📖 Ҳикоялар

ҚОТИЛ(мистика)

10 дақиқа 2.6К марта ўқилди
ҚОТИЛ(мистика)
Бу йилги ёз аввалгиларига қараганда анча иссиқ келди. Ҳатто жазирама баҳона бўлиб қон босими бор, иссиқни кўтара олмайдиган одамлар омонатини топширишгача борди. Инсониятга дўзах ҳароратини эслатувчи ана шундай оловли кунлар Турсунтош домланинг хонадонига ҳам ташвиш олиб келди. Туппа тузук юрган домла далада кетмон чопиб қайтар чоғида хушидан кетди. Яхшиямки ёнида бораётган ўғли Алпиддин уни суяб қолишга улгурди.

– Дада, кўзингизни очинг. Нима бўлди сизга?!
Қаттиқ қўрқиб кетган ўғил отасини ўзига келтиришга кўп ҳаракат қилди. Аммо домланинг офтобда қорайган мижжалари қилт этмасди. Кутилмаган воқеадан эсанкираб қолган Алпиддин отасини суяганча йўл четидаги чинор дарахти соясига олиб ўтиб, ўзи машина тўхтатишга киришди. Қишлоқ жойи, буни устига айни туш пайти бўлгани учун машиналар ҳам кўринай демасди. Алпиддин шу тариқа чорак соат туриб қолди. У нима қиларини билмас, отасига вақтида ёрдам кўрсата олмаётгани учун қаттиқ эзиларди. Бу орада йўл бўйидан учта машина ўтди. Аммо ҳамма ёғи тупроққа қорилган, иркит кийимдаги йўловчиларни ким ҳам олгиси келарди?.. Чорасиз ўғил дам отасининг ёнига бориб кўйлагининг енги билан унинг юзидаги терларини артар, дам асфалт йўлга югуриб, узоқдан кўринган машинага қўл силтарди. Вақт ўтган сари Турсунтош домланинг ранги ўчиб, юрак уриши тобора секинлашиб бораётганди. Отасининг ўз қўлида жон бераётганини кузатаётган Алпиддиннинг хўрлиги келиб юзидан чанг аралаш ёш томчиларди.
Дунёда яхши инсонлар бор деганлари, рост. Ниҳоят катта йўл бўйлаб учиб келаётган «Нексия» қаттиқ тормоз бериб тўхтади. Ҳайдовчи вазиятни тушуниб, дарҳол машинадан тушди ва беморни салонга олишга ёрдамлашди. Шундан сўнг улов туман шифохонаси томон катта тезликда йўл олди.
– Раҳмат, ака. Катта раҳмат! Мендан қайтмаса худодан қайтсин, – деди Алпиддин шифокорлар Турсунтош домлани жонлантириш хонасига олиб кириб кетишгач, ташқарига чиқар экан, хайдовчига.
– Ҳечқиси йўқ, ука! Буни яхшилик деб қабул қилган бўлсанг, қайтаришга ҳали улгурасан. Мана бунда мен билан боғланишинг мумкин бўлган телефон рақамлар бор. Агар керак бўлиб қолсам, тортинмай қўнғироқ қил. Дарвоқе, исмим Сирожиддин, қисқагина қилиб Сирож ака десанг ҳам бўлади.
Киши шундай деб қўл узатди. Йигит ҳам миннатдор нигоҳларини унга қаратганча қўл берди.
– Ака, мени исмим Алпиддин. Яна бир бор катта раҳмат.
– Омон бўл, Алп! Отангни тезроқ тузалиб кетиши ҳақида ўйла! Эҳтимол яна кўришиб қолармиз.
Киши машинани ўт олдириб, бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Алпиддин касалхона остонасида ҳаёлга чўмганча бир муддат туриб қолди. Бош шифокорнинг қаттиқ томоқ қириб унинг ёнига келгачгина йигит ўзига келди.
– Ука, мен билан юргин.
Йигит унга сўзсиз эргашди. Улар бош шифокорнинг қабулхонасига кирдилар.
– Отангни касали анча жиддий. Унинг миясида ўсимта бор. Тиббиёт тили билан айтганда у рак касалига чалинган. Тезлик билан жарроҳлик муолажаси ўтказилмаса, ундан айрилиб қолишинг мумкин. Бу ёғи энди сенга боғлиқ, – деди шифокор бармоқларини бир бирига чалиштириб йигитга жиддий ва маъноли нигоҳларини тикиб.
Алпиддин гап нимада эканлигини дарҳол англади.
– Нима қилсангиз ҳам отамни сақлаб қолинг. Мени отамдан бошқа ҳеч кимим йўқ. Уч йил аввал онамдан айрилгач, у киши менга ҳам ота ҳам оналик қилдилар. Ҳаётимдаги ягона инсонимдан ҳам айрилсам, яшаб нима қилдим.
– Ука, мен сенга айтдим. Дардингни достон қилишинг шарт эмас. Тиббиёт қуруқ гапни ёқтирмайди, – деди шифокор ва қоғозга рақам ёзиб йигитга узатди. Беш кун ичида ана шу миқдордаги пулни топиб келсанг, ўша куниёқ оператсия қиламиз. Ҳозирги ҳолатида отанг бир ҳафтага бориши мумкин. Агар тополмасанг, кейин биздан ўпкалаб юрма.
Алпиддин базўр қадам босиб, ташқарига чиқди. Шифокор унга амалга ошириши ўта мушкул бўлган шартни қўйган эди. У онасининг ўлимидан сўнг охирги марта шундай сиқилган эди. Бу воқеага ҳам уч йил бўлибди. Ўтган йиллар оралиғида ота-бола бошқаларга ўхшаб, қорни овқатга тўйиб яшамаган бўлсаларда, ҳаётдан мамнун эдилар. «Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади», деганларидек Алпиддиннинг пешонасида шундай кунлар ҳам бор экан.
Алпиддин қишлоғига кириб борганида атрофга қоронғулик чўкиб, анча кеч бўлиб қолган эди. Йўл бўйи беш кун ичида қандай қилиб шунча пул топиш мумкинлигини ўйлаб келган йигит ниҳоят уйини сотишга аҳд қилди. У вазиятни қўшниси Усмон дўкондорга тушунтириш мақсадида кеч бўлсада унинг дарвозасини таққиллатди.
– Ия, кел Алп! Кеч бўлганда тинчликми? Кундуз куни чақирганда чиқмайдиган одам эдинг-ку, ука! Кир ичкарига.

Йигит оғир хўрсиниб, дўкондорнинг ортидан эргашди. Бир неча йиллардан буён Усмон дўкондор ховлисини кенгайтириш мақсадида ён қўшни бўлган Турсунтош домланинг уйига кўз солиб юрарди. Кўп бор домлага бу ҳақида маслаҳат ҳам солган, аммо домла бу ҳақида эшитишни ҳам истамасди. Воқеани эшитган дўкондор бош чайқаб ҳамдардлик билдирган бўлсада, аслида ич-ичидан қувониб кетди.

– Шунинг учун ҳам оператсия пулини деб уйни сотишга мажбурман, Усмон ака. Дадам кўрмагандек бўлиб кетсалар, насиб қилса бошқатдан ҳаёт бошлаб, иморат тиклаймиз, –деди Алп қайғу ва умид аралаш сўзлар экан.
– Албатта, албатта, укажон. Хўш, уйнинг нархини қанча дейсан, энди?
– Менга ортиғи керак эмас. Фақат оператсия ва дори-дармон учун етадиган пул бўлса бўлди,– Алп шундай деб шифокор ёзиб берган қоғозчани Усмонга узатди. – Шу пулни беш кун ичида топиб бормасам, дадамга қийин бўлиши мумкин, Усмон ака. Агар рози бўлсангиз, вақтни ўтказмай, эртага уйни расмийлаштириб бераман.
Усмон дўкондор қоғозчага қараб, бирдан туси ўзгарди.
– Ука, менда ҳозирги вақтда бунча пул йўқ. Тўғри, бир пайтлар яхши пулга сотиб оламан деганман, аммо ҳозир… Уйни ўша пайти, мен айтганимда сотиб, пулини банкка қўйиб қўйганингда ҳозир оператсияга бемалол етган бўларди, – деди дўкондор хунук ишшайиб. Агар истасанг, шуни ярмини беришим мумкин. Уйингни бунчага нархлашинг инсофдан эмас. Салкам ярим аср аввал қурилган уй. Бунинг устига томидан чакки ўтиб…
Дўкондорнинг гапи оғзида қолди. Алп унинг сўзини бўлиб, бақириб юборганини ўзи ҳам билмай қолди.
– Ака! Мен ана шу пулга зориққанимдан уйни сизга сотмоқчиман. Қоғозчадаги суммани топиб берсангиз, етмаганини бутун умр ишлаб бўлса ҳам тўлайман. Гап инсон ҳаёти устида кетяпти. У ёқда отам ўлим билан олишиб ётган бир пайтда, уйнинг устида савдолашмайлик, илтимос. Бир умр хизматингизни қиламан етмаганига. Фақат илтимос шу пулни топиб беринг, ака. Қишлоқда сиздан бошқа ҳеч ким йўқ, ёрдам қиладиган…
Алп сўз шу ерга келганда дўкондорнинг пойига тиз чўкди. Аммо Усмон пинагини бузмади.
– Йўқ бўлс,а қаердан олиб бераман. Олганимга раҳмат дейишинг керак, аслида. Тўкилиб ётган уйингни мендан бошқа ким ҳам пулга оларди. Сенга яхшилик қилай десам, тушунмадинг. Ўзинг биласан, мени гапим шу.
Усмон дўкондорнинг охирги гапи Алпиддиннга «энди уйимдан даф бўл», дегандек эшитилди ва илкис ўрнидан туриб шаҳдам-шаҳдам одимлаганча дарвоза томон одимлади.
Усмон дўкондор ўзини бундай тутиши орқали вазиятдан фойдаланган ҳолда уйни арзон гаров сотиб олмоқчи эди. «Барибир қайтиб чиқиб, уйини менга сотади. Бошқа ким ҳам оларди. Қишлоқда мендан бошқасини тополмайди», дея ўйлади дўкондор. Аслида эса ундай эмасди. Алпиддин қўшнисининг асл башарасини кўргач, фикри буткул ўзгарган эди.
Чорасиз ўғил «чиқмаган жондан умид» қабилида барча таниш-билишларидан қарз сўрай бошлади. Аммо уч кун ичида ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлди. Ҳеч кимдан қарз олишнинг имкони бўлмади. Ҳаттоки, ўз амакилари ва аммалари ҳам бир пайтлар бўлиб ўтган оилавий можароларни рўкач қилиб, ундан юз ўгирдилар. «Турсунтошга мен айтган эдим, шу касалванд хотин билан яшама, сени ҳам бир куни ўлдиради, деб. Мана онангни ўлимидан уч йил ўтди ё ўтмади, ўзи ҳам тайёр бўлиб қолибди. Бир пайтлар бу уйдан бош олиб чиқиб кетгандиларнинг-ку! Ўғли бўлатуриб уялмадингми, келгани. Отанг касал бўлса, тузат. У сени отанг! Мени унақа укам йўқ. Хотинни деб, жигарларидан кечган одамни кечириб бўлмайди», деди аммаси. Икки амакиси эса бир оз қайғурган бўлишди, аммо пуллари йўқлигини айтиб, ўзларини олиб қочдилар. Энг қизиғи эса кейин бўлиб ўтди.
Алпиддин не ғамда кимларнинг эшигида гадодек қарз сўраб, натижа чиқмагач, чарчаб уйга келганида эшиги тагида катта амакиси турганини кўрди. «Худо дилига солиб ёрдам бергани келибди-да, ҳар ҳолда дадам унинг укаси-ку», дея ўйлади Алпиддин. Аммо у янглишган эди. «Жиян, мен сенга айтсам, ҳеч ким бу дунёга устун бўла олмайди. Ҳаммамиз ҳам бир куни ўламиз. Отангни пешонасида бўлса, яшаб кетади бўлмаса у ёғи худонинг иши. Лекин агар уйни сотадиган бўлсанг, мени ҳам бунда улушим борлигини айтмоқчи эдим. Ўша пайтида отанг биз билан – жигарлари билан урушиб чиқиб кетган бўлса ҳам, яхшилик қилиб уй қуришларинг учун юк машинада ғишт олиб келиб берганман. Ҳозир бир дона ғишт фалон пул… Хуллас, у ёғи ўзингга ҳавола», дея тўнғич амакиси гапнинг дангалини айтиб қўяқолди. «Тўлайман! Ҳаммасини тўлайман», дея ғижиниб муштларини тугди Алпиддин.
Амакиси чиқиб кетгач, анча вақтгача ўзига кела олмаган Алпиддин айтилган муддатга атиги икки кун вақт қолганини ўйлаб, туни бўйи ухлай олмади.
Хўроз қичқириб, тонг ота бошлагач, Алп ўрнидан туриб туман шифохонаси томон пиёда йўл олди.
Кун ёйилганида марказий шифохонага етиб келган Алп биринчилардан бўлиб бош шифокор Фармоновнинг қабулига ёзилди. Дастлаб уни яхши кайфиятда кутиб олган шифокор пул топиилмаганини эшитиб, хафсаласи пир бўлди. Алпиддин ҳар қанча ялинмасин, шифокор олдиндан тўловсиз оператсия қилишга рози бўлмади.
– Ука, эрта тонгдан бошимни оғритмагин. Бизда қоида шунақа. Эртагача пулни олиб келсанг, келдинг. Акс ҳолда отангнинг кейинги ҳаётига ҳеч ким жавоб бермайди. Хамширанинг айтишича, кундан кунга унинг аҳволи ёмонлашяпти. Энди бўшсан. Мени беморлар кутяпти.
Алп нима қиларини билмай, шифохона ҳовлисига чиқди. Хаёл билан чўнтагига қўл тиққанида қўлига қаттиқ қоғоз илинди. Бу отасини шифохонага олиб келишга кўмаклашган ҳайдовчи Сирожнинг ташриф қоғози эди. £оғозга кўз югуртирган Алпнинг кўнглида яна умид уйғонди.
Сирож саломлашишнинг ўзидаёқ Алпиддинни таниди.
– Сирожиддин ака, ишинг тушса қўнғироқ қил, деганингизга бир олдингиздан ўтай дедим. Менга ёрдам керак, – дея телефон орқали муаммони бир амаллаб тушунтирди Алп.
Бир оздан сўнг улар учрашишга келишиб олдилар. Келишув жойига Сирож таниш «Нексия»сида етиб келди. Алп машинага ўтиргач, улов номаълум томонга елдек учиб кетди.
Сирож аслида қўшни туманда савдо қиладиган йирик тадбиркор эди. Аммо уни кўпчилик қиморбоз сифатида билар, жиноят оламида ўзига хос ўрин тутадиган собиқ «зек»лардан эди.
«Нексия» холироқ жойга бориб тўхтади. Сирож йигитнинг гапларини яна бир бор диққат билан эшитди ва ўзининг таклифини ўртага ташлади.4444444444
– Алп, ука! Агар сен ҳозир мен айтган нарсани қилишга кўзинг етса, уйинг ҳам ёнингга қолади, отанг ҳам тузалади.
– Ҳар қандай шартингизга розиман, ака!
– Бир одамни ўлдиришинг керак, розимисан?!– синовчан нигоҳ билан қаради Сирож.
– Розиман, – деди Алп.
Энди унинг учун барибир эди. Ҳаётда биргина ютқизадигани отаси. Агар ундан ҳам айрилса, яшаб ҳам нима қилди.
Ўша куни Алпиддин Сирож акасининг уйида қолди. Акахони уни умрида кўрмаган таомлари билан яхшилаб меҳмон қилди.
У бугун тунда айтилган одамни ўлдириши керак эди. Агар бугун шу ишни эплай олмаса, оператсия қолдирилади… Отаси ўлади…
Тунги соат 02:30да спорт кийими кийиб, ханжар билан қуролланган Алпиддин айтилган жойга йўл олди. Ҳамма ширин уйқуда ётарди.
Алп деворлари баланд уйнинг томидан ошиб, айтилган уйга кирди. Унинг қўлида ўлдирилиши керак бўлган одамнинг расми бор эди. У оёқ учида ётоқхона томон юрди. Мана, унга керак бўлган одам маст уйқуда ухлаб ётибди. Йигит қинидан ханжарни аста чиқариб, «ўлжа»си томон яқинлашди. Аммо, дадиллик учун бир оз шароб ичиб олган бўлса ҳам, унинг қўллари қалтирай бошлади. Кўз олдидан бош шифокорнинг зарҳил башараси, амакилари, аммаси ва қўшниси Усмон дўкондорнинг жирканч башараси ўтди. Уларнинг ҳаммаси жонлантириш хонасида ўлим билан олишиб ётган отасининг тезроқ жон беришини исташаётгандек туюлди унга. Хаёлига келган фикрдан Алпнинг ғазаби қўзғиган бўлсада, ширин уйқуда ётган кишини отасига ўхшатиб юборди. Нажоткори Сирожиддиннинг не-не мавҳумотлар яширин сирли нигоҳлари уни таъқиб қилаётгандек бўлди. Аммо икки ўт орасида бўлса ҳам, қўлини қонга ботиришга журъат қилмади. Ортига икки қадам чекинганида қўлидан пиқоч тушиб кетти. Сукунатни бузиб тарқлаган овоздан бояги киши бир қимирлаб қўйди. Алп эса девор оша келган йўлидан ортига қайтди.
Бу пайтда, шафақ қип-қизил тусга кириб, тонг ота бошлаган эди.
Ушбу тонгда Турсунтош домла саҳар сабосидан тўйиб нафас олишга улгурмай жон берди.

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →