✍️ Шерлар

Яна кўришгунча, десам майлими

3К марта ўқилди
Яна кўришгунча, десам майлими
Хайр, узоқ йиллар кутган мехмоним,
Сал кам ўттиз йилга кечиккан туйғу.
Ҳудди вужудимдан кетмоқда жоним,
Шунчалар чиройли бўларму қайғу!

Балки мезбонингдан тўлмади кўнглинг,
Ёки кўрмадингми кулбам муносиб,
Юракдан бир тишлаб, қайтариб бердинг,
Қалбингни тўрига қўй дединг осиб!

Қанча парвоналар бўлдим қошингда,
Хатто ўтқазгани топа олмай жой.
Қуёшдек нур сочдим кундуз бошингда,
Тунлари термулдим гўё тўлин ой!

Бахор, гулларинг ёз пойига дедим,
Сен учун юлдузлар тердим фазодан!
Мен сени Тангридан сўраган эдим,
Мен сени тиланган эдим Ҳудодан!

Арилар бол ташиб турди сўзимга,
Райхонлар ифорин берди омонат.
Ўхшамай қолгандим мутлоқ ўзимга,
Сен ташриф буюрган эдинг МУҲАББАТ!

Нималар қилмадим кўнглинг оларга,
Бўлса шунча бўлар мехмонга иззат.
Сен хохиш топмадинг, афсус, қоларга,
Сен истак топмадинг қоларга фақат!

Энди кетмоқдасан...
Бамайлихотир,
Сен хақсан, мехмонми, кетмоғлиги шарт!
Менданми?
Йўқ, мендан олма хавотир,
Ажиб хислар учун сенга кўп рахмат!

Нега кетаяпсан ўзи, билмасам,
Тугатиб сехирли севги сайлини!
Майлими, сен билан видолашмасам,
Яна кўришгунча, десам майлими?

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →