📖 Ҳикоялар

ТУГАЛЛАНМАГАН РЕЖА

10 дақиқа 2К марта ўқилди
ТУГАЛЛАНМАГАН РЕЖА
Омад бир келса, келаверади деб шуни айтсалар керак. Айни қурилиш мавсуми бўлгани учунми ёки молларнинг сифати яхшилигиданми негадир шу кунларда Мансурнинг ишлари олға бораётган эди. Қурилиш моллари бозорида савдо қилувчи савдогарларнинг айримлари хавас, айримлари хасад билан унининг ишини кузатишарди. Кимдир «Мансурхон ўзи омадли бола-да! Ҳеч шу йигитнинг ишидан нолиганини эшитмаганман», деса кимлардир «Ҳалоллиги учун савдосида барака бор. Бир сўм топса ҳам, минг сўм топса ҳам тўғриликни хуш кўради», дейишар эди.

Ана шундай омадли кунларнинг бирида, тушдан сўнг бозорда одам камайган бир пайтда Мансурхоннинг олдига бир йигит келиб, уни саволга тутди.
– Ака, бу ерда тахта сотиб оладиган одамлар бор, деб эшитгандим. Кимга учрашсам бўлади. Билмайсизми,–деди йигит.
Азалдан оғир-босиқ бўлган Мансурхон дастлаб йигитга зимдан кўз югуртириб чиқди-да, жавоб қайтарди:

– Биз-да ука, тахта оладиган. Ўзи нима бор сотиладиган?

– Саккиз йил аввал отам раҳматли уй қуришни ният қилиб беш юз туп терак экиб кетган эдилар. Тераклар айни етилгани учун ҳаммасини кестириб, пўстини шилиб, тайёр қилиб қўйганман. Шуларни сотмоқчи эдим, ака, нима дейсиз?! – йигит шундай деб савол назари билан Мансурхонга қаради.

«Бугун ҳам омадим келганга ўхшайди», дилидан ўтказди Мансурхон. Аммо буни суҳбатдошига ошкор қилмай, уни четроққа олиб чиқиб, ҳали кўрмаган моллари устидан савдо қила бошлади. Ниҳоят теракларнинг эгаси Мансурхон айтган нархга рози бўлди. Маълум бўлишича моллар қўшни туманда бўлиб, олиб кетишга тахт қилиб қўйилган экан.

– Укажон, мен эртага тонгда етиб бораман. Моллар маъқул бўлса, қўнғироқ қилиб иккита юк машинасини чақираман-да, олиб кетаман.
– Ака, кутаман сизни!
Улар илиқ хайрлашишгач, Мансурхон эртагалик харид учун пулларини ҳисоб-китоб қилгани уйига йўл олди. Мансурхон яқиндагина янги «Нексия» сотиб олгани боис, пул айланмасидан бир оз қийналиб қолганди. Аммо пул топмаса ҳам бўлмайди. Ҳажми анчайин катта бўлган бу молларнинг ортидан анча-мунча пул ишлаб олса бўлади.
Мансурхон ўйлай-ўйлай яқин дўсти Авазнинг уйига йўл олди. Уч кун аввал чойхонада янги машинасини дўстларига ювиб бераётганида Аваз Мансурга пулдан ёрдам керак бўлса тортинмай сўрайверишини айтганди.
Авазбек дўстини илиқ кутиб олди. Мансур ҳам кўп таранг қилмай унга кўпроқ пул кераклигини, олган қарзи миқдорида товарни бўшатиши биланоқ, дарҳол қайтаришини айтди. Авазбек бир оз ўйланиб турдида ичкарига кириб, қора рангдаги спорт сумка кўтариб чиқди.
– Мана дўстим, бу ерда 10 миллион сўм пул бор. Кечқурун буларни валютага алмаштирмоқчи эдим. Майли сен ишингни битириб ол. Пуллар бекор ётганидан кўра фойда келтиргани яхши.
– Сенга катта раҳмат, Аваз. Тез кунда албатта қайтараман.
Мансурхон кўнгли тоғдек кўтарилиб, уйига қайтди. У ўзида бор пулларни ҳам қўшиб ҳисоб-китоб қилганида, эртасига олиниши керак бўлган товар учун учма-уч етадиган сумма йиғилганини билди. «Майли, ҳечқиси йўқ. Насиб қилса, катта даромаднинг устида турибман. Ҳаражатларни камайтириб, бир оз чидасам, ҳаммаси яхши бўлади», ўйлади у. Шундан сўнг у бозордаги ҳамкори Фарҳодга қўнғироқ қилиб, эртаси куни барвақт тайёр бўлиб туришини, мол олиш учун биргаликда қўшни туманга бориб келишларини айтиб, огоҳлантириб қўйди. Шундан сўнг режадаги ишларини битирган Мансурхон диванга хорғин ўзини ташлар экан, эринибгина соатга қаради. Бу пайтга келиб, кун анча кеч бўлиб қолганди. Мансурхон эртасига барвақт туриши кераклигини ўйлаб, уйқуга кетишга тайёрланди.
Аммо шу пайт тун сукунатини дарвоза қўнғироғининг жиринглаши бузди. Мансурхон ҳайрон бўлиб ўрнидан қўзғолди. «Кеч бўлганида ким экан…», деган хаёлда бир оз жаҳли чиқиб дарвозага йўналди у.
Эшик очилганида остонада ён қўшниси бўлмиш «чемпион» лақабли укахони Акмал турганини кўрди. Ўтган йили тай-бокс бўйича мамлакат биринчилигини олгач, ҳамма уни шундай деб атарди.
– Кеч бўлганда тинчликми, Акмал?! Кир-чи, уйга, –деди Мансурхон хайрон бўлиб.
– Аввало узр, Мансур ака. Бемаҳалда сизни безовта қилдим. Лекин бошқа иложим йўқ эди. Кутилмаганда онам касалхонага тушиб қолдилар. Ҳозир қўшни тумандаги шифохонанинг жонлантириш бўлимида ётибдилар. Шифокорлар эртага тонггача мана бу қоғоздаги дориларни олиб келишимни айтишди, – йигитча шундай деб қўлидаги қоғозни Мансурхонга узатди.
– Айни вақтда сиздан бошқа ҳеч кимдан ёрдам ололмаман. Биласиз, дадам амакиларим билан Россияга кетишган. Агар қарз бериб турсангиз, келгуси ойнинг охиригача албатта қайтараман.
Мансурхон йигитчанинг сўзларини диққат билан тинглади. У бир томондан Акмалнинг ҳолатини тушунаётган бўлса ҳам бир томондан эртагалик ўзининг вазиятини ўйлаб, иккиланиб қолди. Чин юракдан қўшнисига ёрдам беришни истаса-да, эртагалик қилиши мумкин бўлган фойда кўз олдидан кетмаётганди. Дастлаб Мансурхон Акмалга вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилди. Аммо йигитчанинг кўзларида милтиллаб турган ёшларни кўриб, эзилиб кетди. «Мўлжалимдагидан бир оз камроқ тахта олсам ҳам бўлаверади. Яхшилик қилсам, ён қўшнимда қолиб кетмайди. Инсон тақдири ҳар нарсадан устун…», ўйлади Мансурхон. Шундан сўнг у қўшни хонага кириб, йигтича айтган миқдордаги суммани олиб чиқиб берди.
– Раҳмат ака, бир умр ёдимдан чиқмайдиган яхшилик қилдингиз. Илоҳим Аллоҳ молингизни ва жонингизни ўз паноҳида асрасин. Савдоингизнит баракасини берсин. Тез кунда албатта қайтараман, – йигитча шундай деб ўрнидан қўзғолди.
– Арзимайди, ука. Ҳозир қўшни туманга кетадиган бўлсанг, ярим кечаси йўлда юришинг хавфли. Уч соатдан сўнг тонг отади. Яхшиси, ҳозир меникида бир оз дамингни олгин. Тонгда барвақт турамиз. Мени йўлим ҳам ўша томонда. Шифохонага машинада ташлаб қўяман.
– Катта раҳмат, Мансур ака! Аммо бормасам бўлмайди. Шаҳар марказидаги навбатчи дорихонадан керакли нарсаларни олиб, тезроқ етиб боришим керак. Онам у ёқда ётгач, мен бу ерда тинч туролмайман.
Шундан сўнг йигитча қўшнисига катта миннатдорчилик билдириб хайрлашди. Уни дарвозага кузатиб қўйган Мансурхон уйга қайтиб кирди-ю, қандай ухлаб қолганини ўзи ҳам сезмай қолди.
Эрта тонгда қўл телефонининг қаттиқ жиринглашидан уйғонган Мансурхон бозордаги шериги Фарҳодга тез етиб келишини айтди-да, шоша-пиша юз-қўлини ювиб, нонушта қилиш газга учун чой қўйди. Бу орада Фарҳод кириб келди. Улар биргаликда енгил тамадди қилишгач, «Нексия»да қўшни туманга йўл олдилар.
Йўлда боришар экан, молларни сотмоқчи бўлган йигит икки марта қўнғироқ қилиб, уларни кутаётганини айтди.
Икки соатга қолмай «Нексия» айтилган манзилга етиб келди. Уларни ўша таниш йигитча кутиб олди. Аммо Мансурхон уни бир қарашда таний олмади. Чунки унинг юзи би-оз шилинган ва оёғи ҳам оқсоқланаётганди.
– Фалокат-да, ака. Кеча қоронғуда кўчада кетаётиб, чуқурга тушиб кетдим, – дея ўз ҳолатини изоҳлаб кутиб олди йигит.
– Шунақаси ҳам бўлади, ука,– ҳамдардлик билдирди Фарҳод. – Тезроқ молларни кўриб, тезроқ олиб кетсак яхши бўларди. Ўзингиз ҳам биласи, йўл узоқ. Кун қизигунча манзилга етиб олишимиз керак. Ҳали юк машинага ҳам буюртма бериш керак.
– Кўнглингиз тўқ бўлсин, ака. Ҳозир шеригим келсин, молларни бориб кўрасизлар. Нонушта ҳам қилмаган бўлсаларингиз керак. Нарироқда шинамгина чойхона бор. Юринглар, шеригим келгунча бир пиёладан чой ичиб турамиз, – деди йигит меҳмонларга мулозамат қилиб.
Мансурхон ва Фарҳодга вақт ўтказиш учун айтилган бу таклиф гарчи унча ёқмаган бўлса ҳам йигитнинг ортидан эргашдилар.
Чойхонада ўтиришар экан, Мансурхон дам соатига дам нарироқда турган машинасига қариб қўярди. Орадан ярим соат ўтди ҳамки келиши керак бўлган «шерик»дан дарак бўлмади. Меҳмонларнинг хафсаласи пир бўлаётган бир пайтда молларнинг эгаси бўлмиш йигитчанинг телефони жиринглаб қолди. У четроққа чиқиб, қўл телефонида нималарнидир гаплашди-да, меҳмонларга имлаб, кетишларини айтди. Улар «Нексия»да шаҳар четидаги қандайдир овлоқ жойга етиб бордилар. У ерда ҳақиқатдан ҳам «Матиз» машинаси ичида ҳайдовчи, бир бола ва йигитчанинг «шериг»и ўтирарди. Йигитча шеригини бир четга тортиб, нималарнидир гаплашиб олди. Сўнг Мансурхон ва Фарҳоднинг олдига келиб, сўз бошлади:
– Теракларни сотишимни билиб, амаким менга ҳам ҳақ берасан, деб бошимни қотиряпти. Шунинг учун теракларни сотаётганимни у билмай қўяқолсин. Биттангиз биз билан юриб, теракларнинг сифатини кўриб олинг, маъқул бўлса, юк машина олиб келиб, юклаб берамиз. Агар ҳозир иккита машинада борсак, амаким дарров югуриб чиқади, – деди ҳалиги йигитча Манурхонга.
Меҳмонлар ноилож уларнинг гапига рози бўлишди. «Нексия»да Мансурхон ва теракларнинг эгаси бўлмиш ҳалиги йигит қоладиган, Фарҳод эса мезбонлар билан бирга «Матиз»да молларни кўргани бориб келадиган бўлди.
«Матиз» тезлик билан қўзғолиб, далалар орасидаги сўқмоқ йўл бўйлаб юриб кетди. Мансурхон ва йигитча «Нексия»нинг ичида суҳбат қура бошладилар. Бир оздан сўнг йигит сигарет чекиш баҳонасида машинадан тушди ва орқа салонга ўтирди. Шу пайт кутилмаганда Мансурхонинг бўйнига ўткир тиғли пичоқ тиралди. Бундай бўлишини кутмаган меҳмон нима қиларини билмай қолди.
– Укажон, бу қанақаси, – бир оз титраб савол берди Мансурхон.
– Кўп гапирмагин-да, тез машинадан туш, – деди бирдан ўзгариб қолган йигит хиррилаб.
– Сумкадаги пулларни олсанг ҳам, менга тегма. Жоним омон қолса бўлди, ука, – деди меҳмон қўрқув аралаш.
– Туш дедим, машинадан! – бақирди йигит.1212111212121212
Бу сафар мезбон буйруққа сўзсиз бўй сунди. Жуссаси ҳам унчалик катта бўлмай ёши қирққа яқинлашиб қолган Мансурхон бир оз оқсоқланаётганини ҳисобга олмаганда, бутунлай соғлом, куч-қудратга тўла йигитчага қандай бас келишини билмай боши қотди. Йигит бўлса унга пичоқ тираб нарига олиб борди ва тирсаги билан бир зарб бериб уни ерга йиқитди ва :
– Агар шу ердан қимр этсанг, сўйиб ташлайман. Бу ерда сени ўлигингни ҳам ҳеч ким топа олмайди, – дея ўзи машина томон оқсоқланиб юра бошлади.
Бир вақтнинг ўзида бутун бойлигидан ажралиб қолаётганини ўйлаган Мансурхон йигитнинг ортидан узоқ кузатиб туролмади. Ўрнидан туришга ўзида куч топиб, босқинчи томонга югурди. Рақиби орқасидан келаётганини билган йигит шаҳд билан ўглилди-ю, пичоқ билан «ўлжа»сига ташланди. Важоҳатидан у Мансурхонни сўйиб ташлашга тайёр эди. Аммо оёғининг оқсоқланаётгани панд бериб, пичоқни рақибига ҳеч теккиза олмасди. Пичоқ билан қуролланган барзанги рақибига қандай бас келишни билмаган Мансурхон бор кучини йиғиб, йигитнинг оқсоқ оёғига тепди. Гарчи зарба унчалик омадли чиқмаган бўлса ҳам, барзангини қулатиш учун етарли бўлди. Пайтдан фойдаланган Мансурхон машина томонга югурди. Йигит ҳам бир амаллаб ўрнидан туриб оқсаганча унинг ортидан югурди. Мансурхон салонга ўтириб, машинани ўт олдирганида, йигит ҳам етиб келиб орқа салоннинг эшигини очиб бир оёғини қўйишга улгурганди. Аммо «Нексия»нинг катта тезликда ўрнидан қўзғолиши йигитга қимматга тушди. Ташқарида қолган оқсоқ оёғи унга панд бериб, йўл четига думалаб кетди.
Мансурхон машинасини тез ҳайдаб, шаҳаргача етиб олди. Хавфсиз жойга етиб олгач, минг бир хавотир билан босқинчиларнинг машинасида кетган Фарҳодга сим қоқди.
– Мен соппа-соғман, ўзингда тинчликми, Мансур?! Бу ерда ҳеч қанақанги терак йўқ экан. Мана бу одамлар қандайдир ўйин қилаяпти. Ортга қайтсак, сен йўқсан. Нима гап ўзи, – деди Фарҳод қўнғироққа жавоб берар экан.
– Тезлик билан шаҳарга етиб кел. Кейин тушунтираман.
Шундан сўнг Мансурхон ҳеч кимга ҳеч нарса демай Фарҳодни кутди. Ниҳоят сал кам бир соатдан сўнг йўл машинасида етиб келган Фарҳод, хавотир билан нима бўлганини суриштирди. Мансурхон унга бўлган воқеани бош-оёқ гапириб берди. Сўнг Фарҳод ҳам нима қилганини сўзлаб берди. Маълум бўлишича, ҳеч қандай терак ҳам, босқинчи йигитнинг ҳеч қандай амакиси ҳам бўлмай, мақсад уларни бир биридан узоқлаштириб, пул ва машинасини эҳтиёткорлик билан қўлга киритиш бўлган экан.
Ҳеч бир зарар кўрмай, катта фалоктдан қутилиб қолганига шукр қилган икки ҳамкор ортга қайтдилар. Йўлда боришар экан, Мансурхон бандит йигитнинг оёғи оқсагани унга қўл келганини қайта-қайта такрорлади.
–Йигитчанинг оёғи оқсаши бир баҳона бўлди. Аввало худо бизни асради, Мансурхон! – деди Фарҳод хаяжондан ўзига келолмай.
Йўл-йўлакай икки ҳамкор бўлган воқеа ҳақида ҳеч кимга чурқ этмасликка келишиб олдилар. Ўз шаҳарларига қайтиб келишгач, Мансурхон дўсти Аваздан олган қарзини дарҳол қайтариб бериб, бозордаги ишини давом эттира бошлади. Воқеани келишилганидек ҳеч кимга айтишмади. Шу тариқа орадан бир ойдан ошиқ вақт ўтди.
Кунларнинг бирида Мансурхонни қўшниси Акмал йўқлаб қолди.
–Мансурхон ака, сизга катта раҳмат! Мана бу олган қарзим. Ёрдамингиз туфайли онам ҳам тузалиб кетдилар. Қўллаб юборганингизни билиб, онам ҳам кўзда ёш билан дуо қилдилар. Минг бор раҳмат, ака, – деди йигитча миннатдор оҳангда.
– Ҳечқиси йўқ, ука. Ёрдамим текканидан хурсандман. Ишқилиб берган пулим етдими?! Сўраганингни бердим-у, кейин бир оз кўпроқ берсам бўлар экан, касал одамнинг ҳаражати кўп бўлади, деб ҳам ўйладим.
– Етди, ака, – деди Акмал ва бир оз кулимсираб: – Аммо етмай қолиши ҳам мумкин эди, худо сақлади – дея жавоб берди.
– Бу нима деганинг? – қизиқсираб сўради Мансур.
– Қўшни ернинг болалари қизиққон экан. Сиздан пул олиб чиқиб, қўшни вилоятнинг марказидаги навбатчи дорихонага кетаётган эдим, олдимдан икки йўлтўсар чиқиб, тунамоқчи бўлишди. Кўз олдимга касал ётган онам келиб, пичоқ билан ташланган барзангини боплаб дўппосладим. Оёғи синиб юролмай қолди. Иккинчиси буни кўриб қочиб кетди, – дея бошидан ўтказган воқеани айтиб бера бошлади Акмал. Буни эшитган Мансурхон ҳаяжонланиб, ўша барзанги ҳақида суриштирди. Акмал ўзи калтаклаган йўлтўсарнинг кўринишини тасвирлаб бергач эса Мансурхон ҳайратдан қотиб қолди. Акмал дўппослаган йўлтўсар айнан Мансурхон ва Фарҳодни катта суммага тушириб кетмоқчи бўлган, аммо оёғининг сингани туфайли режаси панд берган йигит эди.

2010.

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →