб намоз ўқиган банданинг ҳар бир қадамига бир йиллик намоз ва рўзанинг савоби берилади.

Жума кунининг ҳурмати бу кун кирмасдан олдин, истилоҳда жума оқшоми дейиладиган пайтдан бошланади. Жумага ўша пайтдан бошлаб тайёргарлик кўрилади.

Жума кунининг бомдод намозини имкон қадар масжидда, жамоат билан ўқишнинг мандублиги ҳақида кўп гапирилган. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума кунида айтилган салавот менга кўрсатилади», деганлар. Жума кунида дуолар ижобат бўладиган бир пайт бор. Банданинг дуоси ўша пайтга мувофиқ келиб қолса, унинг ижобат бўлишига шубҳа йўқдир.
Ҳадиси шарифларда жума намози учун эртароқ келишнинг ўзи алоҳида таърифланган. Бу намозга қайси пайт келган одамга қанчалик савоб ёзилиши ҳақида батафсил айтилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: «Кимки жума куни ғусл қилиб, масжидга жума намозининг аввалги соатида келса, унинг савоби бир туяни қурбонлик қилгандек бўлади. Ундан кейинги соатда келган одам бир молни қурбонлик қилгандек бўлади. Учинчи соатда келган одам шохдор қўчқор қурбонлик қилгандек бўлади. Тўртинчи соатда келганлар бир товуқни қурбонлик қилгандек бўлади. Бешинчи соатда, охирида келган одам битта тухумни қурбонлик қилгандек бўлади».
Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насаий, Термизийлар ривоят қилишган.
Жума куни имом минбарга хутба учун чиққанда фаришталар ҳозир бўлиб, уни тинглайдилар. Демак, жумага фақат мусулмон бандалар келмас экан, балки хутбани эшитиш учун фаришталар ҳам ҳозир бўлишар экан. Фаришталар ҳозир бўлган жамоат нақадар гўзал, нақадар муҳтарам жамоат бўлади! Шунинг учун бундай жамоатнинг ўзига яраша одобларига риоя қилишимиз лозим. Шунинг учун жумага, жамоатга келадиган одам ғусл қилиб келиши керак. Бу ғуслнинг ҳикматларидан бири нафақат нажосатни, ҳатто бадандаги нохуш ҳидларни ҳам кетказишдир. Зеро, жума куни масжидда одатдагидан каттароқ жамоат тўпланади, издиҳом бўлади. Фаришталар эса ниҳоятда нозик хилқат бўлгани учун уларга озор бермасликка ҳаракат қилинади.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →