✍️ Шерлар

Ҳайвонот боғида темир қафасда

2.8К марта ўқилди
Ҳайвонот боғида темир қафасда
Бир бўри яшайди, кўзида ҳазар,
Кимдир нон ташлайди, яна кимдир гўшт,
Ортини ўгириб қилмайди назар.

Томошабин ҳайрон, нон берса агар,
Думин ликиллатиб қўяр балиқлар.
Ҳатто сўлақмондай гавдаси билан
Нон берганга қуллуқ қилар айиқлар.

Гарчи мадори йўқ, емас ҳеч нарса,
Хиралашиб борар кўзларин нури.
Тирноғин қонатиб тирнар деворни
Озодликдан умид узмаган бўри.

Негадир кўзимда ҳалқаланди ёш.
Ногоҳ равшан тортиб қалбимнинг қўри.
Рост гап, одамлигим эсимдан чиқиб,
Сенга таъзим қилдим, эй мағрур бўри.

Ҳар гал эслаганда юрагим ёниб,
Кўзимга оловли кўзинг урилар.
Қонли тирноғингга арзимас ҳатто
Нон талашган одам – чиябўрилар.

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →
Шерлар

Бахтли бўласиз

13-август, 20183.3К
Шерлар

Волидамни нега йиғлатдинг.

13-август, 20182.7К