📖 Ҳикоялар

Ҳикоя: Яхшилик уруғи

9 дақиқа 2.3К марта ўқилди
Ҳикоя: Яхшилик уруғи
— Манзура, нима қилдик, мўлжалимизга етмаса ҳам кечаги харидорга «майли» деймизми? — деди Рустам хотини идиш-товоқларни ювиб, чой дамлаб келганидан сўнг.
— Билмасам, дадаси… — Манзуранинг ҳам фикру хаёли ўзида эмаслиги унинг юз-кўзларидан билиниб турарди. — Ўттиз минг доллар дейишгани билан, барибир, бир-икки сўм пул ёнингизда ҳам бўлиши керак-да, мусофир юрт, зарил бўлиб қолса, у ёқларда кимдан қарз сўрайсиз?
— Энди бу ёғи Худога таваккал, — деди Рустам чойнакдаги чойни қайтаришга ҳам ҳафсала қилмасдан, — вақтни қанча чўзсак шунча касални зўрайтирган бўламиз. Шунинг учун вақтни бой бермасдан ҳаракатни қилайлик. Кеча келган корейс хотин «Балки, ўйлаб кўрарсан», деб телефон рақамини қолдириб кетганди. Ўша аёлга қўнғироқ қилиб, «Розимиз», дейман. Нима дединг?..
Манзура эрининг саволига чуқур хўрсиниш билан жавоб қайтарди. Мана шу хўрсинишнинг ўзидаёқ унинг ҳамма ташвишу дарди мужассам эди.
— Менга қара, сен кўп ўйланаверма. Биласан-ку, ўзи сен пессимистсан, сен билан жар у ёқда турсин, ҳатто мундайроқ чуқурнинг ёнигаям бирга бориб бўлмайди, ундан у ёғида ҳаёт йўқ, деб туриб оласан, — дея ҳазиллашган бўлди Рустам. Аммо бу гапи ўзига ҳам ёқмади, шекилли, жим бўлиб қолди. Кейин чуқур уф тортди.
— Ана, ўзингиз ҳам сиқилганингиздан уф тортяпсиз-ку, дадаси, менга ҳам осон эмас, ахир ўн йил деганда Худодан йиғлаб-йиғлаб сўраб олган ёлғиз ўғлимиз, борди-ю Абдуллоҳга бир нима бўладиган бўлса, мен чидай олмайман, — дея ҳиқиллаб йиғлай бошлади Манзура.
Рустам ўзи шундан чўчиб турганди. Хотинини нима деб юпатишни билмасдан бироз турди-да, кейин оҳиста деди:
— Хавотир олма, шу пайтгача Аллоҳ сўраган нарсаларимнинг ҳаммасини берган, насиб қилса, бу сафар ҳам дуога очилган қўлларимизни қуруқ қайтармайди. Чунки Аллоҳ бандаларига меҳрибон, бировга дард бердими, давосини ҳам беради. Фақат биз дард келганда сабр қилиб туришимиз керак. Шунда сабрнинг, албатта, мукофоти бўлади…
— Илоҳо, айтганингиз келсин, дадаси, айтганингиз келсин! Абдуллоҳимиз оператсиядан яхши чиқиб, ҳеч нарсани кўрмагандек бўлиб кетсин! — деди Манзура йиғлаган қўлларини дуога очаркан.
Шу пайт болалар хонасидан ёш боланинг «Ойи…», деган заиф овози келди-ю, Манзура шоша-пиша кўз ёшларини артиб, ўғлининг ётоғига кириб кетди. Рустамнинг чой ичкиси келмади. У секин ўрнидан турди-да, жойнамозни олиб, хуфтон намозини ўқиди. Ибодат қилиб бўлгач, Қуръони каримни авайлаб қўлига олиб, аввал муқаддас китобни ўпди, сўнг қироат билан ўқий бошлади. Саноқли сониялар ичида у бутун борлиғи билан илоҳий сўзлар оҳангига қўшилиб кетди…
— Дадаси, саҳарлик вақти бўлиб қолди, — деди бир маҳал Манзура залнинг эшигидан қараб ичкарига кирмасдан. — Мен Абдуллоҳнинг ёнида ухлаб қолибман, сиз бўлса бугун ҳам кечаси билан китоб ўқиб чиққанга ўхшайсиз. Бунақада ўзингизни олдириб қўясиз, ўзи шундоғам сал нарсага қон босимингиз ошадиган бўлиб қолган.
Туни билан мижжа қоқмаганига қарамасдан Рустамнинг дили равшан, кўнгли хотиржам эди. У хотинига тикилди:
— Абдуллоҳ қандай?
— Яхши, дадаси, яхши, фақат уйни сотишимизни эшитиб «Мени деб уйни сотяпсизлар-а?» дейди кўзи ёшга тўлиб. «Битта уй сендан айлансин, сен соғайиб кетсанг бўлди, даданг иккимиз ишлаб бундан ҳам каттароқ уй оламиз», дедим. Шундай десам кулимсираб, «Ойи, бундан катта уй олмасак ҳам, менга битта укачами, сингилчами, олиб келинглар, майлими, битта ўзим уйда зерикиб кетяпман», дейди, — деди Манзура жилмайиб.
Хотинининг жилмайганини кўрган Рустамнинг ичига нур киргандек бўлди. У ҳам кулимсиради:
— Бу буюртмани бажаришга бугун кеч бўлди-ёв. Ё ҳали ҳам улгурамизми?
— Жиннисиз, — деди Манзура ҳали ҳам ширин жилмаяркан эрининг нимага шама қилаётганини англаб, — мен у маънода айтмадим, мен Абдуллоҳнинг гапини…
— Умуман олганда, ўғлинг тўғри гапни айтибди. Рўза кунларида, дуолар, ниятлар ижобат бўладиган ойда турибмиз, зора, Аллоҳ ниятларимизга эриштирса, — деди Рустам дарров жиддий тортиб. — Шу пайтгача қўлимдан келса, бировга яхшилик қилдим, яхшилик қилиш қўлимдан келмаса, ёмонлик ҳам қилмадим. Яратган Эгам ҳаммасини кўриб-билиб турибди. Шундай экан, ноумид бўлмайлик, буям бир синов, Манзура…
Рустам турли сўзлар билан хотинининг кўнглини кўтариб, унга мадад бўлар экан, аслида, шу айтганлари ўзига ҳам қанот бўлаётганди. Акс ҳолда қирқ ёшида кўрган ўғлининг тўшакка михланиб қолишини кўриш, дилбандининг изтиробларига шерик бўлиш ва энг ёмони, яккаю ёлғиз фарзандига бирор-бир ёрдам беролмаётганидан ўксиниш уни ҳам аёлидан кам эзмаётганди.
* * *
— Рустам ака, сизни бир йигит икки-уч марта телефон қилиб сўради. «Йиғилишга кетган, қачон келишини билмайман», десам, «Келганидан сўнг Ғайрат деган курсдошингиз телефон қилди, деб айтинг», деб мана бу рақамни қолдирди, — деди котиба қиз Мадина Рустамнинг олдига қоғозчага ёзилган телефон рақамини қўяркан. — «Жуда зарил ишим бор, шуни бугун ҳал қилиб кетишим керак, илтимос, Рустам акангизни топишимга ёрдам беринг ёки уй манзилини беринг», деганди, тўғриси, «Ўзларидан берухсат беролмайман», деб қўя қолдим.
Тинмай гапираётган Мадинага қараб Рустам бироз кулимсиради:
— Жуда яхши қилибсиз, энди у бечора курсдошим ҳамма мени танийдиганларга «Рустам ака каттариб, ҳеч кимни танимайдиган бўлиб кетибди. Ҳатто ишхонасига бориб телефон рақами ёки уйини ҳам сўраб ололмайсан», деб айтиб чиқади.
— Мен, мен… — довдиради Мадина, — сиздан сўрамасдан…
— Майли, бу муаммо эмас, муҳими, телефон рақамини қолдирибди-ку! Ҳозир боғланиб кўрамиз, агар ҳали Тошкентда бўлса, у ҳолда бир қошиқ қонимиздан кечинг, деймиз, — деди Рустам котиба қизга ўнг қўли билан «Кетаверинг», дегандек имо қиларкан.
Ўзи Рустамнинг курсдоши Ғайрат билан охирги марта қачон учрашгани ҳам ёдида йўқ. Ёдида қолгани Ғайрат бундан ўн икки йилча бурун битта буйрагини олдиргани пойтахтга келгани. Ўшанда у ҳам беш йил бирга ўқигани ҳурмати ҳам Ғайрат очиқ кўнгил, дилида кири йўқ, мард йигит бўлгани боис шифохонага кўргани борганди. Шундан кейин ҳам бир-икки марта қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўраб юрди. Кейин нима сабабдандир алоқалари узилиб қолди. Мана, энди Ғайратнинг ўзи ташаббус кўрсатиб, йўқлаб келибди. Рустам қўлидаги қоғозчага қараб рақам терди. Ғайрат қўнғироқни кутаётган экан, шекилли, дарров жавоб берди:
— Ассалому алайкум!
— Ва алайкум ассалом, Ғайратбек, мен Рустамман, курсдошингиз!
— Э-э, акагинам, бормисиз, омонмисиз?! Соғ-саломат юрибсизми?
— Раҳмат, раҳмат, ўзингиздан сўрасак, тинчмисиз? Уйдагилар, келин, бола-чақа?.. — Рустамнинг гапи чала қолди.
— Ака, ишхонангизни айтинг, мен ҳозир «ғир» этиб айтган жойингизга бораман! — деди Ғайрат.
— Унда бундай қиламиз, сиз шошилмасдан Навоий кўчасини мўлжалга олиб келаверинг, мен соат олтида ишдан чиқаман.
— Бўлди, ака, бўлди! Адресни айтинг! — ҳовлиқди Ғайрат.
— Олтидан ўн бешта ўтганда Ўрдада бўлинг, телефонлашиб топиб оламиз.
— Келишдик…
Айтилган вақтга Ўрдага борган Рустамни Ғайратнинг ўзи кутиб олди. Икки курсдош қучоқ очиб кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашишди.
— Ўзгармабсиз, ака, ўзгармабсиз, кўз тегмасин, — деди Ғайрат Рустамни сал нарида турган қоп-қора «Малибу» томонга бошларкан. — Ёш йигитлардек юришнинг сирини бизга ҳам айтинг. Шунча ҳаракат қиламан, барибир, қорин кундан-кунга осилиб кетяпти.
— Ҳа, энди, ошқозон дегани ичига овқат тушса, каттариб кетаверадиган нарса бўлганидан кейин шунақа бўлади-да! — ҳазиллашди Рустам.
Унинг бу гапига Ғайрат маза қилиб кулди. Кейин:
— Ҳозир ҳам биринчи ўринда ошқозонга бирон нима солиш ташвишини қилсак, яхши бўларди, эрталаб Жиззахда еган тўртта сомсам билан юрибман, — деди кулгидан ўзини тўхтатолмай.
— Бўлди, фақат ҳали ифторликкача вақт бор, шунга бирор салқинроқ жойга борайлик-да, гаплашиб ўтирайлик. Ё уйга бора қоламизми? — деди Рустам ҳам унинг соддалик билан айтган гапларига куларкан.
— Уйингизга бошқа сафар борамиз, ака. Худо хоҳласа, келинингиз билан болаларни олиб келиш ният бор. Шу баҳонада кичкиналарни ҳам би-ир айлантириб кетамиз.
* * *
— Энди гап бундай, Рустам ака, — дея гап бошлади Ғайрат овқатланиб бўлиб, бироз у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришгач. — Сизнинг характерингизни биламан, бу довдир нега шунча йил бедарак йўқ бўлиб кетди-ю, нега яна мени излаб келди, деб ўйлаётган бўлишингиз мумкин.
— Йўғ-э, нега ундай деб ўйлайман? — хижолат бўлди Рустам.
— Рустам ака, эсингизда бўлса, буйрагимнинг биттасини олдириб, чалажон бўлиб ётган пайтларимда менинг ҳолимдан хабар олгани боргандингиз? — деди Ғайрат тагдор қилиб сўзларкан суҳбатдошининг кўзига тикилиб.
— Хўш? — деди унинг муддаосини англамаган Рустам.
— Ўшанда менинг қўлимга анчагина пул бериб, «Дори-порингга ишлатарсан», дегандингиз. Эсингизга тушдими?
— Э-э, Ғайрат, бунақа гап бўлганини ҳам, сизга пул берганимни ҳам эслай олмайман, — деди Рустам хижолатдан юзи қизариб.
— Сиз эсламасангиз, мана, мен эслайман! Сиз ўшанда менга энг яқин одамим ҳам қилмаган яхшиликни қилиб, сариқ чақам ҳам йўқ пайтида бир дунё пул бергансиз. Камига «Иложи бўлса, ичкилик билан сигаретни ташла, бўлмаса жигарингдан ҳам айриласан. Худо кўрсатмасин, соғлиғингдан ажралиб, бошинг ёстиққа теккудек бўлиб қолсанг, ҳеч кимга, ҳатто ака-уканг, бола-чақангга ҳам керак бўлмайсан», дегандингиз. Шу гапларингиз ва ўшанда берган пулингиз сабаб мен мана шундай бўлиб юрибман. Ҳозир катта фермерман, ака, беш юз гектарлаб жойда боғ қилиб, бу ёғи Хитой, Қозоғистон, Россияга дейсизми, одамига қараб мева-чева, майиз, ёнғоқ, туршак жўнатиб ётибмиз.
— Аллоҳ баракасини берсин!
— Айтганингиздек, Худо баракасини беряпти, ака, ишқилиб, бундан кейин ҳам шундай бўлсин! — деди тўлқинланиб кетган Ғайрат. — Фақат битта ишни ният қилиб қўйиб, анчадан бери амалга оширолмай юргандим, бугун атайлаб шунинг учун Тошкентга келдим.
— Нима қилиш керак, Ғайрат, банкдан каттароқ кредит олиш керакми? — сўради Рустам.
— Э-э, ака, менинг ҳозир шунақа авж пайтимки, банкларнинг ўзи менга кредит таклиф қилиб, биз билан ишланг, деяпти…
— Унда нима муаммо бор, тушунмадим?
— Рустам ака, соғлиғимни тиклаб олганимдан кейин ўша менга берган пулингизни тўплаб олдингизга келмоқчи бўлдим. Лекин нимадир бўлиб, ўша пулнинг ҳаммасига узум кўчат сотиб олдим. Ўзиям беш мингта ниҳол берди. Ҳозир ўша узум кўчатларим тонна-тонна ҳосил беряпти. Бугун бозорда менинг майизимнинг олдига тушадиган майиз йўқ. Ўзиям айтган пулимга сотаман. Айтсам ишонмайсиз, ўтган йили узум шунчалик зўр бўлдики, қаэрга қўйишни билмай қолдик. Хуллас, ўша сизнинг пулингизга экилган кўчатлардан улушингизни олиб келдим. Шаҳарчасига нима дейишарди, долямиди? — дея кўзлари порлаб кулди Ғайрат.
— Э-э, сизлар томоннинг майизи бошқача бўлади-да, — кулди Рустам ҳам. — Мабодо ўша узум кўчатларга қўшиб беш-ўнта ёнғоқ ҳам экмаганмидингиз? Майиз билан ёнғоқ роса бир-бири билан келишади-да, айниқса, эрталабки нонушта пайтида.
— Ёнғоқ ҳам экканмиз, пистаю бодом ҳам, — яна кулди Ғайрат. — Яна алоҳида Рустам акага деб бир чеккадан жой ажратиб сизгаям боғ қилиб қўйганман. Ҳали бизникига борганда кўрасиз. Лекин мен хомкалла битта ишни чала қилиб келибман. Биласиз-ку, ўша-ўша ҳовлиқмалигим қолмаган.
— Яна нима бўлди? — ҳайрон бўлди Рустам.
— Эй, бунинг ҳозирги гапларга алоқаси йўқ. Қани, дуо қилинг, ака, машинага борайлик, қолган гапни ўша ерда гаплашамиз, — деди Ғайрат.
Эмакхонадан чиқиб, машинанинг ёнига боришди. Ғайрат чаққонлик билан машина юкхонасини очиб, каттагина қора сумкани қўлига олиб, уни Рустамга тутқазди:
— Мана шу сизга!
Рустам сумканинг залворини ҳис қилиб мийиғида жилмайди:
— Ғайратбой, бу дейман, майиз опкелдим, деб адашиб тош-пош солиб келмадингизми?
— Бўлиши мумкин, ака, бўлиши мумкин! — дея самимий кулди Ғайрат. — Лекин ичида нимаси бўлсаям шунча жойдан кўтариб келдик, сиз ҳам оғринмай олиб кетасиз.
Рустам сумкани очдию, турган жойида қотиб қолди. Сумка ҳали банк тахламлари ҳам бузилмаган юз мингталик пулларга тўла эди.
— Нима, мени синаяпсизми? — деди у овози қалтираб.
— Ака, сизни студентчилик чоғида минг марта синаб бўлганмиз. Бир сўм пулингиз ёки яримта нонингиз бўлса, бутун ётоқхонадагилар билан бўлишардингиз. Бу пуллар сизнинг боғдаги улушингиз. Ҳаммаси она сутидек ҳалол, пешона терига келган, нима керагингиз бўлса бехижолат ишлатаверинг, чунки бу пуллар ўзингизники, фақат ўша менга берган пулингизга рози бўлсангиз бас! — деди Ғайрат шошилиб сўзларкан.
Кутилмаган жойдан келган пуллардан Рустамнинг боши қизиб қулоғи ғувилларкан, тўшакка михланиб ётган дилбанди, уни чет элга олиб бориб оператсия қилдириш учун яшаб турган уйини сотувга қўйгани ёдига тушиб негадир мижжаларига ёш келди. Кейин раҳматли онасининг сўзларини эслади: «Аллоҳ чевар, болам, У ҳаммасини тўғрилаб қўяди».

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →