✍️ Шерлар

Қуёш ҳақида сара шеърлар тўплами

1 дақиқа 18.1К марта ўқилди
Қуёш ҳақида сара шеърлар тўплами
ҚУЁШЖОН — Одил Абдураҳмон

Ён, қуёшжон,
Жон қуёшжон,
Отди оппоқ
Тонг қуёшжон.

Дон-дунимга
Ҳосил тилаб,
Бошларини
Қўйгин силаб…

Юртимизга
Нур сочавер,
Халқимизга
Бахт очавер.

ЯШАСИН ОФТОБ — Нуруллоҳ Остон

Чақинлар тинди,
Гиёҳлар унди.
Ёғдуга чўмди –
Яшасин офтоб!

Шудрингда акси,
Япроқда рақси,
Файзлидир баҳси –
Яшасин офтоб!

Қўрқмаймиз тундан,
Яйраймиз кундан.
Тириклик шундан –
Яшасин офтоб!

ҚУЁШ — Ҳалима Аҳмедова

Шунчалар чаққонсан, шунча озода,
Сендан покланади ҳатто тоғ-у тош.
Энг кичик майсадан дарахтларгача
Ғуборин ювасан эринмай қуёш.

Япроқларнинг нафис табассумида
Жилва этар сенинг нурли афсонанг.
Яратган нафаси уфурган жойдан
Асли бунёдмикан ёки кошонанг?..

ЁЗ БИЛАН ҚУЁШ — Маҳмуд ТЎЙЧИЕВ

Қуёш ёз билан ўртоқ,
Ажралгиси келмайди.
Кеч кириб қолганда ҳам
Уйи томон елмайди.

Дўстларнинг суҳбатига
Ошиққандай жўралар,
“Салом!” – дея Қуёшжон
Тонг-саҳардан мўралар.

Шу дўстликнинг меҳридан
Баҳра оламиз барча.
Болалар-у катталар,
Ер, осмон, яна қанча.

Гап кўп экан, билсангиз,
Иноқлик, аҳилликда.
Барака ҳам шу ерда,
Беминнат сахийликда.

Шундай тўкинлик, тўқлик,
Шундан чор атроф кўркам.
Кундан-кун яшнаб борар,
Менинг жонажон ўлкам.

Дунё шундай ғаройиб,
Сирга тўла табиат.
Жаннатмонанд юртимда
Ҳаёт гўзал то абад!

ҚУЁШ БИЗГА ЎХШАРКАН — Умида АБДУАЗИМОВА

Бизга ўхшар ёзда қарай олмасдим, қуёшга.
Тик қарасам тўларди кўз ёшга.
Қишда бошқача бўлиб қолибди,
Булутларга ўралиб олибди.

Иссиқ кийимлар кийиб юрибман.
Қуёшга тик қараб турибман.
Ёқимли хаёлларга берилдим.
Қуёш бизга ўхшаркан, деб билдим.

ҚУЁШ МЕҲРИ — Рустамбек Туропов,

Мусаввирдек чизар ҳар кун
Дов-дарахтлар андозасин.
Зар қаламда ифодалар
Бош кўтарган ҳар новдасин.

Қуёш нурин тенг сочади,
Гул заминга бериб меҳрин.
Шабнамларга жило қўшар,
Ишга солиб борки сеҳрин.

У ҳар сафар нур элайди,
Майсалари тушар терга.
Маъюс, ҳорғин хайрлашар,
Манглайини босиб ерга.

То кечгача қилиб меҳнат,
Қизаради сариқ юзи.
Яхшилигин миннат этмас,
У осмоннинг олтин қизи.

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →