📖 Ҳикоялар

Ғаройиб ҳодисалар изидан: “ЎРМОН ХЎЖАЙИНИ…” (Асаби бўшлар ўқимасин)

3 дақиқа 1.6К марта ўқилди
Ғаройиб ҳодисалар изидан: “ЎРМОН ХЎЖАЙИНИ…” (Асаби бўшлар ўқимасин)
Бу қиш бошқа ерларда бўлгани каби Верхная Валуна қишлоғи яқинидаги ўрмонларни ҳам четлаб ўтмади. Қалин ёққан қор, кучли совуқ ўрмондаги жониворларни ҳам қийин аҳволга солиб қўйди. Энди бўрилар, айиқлар, тулкилар қишлоқ одамларининг ҳаётига раҳна солиши мумкин. Аммо қишлоқ аҳли улардан қўрқишмайди. Улар фақат бир кишидан — ўрмон хўжайинидан қўрқишади холос…
ҚОРДАГИ ОЁҚ ИЗЛАРИ
Яқинда мактаб ўқувчилари ўрмонда ўйнаб юриб қор устида ғалати оёқ изларини кўриб қолишди. Бу излар одам оёқ излари эди-ю, аммо узунлиги қирқ беш сантиметрлар келарди. Ваҳоланки, бундай узун панжали одам қишлоқда йўқ…
Болалар дарров қишлоққа қайтиб кўрганларини катталарга айтишди. Шу заҳоти бир неча овчилар саксон ёшли кекса отахон бошчилигида ўрмонга йўл олишди. Улар оёқ излари тушган чизиқ бўйлаб кетаверишди. Афсуски, кўл бўйига борганда из ғойиб бўлди…
Эртаси куни яна ўша овчилар итлар билан кўл бўйига келишди. Билишдики, бу қачонлардир афсонага айланиб улгурган ўрмон «хўжайини»нинг излари. Демак, у шу яқин атрофда бўлиши керак…
Аксига олгандек, шу кунга қадар бўрини ҳам, ҳатто айиқларни ҳам бемалол йиқита олган итлар кутилмаганда думларини қисиб эгаларининг ортига яширинаверишди.
— Қўйинглар, — деди саксон ёшли кекса овчи йигитларга. — Қидиришни бас қилайлик! Итлар фақат гала бошлиғидангина қўрқишади. Бу дегани, биз қидираётган одамсифат маҳлуқ шу атрофда эканини итларимиз сезишди. Қўяйлик, тағин ўзимиз ҳам бир балога йўлиқиб кетмайлик, болаларим!..

АЙИҚ ИНИ
Аъзойи бадани кулранг жун билан қопланган, баҳайбат қор одам ҳақидаги миш-мишлар қишлоқ аҳли орасида азалдан авлоддан авлодга ўтиб келади. Лекин ҳар гал ёшлар катталарнинг бу гапларидан кулиб қўя қолишади холос. Уларнинг фикрлашича, бу гаплар шунчаки афсона. Ҳеч қанақанги қор одам, ўрмон хўжайини йўқ…
Шунинг учунми, 25-30 ёшлар атрофидаги беш-ўн нафар овчи йигитлар барибир уни қидириб топиш илинжида йўлга отланишди. Гарчи катталар қаршилик кўрсатишса-да, қулоқ тутишмади.
Аввалига кўл бўйидаги бошқа изларни қидириб кўришди. Ниҳоят нариги соҳилда айиқ ини топилди. Хайриятки, ин бўм-бўш эди. Фақат ичкарида бўри, айиқ терилари сочилиб ётарди. Ҳатто, олов ёқилган бўлса керак, бир уюм кул ҳам бор эди.
— Аниқ, бу ерда ўша одамсифат маҳлуқ маълум вақт яшаган. — деди йигитлардан бири шерикларига. — Қани, нарироқ борайлик-чи!..
Эллик метрлар нарида қорга кўмиб қўйилган айиқ жасадини топишди. Жасаддан фақат суякларгина қолганди. Бир неча қовурғалари синиб кетган.
— Қор одам билан айиқ ўртасида ҳақиқий олишув бўлган. — дея ўз фикрини маъқуллади бояги овчи йигит. — Мана, суякларини синдириб юборибди. Бундан келиб чиқадики, у айиқдан ҳам кучлироқ. Ва мабодо қўлига тушиб қолсак, бизнинг суякларимизниям топиша олмайди…
Йигитлар яхшилаб текшириб кўришганда, бир нарса маълум бўлди. Қор одам айиқ гўштини тиши билан тортқилаб эмас, балки тошдан ясалган пичоқ ёрдамида кесиб-кесиб еган. Демак, у қуролланган…
Шундан кейингина овчи йигитлар ваҳимага тушиб тезда жуфтакни ростлаб қолишди…
ЖУМБОҚ
Ҳа, ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидаёқ Верхная Валуналиклар қор одамни учратишган. Ўшанда ҳам қишлоқ аҳли қор устидаги йирик панжа изларини кўриб тезда ҳокимият вакилларига хабар беришганди. Совет даври эмасми, бу миш-мишлар бутун иттифоқ бўйлаб тарқалмаслиги учун катталар дарҳол босди-босди қилиб юборишди. Бироқ бир гуруҳ экспедитсия аъзоларини қишлоққа юбориб ҳар эҳтимолга қарши текшириб кўришга буйруқ беришниям унутишмади. Экспедитсия аъзолари узоқ вақт қор одамни излашди. Фақат… Шерикларидан бири изсиз ғойиб бўлгачгина ортларига қайтишди. Шу-шу қишлоқ аҳли қанчалик жар солиб қор одам ҳақида гапиришмасин, уларнинг сўзларига ҳеч ким ишонмай қўйди.
Олтмишинчи йилларга келиб эса, икки ўсмир ўрмонда ўйнаб юриб адашиб қолди. Қишлоқдагилар уларни нақ бир ҳафта қидиришди. Қарангки, саккизинчи куни болаларнинг ўзлари ўрмондан чиқиб келишди. Икковларининг ҳам ранглари оқариб кетган, нимадандир қаттиқ қўрққанлари кўриниб турарди.
— Биз адашиб қолгандик. — деди ўсмирлардан бири. — Ухлаб ётганимизда тепамизга баҳайбат, баданини жун босиб кетган бир одамсифат маҳлуқ келиб қолди. У бизни ёнғоқлар билан меҳмон қилди…
Одамлар билишдики, бу қор одамнинг ўзи. У болаларга раҳми келган шекилли, икки-уч кун кечалари келиб уларнинг қорнини тўйдирган-у, сўнгра ғойиб бўлган. Охирги куни эса, болалар қишлоққа олиб борадиган йўлни топиб олишган…
Ҳозир ҳам овчи йигитлар унинг изидан юриб қидириш билан овора. Бахтга қарши, ҳамон қор одамни кўриш шарафига муяссар бўлишмаяпти.

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →