📖 Ҳикоялар

Ҳикоя: Тескари тақдирлар кураши

8 дақиқа 2.5К марта ўқилди
Ҳикоя: Тескари тақдирлар кураши
Касалхона ҳовлиси кечаги тушган қировдан сўнг янада сокин кўриниш олганди. Кеч кузакнинг оловранг тўшанчиси янада қалинлашган, гарчи эрталабдан қуёш борлиққа тилларанг толаларини улашаётган бўлса-да, атрофда қувноқликдан кўра оғир сукунат сақланиб турар, борлиқ гўё вазминлик ва донишманд бир руҳият салтанати измида эди.

Бўлим бошлиғининг йўлак узра баланд ва серзарда товуши сокинликни бузиб юборди. У билимдон ва зукколиги билан барчага ўрнак эди. Уни ноёб истеъдод эгаси ҳам дейишади. У бир вақтнинг ўзида ҳам ҳужжатларни ёза олиши ҳамда ҳар қандай одам билан ихтиёрий мавзуда гаплаша олиши ҳақида ҳавасли гап бор эди ҳамкасблари орасида.

— Клара, мен-ку, бўлим бошлиғиман, — деди у палатадан ҳовлиққанча чиққан ҳамширага, — сен нега саҳармардондан келиб олдинг?! Фақат навбатчи эдим дема. Чунки кеча туни билан шу ерда эдим. Ҳали иш бошланишига қирқ дақиқа бор. Нима қилдинг у палатада?

Ҳамшира бир сесканди. Нима десин? Наҳотки бемаъни хаёлга борди шифокор? Эрталаб ишга келаётганда онаси нима сабабдан ишга барвақт кетаётганини сўраганида каловланган, тайинли жавоб топа олмагани каби бўлим бошлиғи олдида ҳам худди шу ҳолат юз берди. Бўлим бошлиғи ҳамширага яқин келди. Биров қарамаётганига ишонч ҳосил қилиш учун аввал атрофга олазарак нигоҳ ташлаб олди.

— Қулоғимга чалингандай бўлувди, — деди шивирлаб. — У оилали, салкам отанг тенги эркак, қадамингни ўйлаб бос, хўпми?

Кларанинг ичидан бир нарса узилиб тушгандай бўлди. Ялт этиб қаради.

— Дўхтир, сиз ўйлаганчалик эмас, ундай эмас! — Кларанинг яноқларини аччиқ ёш куйдирди.

Бемор буларни эшитмади. Эшитганда кўксидаги симиллаб турадиган асрий оғриқ ёдидан кўтарилиши, бу кўнгли беғубор, ҳаёт ситамларини симириб толиққан хилқатнинг ёнини олган, қандай бўлмасин, ҳамширани номига доғ тушишдан асрарди.

Бемор ҳамширанинг кўнгил кечинмаларидан озми-кўпми хабардор эди. У юрак хуружидан кейин эслай олмайди, неча бор бу ерга келишга мажбур бўлганини, балки ўнинчидир, балки ундан ҳам кўпдир. Ҳар келганида шу ҳамширанинг интизор ва унга қандайдир таниш ёки ниманидир эслатиб турадиган кўзлари билан тўқнаш бўлади у. Ҳамширанинг меҳрибонлик тўла нигоҳи унинг кўксидаги дардни аллақаёққа олиб кетгандай, уни доимо қийнаб келаётган кўнгилсиз, мажруҳ руҳиятига тетик сезги бергандай, ўзида ғойибона куч сезар ва ҳайратга тушарди. Хотини томонидан камситилиш, нотовон кимса сифатида қаровсиз ва нокерак буюм сифатида ерпарчин ётган паллалари биргина хаёлот унга куч берар, кўз ёши сингари омонат титраб турган муқаддас ҳаёт шамчироғи элас пирпираб аксланар, истаса-истамаса бемажол ва беихтиёр ўша баданларини илма-тешик қиладиган маконга, зерикарли кунларга яна қайтишга бўйин эгар, гарчи кулгили ва ноинсофлик бўлса ҳам ўша кўнглига таскин берувчи хилқат томон талпинар, ҳамширанинг сеҳрли меҳрига ташналик сезар, бироқ бу билан юрагида кезиб юрган етиб бўлмас орзуси томон ҳеч қачон ботиниб қарай олмасди. «Бошига урармикин мендек бир дардисар ва элликка бормай, кексалар дунёсига одим ташлаган бир бахтсиз кимсани?!» дея ўйларди у. Ҳамширанинг «Сизга суяниб қолганман, сизнинг дардингизга мал-ҳам бўлиш учун майли, боримдан кечардим», деган каломи унга тасаввур қилиб бўлмас ором ва шукуҳга тўлиб-тошган дунёни инъом этар, ёш боладек қувонар, ўзидан жуда ҳам йироқлаб кетган иқбол деган афсонавий ва тақчил руҳият билан гўё дуч бўларди.

Армон — юракни адо қилиш учун яратилган туйғу. Армон — умр заволи. Ҳозир эркак айни пайтда уят ва андиша билан ташриф буюраётган ёқимли ҳамда нотинч ҳисдан ўзини қарғар, уятдан батамом ўзлигидан воз кечкиси келарди. Аммо у ана шу ташрифни, ана шу хаёлий таркидунёликни кутар ва интиқ бир дил билан эслашга ботинарди.

Эркакнинг хотини касалхонага қилган ташрифида:

— Сизнинг касалингизнинг тузалишини кутиш учун мен шўрликда на сабр қолди, на вақту на пул, — деди ғоятда шалвираганча. — Чарчадим. Бирдан-бир йўли, уйда дори-дармонсиз ва шифокорлар назоратисиз бирор нарса бўлиб қолишингиздан кўра қариялар уйига боришингиз энг муносиб йўл, шундай эмасми? Мен ҳам тузукроқ яшашим керак. Одамлардай пул топишим керак. Ҳеч бўлмаса, сизнинг дори-дармонларингиз учун кетган пулларни қоплаш учун ҳам ишлашим керак.

У нигоҳини эридан олмай турарди ва шу он хаёлига келган ўй забонида аксланди:

— Фарзандимиз бўлмагани иккимизнинг ҳам бахтсизлигимиз, — деди ингичка ва бежирим чизилган қошларини бироз кўтариб. — Биздақалар ҳаётда кўп учрайди. Аммо уларнинг эркаклари ўз эрлик бурчини бажарса керак. Мендаги энг ёмон толесизлик — кўз очиб кўрган аёлингизнинг бевақт ўлиб кетганлиги бўлган. Бошқа бирор нарса эмас!

Ҳамшира бу гапларни эшитиб турар ва титрарди. Унинг вужудини қамраган ҳолсизлик қўлидаги шприс ва штативни тутиб туришга ҳам бардошсиз эди.

Ҳамшира ғамгин чўкди, кўз олдида собиқ эрининг нигоҳи қайта тикланди. Ва ўшанда унинг бўйнидаги онаси тўйи куни совға қилган ингичка, тилла занжирга чанг солгани намоён бўлди-ю, ўша мудҳиш ҳолат худди ҳозир юз бергандай панжалари беихтиёр бўйни томон шошди. Қулоқлари остида яна ўша овоз садо берди:

— Ясан-тусан қиладиган вақтинг ўтди, — дея қўрқинчли илжайди у оғзидан шаробнинг бадбўй иси анқиганча, — энди бу матоҳ сенга эмас, менга асқатади кўпроқ. Сен ҳозироқ кет, тезроқ кет, ҳадемай қиморбозлар келиб, етаклаб олиб кетишади. Менинг ҳаракатларим зоэ кетди. Ютқизиб қўйдим сени…

Ҳамшира ўз хаёлидан ўзи сесканиб кетди ва кафтлари билан қулоқларини ёпди.

У ҳозир ҳаёт варақларига сирлилигича, мавҳумлигича муҳр босган энг қадрдон ва дилгир кечинмани эслади. Ўша куни у эрининг тазйиқидан кейин икки боласини етаклаганча кўчага чиққан, катта йўл четида ҳали номаълум бўлмиш синоатни кутар, ҳозиргина ташлаб чиққан қабоҳат кулбасидан еярга нон, охорлироқ кийим, сиқимида бирор чақа олишни хаёлига келтирмади. Унинг юраги нотинч тепар, ваҳима ва эри айтган даҳшатли манзара унга дақиқа сайин тажовуз қиличини қайрар, жувон қаэрда бўлишидан қатъи назар, бу қабоҳат уясини тезроқ тарк этишдан бошқа ҳеч нарсани ўйламасди. Шу вақт қандайдир машина ёнида тўхтади. Жувоннинг ногоҳ эти увишди. Даҳшат ёпирилди. Титраганча машина ичига назар ташлади. Рулда ҳарбийча кийинган қирқ ёшлардаги киши унга самимий қараб турарди.

— Ўтиринглар, ўтиринглар, синглим!

Унинг овози жувонга худди узоқлардан келгандай туюлди. У ҳамон карахт ва нотинч эди. Жувон пешонасидан кўрди. «Нима бўлса бўлар. Балки, бу иноят яхшиликкадир?!» У шу хаёл исканжасида болаларини етаклаганча, шошиб машинага чиқди. У ўзини босиб олишга тиришар, бироқ бироздан кейин ёки ҳозирнинг ўзидаёқ унга берилажак сўроқ ва саволлар учун тамом ҳолсиз ҳамда кучсиз сезарди ўзини. Фикрига тескари ўлароқ, эркак анча жойгача сўроққа тутмади уни. Ниҳоят, жувондан боражак манзили ҳақида самимий оҳангда сўради. Тоғ қишлоқлик укасининг манзилини айтди жувон. Йўл олис эди. Олис йўлда жувон ҳарбийнинг чегарачи экани, бугун хотинининг туғилган куни, табриклаш учун келаётганини билди. Жувон жимгина ҳавас ва айри ҳайрат билан тинглаб борарди чегарачини.

«Ё тавба, — хаёлидан ўтказарди жувон, — шунча узоқдан биргина туғилган кун учун йўл тортиш? Хотинини шунчалик яхши кўрар экан-да? Туғилган куннинг ўзи нима? Ўтказилиши шарт бўлган маросимми? Туғилган куннинг нима эканини, қадрини, қимматини тасаввур қила оладими ўзи? Умрида шундай кун бўлганми?»

Тавба, қуруққина бўлса ҳам бирор инсондан шунчаки табрик эшитганини эслай олмайди. Ота ҳовлида бир пайтлар бор эди шунақа гаплар. Ўшанда ҳам ҳамма нарсага эътибор қаратиб, ҳамма нарсани илғаб юрадиган кичик синглиси шунақа гапларни айтар, ҳаммани байрам ёки туғилган кун билан табрикларди. Жувон таъсирланиб кетди ва мутлақо ихтиёрсизлик билан деди:

— Хотинингизни яхши кўрасизми?

Эркак елка қисди.

— Билмадим, — деди бироз сукутдан кейин. — Биз эр-хотинмиз, — давом этди у, — шу, шекилли. Бу менинг иккинчи турмушим. Менимча, сиз айтган ўша туйғу олдингиси билан жаннатларга кетиб қолган, шекилли.

Жувон ғалати аҳволда эди. Эркак буни сезди.

— Ана кўрдингизми? — у шундай дея юрак соҳасига кафтини босди. — Эсламоқчи эмасдим, — деди жувонга томон хиёл ён бураркан, жилмайиб. — Юрак шўрлик чидамайди. Бирдан санчиб қолади.

— Дўхтирга кўрсатмайсизми? — жувон ташвишланганча деди. — Мен ҳамшираман. Юракнинг санчиши яхши аломат эмас.

— Биз чегарачиларнинг касал бўлишга ҳақимиз йўқ, — эркак кулимсиради.

— Фарзандларингиз улғайишиб қолгандир? — гапни чалғитиш учун деди жувон.

Бироқ у яна эркакнинг энг нозик ерига тирноқ ботирганини сезмаганди. Эркак оҳиста:

— Азиятим ҳам шундан, — деди оғир сўлиш олиб. — Фарзандимиз йўқ.

Эркакнинг айтар сўзи қолмагандай эди гўё, уни хаёл шамоллари олиб учар, жувон учун ҳам эркакка гап қўшиш ҳуқуқи барҳам топгандай сассиз-садосиз эди.

Жувоннинг қаршилигига қарамай, эркак машина рулини тоғ қишлоғи, жувон айтган манзилга бурди.

— Мендан бошқа одам бўлганда ҳам сизларни ярим тунда кўчада ташлаб кетишга кўзи қиймасди, — деди чегарачи ним кулги билан.

Чегарачи туғилган кунга олган совғалардан болаларга улашди.

Кимдир уни чақирарди. Хаёли бўлинди ҳамширанинг…

— Клара, — таниш палатадан ҳайқирди бўлим бошлиғи, — штативни олиб кел! Беморнинг аҳволи ёмонлашяпти! Хотинига хабар бер, укол керак, олиб келсин, мана ресепт. Яна тахиакардия! Захирада борини ишлатиб бўлдик кеча оқшом. Тез, тезроқ!

Ҳамшира кўчага отилиб чиқди. Қулоқлари остида бўлим бошлиғининг ташвишли хитоби келарди ҳамон. Шуури тариқдек тирқираб кетганди унинг. Ҳар қанча уринмасин, фикрини жамлай олмас, қўл-оёғи титрар, йиғлар ва қаттиқ қўрқув, умидсизлик унинг батамом мадорини сўндириб борарди. У ўқдек отилиб ҳамширалар хонасига кирди ва сумкасидан паспортини оларкан, кўча томон чопди. Ҳамшира паспортини гаровга қолдирди. Зарур дори-дармонларни чангалларкан, бўлим томон отилди.

Ҳамшира муолажадан кейин палатага кирганда беморнинг дардчил ва айни вақтда интиқлик сизган нигоҳи ҳамшира томон ўгирилди. Унинг қон қочган лаблари бироз қимтилган, шунда ҳам ҳорғин кўзлари ожизгина жилмаярди. Ҳамшира беморнинг кўзларига тикилди. У аввалги каби бу нигоҳдан таниш чеҳрани излади. У кўп йиллар бурун машинасида уни олиб кетган эркакнинг кўзларига ботиниб қарай олмаганди. Бироқ унинг товушлари шунча йил ўтса ҳам ҳамон қулоқлари остида сирли бир оҳангни чалар, қалбига қувонч ва шукрона онларини олиб кирар, айни дамда қумсаш, соғинч ва армон алангасини ёқарди.

Ҳамшира хаёлан ахтарган ва соғинган киши мана шу одам дея ишонгиси келарди. Энди бошқа эркак билан уни адаштириш ва иккиланиш туйғуси юрагига жой бўлмас, айниқса, ҳозирги меҳр ва сирли бир сезги ташрифи — ёвуқ бир синоат ростдан ҳам жувон билан сирдош ва бақамти турарди.

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →