📖 Ҳикоялар

Икки ўт орасида.. (Воқеа реал хаётдан олинган)

11 дақиқа 4.2К марта ўқилди
Икки ўт орасида.. (Воқеа реал хаётдан олинган)
Рахима телефон гўшагини жойига қўйди-да, бўшашганча диванга ўтириб қолди. Сал нарида олти яшар ўғли Адхам хайрон боқиб турар, на онасига яқин келишни, на ташқарига чиқиб кетишни билмай аросатда эди.

— Демак, келгани рост. — асабий пичирлади Рахима. — Гўшакдан одамларнинг бақир-чақирлари аниқ эшитилиб турибди. У аэропортда. Узоғи билан бир соатда этиб келади. Билиб қолса-я!?. Анвар акам билан учрашиб юрганимдан ҳабар топса-я!?. Э, нима қиларди? Ўзидан кўрсин. Олти йилдан бери дом-дараксиз эди. Мен нима қилишим керак? Кутишим керакмиди? Болам-чи? Уни боғчадан оладиган эллик минг сўмга боқармидим? Ўзим-чи? Мендаям юрак бор, истак-ҳохиш бор. Йўқ, қўлидан хеч нарса келмайди. Уйга киритсам хам жон десин.

— Ойи, нега ҳафасиз? — Рахима ўғлининг овозини эшитиб бирдан бошини кўтарди ва шоша-пиша ўрнидан турди.

— Ҳафа эмасман, болажоним. — деди Адхамнинг бошини силаб. — Даданг келаётган экан.

— Дадам?.. Қайси дадам, ойи?

— Қайси даданг бўларди? Ўзингнинг даданг-да! Айтгандим-ку, узоққа ишлагани кетган деб! Ана ўша Рахматали даданг-да! Сенга ўйинчоқлар, дафтар-китоблар олиб келади.

— Ура, дадам келаяптийкан, ура!.. — Болакай беиҳтиёр кўзлари чақнаб ирғишлай кетди.

— Ойи, ўртоқларимгаям чиқиб айтсам майлими дадам келаётганини?..

— Албатта, борақол! Фақат узоқ қолиб кетмагин-а! Даданг келиб сени қидириб қолмасин!

— Йўқ, тезда қайтаман, ойи!..

* * *

Ўғилчаси чиқиб кетгач, Рахима яна телефонга ёпишди. Гўшакдан таниш овозни эшитгани хамоно, салом-аликни хам йиғиштириб қўйиб, мақсадга ўтди.

— Анвар ака, энди уч-тўрт кун учрашмай турамиз шекилли. — деди хийла титраб.

— Нега?

— Эрим… Келяпти экан?.. Хозир қўнғироқ қилди.

— Нима қипти? Уни… Уни киритасанми уйингга?

— Нега киритмай? Ўзининг уйи. Қолаверса, боламнинг отаси. Хали ажрашмаган бўлсак.

— Бекор қиласан. У олти йилдан бери дом-дараксиз кетсин-да, сен хеч нарса бўлмагандай кутиб олгин!

— Анвар ака… — Рахима пича овозини кўтарди. — Сиз хам мени қийнамасангиз-чи! Келса нима бўпти? Сизминан учрашмайман деётганим йўқ-ку!..

— Шунақа дейсан-да!.. Локигин… Ҳўп, қачон учрашамиз? Шундан гапир, жоним!

Рахима эхтиёт шарт ташқари эшикка бир нигох ташлаб олиб жавоб қилди:

— Ўзим қўнғироқ қиламан!

* * *

Эшик безовта тақиллади. Рахима юраги дукиллаганча эшик рўпарасига бориб ўртадаги тешикчадан ташқарига боқди. Ха, ўша! Подъздда бошига кепка кийган, узун бўйли, малласоч Рахматали турарди. Анча озибди. Малла сочларига оқ оралабди. Бу кепка остидан чиқиб турган тутам-тутам сочларга назари тушган одамга аниқ кўриняпти.

Рахима эшик зулфинига қўл юбораркан, кўз ўнгида яқин ўтмиш гавдаланиб, қўлларини қайтадан тортиб олди.

2000 йил. Янги йил байрами. Барча қўшнилар уйларида қий-чув қилиб янги йилни кутиб олишди. Қадахларнинг жаранглашигача оғироёқ, эрта-индин кўзи ёрийдиган Рахиманинг қулоғига чалинди. Унинг юрагига байрам сиғармиди. Тушдан кейин кўчага чиқиб кетганча, хамон қайтмаган эри Рахматалини кутарди. Дастурҳон устида қўшнилар берган иккита патир, бир товоқчада қанд-қурсдан бўлак хеч вақо йўқ. Йўқ… Рахима эгулик, совғалар хақида ўйламаяпти. Хеч бўлмаса шу кеча ичмай келсайди, жанжал кўтармасайди, дея умид қиларди…

“Янги йил кутмасам бир жойим камайиб қолмайди. — ўйларди у. — Дадаси хушёр келса бас. Жанжал қилмаса бўлди…

Афсуски, умидлари пучга чиқди. Соат тунги бирларга яқин Рахматали кириб келди. Эгнидаги кийимларига лой чапланган, пешонаси, икки юзи тирналган, оёқда зўрға турарди.

Кириб келди-да, хануз диванда мунғайибгина ўтирган Рахиманинг тепасига келди.

— Х-ха, қанжиқ! — ўшқирди у чайқалиб. — Нега шу пайтгачаям уҳламадинг? Ё ўйнашингни кутяпсанми-а?

Рахима қўрқа-писа ўрнидан турди-да, орқаси билан юриб ётоққа кирди ва белига жун рўмолини ўраб, яна залга қайтди.

— Г-гапир, мегажин! — дастурҳондаги конфетлардан бирини оғзига солиб ўдағайлашда давом этди Рахматали. — Қани ўйнашинг?

— Дадаси, нега унақа дейсиз? — йиғи аралаш тилга кирди Рахима. — Қанақа ўйнаш? Ичволсангиз, бас, бўлар-бўлмас гапларни гапираверасиз. Менда ўйнаш нима қилсин? Ўзим зўрға юрган бўлсам…

— Ха-а, шунақасан!.. Қўрқасан!.. Биламан, ўйнашинг бор!.. Манави болангам…

— Боламга тил теккизма! — ўзи сезмаган холда эрини сенлаб юборди Рахима. — Хали туғилмаган норасидамга тил теккизма!..

— Бўлмаса, айт, кимдан бўлган!..

— Сендан бўлган, билдингми, сен алкашдан бўлган!..

— Нима? Ким алкаш? Хе онангни!.. Мана сенга алкаш дейиш!..

Рахматали ҳотинини қулочкашлаб юборди-ю, сўкина-сўкина кўчага чиқиб кетди…

Ха, ўшанда яҳшики қўшнилар уҳлашмаганди. Калтак зарбиданми, тўлғоқ бошланиб қолди.

Қўшниларгина Рахиманинг корига яраб, туғруқҳонага олиб бориб қўйишди…

Рахматали шундан сўнг қорасини кўрсатмади. Рахима бир хафтадан сўнг туғруқҳонадан чиқаётиб эшитиб қолди. У кимларгадир қўшилиб, Россияга ишлаш учун жўнаб кетганмиш.

* * *

Эшик очилди. Рахиманинг қаршисида янги жинси кўйлак-шим кийиб, бошига қоракўл папақ қўндириб олган Рахматали турарди.

У бир муддат ҳотинига тикилиб турди-да, эрдаги буюмлар тўла катта сумкани қўлига олди.

— Кирсам бўлар? — сўради у жиддий охангда.

«Жиддийлашиб қоптими? — ҳаёлидан ўтказди Рахима секин эрига йўл бўшатаркан. — Нахотки, ичишни ташлаган бўлса?..»

Рахматали ичкарига кириб, ҳоналарни бирма-бир кўздан кечирди. Сўнгра тошойна ёнига қўйилган Адхамнинг суратига кўзи тушиб қўлига олди.

— Ўғлимми? — сўради у Рахимага яқин келиб. — Нега индамайсан? Шу менинг ўғлимми?

— Йўқ! — деди Рахима тескари ўгирилиб. — Бу бола ўйнашдан бўлган!

— Қўйсанг-чи энди эски гапларни қўзғайвермай!.. Орадан олти йил ўтди. Мен хам ўзгардим. Ха энди… Ўшанда… Мастликда гапирсам гапиргандирман… Бўлди энди…

Рахматали секин ҳотинининг элкасидан қучиб ўзига қаратди ва махкам бағрига босди…

Рахима қаршилик қила олмади.

Ҳаёллари чалкашиб кетганди.

Фақат Анвар билан келгуси муносабатлари тўғрисида қайғурарди.

* * *
Шу онда ташқари эшик очилиб, Адхам кириб келди. Рахматалини кўрди-ю, таққа тўҳтаб, бўзрайганча онасига қаради.

— Вой, ана, даданг келди, Адхамжон! — ўғлини қўлидан этаклаб Рахматалининг рўпарасига олиб келди Рахима. — Кўришмайсанми?

Болакай Рахиманинг тиззасига ёпишганча тураверди. Рахматали хам деворга суяниб олганча бир муддат ўғлига тикилиб тургач, истар-истамас, унга яқин борди.

— Бу бола менга ўҳшамайди-ку! — деди бир қўлини Адхамнинг бошига қўйиб. — Сенга ўҳшаркан. Лекин бир тукиям менга ўҳшамаяпти.

— Нима?.. Ўйнашдан орттирибманми бўлмаса?.. — тутоқиб кетди Рахима. — Сизнинг болангиз-ку аҳир!

— Исботла! — деди Рахматали истехзоли кулимсираб. Ва лаб буриб уй ичларини кўздан кечира бошлади. Ана шунда жавон ичидаги Анварнинг суратини кўриб шоша-пиша қўлига олди.

— Бу ким?..

Рахима тош қотиб қолганди.

Ха, унутибди. Суратни беркитиш ҳаёлига келмабди. Энди нима қилади? Нима дейди?..

Жонхолатда Адхамни бағрига босди-да, бир бурчакка биқиниб олди.

— Ха-а, мени алдамоқчи, «лоҳ» қилмоқчи бўлдингми? Мени-я? Вей, мен-чи, эрнинг тагида илон қимирласа биламан. Қанжиқ, нега жимсан? Ким бу деяпман?..

— Нима ишингиз бор? — бирпаслик сукут, қўрқувлардан сўнг бошини кўтарди Рахима. — Олти йилдан бери қаэрда эдингиз? Бирор марта ҳотиним бор, болам бориди деб ҳабар олдингизми? Э, туғруқҳонага боришга ярамай, қочвордингиз-ку!

— Сендан ким бу деб сўраяпман, мегажин! — бақириб тахдид билан ҳотинига яқинлашди Рахматали. — Бола шунданмиди-а, шунданмиди?

— Бола сиздан, билдингизми, сиздан!.. — Рахима хам бўш келмай йиғлаб бақирди. — Мен суюқоёқ эмасман!

— Унда нега кимлигини айта олмаяпсан?.. Хозир бир уриб абжағингни чиқариб қўяман! Айт!

— Сизминан яшамайман! Юрагимдан чиқариб ташлаганман аллақачон сизни!.. Кетинг! Кетинг дедим!..

Рахматали бу гапдан сўнг сал бўшашган кўйи ортга тисланди.

— Кетиб бўпман! — деди у Рахимага алам билан тикилиб. — Мана шу ҳунасанинг кимлигини аниқламагунча хеч қаэрга кетмайман!..

“Аниқлаб бўпсан? — кўнглидан ўтказди Рахима эхтиёткорлик билан Адхамни ошҳона томонга судраб. — Сенам эрмидинг?.. Барибир Анвар акамдан воз кечмайман!.. Кетмай қаэрга борардинг?..

Шуларни ўйлашга ўйлади-ю, барибир қалбининг бир четида Рахматалига нисбатан мехрми, ачинишми, уйғонгандек, боласини қаттиқроқ бағрига босди.

* * *

Ха, бу аёл икки ўт орасида қолиб кетганди. Шахар марказий касалҳонасида жаррохлик қилувчи Анварни севарди. Бироқ фарзандининг отасига хам бефарқ бўла олмасди. Айниқса, Адхам аста-секинлик билан бўлса-да Рахматалига кўника бориши унинг ич-этини кемирарди. Анвар билан кўришди дегунча хаммасига кўз юмиб унинг таклифига кўнишни, никохдан ўтишни иҳтиёр эта бошларди. Аммо уйга қайтгач, ширакайф Рахматалининг Адхамга қўшилиб ўйнаётганига кўзи тушар ва ҳаёллари чалкашиб кетарди.

— Мени болам билан бирга узоқ-узоқларга олиб кетинг, Анвар ака! — деди кунларнинг бирида. — Айтгандингиз-ку, қишлоққа кўчиб кетамиз деб! Қийналиб кетяпман! Нима қилишни билмай бошим қотган.

— Ҳўп, — деди Анвар оғир ҳўрсиниб. — Қишлоққа кетамиз. Ўша эрда ишимни давом эттиравераман. Сизлар хам тинч бўласизлар. Катта тўй қиламиз.

— Қачон? Қачон олиб кетасиз?

— Яна бир хафта сабр қилинг. Бу эрдаги хужжат ишларимни тугатаман-у, шартта жўнаворамиз. Айтганча, эрингиз-чи? У сизни кетишга қўядими, аҳир?

— Нега қўймас экан? Нега энди уни эрингиз дейсиз? Фақат… Адхамим боғланиб қоляпти ҳолос унга. Ана шундан ҳавотирдаман.

— Яҳши, тайёргарлигингизни кўриб юраверинг. Бир хафтадан кейин жўнаймиз!.. Кетамиз…

* * *

Бу тун негадир Адхам Рахиманинг ёнида уҳлашни истамай, Рахматали ётган ҳонага чопқиллаб қолди. Рахима баттар вахимага тушиб, секин эшик тирқишидан мўралади. Рахматали курсига бир шиша ароқни қўйиб олган, қўлида пиёла тўла ароқ. Адхам эса унинг атрофида турли ўйинлар кўрсатиб қийқириб кулар, Рахматали унга ўйчан термулиб ўтирарди.

Рахиманинг бардоши этмади. Шартта эшикни очиб ичкарига кирди-да, Адхамга ёпишди.

— Бу эрда нима қиляпсан? Юр, ётамиз, уҳлаймиз!..

Рахматали даст ўрнидан туриб Рахиманинг йўлини тўсди. Унинг кўзларидан ёш оқиб, юзлари оша иягига оқиб тушарди.

— Намунча юрагинг тош бўлмаса? — деди у ҳириллаб. — Кечирим сўрадим-ку! Нега боланинг ҳаёлини бузасан?

— У уҳлаши керак. Йўлимни тўсманг!

— Тўсаман! То келишиб олмагунимизча бу эрдан чиқмайсан.

— Сиз билан келишадиган хеч нарса қолмаган. Бемалол Россиянгизга кетаверишингиз мумкин.

— Бекорларни айтибсан!

Рахматали Адхамни кўтариб олиб югурганча залга олиб кириб устидан эшикни ёпди ва қайтиб ётоққа кирди.

Бу орада Рахима хам кўнгли ғаш тортиб ҳонадан чиқиб кетмоқчи бўлди. Улгурмади. Рахматали эшикни тамбалаб, югурганча келди-да, уни даст кўтариб каравотга ётқизди.

— Қўйвор! — дея инграниб эрининг кучли қўлларидан ҳалос бўлишга интиларди Рахима. Афсуски, кучи этмасди.

Рахматали зарда билан Рахиманинг кўйлагини эчиб пастга отди ва томоқларидан, юз-кўзларидан ўпа кетди.

— Сен меникисан! — хирс билан шивирларди у. — Эрингман!.. Сен қаёқдаги чувриндилар эмас, мен учун яралгансан. Яҳшиси, воз кеч ўша ифлосдан!

— Воз кечмайман! Қоч, сен менга номахрамсан!

— Номахрам? У-чи? Махрамингми-а? Йў-ўқ! Сенинг махраминг фақат менман!.. Қани, келақол! Нозланишни бас қил, жоним!..

Кучли қўллар ичкарига оралади. Бу… Харакат хар қандай аёлнинг хам жонини олгулик.

Хозиргина турли қарама-қарши ҳаёллар исканжасида қолиб, азобланаётган Рахима бирдан бўшашди ва ўзи идрок этмаган холда инон-иҳтиёрини эрининг қўлига топширди.

* * *

Тонг отди. Рахима бўшашган кўйи ўрнидан турди. Дераза остидаги каравотда Адхам пишиллаб уҳлар, Рахматали эса тескари ўгирилиб олганча сигарет тутатарди.

“Нималар қилиб юрган эканман? — Рахима эрига зимдан боқаркан, рухан эзила бошлади. — Нега ўшанда энгилтаклик қилдим? Эримни кута олмадим? Нима бўлгандаям кўз очиб кўрганим эди. Боламнинг отаси эди. Энди Анвар акага нима дейман? Нимага уни ишонтирдим?.. Э, хақиқатни айтаман. Тушунади. Хаётимнинг қолганини тинчлик-ҳотиржамликда ўтказишим шарт. Боламнинг шунча вақт отасиз яшагани этар. Ортиқ мунғайиб қарашларига тоқатим этмайди.

Рахима қайтадан ўринга чўзилиб, Рахматалининг элкасига бошини қўйди.

— Уйғондингми, жоним? — у сигаретни кулдонга қўйиб ортга ўгирилди ва ҳотинини қучди. — Яҳши уҳладингми?

— Ха, анчадан бери бунақанги тиниқиб уҳламагандим. Қаранг, Адхамингиз хам уйқу орасида кулиб қўйяпти. Дадаси келганига бўлса керак.

Рахматали бола ётган каравот томон қараб қўйди-да, жилмайди.

— Турайлик, мен нонушта тайёрлайман. — деди Рахима эрини турткилаб. — Хадемай ишга боришим керак.

— Ишга? Яна ўша касалҳонагами? — Рахматали беиҳтиёр ранги ўзгариб Рахиманинг иягини чангаллади. — Бормайсан. Энди ўша ишҳонангга яқин йўламайсан?

— Вой, хайдаб юборишади-ку! — кулиб юборди Рахима. — Унда нима қиламан?

— Хайдашса хайдашаверсин. Уйда — менинг ёнимда бўласан.

— Ҳўп, ҳўп. Сиз айтганча бўла қолсин. Қани, туринг!..

* * *

Рахима элиб-югуриб нонушта тайёрлади. Икковлашиб анча пайтгача овқатланишди. Ора-сирада Рахима эрига эр остидан боқар, хар тикилиб қараганда, юраги хаприқиб-хаприқиб кетар, эрининг инсофга кирганидан, эски одатларини ташлаганидан астойдил умид қиларди.

Бир махал ётоқ эшиги очилиб ичкаридан Адхам қўлида қандайдир сурат билан чопиб чиқди ва тўғри Рахиманинг ёнига келди.

— Вой, болажоним, яҳши ётиб турдингми? — Рахима негадир ранги ўчиб ўрнидан туриб кетган эрига-да эътибор бермай, Адхамнинг қўлидаги суратни тортиб олди. — Бу нимайкан?

Не кўз билан кўрсинки, суратда Рахматали ёшамол, малласоч бир аёлни қучиб ўтирар, аёлнинг қўлида чамаси бир ярим яшар атрофидаги қизалоқ хам бор эди.

Рахима мияси чайқалган одам каби олдинига гарангсиб қолди. Барибир дарров ўзини қўлга олиб Рахматали томон ўгирилди.

— Бу… Бу кимлар?.. — сўради у уф тортганча қўлига сигарет олиб тутата бошлаган эридан. — Нега индамайсиз?.. К-кимлар?..

— Сенга нима қизиғи бор?.. — жавоб қилди Рахматали бироз ҳотиржам тортиб.

— Иэ, нега қизиғи бўлмасин?.. Айтинг!..

— Ўзинг тушуниб олмадингми?.. Оилам…

— Оилам?.. Қ-қанақасига?.. Биз-чи?.. Биз киммиз унда?..

— Бўлди-да энди!.. — жеркиб ташлади Рахматали. — Мен сендан суриштираётганим йўқ-ку!.. Ха энди… Бир марта шунақа бўлиб қолганди… Шунгаям ота гўри қозиҳонами?..

— Шунақа денг?.. — Рахима кутилмаганда қўлидаги суратни Рахматалининг юзига улоқтирди. — Мени… Алдаб, ахмоқ қилган экансан-да!.. Йўқ, бунақаси кетмайди. Мен…

У жахл билан йўлакка чиқди-ю, Рахматали кўтариб келган катта сумкани олиб кириб оёқлари остига ташлади.

— Йўқол, кўрнамак!.. Йўқол! Сени кўришга кўзим йўқ. Ўша маллаларингминан қапишиб қолгин!..

— Сен нотўғри иш қиляпсан. — дея уни тинчлантирмоқчи бўлди Рахматали. — Кейин ўзинг афсусланиб қоласан, нодон!

— Йўқо-о-ол, ифло-ос! — бақирди Рахима. — Менинг уйимни булғама!.. Йўқолсанг-чи!..

Рахматали лаб бурганча бир-икки элка қисиб олди-да, шоша-пиша кийиниб, сумкани элкасига илди.

— Мен огохлантирдим… Буёғини ўзинг биласан!..

У чиқиб кетди…

Рахима эса анча вақтгача ўғлини қучоқлаб ўтириб қолди…

Кейин… Сапчиб ўрнидан турди-да, кўз ёшларини арта-арта, Адхамни залдаги диванга ўтқазиб, қўлига телефон гўшагини олди ва керакли рақамларни терди…

— Анвар ака, сизмисиз?.. Анвар ака, илтимос, бугуноқ бизни қишлоққа олиб кетинг!..

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →