📖 Ҳикоялар

ТАНИШ КАБУТАРЛАР

3 дақиқа 4К марта ўқилди
ТАНИШ КАБУТАРЛАР
Ёмғирли кунлар узайиб кетди. Баҳор ойи бошланган бўлса-да, қишнинг қаҳри кесилмаганди. Боғдан эшитилиб турадиган қушларнинг овози ҳам сийракланди. Саккизинчи қаватнинг ойнаванд айвони рахига қўнган бир-икки қуш тўкилган нон ушоқларини тез-тез чўқилайди-да, бошини елкалари орасига олиб, хомуш тортади.
— Жониворлар егулик тополмаяптими, дейман, — бувим қушларни учириб юборишдан чўчиб айвонга тўшалган кўрпачага астагина ўтиради, — ёмғир ҳам эзиб юборди.
Онам энди қушларга кўпроқ урвоқ қўядиган бўлди. Барвақт туриб кузатсам, тўрт-беш кабутар бир-бирини итариб донлашарди.
— Яқинлашма, болам, ҳуркитиб юборасан, — бувим ўтирган жойида қўли билан мени ёнига имлади: — отанг ёшлигида роса каптар боққан — бутун бошли томнинг бўғотига ин ўрнатган. Ҳар йили сандиқ-сандиқ буғдой эдирарди. Бу қуш ўзи муштдеккина бўлсаям, уч-тўрттаси дунёни донини кўрдим, демасакан.
— Бизларга адам бу ҳақда ҳечам гапирмаганлар-ку!
— Нимани? — ётоқхона эшиги очилиб отамнинг овози эшитилди.
— Каптар боққанларингни айтаман-да, болам, бувим қўлларини тиззаларига қўйиб ўрнидан турди. — Оқ каптарларинг бор эди-ку, пайпоқли, дермидинглар...
— Ҳа-а-а, росмана пайпоқ кийиб олганга ўхшарди-да, — отамнинг чеҳраси ёришиб, кўзлари кулди.
— Бу каптар дегани одамга ўхшаб меҳр кўрсатганни биларкан, болам, — бир хўрсиниб давом этди бувим. — Йиллар ўтиб, уйлар ҳам, инлар ҳам бузилди. Бир куни тонгда тўда кабутарлар ҳовлига гур-гур этиб қўнди. Бундоқ ўгирилсам, ўша оқ каптар бош, қур-қурлашиб айланиб ётибди. Болалар ётган уйнинг пардасини кўтариб, ҳой, тез чиқинглар, тезроқ, дедим ўзимга сиғмай. Улғайиб қолган болаларим яримяланг югуриб чиқди-ю, таниш каптарларни кўриб: "вой, ҳалиям боракан-ку”, деди бири. "Эсидан чиқармабди-я”, деди кичкина амакинг. Отанг овоз берганди, шартта келиб елкасига қўнса бўладими?.. Ҳаммамиз ёш боладек қувонгандик... Мана, айвонинггаям ўрнашибди улар. Ўчоққа кириб чиққанми, ҳаммасининг бўёғи бир хил.
Отам ойна томон яқинлашганди, «пир» этган овоз билан кабутарлар ҳам кўтарилди. Эртаси куни отам икки халтада буғдой ва тариқ олиб келди-да: — ҳар куни сочиб туринглар, — деди.
Онам иккимиз барвақт турдик. Аччиқ шамол билан ёмғир ойнага урилади. Донларни сепишимиз билан совқотган кабутарлар кетма-кет учиб кела бошлади. Бурчакдан маза қилиб кузатардик, ҳаммаси деярли бир хил кўринса-да, асло ўхшашмасди: ўртасидагиси ингичкароқ бўйни атрофи сиёҳ сочилгандек ялтираб турарди. Бўйни йўғонининг қаноти учлари шахмат катакларидек оқиш кулранг, четдагиси эса кўзлари ҳам совуқ — қанотларини ёйиб ёнига шерикларини йўлатмайди — синфимиздаги урушқоқ болага ўхшайди. Укам уйдан югуриб чиққанди, улар «пир» этиб кўтарилди.
— Ҳаҳ, боласи тушмагур-а, — деди бувим қошлари кўтарилиб, — нима қилиб қўйдинг?..
Дам олиш куни кечроқ турдим. Онам ошхонада нонушта тайёрлаётган экан.
— Келақол, сени кутиб тургандим, донларни ўзинг сеп, — деди.
Мен онамнинг айтганларини қилдим, анча пайтгача бирорта қуш кўринмади. Бувимнинг ёнига ўтирган ҳам эдимки, кетма-кет қанотларнинг силкингани ва қушларнинг қўнаётгани эшитилди. Қарасам, жуда кўп кабутарлар: ўнтадан ортиқ, санолмадим. Оқиш ранглилари ҳам қўшилибди. Ораларидаги қорамтир каптар қанотларини кенг ёйиб атрофдагиларни чўқиб, ўзидан итара бошлади. Икки-учтаси кир ёйишга тортилган арқонга қўнса-да, кўзини дондан узмасди. Ёмғир тезлашди, ён қўшнимиз деразасини қаттиқ ёпган эди, улар кўтарилиб кетди... Бироз кутдик, қайтмади.
— Мениям қўлимдан дон есин, — отам халтачани олиб, тариқ сепди ва кузатиб тураверди. Зум ўтмай қушлар дондан анча нарига қўна бошлади, отам бошини парда билан беркитган бўлди. Қушлар кечагидан ҳам кўпайишган эди. Донлашга жой етмасди. Уч-тўрт кабутар тумшуқларини тумшуқларига теккизиб чуғурлашарди. Яна иккиси эса шерикларининг устида туриб тўхтовсиз донлашга улгурарди. Улар бир чўқиганда уч-тўрт донни олар, бошини кўтариб ютиниб қўйгандек бўларди...
Кутилмаганда ёмғир тезлашди. Тўққизинчи қаватдаги дераза қарсиллаб очилди. Каптарлар «пир» этиб кўтарилди. Пешонасида холдек сутранг белгили кабутар қанотини ёйиб дераза тарафга қаттиқроқ суйкалиб олган, сираям қўзғалгиси келмасди. Кейин қўшни кир ёйди шекилли, тепадан сув шариллаб туша бошлади. Энди аниқ учиб кетади, деб кўзимизни ундан узмасдик... Аммо у индамай тураверди. Қўшнининг деразаси ёпилди. Ёйган қалин кийимларидан чакиллаб сув томарди...
Бироздан сўнг кабутар донга яқинлашди, орқасидан кичкинагина тарғил кабутарча эргашди. Ҳайрон бўлдик. Кейин билсак, у қанотлари орасига боласини яшириб олган экан...

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →