✍️ Шерлар

Бари бир азизсан, рўмолли аёл

3К марта ўқилди
Бари бир азизсан, рўмолли аёл
Кўрсатарлар сени кўп айбдор қилиб,
Қадрингни эр қилиб, ҳўп абгор қилиб,
Барчага ёмонлаб, кўп безор қилиб,
Эл ичра топмаган омонлик, аёл,
Бари бир азизсан, рўмолли аёл!

Кетасан дунёга сиғмай баъзида,
Соф хаё тимсоли сенсан, аслида,
Ёмон дедилар, лек, Хақнинг наздида,
Иймон-ла музайян, жамолли аёл,
Бари бир азизсан, рўмолли аёл!

Доимо сен мағрур тутгин бошингни,
Эгилмай қўлга ол, бор бардошингни,
Кутгин, чиқмиш албат баҳт қуёшингни,
Махшар савоби мўл ҳирмонли аёл,
Бари бир азизсан, рўмолли аёл!

Нокаслар дастидан олдинг ёмон ном,
Кўрсалар менсимай, берурлар дашном,
Хақ йўлинда фақат, бўлгин бардавом,
Рўзи Қиёмат беармонли аёл,
Бари бир азизсан, рўмолли аёл!

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →