✍️ Шерлар

Шоирлар

2.2К марта ўқилди
Тиллоларга тенгдир санъати,
Гадо бўлур энг бадавлати,
Улар жуда, жуда ғалати -
Шоирдан дўст чиқмас, биродар!

Шеър ёзарлар ичиб майини,
Қайтармайди илҳом раъйини,
Чалар унсиз қалбин найини -
Шоирдан дўст чиқмас, биродар!

Дардин қилар дастурхон элга,
Қисқа умрин беришар елга.
Шошилишар ҳаммаси ерга -
Шоирдан дўст чиқмас, биродар!

Бири кўкка боққанча ётар,
Бири майса таъмини тотар,
Ўз "боласи" - шеърини сотар -
Шоирдан дўст чиқмас, биродар!

Онасидан хабар ололмас,
Қишлоғида, юртида қолмас,
Қолганининг тотгани болмас -
Шоирдан дўст чиқмас, биродар!

Топиб олар ўзига йўлни,
Писанд қилмас бўронни, дўлни,
Сал ўйланиб чўзинглар қўлни -
Шоирдан дўст чиқмас, биродар!

Ким бир қадаҳ майни узатса,
Ўша ерда ҳозир. Кузатса,
Уларни ҳеч бўлмас тузатса -
Шоирдан дўст чиқмас, биродар!

Мен шоирман, бир оми шоир,
Шеърлар ёздим ўзимга доир,
Қойил, фақат ўзимга қойил -
Шоирдан дўст чиқмас, биродар!

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →