📖 Ҳикоялар

Маринанинг «ошиқлари»

10 дақиқа 2.2К марта ўқилди
Маринанинг «ошиқлари»
Ретсидивист Николай Редкин ўзининг навбатдаги муддатини умумий тартибдаги колонияда ўтади. Унинг Пермда яшовчи Марина исмли келишган таниши бор эди. Николай уни ўз қаллиғи деб ҳисоблар ва амнистияга тушиб, озод бўлгач, уйланиш учун аёлникига бориб, янги ҳаётни бошламоқчи эди. Бироқ охирги вақтларда ҳеч қандай тушунтиришларсиз Марина Редкиннинг хатларини жавобсиз қолдира бошлади ва унинг муҳаббатга тўла мактублари колонияга очилмаган ҳолда қайтиб келарди. Николай Марина билан кечиражак янги бахтли ҳаёти ҳақидаги осмонўпар орзулари билан хайрлашгач, унинг ўзи сираям хоҳламаган ҳолда онасининг ёнига, чекка ва ташландиқ Лисково қишлоғига қайтишдан ўзга чораси қолмади. Бироқ, афсуски, энди танлаб ўтиришнинг сираям иложи йўқ эди. У ватанига кириб келганида онагинаси боши осмонга етиб қанчалик қувонган бўлса, юртдошлари шунчалик кўп хафа бўлишди. Қишлоқда таниқли ретсидивистнинг пайдо бўлиши ҳаммани хушёр торттирди: яна унинг хурмача қилиқлари қўзиб қолмасмикин?

Аммо Редкин ҳаммани ажаблантириб, ўзини бинойидек тутди. Уйининг томини тузатди, қишга ўтин ғамлади. Лекин кейинчалик зерикиб қолди. Бирор бир шаҳарга бориб, иш ахтариб кўрмоқчи бўлди.

Ҳали ўғлининг дийдорига тўйиб улгурмаган она ҳам уни тўхтатиб турмади. У ҳатто ўз ўғлидан қўрқар, Коляси ўзининг ножўя ахлоқини тузатиб, ҳамма оддий одамлар қатори яшай олишига ишонмасди. Барибир у ўғлини яхши ниятлар билан кузатди.

Маросимга маҳаллий участка вакили Атаманчиков ҳам ташриф буюрди. Қўлбола ароқдан бир стакан отган милитсионер Николайнинг ёнига ўтиб ўтираркан, шундай деди: «Қаёқни кўзлаётганингни биламан. Қаллиқча кутиб қолди-да, а?»

Редкин милитсионерга иккинчи стаканни қуйиб узатгач, Атаманчиков унинг қаллиғи ҳақида қаёқдан билишини айтиб берди. У Редкин озодликка чиқишидан ярим йил аввал бу ерга бир қиз келиб, Николайни суриштириб юрганини ҳикоя қилди.

Кўҳликкина, жиддий қиз эди у. Участка вакили уни алдаб ўтиришни хоҳламади ва Николай ҳақидаги бутун ҳақиқатни рўйи-рост тўкиб солди. Редкиннинг жиноят оламидаги таржимаи ҳоли – зўрлаш учун биринчи қамалиши, муштлашув учун иккинчи ва босқинчилик учун учинчи қамоқ муддатлари уни гангитиб қўйди.

Ўзи ҳақида бу гапдан ғазабланган Редкин маст милитсионерни уйидан тепиб, ҳайдаб чиқарди ва эртаси куни эрталабданоқ манзилгоҳи ўзида сақланиб қолган Маринани излаш учун жўнаб кетди.

БИР ЭТИКНИНГ ИККИ ПОЙИ

Николай Марина Урбантсева яшайдиган Грязоветский посёлкаси сари кетаётиб йўлда, поэздда қандайдир бир Гоша билан танишиб қолди. У безорилик бўйича ўз муддатини ўтаб, шартли – муддатидан аввал озод этилган ва энди ҳудди Редкин кетаётган томонга бораётган эди: Грязоветский – унинг ватани. Редкин қизиқсиниб, «У ерда стантсиядан Каленово кўчасигача қанча бор?» – деб сўради. Гошанинг айтишича, бу кўча бозорнинг орқасида жойлашган, пиёда анча узоқ, агар автобусда бўлса, йигирма минутча юриш керак. У йўл-йўлакай Николайни ўша ёққача кузатишга ваъда берди. Поэзд кўзланган манзилга эрта саҳарлаб етиб келди. Улар дарров бозорга етиб боришди. Қатор оралаб юришаркан, Редкиннинг дарҳол ранги оқариб кетди. У Маринани кўрган эди. У қиз билан ҳеч қачон учрашмаган, фақат унинг фотосуратини кўрган бўлса-да, дарров таниди. Бу — ҳақиқий рус гўзали айнан Марина эди.

имагес (26)

У чаққонлик билан чўчқа гўшти сотарди. Редкин узоқроқда туриб Гошанинг олдида мақтанди. ” Мана кўриб қўй, у мени қаллиғим бўлади”, деб. "Аёлинг пулдор кўринади”, дея ҳавас қилди Гоша. Унинг ўзи ҳам бундай аёлга уйланишга тап тортмасди. Зонадан сўнг тўқроқ ҳаёт жуда орзиқтиради одамни. Редкин дарров қаллиғини бағрига босишга шошилмади. Унинг олдига қандай боришни билмай, иккиланарди. Қуруқ қўл ва чўнтак билан рўбарў келиш барча режаларини пучга чиқариши мумкин. Йўлини топиш керак.

Эс-ҳушли Гоша дарров ҳаммасини тушунди ва ёрдам беришга ваъда қилди. У уйига шошмас, уни ҳеч ким кутмаётган эди. Оёғининг остидан эса қизиқарли бир иш чиқиб турибди. Улар қизга қандай мурожаат этишга йўл излашарди. Савдодаги унинг шериги – пиджак ва кепка кийган бақувват эркак уларнинг эътиборини ўзига тортди. Марина гўштни тортиб, газетага ўраб берар, эркак киши эса пулни санаб олиб, чўнтагига тиқарди. У қизга ким бўларкин? Ўйнаш бўлмасдан нима бўларди! Уларнинг ҳамма ҳаракатлари ҳудди қуйиб қўйгандай бир-бирларига жуда мос тушарди. Ахир шундай аёл ҳам танҳоликда кун кечириши мумкинми?

Гоша Николайга қатъият билан ўз имкониятини сираям қўлдан бой бермасликни маслаҳат солди. Улар ҳамма ишни рақибдан қутулишдан бошлашга қарор қилишди. Ўша эркак Маринанинг олдидан кетадиган қулай фурсатни кутишди. Кўп ўтмай, шундай фурсат ҳам келди. Шериги Маринани қолдириб, ҳожатхона сари йўл олди. Улар унинг ортидан эргашишди. Қоронғу ва чекка жойда орқасига икки мушт эган гўшт сотувчи ифлос полга қулади, қотиллар эса дарров унинг чўнтагини қоқлаб, ярим соатдан сўнг энг қиммат қовоқхонадан жой олдилар. Улар бир лаҳзада бойиб кетганлари учун энди пулни орқа-олдига қарамай сарфлашарди.

Бироқ кутилмаганда уларнинг столига хунук назарли қандайдир бир киши ўтирди ва ҳожатхонада рўй берган ҳодисанинг ҳаммасини ўз кўзлари билан кўрганлигини айтди. «Агар ўлжани мен билан бўлишмасаларинг» – деди у, – «Сизларни сотаман. Бутун бозор бўйлаб кезиб, қотиллик гувоҳларини ахтариб юришибди». Нотаниш кишининг қўллари наколкалардан кўкариб кетган эди. Бунақа кишидан қочиб қутулиб бўлмайди. Уни ҳам ўз улфатчиликларига қўшишларига тўғри келди. Улар биргаликда ичишди. Сергейга (янги танишни шундай деб аташарди) Маринанинг уйига бориб, уни Николайни қабул қилишга кўндириш фикрини сингдиришди. У икки йил Николайнинг бошини қотириб, умидлантирди, сўнг эса ҳаммасидан воз кечди. Бунақасини сираям кечиришмайди. Сергей ҳам ўзларига ўхшаган экан: бировнинг ғамини юрагига ғоят яқин олди. Бу режаларни қувватлаб, ўз ёрдамини таклиф қилди. Сергейнинг ўзи ҳам гўшт сотувчи бу аёлга назар ташлаб юрганини, уни кўз остига олганини тан олди. У эса димоғдорлик билан ҳали-ҳануз ўзига янги хушторлар топиб юрибди. У ўз шериги, келгинди Иван Коханчик билан, мана икки ойдирки, биргаликда гўшт сотяпти. Унинг Грязоветскка қаердан келиб қолганлиги номаълум. Қотиллар уни ҳожатхонада ўлдиришдими ёки оғир ярадор қилишдими, буни ҳали билишмас – бу уларни мутлақо қизиқтирмасди. Сергейнинг уларга айтишича, «Тез ёрдам» машинаси этиб келганида, ҳали Иван тирик эди. Шифокорлар яралар жуда хавфлилиги, бемор кўп қон йўқотганини айтишган. «Ҳали у икки букилиб қолади», деди ишонч билан Редкин ва шунинг учун ичишни таклиф этди.

ГУЛДАСТА ҚЎЛТИҚЛАГАН ҚОТИЛЛАР

Соат бешларга яқин бозор бўшаб қолди ва спиртли ичимликдан қутурган учлик Каленова кўчасига йўл олди. Олдинда гулдаста қўлтиқлаган Редкин кетар, чўнтакларида ароқ шишаси дўмпайган Гоша ва Сергей унинг изидан боришарди. Улар тез орада омад кулиб боқадиган даражада жудаям мамнун эдилар. Панжарани тақиллатишган эди, уйдан Марина чиқди. Сочлари тўзғиган, йиғидан кўзлари қизарган бир ҳолатда эди у. Касалхонадан хабар кутаётгани аниқ эди. У учта нотаниш эркакни кўриб, уларга ўзи нима кераклигини сўради. Редкин бир қадам олдинга чиқиб унга гулдаста узатди: «Ўз қаллиғинг Николай Редкинни танияпсанми?..»

Аёл ҳудди дудуқлангандай қизариб кетди. Бироқ Редкинни олдига ҳайдаб солмади. Улар ўртасидаги ўзаро ёзишмаларни ҳеч қандай гап-сўзсиз узиб қўйгани учун уни виждон азоби қийнаган кўринади. У гулдастани олиб, меҳмонларни уйга киритди. Жиноятчилар ошиқлари олчилигидан қувониб, бир-бирларига қараб қўйишди. Улар ошхонага кириб, стол атрофига ўтириб, уни дўмбара қилиб чала бошлашди. Улар дастурхон тузалишига ҳам сабр қилишмади – чунки энди кафеда эмас, иссиқ ва шинам хонадонда эдилар. Ажаб эмас, шояд ёшлар ҳам ўзаро тил топишиб кетишса. Редкин қаллиғини қучиб, уни зўр бериб ўпмоқчи бўлди. Аммо Марина уни ўзидан нарига итариб, бошқа бир кишига турмушга чиқмоқчи эканлигини айтди. «Кечир, энди шунақа бўлиб қолди».

– Сен менга қандай хатлар ёзиб, уларда нималар демаган эдинг?! – деб унга маломат қила кетди Николай.

Лекин аёл ўз билганида қаттиқ туриб олди: «Бошқасини севаман ахир».

«Демак, ёлғончисан?! Сотқин!..»

Ушбу шакаргуфторлик қанча вақт давом этиб, нима билан тугаши номаълум эди, бироқ дераза олдида мототсиклнинг тириллаши эшитилди. Марина шошиб ўрнидан туриб, ўзи учун келишганини ва касалхонага шошаётганини айтди. Унинг шаҳло кўзларига ёш тўлди: «Дўстим фалокатга учради, унга ҳужум қилишди!»

Марина жўнаб кетиши олдидан кутилмаган меҳмонларни кузатиб қўйишга уринди, аммо иложини қилолмади. Улар сурбетларча стол атрофига ёйилиб ўтириб, ароқ қуя бошлашган эди. Касалхонага жудаям шошиб тургани учун аёл қўл силкиб, жўнаб кетди. Орадан бир неча соат ўтди. Марина қайтиб келмади. Бироқ унинг уйи остонасида қўлларида сўйилган чўчқаларни кўтарган икки йигитча пайдо бўлди. Улар мезбонни сўраб, сотиш учун чўчқа келтиришганини айтишди.

«Биз у киши билан шунга келишган эдик»

Уйда мезбон ўрнида очиқдан-очиқ жиноятчи тусидаги нотаниш кишиларни кўриб, йигитчалар хушёр тортишди. «Марина қайдаю, сизлар кимсизлар? Бу ерда ўзи нима қиляпсизлар?» – деб сўради улардан бири қаттиқ тикилиб. Иккинчиси эса чўчқаларни полга, сомон устига қўйиб, ошхонага ўтди ва у ерда хўжайинчилик қила бошлади – унинг бу уйга кўп марта келганлиги кўриниб турарди. Жиноятчилар дарҳол бир-бирларига қараб олишди: бу хотиннинг жазманлари нечта ўзи? Буни аниқлашга тўғри келди. Улар йигитчалар қочиб кетмаслиги учун эшикларни беркитиб, улар уйнинг эгаси бўлган бу аёл билан қандай муносабатда эканликларини чин дилдан тан олишларини талаб этишди. Йигитлар шошиб туришган эди ва улар эгизак ака-укалар эканликларини айтишди. Петр ва Павел Сметанинлар Грязоветскдан ўн чақирим наридаги Сосновка қишлоғидан эканлар. Улар бу ерда чўчқа кўпайтириб, Маринага сотиш учун олиб келишади. Ўзаро манфаатли муносабатлар, шахсий муносабатларга келсак, Марина улардан ўн ёш катта ва у билан яқинликни хаёлларига ҳам келтиришмаган. «Лекин агар ростини айтсак, у иккаламизга ҳам ёқади», – деб кулишди оға-инилар. Улар бу билан суҳбатни хазилга йўймоқчи бўлишган эди, бироқ хатога йўл қўйишди: жиноятчининг рашки қўзғаб, ака-укаларнинг тақдири ҳал қилиб қўйилган эди. Аммо ҳали улар буни билишмасди. Пётр ва Павел ўзларича шундай деб мулоҳаза юритишди: Марина тартибли аёл, бегоналарни уйига қўймас эди, булар унинг танишлари. Оға-инилар улар билан баҳслашмоқчи эмас, хазиллашмоқчи бўлишди. Ҳадемай Марина келиб қолади ва унда ҳаммаси ўз ўрнига тушади-қолади.

Аммо воқеалар бошқача тус олди. Рашкчи Редкин шандай қатъий қарорга келди: оға-инилар Маринанинг ўйнашлари ва уларни дарҳол «тинчитиш» керак. У Гошага шундай деди. Бироқ у ўзини бош тортгандай тутиб, шошилиш керак эмас, деди. Сергей қорин очлигини айтиб, чўчқаларни қовуришни таклиф этди ва дарҳол ишга киришди. Ака-укалар халақит беришмаслиги учун Редкин ва Гоша уларни боғлаб қўйишди. Тўйимли овқатдан сўнг айш-ишрат бошланди, улар ака-ука Сметанинларни тун бўйи зўрлашди…

Ажабтовур йўловчилар

Марина Урбантсева эса бутун тунни касалхонада, жон бераётган дўстининг тўшаги устида ўтказди. Эрталаб терговчи келиб, уни сўроққа тутди: у бирор кимсадан шубҳа қиляптими? Иваннинг дўстлари ёки рақиблари бормиди? Балки уни рашкдан рақиби ўлдиргандир?

Терговчини Иван Коханчикнинг жиноят олами билан алоқалари қизиқтирарди. Гўшт сотувчини жиноятчилар қуроли бўлган қайроқ билан ўлдиришган. Қайроқни одатда зонада ясашади ва озодликка чиққанлари ҳам анъанага кўра ундан ажралишмайди. Марина ишонтирардики, уларнинг танишувлари давомида Иван ҳеч қачон жиноятчилар билан мулоқотда бўлмаган ва ҳеч ким билан тортишмаган. У келгинди эди ва ҳали дўст ҳам, душман ҳам орттириб улгурмаган. Шунда аёл кутилмаган меҳмонларни – қимматбаҳо гул кўтарган Николай Редкин ва унинг тўдасини эслаб қолди. Балки, бу улардир? Савдо қилишаётганида бозорга келиб Коханчикни кузатишган, сўнг уни яралаб, бутун тушумни олишгандир?.. Аёл йиғлаганча ўзининг Редкин билан алоқалари тарихини ва у кутилмаганда Грязоветскда пайдо бўлиб қолганлигини ҳикоя қилиб берди. Терговчи ушбу тахминни ушлаб олди. Маринага уйига шошмасликни маслаҳат беришди ва Каленова кўчасига милитсиянинг қуролланган нарядини жўнатишди. Бироқ, бу ерга етиб келинганида, уй бўм-бўш ва таланган эди. Аммо барибир қотилларни айнан шу куни ушлашга эришилди. Посёлкадан ўн чақиримлар узоқликда ДАН постига таксичилардан бири мурожаат қилди. Унинг айтишича, эрта тонгда Грязоветскда, Каленова кўчаси яқинида унинг машинасини беш нафар қаттиқ маст эркакдан иборат ғаройиб тўда тўхтатган. Улар ўрмон бурилишигача олиб бориб қўйишни талаб қилиб, машинага зўрға сиғишган. Ҳайдовчи қараса, уларнинг иккитаси қандайдир ғалати: юзларига бўёқ ёки лаб бўёғи суркалган эди. Таксичининг сезишича, улар аёллар ички кийимида эдилар. Ва улар ўзларини фоҳишалардай тутиб, қатъиятли эркаклар тиззасида ўтириб, улар билан ўпишар эдилар. Уларга яқиндагина зонадан чиққанлиги билиниб турган, қўлларида татуировкаси бўлган абжир эркак буйруқ берарди. Ғаройиб йўловчилар ўрмондаги бурилишга етиб, машинадан тушишар экан, бўянган эркаклар ёрдам учун ҳайдовчига мурожаат этиб, жиноятчилар уларни ўлдирмоқчи эканликлари ҳақида қичқириб маълум қилишди. Бироқ, уларнинг юзларига уриб, овозларини ўчиришди ва таксичига зудлик билан жўнашни маслаҳат беришди.

«Менга таъзиримни бериш ҳақида таҳдид қилишди, ҳатто пулларини ҳам олмай кетдим! Тезда ўша ёққа боринглар!» – деб милитсияни шошилтирарди у. Аммо ёрдам кечиккан эди. Постовой навбатчи нарядни кутиб, таксичи айтган йўл билан бориб, ўрмонда шубҳали эркакларни қидиргунларича, улар ака-укаларни ўлдиришган эди. Жиноятчиларни катта йўлда юришганида кўришди. Улар милитсия машиналарини кўриб, турли томонларга тарқалдилар, бироқ қочиб қутула олишмади. Терговга олиб келинган жиноятчилар ўрмондаги ҳар икки қотилликларини тан олишди. Николай Редкин, Гоша лақабли Георгий Петухов бир кун аввал ҳеч қандай айби бўлмаган гўшт сотувчини қайроқ билан яралаганликларини ҳам тан олишди. Улар марҳумнинг исмини ҳам билишмас эди. Энди судда қотилларнинг айби тўла исботланиб, улар умрининг қолган қисмини панжара ортида ўтказишларига эса ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ…

«Интер полице»дан Абдумалик ИСОМИДДИН таржимаси.

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →
СИНОВ
Ҳикоялар

СИНОВ

17-август, 20191.8К