✍️ Шерлар

Ҳалос айлагин

3.1К марта ўқилди
Ҳалос айлагин
Майли кўкка етмаса қўлим,
Тополмасам ахтариб йўлим.
Ошиғингни қийнамай гулим-
Ҳижронлардан ҳалос айлагин...

Кўзларимда ёш бўлиб қотган,
Қалбда улкан тош бўлиб ётган.
Юрагимга тиғдайин ботган-
Ҳижронлардан ҳалос айлагин...

Соғинч захри кун сайин ортар,
Эй воҳ қахри тун сайин ортар.
Кишан каби оёғим тортар-
Ҳижронлардан ҳалос айлагин...

Дилга малҳам бўлиб Нуриям,
Келмасанг ғам топмагай барҳам.
Қўлларимдан тутгин-да маҳкам-
Ҳижронлардан ҳалос айлагин...

Ишқий куйсан, оҳанрабосан.
Мангу қўшиқ сўнмас навосан.
Дардларимга ёлғиз даъвосан-
Ҳижронлардан ҳалос айлагин...

Беғуборим, беғуборгинам,
Беозорим, беозоргинам.
Қутқар мени қутқар жонгинам-
Ҳижронлардан ҳалос айлагин...

Сенсизликда рангсиздур дунё,
Бол тотсамда таъмсиздур гўё.
Орзуларим бўлмайин рўё-
Ҳижронлардан ҳалос айлагин...

Жондан ўтди бу кун соғинчим,
Ҳаловат йўқ йўқолди тинчим.
Келиб бир бор сўнги ўтинчим-
Ҳижронлардан ҳалос айлагин...

Оҳларимни тингла паризод,
Азоблардан чарчадим ҳайҳот.
Жасурингга айлаб илтифот-
Ҳижронлардан ҳалос айлагин...

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →
Шерлар

Мени эслаб

25-август, 20183.2К
Шерлар

Менинг дунёйимда

26-август, 20183.3К