Ҳикоя: Соябонли бахт

Авжи саратон. Қоқ туш вақти. Кўчада деярли ҳеч кимни топмайсиз. Ҳамма иссиқдан қочиб, ўзини соя-салқинга урган. Айни шу вақтда ишга боришим керак. Йигирма дақиқача пиёда юрсам ишхонамга етиб оламан. Йўлимда баланд, чиройли бинолар, янги қурилишлар кўп, аммо дарахт йўқ. Қани энди шу кўча кета-кетгунча дарахтзор бўлса, деб ўйлайман…
Ҳамкасбларим ишга иссиқда келишимга куюниб: «Соябон олиб юринг», дейишади. Тавба, негадир соябон тутишга ийманаман. Бунинг сабабини қишлоқда туғилганим, у ерда соябон тутганларга бошқача назар билан қарашларини билганим-у, шундай муҳитда улғайганимдан кўраман. Ҳа, энди, қишлоғимиз дарахтзор, соя-салқин ерлар эди. Шунданми соябон тутадиган олифталарни қишлоқда хушлашмайди. Аксига олгандай, ярим йўлга етиб қолганимда бир йигит бошимга соябон кўтариб келди. Жаҳл билан қарадим-у, қадамимни тезлатдим…
Хуллас, ишхонага етиб олгунимча қуёшнинг ёндириши-ю дим ҳаво билан курашганимдан толиқиб қолдим. Келсам бир уюм идишлар «Қачон келаркан-у, бизни ювиб оларкан», деб менга кўз тикиб турибди. Эрталаб ишлайдиган шеригим бугун ҳам эртароқ кетибди. Кичкинаси нозикроқ туғилган, яна тоби қочгандир бечоранинг, унга ҳам қийин, бир ўзи икки гўдаги билан қолган…
Бу бинода ишчилар кечки олтигача ишлашади. Мижозлар ҳам шу вақтгача ошхонага келишади. Узоғи соат саккизда ҳамма идишларни ювиб, бутун ошхонани йиғиб-йиғиштириб бўламан. Маошим кунлик ва ҳар куни уни онамга топшираман. Ота-онам ажрашгач, онам билан пойтахтга келдик. Коллежни шу ерда тугатдим. Ўша вақтдан бери ҳам ўқиб, ҳам ишлайман. Биринчи марта университетга имтиҳон топширганимда омадсизликми ёки ўзи билимим шунгагина етадиганми, хуллас, шартнома билан ўқишга қабул қилиндим. Бусиз ҳам ижарама-ижара яшаб силламиз қуриган, ўқишим учун пул тополмаслигимиз аниқ эди. Кейинги йиллар ўқишга ҳужжат топшириб ҳам кўрмадим.
Кўпроқ вақтим ишхонада ўтишини истайман. Бу ерда ҳар ҳолда эркинроқ бўламан, нима бўлганда ҳам ўзимнинг ишим. Ижарада яшашдан, уйма-уй кўчиб юришдан безиб қолганман. Кимнингдир қош-қовоғига қараш, биров бўлмаганда ҳам онамнинг дийдиёларини эшитиш юрагимни сиқиб юборади. Рост, қийналиб яшаяпмиз. Лекин уйга ҳам қайтолмаймиз. Энди дадамнинг иккинчи оиласи бор. Ноқонуний бўлса-да, онамнинг ҳам иккинчи турмуши бор! Жин урсин барини! У одам бошқа оиласи билан яшайди, кунда-кунора ижара уйимизга келиб туради, холос. Уйга боргим келмаганининг бир учи асли шундан.
Бир галги ижара уйимизда салкам ўзим тенги икки талаба қиз билан турдик. Ўзи тенгдош бўлсак ҳам уларнинг дунёқараши ёш болаларникидай, жуда содда қизлар эди. Ёки тез-тез бошқа иш, бошқа уйга кўчиш, ҳар хил одамни, ҳаётнинг чуқури-ю тепалигини кўрганим мени шунча тез улғайтириб қўйдимикин?! Бир куни қизлардан бири менга роса ҳавас билан гапирди. Рўзғор ишларида эпчиллигим, қиладиган овқатимнинг мазали бўлишини айтди. Биласизми, ҳаётимда биринчи марта кимдандир мақтов эшитдим. Туни билан йиғлаб чиққан эдим ўшанда.
Биринчи ишлаган жойимда лавозими каттароқ бир кишининг шахсий ҳайдовчиси менга бошқачароқ қарай бошлаганини сезгандим. Кўринишидан, гап-сўзидан тузуккинага ўхшарди. Ҳаётим шу вақтгача қийин ва фақат синовлардан иборат бўлгани учун «Қолган умримни бахтли ўтказишга ҳақлиман», деб ўйлардим. Келажагимни шу йигитга ишондим, кейинги ҳаётимни ҳам фақат у билан тасаввур қила бошладим. Рост, жуда ярашиқли жуфтлик эдик. Буни атрофимиздагиларнинг бизга қарашидан ҳам сезардим. Ҳеч қачон кимгадир буткул ишонмаганман. Мен суяна оладиган тирик жон, ёнимда турадиган инсоним йўқ эди ўша вақтгача. Шунинг учунми унга жуда қаттиқ боғланиб қолдим. Туйғуларим шу қадар самимий ва беғубор эди. Унда ҳам фақат шуни сезганман. Мана шу ҳиссиётнинг ўзи ҳам мени бахтли қилаётган эди. Мен ҳам орзу қила бошладим, ўзимни инсон сафида кўраётган эдим. Унинг ҳам оилавий аҳволи айтарли даражада яхши эмас, менга кўп-кўп нарсаларни истаса-да ваъда қилолмасди. Ваҳоланки, мен учун моддият аҳамиятсиз, ўзим истаган, эртамни бирга тасаввур қила оладиган инсон билан тинчгина яшашни катта нарса ҳисоблаганман. У билан ҳар гал гаплашганимда қайта-қайта кашф қилиб борардим. Зеҳни ўткирлиги, ҳаётда қийналганлиги шундоқ билиниб турган. Айта оламанки, мени ҳам айнан шунинг учун, қийинчилик кўрганим учун қадрларди. Менинг ҳаётим, бахтим учун ўзини масъул ҳисоблашини қайта-қайта айтарди.
Ўшанда чин маънода бахтли эдим. Дадамнинг иккинчи оиласи, онамнинг турмуш тарзи — ҳаммаси иккинчи даражали нарсаларга айланганди. Аммо тақдир менга бу бахтни кўп кўрди. Шунчаки кўп кўрди эмас, бутун боримни, орзуларимни қоп-қора бўёққа чаплаб кетди. Бошлиғининг қайсидир айбини унга юклашди. Каттароқ жиноят бўлса керак, ўн йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарилди. У эса бу иснодга чидолмади, ғурури, ори кўтаролмади буни. Мени яшашга, бахтли бўлишга ҳақли эканимга ишонтириш учун бир қоғозда хат қолдириб кетган, холос.
Ўшандан буён «Шунақа маъносиз, эртадан умидсиз, нима учун яшаётганимни билмайдиган умр битилгандир пешонамга», деб ўйлаб қолдим. Ҳеч кимга ва ҳеч нарсага ишонмадим, боғланмадим. Бунга ҳам икки йилча бўлиб қолди. Яна ўша тез-тез кўчиш, онамнинг дийдиёлари, қочиб кета олмайдиган, ташлаб кетолмайдиган ҳаётим. Шукрки, овунишга арзирли ширин хотираларим бор, эслаб қувонадиган чиройли кунларим ўтган. Ҳар куни уни эслайман. Ёзган хатини ҳам.
Яна ўша иссиқ ва дим ҳаво. Нафас олгинг ҳам келмайди. Ўйлайман, ҳозир яна ишга бораман, бир хона тўла ювилмаган идиш-товоқлар. Менинг ҳаётим ҳам шуларга ўхшайди. Фарқим кимдир ювиб, тартиблаб қўймайди, холос. Яна бошимга соя тушгандек бўлди, ўша соябон кўтарган йигит. Биринчи марта юзига яхшилаб разм солиб қарадим. Балки, ҳаётимни тартиблайдиган инсонлар атрофимда-ю, мен уларни кўрмаётгандирман. Хатда ёзилганидек бахтли ҳаётга ҳақлидирман-у, ўзим истамаётгандирман. Ҳаётим, тақдирим мендан имкон беришимни кутаётгандир. Майли, сенга яна имкон бераман, ҳаёт. Мени бахтли қиласанми?
— Кечирасиз, бунақа иссиқда юриш яхши эмас, сизга соябон керак, деб ўйладим, — деди қараб туришимдан хижолат бўлиб йигит.
Мен яна ўйлайман: «Ҳа, мени нафас олиш қийин бўлган ҳаволардан, бу куйдиргич офтоблардан асрайдиган соябон керак. Менинг соябоним сизми?» Кейин биринчи марта унга жилмайиб қарадим…

Изоҳлар
0Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!