📖 Ҳикоялар

Америка полисияси

2 дақиқа 2.6К марта ўқилди
Америка полисияси
Америкага энди келган вақтимда эскироқ машинада юрардим. Ўзбекистондан олган хайдовчилик гувохномам билан. Уч ойгача юрса бўлади ўз давлатингиз берган гувохнома билан. Флорида штати хайдовчилик гувохномасини олиш учун тест топширишга бориб, имтихондан чиқсам, машина юрмаяти. Ўчиб қолган. Аккумулятор ўтирган. Аксига олиб, бошқа машинадан зарядлантириб олиш учун ишлатиладиган матохим хам йўқ. Шунда ўша эрдаги “Пизза Ҳот”дан тўртта пицца кўтариб чиқиб, машинасига ўтираётган полиция ходими мени кўриб қолди.
— Ёрдам керакми? Нима бўлди?
— Шу, мотор юрмаяпти.
— Аккумулятор ўтирган бўлса, керак. Менда керакли инструмертлар бор эди. Хозир олиб келаман.
Бориб, асбоб-ускуналрини кўтариб келди. Аввал чанг йиғилиб қолган аккумуляторни цоцо-цола ёрдамида тозалади. Занглаб қолган жойларини қиртишлади. Кейин машинасини меникининг олдига олиб келиб, 10-15 дақиқа ўзининг батарейкасидан заряд берди. Хамкасблари учун идорага олиб кетаётган пиццалари хам совиб қолди бу орада. Лекин менинг ишимни хал қилиб кетди. Шунча вақт давомида на шаҳсимни тасдиқлайдиган, на бир бошқа ҳужжатимни сўрамади.

Ёз кунларининг бирида машина яна иш кўрсатиб (шунинг учунам янгисини оворганман, жа бир муаммоси кўп эди аввалгисининг), катта трассада бузилиб қолди. Амаллаб четга чиқиб олдим. Ўн дақиқача ўтиб, чиройли Додге Чаргер машинасида полиция ходими келиб, ахволим қанақа эканини, қачондан бери ўтирганимни, машинага нима бўлганини сўради. Айтдим. Аввало, кун иссиқлиги учун, машинасидан икки баклашка муздек сув олиб келиб берди. Кейин капотни очиб, машина билан шуғулланишни бошлади. Ўзи эплолмайдиган иш эканини тушуниб, йўл теҳник ёрдам ҳизматига қўнғироқ қилиб, қаэрда турганимни тушунтириб, уларни чақириб берди. “Бепулга қилиб беришади”, — деди-ю, менга омад тилаб, бирор гап бўлса 911 рақамига қўнғироқ қилишимни айтиб, ҳайрлашди.
Қизиғи хар икки сафарда хам полиция келаётганини кўрибоқ ўз-ўзидан “оббооо, шу этмай турувди”, — деган хаёл ўтганди. Автоматик равишда башара буришиб, энса қотганди. Бўлмаса, қонун бузганим йўқ, хамма ҳужжатим жойида. Полиция хам менга ёмон гапириш, ҳатто ёмон қарашга хам улгургани йўқ. Менга қилган ҳушмуомаласи, ёрдамларидан кейин ўша хаёл учунам уялиб, ғалати бўлиб қолдим.
Яна бир-икки марта шу каби воқеалардан кейин полицияни кўрганда пайдо бўладиган ўша энса қотишлар, “нима қилиб қўйдим экан яна”, — дегандек пайдо бўладиган ўзингни айбдордек хис қилишлар йўқолиб кетди.

Мен полицияни хурмат қила бошладим.

Америка полицияси бу — чиройли, ярашган униформалар, ажойиб машиналар, очиқкўнгиллик, ёрдамга шайлик, ҳушмуомалалик. Расмга тушиб олса бўладими сиз билан?, — деб сўрасанг, камерангга кулиб, қўллари билан “зўр” ишорасини қилиб турадиган йигитлар, кишилар, айёллар. Улар хурмат ва хавасга, ишончга муносиб. Хар ҳолда шу пайтгача улар хақида менда пайдо бўлган таассурот шундай. 23, 07, 2013 йил

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →