📖 Ҳикоялар

МУРДАЛАР КЎЗ ОЧГАНДА… (Мистика)

13 дақиқа 2К марта ўқилди
МУРДАЛАР КЎЗ ОЧГАНДА… (Мистика)
Сентябр ойи эди. Тун. Қабристонга кириб келган кўк плашчли кимса ёмғирли ҳавода бўғилиб-бўғилиб нафас оларди…
Бироз сигарет чекиб турган бўлди-да, кутилмаган ҳаракат билан қўлидаги сигарет қолдиғини бир томонга ирғитиб, елкасидаги қопни қабрлардан бири устига қўйди.
Қаэрлардандир бойқушнинг ёқимсиз сайраши эшитилди.
У қабрга энгашди. Шу пайт рўпарасида қандайдир номаълум соялар пайдо бўлиб, тўппа-тўғри қабр устига ёйилди.
Кимса кафтини пешонасига тираб бир муддат туриб қолди…
Сўнгра бошини кўтариб яна қопини елкасига илди ва қабристон ўртасига қараб юрди.
У ерда эски қабр бор эди. Ўша ерга келганда тўхтади. Яна қопни елкасидан олиб қабр устига қўйди. Не кўз билан кўрсинки, ҳалиги соялар тағин рўпарасида пайдо бўлиб айлана бошлади. Қўрқувданми, тасодиф туфайлими, турган ерида қотиб қолди. Соялар эса гоҳ акула, гоҳ ит шаклига кириб, қабр устида у ёқдан-бу ёққа айланарди.
— Итларингни нари ол! — ниҳоят тилга кирди плашчли кимса. — Биламан, мени кузатяпсан… М-мен… Сибирякнинг олдидан келдим. Яхши хабар, яна… Совға олиб келдим сенга.
— Кимсан ўзинг? — ғойибдан нотаниш овоз келди.
Плашчли кимса бошини кўтариб у ёқ-бу ёқни кўздан кечирган бўлди.
— Бунинг аҳамияти йўқ. Сен бу совғани анчадан бери орзу қилардинг. Сибиряк айтдики, менинг бир илтимосимни бажаришинг керак экан.
— Қандай илтимосинг бор?
— Менга сенинг актёрларинг керак.
— Нечтаси?
— Учтаси. Бир ҳафтага. Улар иккитадан рол ўйнаб, яна қайтиб келишади.
Ўртага бир муддат жимлик чўкди. Эса бошлаган совуқ шамол плашчли кимсанинг юзларига урилиб, у афтини бужмайтирди.
— Мен сенга олти нафар ўлганларини бераман, — деди номаълум овоз соҳиби.
Плашчли кимса норози бош чайқаб қўйди.
— Нима, сен мен билан савдолашмоқчимисан? Бўпти, бу нарсани яна Сибирякнинг ўзига қайтараман.
Шундай деб у қопни яна елкасига илди. Бунга жавобан қабрлар ўраб қўйилган темир панжаралар ғижирлай бошлади. Қаэрдадир қуриган шох синиб тушиб, товуши бутун қабристонга эшитилди. Тўсатдан кимсанинг кўкси узра келиб урилган шамол сал қурса уни итқитиб юбораёзди.
— Тўхта, одамзод! — дея оҳ урди кўринмас жонзот. — Майли, актёрлар сенинг олдингга келишади.
— Эртагаёқ келишсин!
У плашчига яхшилаб ўраниб, қоронғилик қаърига шўнғиди…
***
Володя Қалмиқ ҳеч қачон муаммолардан қўрқмайди. Йўқ, муаммоларни яхши кўрганидан эмас. Биладики, агар муаммодан қочса, ишлари чаппасига кетади. Иши шунақа. Одамлар билан ишлайди. Шу иши туфайли кўпчиликка ёқмайди. Фақат ёқтирмасликларини ҳеч қачон юзига айтишмайди…
Қалмиқ доимо ҳушёр. Ҳар бир кўнгилсизликни олдиндан кўриб, ҳис қилиб туради. Ана шу сабабли ҳам омад унга кулиб боқди. Энди унинг ўзи хўжайин. Ҳар қандай муаммони бемалол ҳал қилаверади…
Подъездда чироқ йўқ эди. Ичкарини ёқимсиз ҳидлар қоплаганди.
У шошилмай зинапоялардан юқорига кўтарила бошлади.
— Ҳеч қаёққа кетмайман! — деди ўзига-ўзи. — Ҳаммасини ҳайдаб чиқариб, подъездни ҳавас қиладиган даражага келтирмагунча тинчимайман…
Афсуски, навбатдаги муаммони пайқамай қолди. Яъни, қоронғида нимагадир урилиб йиқилиб тушаёзди. Ҳайрон бўлиб аста эгилди. Оёқлари остида Мишка Обряд оғзи очилган ҳолда чўзилиб ётарди. Тўзғиган сочлари зинапояда эсаётган шабадада қимирлаб-қимирлаб қўярди.
Қалмиқнинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди. Ич-эти музлаб кетди. Обряд!..
"Тирик шекилли! — кўнглидан ўтказди у.”
Шу тобда Обряд нариги ёнбошига ағдарилиб олди. Ана шундан кейингина Қалмиқ сал тинчланиб чўнтагидан сигарет чиқариб тутатди ва квартираси томон йўл олди.
Эшикни хотини очди. Эрининг важоҳатини кўриб, қўрққанидан ўзини четга олди.
— Қизларим ухлашяптими? — сўради Қалмиқ хотиржам оҳангда. — Айтганча… Салом!
— Салом!.. Қизлар ухлаб қолишди…
Аёл югуриб бориб йўлакдаги чироқни ёқди.
— Нимадир бўлдими?
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ. Овқат-повқатинг борми?..
Қалмиқ қўрқа-писа қозон томонга ўтган хотини Иранинг ортидан тикилди. Ҳа, хотини ҳозир ундан ўлгудек қўрқади. Бир пайтлар ахлатхонада ишлаб арзимаган пул кўтариб келганда Қалмиқнинг ўзи ортиқча ҳаракат қилишга чўчирди. Ҳа, у вақтлар ўтиб кетди. Энди унинг даври келди. Фақат у буйруқ беради. Нафақат уйида, балки, бутун ҳовлида ўз сўзини ўтказа олади…
Ира овқат ва ароқ келтириб столга қўйди. Қалмиқ шоша-пиша ароқни стаканга қуйди-да, бир кўтаришда сипқориб, қошиқни қўлига олди…
Қизиқ… Анави Мишка Обряд қари пиёниста. Қўшни. Нега ундан қўрқиб кетди?.. Ахир, унинг ўлганига икки йил бўлганди-ку!..
Аслида, Қалмиқ пиёнисталар билан кўп тўқнаш келарди. Иши шуни талаб қиларди. Асосан ичкилик билан савдо қилгани боис ярим кеча демай ўша пиёнисталарга эшикни очишга мажбур эди. Негаки ўшаларнинг орқасидан мўмай даромад кўрарди…
Кейинроқ квартира савдоси билан шуғуллана бошлади. Ёнига Хорек ва Хохол лақабли гумашталарини шерик қилиб олди. Ана ўша иш унга янада омад келтирди. Бир ой деганда ўн минг кўкида ишлаб топди…
Қалмиқ яна зинапоядаги Обрядни кўз олдига келтирди. Э, йўқ, у Обряд эмас. Унга шундай туйилди, холос. Марҳумлар ҳеч қачон уйғонмайдилар…
***
Эртаси куни Қалмиқ ўзига дам олиш куни эълон қилди. Хорек ва Хохолга қўнғироқ қилиб, топшириқлар берди. Ўзи эса диванга ёнбошлаб телевизор кўра бошлади…
Бир маҳал беихтиёр деразадан ташқарига қаради. Ахлатхона ёнида ҳар доимгидек уч нафар пиёниста эркак қотиб туришарди. Қалмиқ қўл силтаб нариги ёнбошига ўгирилмоқчи бўлди. Қараса… Кутилмаганда уччала пиёниста ҳам бирдан бошини унинг квартираси томон бурди. Ҳа, аниқ у томонга қараб қолишди…
Қалмиқ уларни таниди. Бири Ваня тоға. Олти йил олдин универмаг ёнида ўзича савдо-сотиқ қилмоқчи бўлганди. Қалмиқ бир маротабагина жағига туширганди, уйига келибоқ жон берган.
Анавиниси Коля маймоқ. Муштлашиб қолишганди бир вақтлар. Қалмиқ ҳам маст эди. Униям бир зарба билан тинчитган…
Учинчиси…
Ҳа, бу Обряд!.. Худди ўзи!..Қалмиқ тўсатдан овозининг борича бақириб, дераза ёнидан ўзини олиб қочди. Қочаётиб беихтиёр столга урилиб кетди-ю, чалқанчасига полга қулади…
— Йў-ўқ!.. Бўлиши мумкинмас!..
У оғзини кафтлари билан мажбуран ёпиб, қайтадан дераза қаршисига келди. Ҳеч ким йўқ…
***
Шу кеча Қалмиқ жуда ёмон ухлади. У ёғига ағдарилди, бу ёғига ағдарилди. Ўзича нималардир деб ғўлдираган бўлди… Кўзларини юмди дегунча кундузги даҳшатлар намоён бўлаверди…
Охири ухлаб қолди. Туш кўрибди. Тушида сочлари пахмоқ бир кампир зинапоядан чиқиб келаётган Қалмиққа ташланиб қолибди. Суяги чиқиб кетган қўлларни у қанча елкасидан юлиб ташлашга уринмасин, кучи етмасмиш… Аксинча, уринган сари нафаси бўғилиб, юраги тўхтаб қолаётгандек туйилаверибди…
Йўқ, бу кампир жодугар. Унга қайсидир сеҳрли сўзларни айтиши лозим эди. Шундагина кампир ундан нари кетарди. Аммо сеҳрли сўзлар эсида йўқ…
Орадан қанча ўтди, билмайди. Ҳануз ўша даҳшатли туш таъсирида инқилларди. Тўсатдан эшик қўнғироғи чалинди. Қалмиқ уйғониб ўрнидан турди-ю, ёнидаги хотини Ирага боқди. У тинчгина ухларди.
Эшик қўнғироғи қайта-қайта чалинавергач, Қалмиқ ўрнидан турди-да, чироқни ҳам ёқиб ўтирмай, йўлакка чиқди.
— Ким у?
Сўрашга сўради-ю, ҳар эҳтимолга қарши, эшикка ўрнатилган кузатув тешикчасидан ташқарига қаради.
Ё алҳазар!.. Яна ўша марҳум пиёнисталар!.. Нималар бўляпти ўзи?.. Уларнинг ўлганига қанча бўлди!.. Нега?.. Қандай тирилиб келишлари мумкин ахир?..
Оёқлари қалтираб кетаётганига қарамай, Қалмиқ ўзини босиб қайтадан сўради:
— Ким?
— Б-биз… Володя, Мишка, Коля!.. Эшикни оч!..
— Нима ишларинг бор?..
— Биласанми?.. Ичакларимиз ёниб кетяпти!.. Бир шиша қизилидан бергин!.. Пулимиз бор. Мана, ярмини опкелдик. Қолганини эртага албатта, ташлаб кетамиз!..
Қалмиқ секин эшикни очди. Ҳақиқатан, остонада учала марҳум ҳам худди тирикдек юзлари қип-қизарган ҳолда туришарди.
— Ахир сизлар кўкариб чиққансизлар! — деди Қалмиқ сир бой бермай. — Қолаверса, минг йил бўлди ичкилик сотмай қўйганимга. Манави пуллар ҳам эски. Ҳозир бошқа пул…
Ваня тоға чўнтагини узоқ пайпаслаб, ниҳоят битта беш мингталикни чиқарди. Буни кўриб Қалмиқнинг нафаси бўғилди…
— С-сизлар қаэрдан пайдо бўлдингиз? — хириллаб сўради у. — Мен ҳозир ичкилик сотмаяпман… Ахир, сизлар аллақачонлар ўлгансизлар-ку!.. Бирин-кетин гўрга киргансизлар-ку!.. Йўқол!.. Йўқол ҳамманг!..
Қалмиқ кутилмаган ҳаракат билан уччаласини ҳам зинага итариб чиқарди. Аввал Коляни, кетидан қолганларини тепиб пастга қулатди. Айниқса, Обрядни тепганда бўйин суяклари қандай қисир-қисир қилганигача эшитиб, аъзойи баданида совуқ тер пайдо бўлди…
*
Қолган уч кун ҳам Қалмиқ учун ёқимли кечмади. Қай маҳал қарамасин, уч мурда ахлатхона ёнида қотиб турар, Қалмиқнинг деразасидан кўз узмасди…
Қалмиқ охири чидай олмади. Учинчи куни эрта тонгда ёрдамчиси Хохолга қўнғироқ қилди.
— Сергей уйғондими? — сўради у ҳовлиқиб.
— Ҳа, нимайди?
— Э, ахлатхонада қандайдир мурдасифатлар турибди… Негадир кўнглим ғаш…
Гўшакни жойига қўйгач, Қалмиқ дераза томонга ўгирилди. Ваня тоға ғойиб бўлибди. Лекин Коля маймоқнинг ёнида икки нафар девдай-девдай эркак турар, маймоқ уларга Қалмиқнинг деразасини кўрсатиб нималарнидир тушунтирарди…
— Булар Марат билан Дуринда-ку! — деди ўзига-ўзи Қалмиқ. — Қизиқ!.. Иккаловиниям турмада ўлдириб юборишганди… Ваня тоға уларни қаэрдан танийди?.. Ҳа майли, ҳозир Хохол келсин, сенларга кўрсатиб қўямиз!..
Афсуски, бундай бўлиб чиқмади. Хохол ҳам бақувват эркак бўлишига қарамай, Дуриндага яқин келганда, марҳум уни қандайдир одамга хос бўлмаган куч билан ахлатхона орасига итқитиб юборди. Сўнгра Дуринда Маратни ёнига олиб, ахлатхона олдида рақс туша бошлади…
Маълум вақт ўтиб иккала марҳум ҳам кўздан ғойиб бўлди. Қалмиқ эса аста ташқарига чиқиб, ахлат уюмлари орасида чўзилиб ётган Хохолни ўрнидан турғазди…
Хохолнинг кўзлари ғазабдан ёнарди. Нималардир демоқчи бўларди-ю, негадир айта қолмасди. Жимликни Қалмиқнинг ўзи бузди:
— Хўш, у ер-бу еринг синмадими, ишқилиб?
— Олдиндан огоҳлантириб қўйиш керак эди-да!.. — норози тўнғиллади Хохол…
Қалмиқ индамади. Ҳақиқатан айб ўзида. Дўстини хавфга қўйиб кўп озор етказди…
У тезда Хохолни касалхонага ётқизди. Қовурғалари синиб кетган, мияси қаттиқ чайқалган экан…
***
Қалмиқ бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеалардан сўнг икки кунгача кўчага чиқмади. Билмайди. Умри бино бўлиб бу қадар қўрқмаганди. Шу гал негадир марҳумларни, анави турмадаги "дев”ларни ўйласа, даҳшатга тушиб кетаверди…
Учинчи куни ниҳоят ўзини қўлга олди. Йўқ, булар билан ҳисоб-китоб қилмаса бўлмайди. Ким билсин? Кўчада юрса-ю, қайсидир подъезддан анави ярамас мурдалар отилиб чиқиб, ўзини ҳам бир нарса қилиб юборишлари мумкин… Эҳ, тирик эканликларида бекор озор берган экан. Ана энди астойдил ўч олишга қарор қилишди…
Ҳа, майли, Қалмиқ ҳам анойи эмас. Кўрсатиб қўяди бу чириган мурдаларга…
У учинчи куни эрталаб Ирани қизлари билан қўшиб онасининг олдига жўнатди. Ўзи эса машинасига ўтириб, ахлатхона рўпарасидан аста ўта бошлади. Девдай мурдалар бир бурчакда ўтирганча нимадир ичиш билан банд эди.
— Ҳой, чириган мурдалар, — бақирди Қалмиқ машинадан туриб, — Тағин стаканни синдириб қўймаларинг!..
Шундай деб машинани қабристон тарафга бурди. Йўлда уни нотаниш йўловчи тўхтатди. Ташқарида ёмғир қуяётгани сабаб Қалмиқ раҳми келдими, машинани тўхтатди.
— Метрогача олиб кетмайсанми? — сўради йўловчи мулойим оҳангда.
— Бўпти, ўтир!..
Йўловчи орқа ўриндиққа чиқиб ўтирди. Машина жойидан қўзғалди. Хаёл олиб кетибди, шекилли. Бир маҳал орқа ўриндиқдан йўловчининг хириллаган товуши эшитилгандек бўлди.
— Мени уйимга олиб бор, Володя!.. Сен билан яхшиликчасига гаплашиб олишим зарур!..
Қалмиқ бу товушни эшитиб қотиб қолди… Қизиқ… Ҳали машинани тўхтатиб сўраганда овози бошқача эди… Энди бўлса… Бу ўлиб кетган Климушкиннинг овози-ку!.. Ҳа, ўша… Бир пайтлар квартира масаласида тортишиб қолишганди. Қалмиқ уни ҳам алдаган. Қаршилик кўрсатмоқчи бўлганда жағига туширган эди….
— Володя, мен қайтиб келдим!..
Қалмиқ бирдан тормозни босди. Жонҳолатда қутичадаги тўппончани олмоқчи бўлди. Жин урсин, уйда унутиб қолдирибди!..
— Мен сен билан бир масалада гаплашиб олмоқчиман! — дея Қалмиқнинг бўйнига ёпишди Климушкин. — Шундай қилмасам, руҳим жуда безовта бўляпти. Қийналиб кетяпман!.. Хўш, бўйнинг оғримаяптими? Унда асабимни бузмай, машинани юргаз!..
Қалмиқ бўйнига тобора ботиб бораётган суякдан жони чиққудек бўлса-да, итоаткорона моторни ўт олдириб, олға босди.
— Эсингдами, — давом этди Климушкин, — Менинг квартирам, қарзлар, сен қўйган фоизлар!.. Ҳаммаси ўтмишда қолди, албатта. Бироқ сен менинг диванимни ахлатхонага ирғитиб юборгандинг ўшанда. Мени калтаклагандинг. Музлаткичимниям куч билан тортиб олгансан.
Қалмиқ чидай олмади. Оғриқ шу қадар кучли эдики, овозининг борича бақириб юборди:
— Вой до-од!..
Шу заҳоти ҳаммаси жойига тушди. Машина тўхтади. Орқа ўриндиқда эса ҳеч ким йўқ эди…
***
У қабристонга бориш ниятидан ҳам воз кечиб, рулни ўз уйи томон бурди. Қандай тезликда етиб келди, билмайди. Жонҳолатда машинадан тушиб, ўзини подъездга урди…
Аммо…
Не кўз билан кўрсинки, зинапояда яна Климушкин турарди.
— Ўтиб бўпсан, қанжиқ! — шивирлади у. — Ким бўлганингдаям, ўтиб бўпсан!..
Шу тобда Қалмиқ чездики, орқасида ҳам кимдир турибди. Қўрқа-писа орқасига ўгирилди. Рўпарада Дуринда ва Маратлар тиш қайраб туришарди.
— Қани, квартирангга бошла! — буюрди Дуринда унга. — Ўша ерда гаплашамиз!..
Қочиб қаэрга ҳам борарди? Қалмиқ индамай квартирасига яқинлашди ва эшикни очди. Мурдалар ундан олдинга ўтиб квартирага киришди.
"Тамом! — хаёлидан ўтказди Қалмиқ хоналарни бамайлихотир айланиб юрган мурдаларга ер остидан тикилиб қараркан. — Энди бу ерда мурдалар яшайдиган бўлди, шекилли… Умрим эса шу ернинг ўзида тугайди, чамаси…”
Кутилмаганда эшик қўнғироғи чалинди. Хурсанд бўлиб кетган Қалмиқ югуриб бориб эшикни очди. Остонада… Кулранг плашч кийган таниш башара тиржайиб турарди…
Қалмиқ уни дарров таниди. Бу Каблук деган ярамас. Жодугар… Ҳа, шу квартирада турса, анави мурдалар унга тегишмайди… Лекин…
Бир пайтлар… Қамоққа тушмасидан бурун Каблукка ҳам анчагина озор берган. Тинчини бузган, талаган, аёвсиз калтаклаган…
Демак, бу жодугар жодусини ишга солиб, ундан ўч олиш пайига тушибди-да!..
Қалмиқнинг хаёллари чалкашиб кетди. Ўзини шу қадар ожиз сеза бошладики…
— Анавиларни сен бошлаб келдингми? — сўради Каблукдан эшитилар-эшитилмас.
— Нима қипти?
— Энди мени биргалашиб ўлдирасизларми?
— Бу сенга боғлиқ…
— Қ-қанақасига?.. Менга қара, олиб кет уларни!.. Биламан, сенга кўп жабр етказганман… Ўша пулларингни қайтараман, ишон! Фақат уларни олиб кет!..
— Йўқ, — деди Каблук кулиб, — Олиб кетмайман!.. Эсингдами, ўшанда хотинимни Швейсарияга жўнатмоқчи бўлиб тургандим. Касал эди бечора. Сен бўлсанг, зўрлик билан боримни тортиб олгандинг. Ўзимни итдай калтаклаб, мана шу ахлатхонага тиқиб ташлагандинг. Итдай хор бўлиб ўлдим… Хотиним ҳам менинг ўлимимдан сўнг атиги уч ой яшади, холос. Хўш, нима дейсан?..
Қалмиқ индамай бош эгди… Каблук ёнидан стакан чиқарди-да, ўнг чўнтагидан қандайдир шиша олди. Ичида яшил ранг суюқлик бор эди. Стаканни тўлдириб қуйиб Қалмиққа узатди.
— Ич!
— Нима бу?
— Шуни ичсанг, маҳлуқдай кучли бўласан. Ана ундан кейин қолган гапларни гаплашаверамиз…
Қалмиқ ўлимини шу суюқлик билан боғлиқ деб хаёл қилди… Эҳ, заҳарланиб ўлиш пешонасига ёзилган экан. Қочиб қаэрга ҳам боради?..
У стакандаги суюқликни кўзларини чирт юмиб кўтарди… Ажабо, ичиб бўлган заҳоти кўрдики, ҳалиги мурдалар ҳавога кўтарилиб худди булут қиёфасига кирди. Бирпас деворлар узра айланиб юришди-да, дераза орқали ташқарига ўзларини уришди…
Энг қизиғи, Қалмиқ ўлмай қолганига хурсанд эди… Каблук эса секин йўлакка чиқиб қўлларини кўтарди.
— Менга қара, қоронғи тушиши билан қабристонга борасан. Манави ерда Сибиряк бериб юборган қимматли нарса бор. Шуни мен кўрсатган қабрдаги мурдага етказасан!.. Ўзингни у ёқ-бу ёққа ташлай кўрма, оқибати ёмон бўлади!..
— Хўп, хўп!..
Қалмиқ эски, минг бир ямоқ қопни Каблукнинг қўлидан оларкан, таъзим қилди:
— Албатта етиб бораман…
Каблук чиқиб кетди. Сал ўзига келган Қалмиқ ичкарига кириб диванга ўзини ташлади…
Эҳ, яхшиям шу жодугар бор экан. Бўлмаса, аллақачон анави девларнинг қўлида ўлиб кетарди…
Шу пайт баданлари қизиб бораётганини ҳис қилди. Йўқ, нафақат бадани қизир, билакларида номаълум бир куч тўпланаётгандек эди…
***У бирпас сигарет чекиб ўтиргач, секин қопни очиб кўрди. Ичида нима борлиги билан қизиқди…
Воажаб!.. Ихчамгина қутичани очди-ю, қотиб қолди…
Тилла!.. Ҳа, қутича тўла тилла эди…
"Иэ, — хаёлидан кечирди Қалмиқ, — Буларни мурдалар нима қилади? Бошига ёстиқ қилармиди?.. Ўзига олиб қўйиб ўрнига тош солиб қўйса-чи?.. Э, билиб ўтирибдими қоронғида… Ҳа, шундай қилади. Бу жодугар ярамасни яна бир боплаб хумордан чиқади…”
Қалмиқ шоша-пиша қутича ичидаги тилла тангаларни олди-да, балконга чиқиб уч-тўрт дона майда тош топди.
— Оҳ, мана бу зўр иш бўлди. Бе, қаёқдаги чириган мурдаларни алдай олмаса, нима қилиб юрибди?!..
Қоронғи тушгач, Қалмиқ ҳеч нарса бўлмагандай қабристонга етиб борди. Каблук алдамаган экан. Гарчи ўзи кўзга кўринмаса-да, номаълум соялар Қалмиқни керакли қабр тепасига олиб борди. У нотаниш овоз буйруғига кўра қопни елкасидан олиб қабр тепасига қўйди…
Қўйган заҳоти кутилмаган ҳодиса юз берди…
Қалмиқнинг боши ғувиллаб, қулоқлари шанғиллади. Ер айланиб кўз ўнгида минглаб мурдалар яланғоч кўринишда намоён бўла бошлашди. Улар қуруқ суякдангина иборат эди…
— Сен ҳеч қачон одам бўлмайсан! — номаълум овоз унинг қулоқлари остида жаранглади. — Сен яна бизни алдамоқчи бўлдинг!.. Ахир, у тиллаларни шахсан Сибиряк биз учун бериб юборган!.. Тиллалар бизнинг насибамиз эди!.. Афсус… Худо жазоингни берсин!..
Рўпарасидаги мурдалар ҳам суякдангина иборат қўлларини осмонга кўтаришди.
— Омин!..
Ҳақиқатан, Қалмиқ узоқ муддат ва минг азобда қийналиб ўлди. Ўлаётиб яна кулранг плашчли Каблукни кўз олдига келтирди… Айнан ўша Худо томонидан жазолаш учун юборилганига амин бўлди…
Лекин энди кеч эди…
Қалмиқнинг руҳи танадан чиқиб тобора узоқлашиб борар, ўзининг янги тақдири томон шошиларди.

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →